1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Келин ўйнасин

1.
Мўмин дегани мулойим дегани экан-да.
Мулойимларнинг ҳам мулойими эди Мўмин ака.
Овозини кўтарганини ҳали ҳеч ким эшитмаган Мўмин аканинг.
Аёлига-да мулойим муомала қилади Мўмин ака.
Болаларига-да мулойим муомала қилади Мўмин ака.
Болаларига бирор иш қилишни буюрмайди, илтимос қилади, десам ишонаверинг.
Ўша иш қилинмай қолса ҳам нега қилинмади демасдан ўзи қилиб кетаверишига ҳам ишонинг Мўмин аканинг.

2.
Мўмингина бўлиб, беш вақт намозгинасини ўқиб юргич эди Мўмин ака.
Биров бир нима деса, маъқул деб тургич эди Мўмин ака.
Юқориқишлоқлик ҳожилар ўзларининг мажлисига тортди-ю, “айниди-қолди” ана шу Мўмин ака.
Ҳожиларнинг гаштакларидан келганидан кейин узоқ-узоқ ўй ўйлагич бўлди Мўмин ака.
Тунлари уйқулари қочиб-уйқулари қочиб бош қашлагич бўлди Мўмин ака.
− Ҳа, гап бақта экан, Довран, − деб юборадиган бўлди ўз-ўзича Мўмин ака.
Довран дегич учов бу уйда.
Мўмин ака чақирганда хотини Потманинг отиям Довран.
Фотима хола эрини чақирганда аввалги оти “Ай” бўлган Мўмин аканинг отиям Довран.
Икковлашиб чақирганда тўнғич ўғиллари Давроннинг отиям Довран.
− Гап қаяқтаякан, Довран? − кўрпадан бошини чиқаради Фотима хола.
− Гап кўбакан, Довран, қайси биттасини айтайин?
− Ўзингизча “уф-уф” демай менгаям мундай айтинг-да, Довран.
− Сени калланг жетмайди-да, Довран.
− Каллам жетаяткан жеригача айтинг қани мундай? − эрининг ёнига ўтириб олади Фотима хола.

3.
Анча пайт гапирмай ўтиради Мўмин ака.
− Мусурмончилиқ шуякан деб жайномазға жумалаб журавериппиз, бақта анча ишларимиз хомакан, − дейди ниҳоят Мўмин ака. − Беш вақт номаз ўқияппан деб қўл-бетти, оёқди жувиб журавуриппиз, аслида журакди жувиб олиш керак бўғанакан-да, Довран.
− Журакдиям жувиб бўлама, Довран?
− Калланг жетмайди дедим-ку? Кўнгил деган нерса тоза бўлиши керагакан. Кўнгил деганида тўлка Худо бўлиши керагакан. Бошқасиға қайрилиб қарамаслиқ керагакан, Довран. Худо, Худо, Худо десанг кўнгил тозариб боравурайкан. Ўзингам Худоға жақин бўб боравурайкансан, Довран.
− Бир ўзингиз жақин бўб, мен пастда қоб кетмайин, менгаям ҳожи бовалардан ўрганганнаригизди ўргатинг-да бўмаса, Довран.
− “Ҳар жайда ҳар хил овқатти жемаслик керак”, дейди ҳожи бовалар, − дейди Мўмин ака ўйланиб туриб. − “Шубҳали нерсалардан узоқ бўлиш керак”, дейди ҳожи бовалар. “Бетаҳрат журмаслик керак”, дейди. “Доим номазға тайяр турғандай ўлишгаям тайяр туриш керак”, дейди ҳожи бовалар.
− Қўрқитмай гапиринг-да энди, Довран.
− Қўрқсанг-у, қўрқмасанг гапди бўлувиям шу-да, Довран.

4.
Фотима хола-ку Мўмин аканинг айтганларига хўп дейди.
Чунки эрини энг ақлли одам деб билади Фотима хола.
Эрини энг яхши одам дейди Фотима хола.
Эрини авлиё дейди Фотима хола.
Эрини эр дейди-да Фотима хола.
Мўмин аканинг ҳамма айтганига кўнавермайди болалари.
Икки йилдан бери зўрға рўза тутгич бўлди Даврони. Аммо намозни бўйнига олмайди.
Қизи Гулсара онасининг ёнида Бомдод намозини ўқиганини кўради Мўмин ака. Қолганига кўзи тушмайди.
Минг марта айтгани билан кўчада рўмол ўрамайди шу Гулсарасиям.
Мўмин ака олиб келгич китобларга қарамайди шу Гулсарасиям.
− Қишлоқи деб кулади дуганаларим, − дейди қизи.
− Рўмол ўрамасанг шаҳари бўб қолайкансанма? − қизини тушунмайди Мўмин акаям.

