1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Кўнгилнинг хавфли кўчаси

Ярим тунда газдан таралган бадбўй ҳид бутун «дом»даги қўни-қўшниларни саросимага солди. Газнинг ўткир ҳиди биринчи қаватдаги тўртинчи «квартира»дан чиқаётганди. Уч-тўрт қўшни шошиб, хонадон эшигидаги қўнғироқ тугмачасини босиб кўришди. Жим-жит, ҳадеганда ичкаридан жавоб бўлавермади. Улар бетоқатланишиб эшикни қўллари билан ура бошлашди. Кутилмаганда эшик очилиб кетди, ичкаридан қулфланмаган экан.
— Эркин ака, уйдамисизлар?
— …
— Уйда ким бор? Эркин ака, Эркин ака!
Чироқлар ўчирилган, уйда ҳеч ким йўққа ўхшарди. Қизиқ, ярим тунда эшик очиқ, устига-устак ошхонадаги газ ҳиди анқиб ётибди. Ўар куни уйидан бир қадам ҳам нари силжимайдиган одамлар бугун йўқ…
Қўшнилар ичкарига киришар экан, чироқларни ёққани қўрқишди. Газнинг ҳиди чиққан пайтда чироқ ёқиш ҳам хафли. Улар ошхонага киришди. Яхшиямки ташқаридаги электр чироғининг шуъласи хонани бироз ёритиб турарди. Эшик, деразаларни очиб юборишди, газни ўчиришган бўлишди.
Ташқаридаги йўлакка чиқишар экан, яна ўша жумбоққа жавоб топишолмай қийналишди.
— Уй эгаси Эркин қаёққа кетган бўлиши мумкин, қизи Лайлочи?
— Менимча, ҳид анча кўтарилди. Яхшиси яна қайтиб кириб, уйнинг чироқларини ёқиб кўрсакмикин?
Уй чироқлари бирма-бир ёқилди, аммо ҳеч ким кўринмади. Шу пайт ҳаммомнинг чироғини ёқиб, эшигини очган Рисолат ғайриоддий товушда қичқириб юборди… Ичкарида эса даҳшатли манзара… Ваннага тўлдирилган қип-қизил қонли сувнинг ичида, бир эмас учта одамнинг жасади ётарди…
Бу мудҳиш манзарани кўрган одам борки, эс-ҳушини йўқотаёзди. Бир зумда қий-чув, ғала-ғовур бошланди. Орадан бироз вақт ўтгач ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари воқеа жойига етиб келишди.
        * * *
Тижорат ишлари бир қарашда жуда осондек кўринади. Бир буюмни арзонроқ оласиз-да, иккинчи жойга олиб бориб сал қимматига сотасиз. Қарабсизки, бир зумда қўлингизга жарақ-жарақ пул тушади-да! Шавкат ҳам ишдан бўшади-ю, ўзини тижоратда бир синаб кўргиси келди. Аммо тижорат қилиш учун аввало мўмайгина пул керак. Ўша пул қайда?
Ишсиз, минг хил хаёл билан юрган кунларида таниши Иқболни учратиб қолди. Гап қизиди, маслаҳат пишди. Эмишки, ҳамшаҳари Усеиндан қарз кўтарса бўларкан. Лекин… фоизи билан. Хуллас, судхўрни топиш қийин бўлмади. Устама фоизи ҳам ёмон эмас, 20 фоиз, бир ойда қайтариш шарти билан.
Шавкат таниши орқали ундирган икки минг АҚШ долларини қўлига оларкан, «Бир ой нима бўпти, 20 фоизи билан қайтараман. Яна ўзимга ҳам фойда қолади», деб хом хаёл қилганди. Муддат эса жуда аниқ, пул 18 июнда олиндими, 18 июлда 20 фоиз устамаси билан қайтарилиши шарт. Бу орада Шавкатнинг оёғи олти, қўли етти бўлиб икки минг долларни кўпайтириш учун роса югуриб елди. Бироқ, 20 фоизлик устама чиқмади.
— Жон ака, мана шу 400 долларни устама фоиз ҳисобига олиб туринг. 18 августда Худо хоҳласа яна 20 фоизи билан қўшиб, берган пулингизни қайтараман, — деди Усеинни олдига борган Шавкат. Судхўрга барибир эмасми, пули «туғяпти».
Ўа, тижорат ишлари билан шуғулланиш осон эмасди. Шавкат икки минг долларни кўпайтириш тугул, ўйлаб, ўрни ўрнига қўйиб сарфлашни ҳам эплай олмади. Қўлидаги нақдгина пулдан 400 долларини судхўрга бериб, 1600 доллар билан қолди. Долларлар қўлдан чиқиб кетди-ю, қайтмади, фойда ҳам қилолмади. Лекин бу дардини кимга ёрсин?
