1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Табассум

Қирқ олти йил бўлибди-я, шунгаям. Худди қирқ олти кун бўлгандай. Зилзила бўлганда ўттизнинг устида эдим. Демак, етмиш олтига кирибман-да. Ҳаммаси кечагидай ёдимда. “Уруш бошланибди”, деб ўйлаганман ўшанда. Юраги ёрилиб ўлганлар бўлди, эси оғиб қолганлар бўлди.
Зилзила 26-апрел кунигина бўлган эмас. Бир неча ҳафта силкиниб турди ер. Одамлар юрак олдириб қўйишди. Биров ёлғондан “Ер қимирлаяпти”, деса ҳам ўтирганлар дувва туриб, ташқарига қочадиган бўлиб қолди. Бировнинг дарвозасини тақиллатишга юрагимиз бетламай қолган эди.  Дарвоза таққилласа, ичкаридагилар саросимага тушиб қоларди. Бирор қаттиқ овоз чиқса, одамлар ўша томонга қарашнинг ўрнига ўзини бехатар жойга олиб қочишни ўйлайдиган бўлиб қолган эди.
Дилгир хотиралар кўп. Айтаверсанг, хафа бўлиб кетасан одам. Аммо зилзила билан боғлиқ яхши хотиралар ҳам бор. Ана шундай ширин хотиралардан бирини айтиб берай.
Абдумалик қори ака деган мулламиз бўларди, Аллоҳ раҳмат қилсин! Ниҳоятда илмли киши эдилар. Кўп олим кишилар келиб, масалаларига ечим топиб кетишарди. Қорилар келиб, ўрганган сураларини у кишининг имтиҳонидан ўтказиб олишарди. Камгап, жиддий одам эдилар. Деярли кулмас эдилар. “Кулгу иймонни заифлаштиради”, дердилар. Маҳалламизнинг каттаю-кичиги Абдумалик қори акадан ҳайиқиб турарди.
Масжидда эдик. Хуфтон намози пайти эди. Абдумалик қори ака “Фотиҳа” сурасини тиловат қилдилар. Бугун бошқача бир илҳом билан қироат қилаётганликлари кўнглимдан ўтди. Кейин “Ар Роҳман” сурасини ўқий бошладилар. Абдумалик қори аканинг қироатларини кўп эшитганман, аммо бугунгидай чиройли қироат қилганларини бошқалар ҳам кўрмаган бўлишса керак. “Ар Роҳман” гўзал сура бўлганидан уни “Қуръоннинг келинчаги”, деган эканлар Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи вассаллам. Абдумалик қори ака бу гал уни доимгидан ҳам гўзал оҳангда қироат қилардилар. Сура ичида ўттиз бир марта такрорланадиган “Фаби аййи алаи Роббикума ту каззибан”, яъни “Роббингиз берган қайси неъматни ёлғонга чиқарасиз?” деган оятни ҳар гал ҳар хил оҳангда гўзал талаффуз қилиб, қўнғироқдек овозлари билан бизни сеҳрлаб олдилар. “Осмонлар ва ердаги барча жонзот Унга муҳтождир ва бор тилак-мақсадларини ёлғиз Ундан сўрар. У зот ҳар куни иш-амалдадир”, деган оят тиловат қилина бошлаганда ер бир силкиниб тушди.
– Оҳ, онажон! – деб юборди биров.
– Яна бошланди! – деди бошқа биров.
Кўзимнинг қири билан кузатдим, орқа сафлар бузилди. Айрим одамлар намозни бузиб, уйларига чопгани эшитилди.
– Фаби аййи алаи Роббикума ту каззибан? – Абдумалик қори ака овозларини озгина баланд қилдилар.
Одамлар тўхташди. Намоз давом этди. Ер ҳам силкинишда давом этди.
