1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Илмнинг ҳикмати

Сизларнинг яхшиларингиз − Қуръонни  ўрганганларингиз ва бошқаларга ўргатганларингиздир.
Ҳадис
Қўшработда сув омбори қуриладиган бўлди.
− Сойнинг иккала томонини ҳам кенгайтирамиз! − деди Тошкентдан келган вакил. − Икки томондан ҳам бир чақирим масофадаги одамларингизни кўчиринг! Ҳаммасига янги иморат қуриш учун жой, ёғоч, тахта ва бошқа керакли қурилиш ашёлари берилади.
− Одамларимиз кўчишадику-я, − деди раис бобо бош қашлаб. − Сойнинг чап тарафида қишлоқнинг эски қабристони бор-да. Шу ёғи қандай бўларкан? Сойнинг бир томонини сиз айтгандан ҳам зиёдроқ кенгайтирсак-у, мозор жойлашган томонини қолдирсак бўлмасмикан? Ҳар ҳолда бу қабристонда ота-боболаримиз ётишибди.
− Бўлмайди! Сойнинг иккала томони ҳам бир хилда, мутаносиб ҳолда кенгайтирилиши керак, − раиснинг гапини кесди вакил. − Янги қабристон борми?
− Борку-я, ҳали янги қабристонга ер ажратганимизга ўн йилдан сал ошган-да. Нари борса ўн беш йил бўлгандир.
− Ўн беш йилдан бери ўлик қўйилмаётган эски қабристон экан, устига янги қабристонларинг бор экан, бўлди-да, − деди вакил. − Нимага бошни оғритаяпсиз?
− Ҳалиги, мулла боболар “Юз йилдан ортиқ ўлик қўйилмаган қабристоннигина бузса бўлади”, дейишади-ку? − деди қисиниб-қимтиниб раис бобо.
− Энди қаердаги мулла боболарнинг айтганига қараб иш қилишимиз қолувди, − ғижинди вакил. − Мулла боболарингизнинг эмас, партиянинг айтгани бўлади, раис, партиянинг! Билдингизми?
− Билдим, билдим, − деди партия сўзини эшитиб шошиб қолган раис бобо. − Нима десангиз шу.
− Ана бу бошқа гап, − деди вакил мамнун бўлиб. − Сизга бир ой муҳлат. Сойнинг иккала тарафидан ҳам кўчириладиганларни кўчирасиз. Роппа-роса бир ойдан сўнг бу ерга қудратли техника билан келамиз ва ишни сойнинг ўрнини кенгайтиришдан бошлаймиз!
Худди шундай бўлди. Биров кўниб, биров кўнмай бутун қишлоқ аҳолиси салкам ўн чақирим нарида янгидан бино бўлаётган қишлоққа кўчиб кетишди. Сой бўйи уруш киноларда кўрсатиладиган вайронага айланиб қолди. Бомба тушган уйларга ўхшаб, тахтаси, ёғочи бузиб олинган, фақат деворлари қолган уйлар мунғайиб қолишди. Одамлар қўлга илинадиган ҳамма нарсани олиб кетишди. Бир замонлар ҳаёт қайнаган, болаларнинг шовқинига тўла қишлоқ ҳувиллаб, тупроқ кўчалари кимсасиз бўлиб қолди.
Роппа-роса бир ойдан кейин катта-катта бульдозерлар суви қуриган сойнинг иккала тарафини пастга қараб сура бошлади. Эски қабристон жойлашган сойнинг чап тарафини бульдозер сурар экан, бир неча қават қилиб жасадлар қўйилганига гувоҳ бўлишди. Раис бобонинг топшириғи билан уч-тўрт йигит тупроқ сурилиши билан очилиб қолаётган қабрлардаги суякларни қопларга солишиб, янги қабристонга олиб бориб кўмиш билан машғул бўлди. Ҳар куни бир неча қопдан суякларни, бош чаноқларини олиб бориб, янги қабрга кўмишарди.
− Э, манавини қаранглар!