Хаш-паш дегунча 18 август ҳам келиб қолди. Муддат етганди. Шавкат яна Усеинга ялтоқланишдан ўзга чора тополмади. Мақсади муддатини 18 сентябрга қадар узайтиришдан иборат эди-да. У 400 долларни кўтариб, учиб қўниб Усеиннинг рўпарасида пайдо бўлди.
— Тижоратим юришмай турибди, яна фоизини олиб туринг. 18 сентябр куни насиб қилса пулингизни қўшимчаси билан қайтараман, — деди кўзлари жовдираб. Судхўр нима десин? Таваккал қилди, муддат узайтирилди. Иккинчи бор 400 доллар устама фойда унинг қўлига кирди.
Шавкат бироз енгил тортгандек бўлди. Лекин олган қарзи бўғзидан ғиппа ушлаб пастга тортиб кетаётганини жуда яхши сезиб турарди. Қаердан ҳам шу иш билан шуғулланмоқчи бўлди-я! Биргина судхўрдан олган қарзи қанча кўпайиб кетди-ю! Қўлидаги пуллари «туғиш» ўрнига нуқул зарар келтиряпти, қарзга ботиряпти. Нима қилсин? Бу ёқда рўзғор ташвиши… Уйида ҳам ҳеч вақо қолмабди. Бир неча кундирки хотини ҳам тинмай жавраб дилини хуфтон қилаётган эди. Начора қўлидаги пуллардан юзини майдалашга мажбур бўлди. Уйлари яқинидаги бозорча кичкинагина, аммо харидорлар билан жуда гавжум. Шу ерда ул-бул нарса сотадиган Эркинни долларфуруш деб эшитган эди. Эркин бозорда раста очиб савдо сотиқ қилса, раста остида эса яширинча чет эл валюталарини сотиб олиш, қайта сотиш билан шуғулланарди. Шавкат Эркинни топди. У билан бироз суҳбатлашиб, дили равшанлашди. Пулини шу ерда алмаштирди-ю, негадир ичига аллақандай қоп-қора бир нарса кириб олгандай бўлди.
Одатда, киши бундай оғир ҳолатларда кўнглининг ҳамма кўчаларига бир-бир кириб чиқади. Турли режалар тузади, лекин амалга оширолмаслигини билгач, ғазаблана бошлайди. Ўзгаларга нисбатан нафрати қўзий бошлайди. Ўатто яхшилик қилган кимсаларнинг бошига етишдан ҳам тоймай қолади. Шавкатда ҳам шундай ҳолатлар бўлди, чоғи. Усеиндан олган қарзларини қайтариш илинжида долларфуруш Эркинни мўлжалга олиб қолди. Эркин деганлари пулдор, бойвачча. Биргина қизчаси бор. Шунча бойлик етмагандек хотини икки йилдан бери Россияда ишлаб эрига пул жўнатиб туради.
Шавкат атрофига шерик тўпламоқчи бўлди ва икки кишини топиб, ўзининг қабиҳ ниятига шерик қилишга кўндирди. Унинг тузган режаси роппа-роса 17 октябр — қарз олган муддати тугашидан бир кун олдин амалга оширилиши лозим эди. Жиноий келишувга кўра, гуруҳ ташкилотчиси бўлиб қолган Шавкат 17 октябр куни кундузи бозорчадан Эркинни қидириб топди. Найранг оддийгина эди.
— Эркин ака, қўлимда уч минг доллар бор, шуни сўмга алмаштириб берсангиз, қачон гаплашсак бўлади?
Эркин Шавкат билан узоқ тортишиб ўтирмади. Долларнинг нархини келишиб олгач:
— Бу ерда одам кўп. Яхшиси уйга борақол, кечқурун, — деди Шавкатнинг тузоғига илинаётганлигидан бехабар ҳолда. Шавкат ич-ичидан қувониб кетди. Унга мана шу гап керак эди айнан.
Шу куни соат кечки саккизлар чамаси эди. Кўпқаватли уйларнинг бирини эшиги тақиллади. Остонада Шавкат турарди:
— Долларлар тайёрми Эркин ака? — сўради уй эгасидан. «Ўа, тайёр» деган жавобни эшитгач, — икки-уч соатдан кейин келиб алмаштириб кетарман, — дея қайтиб кетди.
Эшик ёпилди. Шавкат шошиб чиқиб кетди. Тузоқ тайёр, шериклари билан келса бас.
Уйига қайтиб келган Шавкат бўлажак қотилликни ўйлаб, тимирскилаб юриб узунлиги 25-30 сантимертли синиқ темирни топди. Уни яхшилаб эговлади, учини чархлади, ўткирлади. Бу қурол билан Эркин ва унинг қизини ўлдиришга қарор қилганди.
