1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

“Отамга оқ бўлганман”

Мактабни тамомлаганимдан кейин ота-онамни аранг кўндириб, пойтахтга ўқишга кириш учун ҳужжат кўтариб бордим. Ўқувчилик йилларимда фанлардан яхши ўзлаштирар, фан олимпиадаларида фаол иштирок этиб, фахрли ўринларни эгаллардим. Оиламизда ўқимишли кишилар йўқ эди. Ота-онамнинг сочини деҳқончилик оқартирган. Шу сабаб ҳам аввалига менинг ўқишимга қаршилик қилишган бўлишса, икки ўқитувчимиз орага тушганидан сўнг, “майли,биз ўқимадик, умримиз  офтобда, чанг тўзон, ғор-ёмғирда ўтиб кетди. Ака-опаларининг ўқишга иштиёқи йўқ эди, ўқимади. Энди кенжа қизимиз ўқисин” деб менга оқ фотиҳа беришди.
Кириш имтиҳонларида тўплаган балим тўлов-шартнома асосида ўқишга етди. Отам контракт пулини ҳам тўлайдиган бўлди. Мен пойтахтнинг энг нуфузли ўқув даргоҳларидан бирининг филология факултетига ўқишга қабул қилиндим. Мендан бахтиёр, мендан шод инсон йўқ эди ўша кезларда.
Ўқишни муваффақиятли тамомлаб, олий маълумот билан қишлоғимга қайтишни, ўзим ўқиган мактабда ўқувчиларга ўзим севган фан сабоқларини ўргатишни астойдил ният қилган эдими. Аммо бир қалтис қадамими, ўйламай қилган ишим туфайли юзим шувит, орзуларим ерпарчин бўлиб турибди.
Биринчи курсни тугатиш арафасидалигимда қашқадарёлик бир йигит билан танишиб қолдим. У физика-математика факултетининг 4-курсида ўқиркан. Илҳом исмли бу йигит билан шунчаки танишувимиз муҳаббатга айланиб қолиши етти ухлаб тушимга ҳам кирмаганди. Ёзги таътилда телефон орғали гаплашиб турдик. Бир куни бизнинг шаҳарга келди. Учрашдик. Ўшанда у мени севишини, совчи юбориб ота-онамнинг розилигини олиб менга уйланишини айтди. Гарчи отам узоққа беришга  кўзим етмаса-да, унинг изҳорларидан кўнглим кўтарилиб, севгисини қабул қилдим.
Таътил тугаб ўқишга борсам Илҳом магистратурага кирибди. Уни кўриб бошим кўкка етди. Учрашиб юрдик. Кунларимиз эҳтиросли, ширин суҳбатларга бой ўтар, бир-биримизни еру кўкка ишонмасдик. Шундай кунларнинг бирида Илҳом ота-онаси уни уйлантириш ҳаракатига тушиб қолганини айтиб қолди. Мен ҳақимда ота-онасига айтиб, уларнинг розилигин олибди.
— Уйингга совчи юбораман. Ўқишинг ҳеч гапмас, тўйдан кейин ҳам ўқийсан. Агар тўйни чўзаверсак уйдагилар мени бошқасига уйлантириб қўйиши мумкин. Дарҳол онангга телефон қилиб айт, шанба куни  совчилар боради. Иложи бўлса биринчи мартада розиликка ишора беришсин, - деди менга.
Илҳомга нима дейишни билмасдим. Бир томонда кўнглим уни севаман, келгусида мени тушунадиган, ҳар томонлама қўллаб-қувватлайдиган инсон сифатида фақат Илҳомни кўра оламан. Яна бир томони отамга “ўқишни тугатиб диплом билан келаман ва сиз айтган одамга турмушга чиқаман ”, деб ваъда бериб ўқишга келганман. Қолаверса, дадам икки дунёда ҳам узоққа узатилишимга кўнмайди. Севгилимга нима деб жавоб беришни билмасдим...
— Мен бир телефон қилиб айтаман, лекин... Илҳом ака бироз шошилмаяпмизми?.. -Тишларимнинг орасидан шу гап сирғалиб чиқди.
...Совчилар уч маротаба боришди. Учинчи бора “ёшлар аҳду паймон қилишган экан” деган гапни қистириб ўтишган экан, дадам қаҳр отига минибди. Совчилар кейинги гал ҳам қуруқ қайтишганидан кейин Илҳом ака билан айрилиғимиз муқаррар бўлиб қолди.
— Олдимизда иккита йўл бор, — бир кунги учрашувимизда йиғидан шишган кўзларимни силаб гап бошлади Илҳом ака. - Ё мен билан қочиб кетасан ёки... Шундан кейин даданг ҳеч иложи йўқ кўнади.
Аввалига унамадим. Кейин ёшлик қилдимми, эҳтиросларим ақлим кўзларига парда тортиб қўйдими гуноҳга қўл урганимни билмай қолдим...
Орадан бир ойча муддат ўтиб Илҳомнинг совчилари яна эшигимизни тақиллатишди, бу сафар севгилим иккимиз тузган режа бўйича  мен ҳам ўша ерда эдим. Дадам совчиларни кўриб тутақиб кетди. Яна рад жавоби. Мен онамни ҳамма гапдан хабардор қилишим керак эди, аммо айтолмадим. Юзим чидамади. Лекин мендан олдин Илҳом аканинг аялари онамга шипшитиб қўйган эканлар... Ўша машъум дақиқаларни эслашни ҳам хоҳламайман... Дадам алам устида мени оқ қилди ва уйдан қувиб юборди.
...Ҳозир ота-онамдан узоқда яшаяпман. Илҳом акам икковимизнинг  бахтимизни бутун ғилиб турган жажжигина ўғилчамиз бор. Аммо отаси оқ қилган қизнинг бахти бардавом бўлмаслиги ҳақида эшитиб қолдим. Кўнглимдаги яқинларимга бўлган чексиз соғинч қайғуси ва ўзим эшитган бу гапнинг залвори мени хаста қилиб қўйди. Ҳозир касалхонада даволаняпман. Эрим ва яқинлари мени бир зумга ёлғиз қолдиришмайди. Лекин ҳеч бири ота-она меҳричалик бўлолмас экан. Уларнинг қайноқ бағрини, меҳрини қаттиқ қўмсаяпман. Азизлар, менга маслаҳат беринг, ота онамнинг хоки пойини қандай тавоф қилай? Нима қилиб уларга узримни тушунтирай? Менга тўғри йўл кўрсатинг, илтимос...  

Фарзона оққа кўчирди

Ҳозир сайтимизда 80 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