“Эй жин ва инс жамоаси! Агар сизлар Аллоҳнинг жазосидан қочиб осмонлар ва ер чегараларидан ўтиб кетишга қодир бўлсангизлар, у ҳолда ўтиб кетаверинглар! Сизлар фақат куч-қудрат билангина ўта олурсизлар, лекин у Кунда сизларда ҳеч қандай куч-қудрат бўлмас!” деган оят келди. Абдумалик қори аканинг овозлари титраб кетди. Менинг кўзимга ёш келди. Ростдан ҳам ҳозир масжиддан қочиб чиқишимиз мумкинлигини, аммо бундан миллион-миллион марта даҳшатли кун – Қиёмат кунида қандай қочамиз, қаёққа қочамиз? Оёқларимни жойнамозга қаттиқроқ тирадим.
Иккинчи ракаат бошланди. “Фотиҳа” қироат қилинаётганда ер яна бир силкинди. Ташқарида намоз ўқиётганларнинг сафларида яна саросималик рўй берди. Яна бировлар намоздан чиқиб кетди. Кутганимдек, Абдумалик қори ака иккинчи ракаатнинг зам сурасига Қуръонда “Ар Роҳман”дан кейин келувчи “Воқеа” сурасини қироат қилдилар. “Ер қаттиқ ларзага келган, тоғлар титилиб, чанг-тўзонга айланган ва сизлар уч тоифа бўлиб қолган чоғда  Қиёмат кофирларни дўзахга дучор этиш билан паст қилгувчи, мўминларни эса жаннатга киритиш билан баланд қилгувчидир” оятини шиддат билан қироат қилдилар. Кичкинагина синовдан ўтаётганимизни, шу синовдан сабот билан ўтсак, Аллоҳ улуғ ажр билан сийлашини барчамиз ҳис этдик, менимча. Барчамиз жон қулоғимиз билан суранинг тиловатга соме бўлдик.
“Энди агар Аллоҳга яқин қилинган, пешқадамлардан булсангиз, сиз учун роҳат-фароғат, гўзал ризқ ва ноз-неъматли жаннат бордир!” ояти келганда ер силкинишдан тўхтади. Абдумалик қори ака ҳам бироз сукут сақладилар. Бутун дунё жимликка чўккандек бўлди назаримда. Биз улуғ бир мукофотни Қиёмат куни эмас, ҳозир олгандек, хурсанд бўлиб, осуда бўлдик.
Абдумалик қори ака кейинги оятни кўтаринки руҳда тиловат қилдилар: “Энди агар ўнг томон эгаларидан бўлсангизлар, у холда эй саодатманд бандаларим, сизларга ўнг томон эгаларидан салом бўлгай!” Ана ўшанда биз, масжид ичида сафларни бузмасдан намозда қойим бўлган жамоат, ўнг томон эгаларидан бўлиб турганимизни бутун вужудим билан ҳис қилдим.
Абдумалик қори ака охирги оятни худди мадҳиядек қилиб тугатдилар: “Бас, улуғ Парвардигорингизнинг номини поклаб тасбеҳ айтинг!”
Намоздан сўнг Абдумалик қори ака бир марта ўгирилиб, жамоатга қарашларини, сафларнинг ҳоли нима бўлгани билан қизиқишларини мен ич-ичимдан ҳис қилиб турардим.
Фарз намози тугади.
Абдумалик қори ака иккала томонга салом бергач, жамоатга қараб ўгирилдилар ва ... табассум қилдилар.
Бу табассумни сўз билан тасвирлаб беролмайман. Бу табассум юзларидан нур ёғилиб турган Абдумалик қори аканинг энг гўзал табассуми эди. Бу табассумда гўзал маънолар бор эди. Бу табассумда Аллоҳнинг имтиҳонидан ўтган бахтиёр кишининг шодлиги бор эди. Бу табассумда масжидни, масжид имомини ёлғиз ташлаб кетмаган биз, содиқ жамоадошларга миннатдорлик бор эди.
Мана, қирқ олти йил ўтибди ҳамки, ана шу табассумни унутолмайман. Ана шу табассум кўз олдимдан кетмайди. Абдумалик қори акани ана шу табассумлари билан эслайман.
Қирқ олти йилдирки, намоздан кейин, ... табассум қиламан.

Каримберди Тўрамурод

Ҳозир сайтимизда 80 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