Шавкат тунда жиноий шерикларини эргаштириб яна Эркиннинг остонасида пайдо бўлди. Ўеч қандай ножўя хатти-ҳаракатни сезмаган Эркин меҳмонларни уйига киритди.
Суҳбат остонадан ўтилиши биланоқ кескин тус олди.
— Долларни олиб келдингми?
— Йўқ, пулларни бераверинг.
— Қуруқдан қуруқ бераманми. Шерикларингни ол-да, уйимдан чиқиб кет. Сенга қарз берадиган аҳмоқ йўқ!
— Ўали шунақами… — Шавкат шундай дея, чап қўли енги ичига яширган учли темир қозиқни чиқарди ва Эркиннинг ўнг кўкрак қафасининг орқа қисмига қаттиқ урди. Темир қозиқ унинг ўпкасини тешиб ўтди. Шериклари эса жароҳатланган Эркинни дўппослай бошладилар.
— Адҳам! — дея чинқириб юборди Эркин жиянини ваннахонада эканини билган ҳолда.
Шу куни Эркиннинг жияни Адҳам ҳам тоғасиникида тунаб қолмоқчи бўлганди. Адҳам жон ҳолатда югуриб чиқди-ю, Шавкатнинг қўлидаги темир қозиққа рўбарў келди. Шавкат ва унинг шериклари ваҳшийлашиб кетган эди...
Бу орада Эркин ҳам оғир жароҳати туфайли ҳаётдан кўз юмганди. Жиноий гуруҳ аъзолари икки мурдани ҳаммомга олиб киришди ва сувли ваннага ётқизиб қўйишди. Шундан кейин ҳақиқий маънодаги талончилик бошлаб юборилди. Шавкат бошчилигидаги жиноятчилар уйдан пул, чет эл валюталарини изғиб қидира бошладилар. Ойнавандли айвонни титкилаб ҳеч нарса топишолмагач, ертўлага тушдилар. Ошхонани ҳам искович итдай тинтий бошладилар. Қарасаки яна бир одам… Аниқроғи 12 ёшли қизча ваннага ташлаб қўйилган дадасини сувдан чиқаришга уринаётган экан. Тўполонда ётоқхонада ухлаб ётган Лайло уларнинг ёдидан кўтарилибди.
Қотилларни кўрди-ю, қизча додлаб юборди. Шавкат дарҳол Лайлонинг томоғидан олди. Олишув қисқа бўлди. Ёш, жисмоний заиф қизча ҳам бўғиб ўлдириш натижасида жон бериб қўя қолди. Унинг ҳам жасади ваннага ташланди. 
Ниҳоят қотиллар мақсадига етишишди. Уйдан икки миллион сўм, уч минг АҚШ доллари ва бир нечта тилло тақинчоқларни ўмаришди. Иш битгач, совуққонлик билан уйнинг полига оққан қон доғларини артиб тозалашди. Ўаммомнинг полларини ювишди. Эшик, дераза ва мебеллардаги бармоқ изларини артиб ташлади. Қотиллик изларини йўқотиш мақсадида ошхонадаги газ плитасини очиқ қолдириб чиқиб кетишди. Хайриятки, газ портламади. Буни қўни-қўшнилар пайқаб қолишди. 
Қотиллар воқеа жойидан йироқлашар эканлар, пулларни ва тилло тақинчоқларни бўлиб олишди. Тонг ёришгач Шавкат судхўрдан олган қарзини тўлади. Айбини яшириш учун ўша куниёқ таниши Михаилнинг уйига яшириниб олди. Гап шундаки, мазкур қотиллик юз берганидан сўнг прокуратура, милиция ходимларидан иборат тезкор гуруҳ 24 соат ичида қотилларни топишга муваффақ бўлдилар. Тергов жараёни ҳам шунга монанд тез ва сифатли бўлиб ўтди. Таҳлиллар, мулоҳазалар, далиллар асосида Шавкат яшириниб ётган жойидан тезкор қидирув гуруҳ ходимлари томонидан ушлаб чиқилди.
Ўа, Шавкат ва унинг шериклари жазоларини олишди. Аммо беайб уч инсон қотиллар қўлида жон бердилар. Ўаёт эса бир маромда давом этмоқда. Яна ўшандай бозор, расталарда кимлардир марҳум Эркиндек ноқонуний тарзда валюта олди-сотдиси билан шуғулланишаётгани аниқ… Демакки, юқоридаги ҳодиса мулоҳаза қилиб кўришга арзийди.

ЁРҚИНОЙ ҚОСИМОВА

Ҳозир сайтимизда 19 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