Бульдозерини тўхтатиб қўйиб, очилиб қолган янги қабрга ҳайрат билан тикилиб қолган бульдозерчининг бу гапидан ҳамма шу томонга ошиқди.
Тошлоқ жой ўпирилиб, бир қабрнинг ёни очилиб қолган, унинг ичида оппоқ кафандаги жасад бузилмай турар, ҳатто кафан ҳам эскирмагандай эди. Кўрган одам “Бу мурда кечагина қўйилган экан”, деб ўйлаши аниқ эди.
− Тошлар орасига қўйилгани учун бу жасад бузилмай сақланиб қолганга ўхшайди, − деди кимдир.
− Кимдир билдирмасдан яқин-орада бу ерга кимнидир дафн қилган бўлиши ҳам мумкин, − деди Тошкентдан келган вакил. − Нима бўлганда ҳам олиб чиқинглар-чи, кўрамиз.
Эски жасадларнинг қолдиқларини қопларга солиб юрган йигитлар бирваракайига орқага чекинишди.
− Биз, ... биз қўрқамиз, − деди улардан ёши каттароғи.
− Ўлик-ку, нимасидан қўрқасизлар? − деди вакил ва бульдозерчига қараб деди: − Қани, сиз олиб тушинг-чи?
− Мен, ... менинг ишим эмас бунақа ишлар, − деди орқага тисарилган бульдозерчи. − Мен қабрдан ўлик олиб чиқмайман. Суринг десангиз суришим, текислашим мумкин, аммо...
Бульдозерчи нарироққа кета бошлади.
− Юракдан ҳам берган экан-ку? − деди вакил. − Тағин эркак эмиш.
− Ўзи бунақа ишлигини билсам, бошидан келмас эдим, − деди бульдозерчи тўнғиллаб. − Менга сув омбори қурасизлар дейишувди. Уч кундан бери қабристонни бузамиз. Кеча тушимга ўлган отам кирди, ўликлар кирди. Мен, ... мен кетаман, ишламайман бу ерда.
− Ораларингда ўликдан қўрқмайдиган одам борми ўзи? − деди вакил зарда билан.
Ҳеч кимдан садо чиқмади.
Қурилишда банд бўлганларнинг бари шу ерда йиғилди. Аммо ҳеч кимнинг юраги бетламади мурдани қабрдан олишга. Мурдани эса олиш, бошқа жойга дафн қилиш керак эди. Мурда сув омбори қурилишига тўсқинлик қилаётган эди.
− Агар хўп десаларинг мен оламан, − деди қурувчиларга овқат пишириб берадиган Афифа опа деган татар аёл.
− Олинг, ким ҳам йўқ дерди? − деди вакил.
Афифа опа бир нималар деб пичирлаб, ўрнидан турди ва қабр ёнига келди. Ҳамма Афифа опани ўраб олди.
− Ла илаҳа илаллоҳу Муҳаммадур расулуллоҳ, − деб Афифа опа жасадни даст кўтариб олди ва берироққа олиб келиб, авайлаб ерга қўйди. − Кеча қўйилгандек тургани билан оғирлиги қолмабди. Бечора қушдек енгил бўлиб қолибди.
Тушдан кейин вакилнинг топшириғи билан раис бобо бошчилигидаги беш-олти оқсоқоллар қурилиш майдонига келишди. Вакил отахонларга бўлган воқеани айтиб бериб, уларни жасад турган ерга бошлаб борди.
− Бизда турли тахминлар туғилаяпти, − деди вакил. − Кимдир ҳеч кимга билдирмай бу ерга яқин-орада бировни кўмиб кетган, деган тахминимиз ҳам бор. Яна айрим ўртоқларнинг фикрича, гарчи ўлик эски бўлса-да, тошларнинг орасида тургани боис бузилмай сақланган бўлиши ҳам мумкин. Аммо бундай десак, кафани ҳам эскирмаган. Хуллас, ўзларинг қаранглар-чи, балки мурдани танирсизлар?
