1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Ўтган ўтиб кетди

Ўтмишни эслаш, воқеаларидан изтиробга тушиш тентаклик,  мақсадларни ўлдириш ва ҳаётни исроф қилишдир. Ақлли инсонлар хотираларини яширин тутадилар, бировларга айтмайдилар. Аксинча ўтмишни унутиш зиндонига ташлаб, устидан шундай зичлаб, маҳкам беркитадилар-ки, у энди ҳеч қачон бугунги кунга таъсир ўтказа олмайди. Чунки у ўтиб кетди ва ниҳоясига етди. Хафалик уни ўзгартиролмайди, маҳзунлик уни яхшилолмайди, ғам уни тўғирлолмайди, алам-изтироб уни тирилтиролмайди. Чунки у йўқликдир.

Ўтмиш соябони остида, унинг даҳшатлари ичида ва яшама. Ўзингни мозийнинг шарпаларидан қутқар. Ёки дарёни - ирмоғига, қуёшни - чиқиш жойига, болани - онасининг қорнига, сутни - кўкракка, кўзёшини - кўзларга  қайтармоқчимисан? Ўтмишдан таъсирланишинг, ундан изтиробга тушишинг ва унинг остонасига йиқилишинг туфайли сен бугун алам ва ваҳима остида яшайсан.

Ўтмиш дафтарларини ўқиш бугунги кунни зое қилиш, шижоатни парчалаш, хозирги имкониятларни йўқ қилишдир. Аллоҳ таоло аввалги умматларни ва уларнинг қилган ишларини эслатгач

تِلْكَ أُمَّةٌ قَدْ خَلَتْ لَهَا مَا كَسَبَتْ وَلَكُم مَّا كَسَبْتُمْ وَلاَ تُسْأَلُونَ عَمَّا كَانُوا يَعْمَلُونَ (134) سورة البقرة

“Улар ўтиб кетган кишилардир. Уларнинг қилган амаллари ўзлари учун, сизларнинг қилган амалларингиз ўзингиз учундир” (Бақара 134)

дейди.

Иш тугаб барҳам топди, замоннинг жасадини ёриб кўришдан, тарих ғилдирагини ортга қайтаришга уринишдан ҳеч қандай фойда йўқ.

Ўтмишга қайтувчи – гўёки аллақачон майдаланган унни тегирмонда қайта майдаламоқчи бўлган ёки ёғоч қипиғини қайтадан арралашга чоғланган кишига ўхшайди.

Қадимдан ўтмиш учун йиғловчи кишига: “ўликлар қабрларидан чиқиб келмайди” деб айтишар экан. Ҳайвонлар тилидан шундай ҳикоя келтирилади: эшакдан “нима учун кавш қайтармайсан” деб сўрашибди. Шунда у “мен ёлғонни ёмон кўраман” деб жавоб берган экан.

Бизнинг мусибатимиз – бугунимиздан бехабар қолиб, ўтмишимиз билан овора бўлишимизда. Гўзал қасрларимизни эътиборсиз ташлаб қўйиб, босиб тушаётган кулбаларга ачинишимизда. Гарчи инсу-жинларнинг барчалари мозийни қайтариш учун йиғилсалар ҳам, бунга барибир қодир бўлмайдилар. Чунки бу мутлақо иложсиз ишдир.

Албатта инсонлар ортга боқмайдилар, орқаларига қараб юрмайдилар. Чунки шамол олдинга  эсади, сув олдинга оқади, карвон ҳам олдинга сари интилади, ҳаётнинг қонунига хилоф қилмайди.