5.
Нима бўлгандаям ҳожи боваларнинг мажлисларига бора-кела анча ўзгарди Мўмин ака.
Олдинлари юмуши кўп бўлса намозини уйида ҳам ўқиб олаверарди. Энди беш вақт қолдирмай масжидга чиқадиган бўлди Мўмин ака.
Намоз вақти келаверса тухумини қаерга қўйишни билмай қоқоғлаб юртни бузадиган товуққа ўхшаб типирчилаб қолар бўлди Мўмин ака.
Аввалига келин тўйларга боришни бас қилди Мўмин ака.
Бора-бора ароқ қўйиладиган суннат тўйлардан ҳам оёғини тортди Мўмин ака.
Ароқ қўядиган бўлса қариндошининг тўйига ҳам бормайдиган бўлди Мўмин ака.
Бора-бора намоз ўқимайдиган ошналари билан юрмайдиган бўлди Мўмин ака.
Ўзлари навбати билан қўй, мол сўйиб бўлиб оладиган, ўзларининг қозон товоғидагина пишириб ейдиган, тўйларида ҳам фақат ўзлари ўртада пул йиғиб олинган идиш-товоқларни ишлатадиган, палов дамлашдан чой қайнатишгача ўзлари қиладиган ҳожи боболарнинг зиёфатига, тўйига борар бўлди Мўмин ака.
Ҳожи боболарининг гапини гап дейдиган бўлди Мўмин ака.
Ҳожи боболарнинг тутган тутумини тутум дейдиган бўлди Мўмин ака.
Оғзи очиқ юришидан рўза тутиб юриши кўп бўлиб қолди Мўмин аканинг.
Ерда туришидан жойнамозда туриши кўп бўлиб қолди Мўмин аканинг.

6.
− Ҳожи боваларингизди гапини менга олақаси жўқ!
Шундай деди Даврони.
Ерни тепди Даврони.
− Ҳамма жўраларимдикидай тўй қиламан? − деди Даврони.
− Орақ қўйиб тўй қиламан! − деди Даврони. − Беорақ тўй тўй бўптима? Беорақ тўй худойи-ку?
− Орақ ҳаром, тўйдан мурод савоб, савоб оламан деб орақ қўйиб, гунага ботмайиқ, ҳалол нерсаларди қўйиб тўй қилайиқ, − деганига ўғлини кўндиролмайди Мўмин ака.
− Орақ қўйсанг тўй қимайман! − дейди Мўмин ака.
− Орақ қўймасангиз уйланмайман!
Шунчаликка етади Даврони.
Аразиб чиқиб кетади Даврони.
− Мусурмончилиқ аста-астачилик, сизам бирданига мундай қотти кетманг-да, Довран, − дейди Фотима хола. − Гўрга, шу тўйини элликтагана орақ ўлгирди обериб ўтказиб жубаринг. Кейин эси кириб қоларам, жонбошингизда туриб номаздиям ўқир.
“Эликтагана орақ ўлгирди” олиб беришга кўплашиб кўндиришди Мўмин акани.

7.
Келиннинг оқ куйлак кийиши келин бехабар Мўмин аканикида бир ҳафталик жанжалга сабаб бўлди.
− Ҳамма устимдан кулади-ку, мен нима деган одам бўламан!
Шундай деди Даврони.
Золдарини тепди Даврони.
− Рўмол жовиниб чиқаятқан зоманди ўтиб кетканига эллик жил бўған-ку? − кулди Гулсараси. − Элди кулдириб эшшакти ҳангиратайканмиз-да.
Эл кулмайдиган бўлди.
Эшак ҳанграмайдиган бўлди.
Келин оқ куйлак кийиб тўйхонага чиқар бўлди.
− Мундай пеодал бўманг-да, жезза, − деган куёв бўлмишнинг тоғаси бир амаллаб кўндирган бўлди Мўмин акани. − Бу гапти эшитса ҳали райис нима дейди?
Раис эшитмади бу гапларни.
Мўмин аканинг ҳисобчи бўлиб ишлайдиган қайноғаси раисдан гап эшитмайдиган бўлди.
Келин оқ куйлак кийиб, тўйхонага чиқар бўлди.