Ҳамма жасад тепасига келди, аммо унинг юзини очиб қарашга ҳеч ким журъат қилолмасди.
− Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим, − деб қишлоқ масжидининг имоми мулла Абдуназар бобо жасаднинг юзини очди ва ҳайратдан бақириб юборди: − Астағфируллоҳ! Астағфируллоҳ!
− Э, э, бу мулла бобомиз-ку? − деди жасаднинг юзига тикилиб қараган раис бобо. − Мулла Абдуҳамид бобо-ку!
− Қачон ўлган эди? − сўради вакил. − Яқинда ўлганмиди? Неча кун бўлувди?
− Яқинда, жудаям яқинда, − деди ўзини йўқотиб қўйган раис бобо. − Йигирма йилча бўлувди.
− Йигирма икки йил, − деди мулла Абдуназар бобо ўйчан.
− Йигирма икки йил? − ажабланди вакил. − Бўлиши мумкин эмас! Адашмаяпсизларми?
− Кечагидай эсимда, роппа-роса йигирма икки йил бўлди, − деди мулла Абдуназар бобо. − Мулла бобомизнинг жанозасини ўзим ўқиганман. Устозимизнинг ўрнига масжидга имомлик қилаётганимга ҳам роппа-роса йигирма икки йил бўлди. У киши ўтганидан бир ҳафта кейин туғилган неварамга Абдуҳамид деб устозимизнинг отини қўйганман. Ана шу неварам бу йил йигирма иккига кирди.
 − Ҳа, ажойиб одам эди, − деди қишлоқ оқсоқолларидан бири Қулмурод бобо. − Қишлоқда нечта намозхон бўлса ҳаммасининг саводини ана шу мулла Абдуҳамид домла чиқарган эди. Уйи тўла китоб бўларди. У киши бизга Қуръон сураларини ўргатар, ҳар бир оят маъносини айтиб берар эди. Ҳадисларни эсда қоладиган қилиб тушунтириб берар эди.
− Гўринг нурга тўлгур, жаннати одам эди, − деди раис бобо. − Илмли одам эди.
− Гўри нурга тўлгани аниқ экан, − деди мулла Абдуназар бобо. − Қурувчилар сал безовта қилишибди-да. Майли, олиб бориб,  иззатини жойига қўйиб, янги қабристонимизга бошқатдан дафн этамиз. Бу ҳам Аллоҳ таолонинг қудрати билан биз, тирикларга ибрат бўлди. Аллоҳ бир ишни хоҳласа беҳикмат бўлмайди. Ўзига шукр!
− Бунинг нима ҳикмати бор экан? − сўради ҳеч нимага тушунмай турган вакил. − Нега йигирма икки йилдан бери жасади бузилмапти? Нега ақалли кафани эскирмапти?
− Мулла Абдуҳамид домла олим одам эди, − деди мулла Абдуназар бобо. − Аллоҳ таолонинг “Олимларнинг жасадларини то қиёмат кунигача бузмай сақлайман”, деган ваъдаси бор. “Қабрларингни жаннатнинг бир парчасига айлантириб олишни истасаларинг Қуръон ўқинглар, ибодатга зўр беринглар”, деб Расулуллоҳ саллаллоҳи алайҳи васаллам бекорга айтмаганлар. Мулла Абдуҳамид домла олим одам эди, Мулла Абдуҳамид домла тақводор одам эди, серибодат одам эди. Мулла Абдуҳамид домла тиригида қабрини жаннатга айлантириб олган одам эди.
Эртаси куни яқин-атрофдаги қишлоқларнинг одамлари мулла Абдуҳамид бобони қайтадан дафн этишга йиғилишди. Уларнинг орасида биринчи марта устига чопон, бошига дўппи кийиб, белини боғлаган Тошкентдан келган вакил ҳам бор эди.
Мулла Абдуҳамид бобонинг жанозасига ҳам бунча кўп одам тўпланмаган эди...

Каримберди Тўрамурод

Ҳозир сайтимизда 27 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