8.
Даврони айтгандай бир тўй бўлди.
Гулсараси орзулагандай бир тўй бўлди.
Потмаси кўнган бир тўй бўлди.
Мўмин ака кўнмаган бир тўй бўлди.
“Жерди шипиришга жеткан лотаси женг минам жоғаға жетмаган” куйлакни, “Орқасини кучук толаған”, “Кўксини жоппаған” куйлакни кийиб келин бўлмиш тўрда сузилиб турди.
Атрофида ўзига ўхшаган йигирмата қиз тизилиб турди.
“Аканг қарағайни кўриб қўй” дегандай кўзи чақнаб Даврони  келин бўлмишнинг ёнида керилиб турди.
Бир қўлида стакан, биттасида сигарет тутган йигирма чоғли жўраси атрофида терилиб турди.
Қишлоқнинг аёлу эркаги шунда бўлди.
Аёлу эркакнинг кўзи келинда бўлди.
Кўзи сузилиб қарагани нечов бўлди.
Нияти бузилиб қарагани нечов бўлди.
− Зўр қиз бўғанакан, билмаганаканмиз, − деди бирови гапи айнаб.
− Узумди яхшисини доим кучук жийди, − деди бошқаси колбаса чайнаб.
− Шўх-шўхидан бўсин-да энди, − бақирди битттаси.
− Тўй тўйға ўхшасин-да энди, − маъқуллади бошқаси.
Пойлаб турган экан отарчи.
Шўхини шайлаб турган экан отарчи.
Тўй тўйга ўхшади.
Мўмин аканинг суяги қақшади.
Бирам жилпанглади ўйинчи, бирам жилпанглади-ей.
Бирам қийқонглади бир қишлоқнинг эркаги ўйинчининг орқасидан эргашиб, бирам қийқонглади-ей.
“Бировининг хотини шу тўйди журибди, бировининг боласи”, деб ўйлади Мўмин ака.
Ўйинчи “ширин қилиб берган” стакандаги ароқнинг қолганини ичиб, қийқирган йигитга қараб энсаси қотди Мўмин аканинг.
“Эссиз эркак-а, ҳай эркак-а”, деди Мўмин ака.

9.
Ҳаммаси майли экан.
Ҳаммаси ҳолва экан.
− Келин-куёв ўйнайди!
Шундай деб бақирди ҳаммаси.
Келин-куёвни ўртага чақирди ҳаммаси.
Келин-куёв ҳам ўртага тушиб бирам эшилди, бирам эшилди-ей.
Куёвнавкарман, келин дугонаман дегани бирам қўшилди, бирам қўшилди-ей.
Маст-аластларнинг нечови қуршаб олди келин-куёвни.
Маст-аластнинг нечови қўлларидан ушлаб-ушлаб олди келин-куёвни.
Куёвга пул қистирай деб чопган нечов бўлди.
Келинни чўлпиллатиб ўпган нечов бўлди.
Ҳаммасигаям майли экан.
Бунисиям ҳолва экан.
− Горка! Горка! Горка!
“Гўркаси нима экан?” ҳайрон бўлди Мўмин ака.
Билгач, кўнгли вайрон бўлди Мўмин ака.
Четга бурди юзини Потмаси.
Ерга тикди кўзини Гулсараси.
Ҳаммасини титраб-қақшаб кузатиб ўтирди Мўмин ака.
Ҳаммасини худди бегонага ўхшаб кузатиб ўтирди Мўмин ака.

10.
Ҳожиларни ўша куни тўйга айтолмасди Мўмин ака.
Айтган билан келомасди ҳожи боболар.
Эртасига таклиф қилди Мўмин ака.
Бари тизилиб келди ҳожи боболар.
Яктаклари оппоқ қорга ўхшайди ҳожи боболарнинг.
Юзларида нурлари борга ўхшайди ҳожи боболарнинг.
Пайғамбарнинг сифатидан бир сифат бор ҳар бирида ҳожи боболарнинг.
Ҳар гапирган гапида бир ҳикмат бор ҳожи боболарнинг.
Мўмин аканинг хонадони нурга тўлиб кетгандай бўлди ташрифидан ҳожи боболарнинг.
Мўмин аканинг орзулари осмонларга етгандай бўлди ташрифидан ҳожи боболарнинг.
Ҳар бирлари бир авлиёсифат бўлиб ўтирдилар ҳожи боболар.
Майин гаплашиб, нимтабассум қилиб, кулиб ўтирдилар ҳожи боболар.
− Довранбой, мунда кенг! − бўлди Мўмин аканинг гапи. − Ҳожи боваларға салом беринг!
Ҳар бирлари билан қўл олишиб кўришди Даврони.
Ёнларига ўтириб, қуюқ-қуюқ сўрашди Даврони.
− Энди келинам чиқсин! − бўлди талаби Мўмин аканинг. − Ҳожи боваларға бир таъзим қисин!
Елкаси қисилиб, яхши тушунмади Даврони.
Отасининг ниятини англамади Даврони.
Бориб келинни етаклаб чиқди.
Келин келиндай бўлиб, сузилиб чиқди.
Тушуниб-тушунмаган қайнанаси қўшилиб чиқди.
Келин ҳожи боболарга таъзим қила-таъзим қила яқинроқ келди.
− Ваалайкум ассалом, кўп яшанг, − деб ҳожи боболар дуо қилди.
Ҳайрон бўлиб-ҳайрон бўлиб турди Даврони.
Келинни олиб ичкарига юрди Даврони.
− Тўхта, − бўлди Мўмин аканинг амри. − Энди келин ҳожи боваларга битта ўйнаб берсин!
− Тушунмадиммма ёки яхши эшитмадиммакан? − деди Даврони. − Келин нима қисин?
− Ўйнаб берсин, улим! Биттагана ўйнаб берсин!
− Эсингиз жайидама, ота? − деди Даврони. − Келинингиз ҳожи боваларди олдида ўйнайма? Уят бўмайма? Ўйлаб гапираяпсизма ўзи?
− Отам нима дейди? − келин сўради.
Қайнана бир сўз демай ерга қаради.
− Ҳожи боваларди олдида ўйнаса уят бўлама, улим? − сўради Мўмин ака.
− Уят бўлади, ота, − деди Даврони.
− Жудаям уят бўлама?
− Унча-мунча уят бўмайди, ота, қотти уят бўлади.
− Ҳожи боваларға нима қипти, улим? Ҳаммаси ҳожи бовалар бўса? Ҳаммаси номазхон бўса? Ҳаммасини нияти тоза бўса? Кеча орақти ичиб, бўкириб жотқан эркаклардан қаери кам ҳожи боваларди, улим? Уларди олдида келин минам роса эшилиб-эшилиб ўйнадиларинг-ку? Келин ярим жоланғач кийимда мостларди ичида бир соат ўйнади. Ҳаммаси кайп минам хотинингга кўзини тикиб “Гўрка!” деб бақирди. “Гўрка”ям қилдиларинг. Ҳожи бовалар келинга кўзини тикмайди, “Гўрка!” деб бақирмайди. Келинам бугун одамдай кийинганакан. Ҳеч нерса қимайди, улим, ўн минутгана ўйнаб берса бўлади. Майли беш минут ўйнасин!
Калласини чангаллаб, ўтириб қолди Даврони.
Нима қиларини билмай, қотиб қолди келини.
− Майли, қўяверинг, улингиз болалик қипти, энди кўзи очилған чиқар? − деди ҳожи боболар.
− Иймонда бўғанида мундай қимас эди, − деди ҳожи боболар.
− Иймонли эркак хотинди номаҳрам эркакларди ичида бозорға сомайди, − деди ҳожи боболар.
− Иймонли эркак буйтиб хотин омайди, − деди ҳожи боболар.
− Иймонли эркак хотин минам ўйинчини парқиға борғич бўлади, − ҳожи боболар.
− Иймонли эркак хотинди иффатини сақлағич бўлади, − деди ҳожи боболар.
Йиғлаб уйга кириб кетди келинчак.
Овутгани орқасидан кириб кетди қайнона.
− Майли, дуо қилайиқ, мулла Абдумўминди улиям ориятли жигит бўсин! − деди ҳожи боболар.
− Хотинини бегана кўзлардан сақлағич, қатъиятли эркак бўсин! − деди ҳожи боболар.
Бирин-кетин чиқиб кетаверди ҳожи боболар.
Давронни дуо қилиб кетаверди ҳожи боболар.

11.
− Ота, мени кечиринг! − деди бошини кўтарди Даврони. − Менганани кечиринг, ота!
− Кеча эшшак бўғанаканман! − деди Даврони. − Кеча кучук бўғанаканман.
− Кўзим очилди, ота, − деди Даврони. − Кеч бўса-да, очилди.
− Мени пойдамға гапирганакансиз-у, мен сизди бекарга жоман кўрганаканман, − деди Даврони. − Мени кечиринг, жон ота, кечиринг.
− Сени кечирганман, − деди Мўмин ака. − Муннан кетин адашмасанг бўлди, улим.
− Энди адашмайман, ота, − деди Даврони. − Насиб бўса, энди ҳечам адашмайман!

Каримберди Тўрамурод

Ҳозир сайтимизда 16 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