1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Ғолиб

«Биродарлар!
Ўзбек эли ўр келади!
Ўзи ўжар, зўр келади!»
Тоғай Мурод.

1.
Шаҳарда ҳайкалтарошларнинг кўрик-танлови бўладиган бўлди.
Ҳайкалтарош шунча кўплигини шу куни билди, Холбой.
«Ер ёрилиб, ҳайкалтарош чиқди-ёв?»
«Тавбангдан кетай, шунча ҳайкалтарош қаерда юрган экан?»
Холбой бармоқларини букиб, шаҳардаги ҳайкалларни санай бошлади:
– Ленин бова, бир, Охунбобоев бова, икки, Навоий бова, уч, Рўдакий бова, тўрт, Акмал Икромов, беш, кўппала негр болалар, олти. Бўлди, хаёлим?
Холбойнинг қўлида бармоқлар ортиб қолди.
– Ҳайкалтарош кўп бўлса, ҳайкал олтовгина бўладими? – ҳайрон бўлди Холбой.
Барибир қизиқувчанлиги устун келди. Марказий истироҳат боғига йўл олди.
– Бир кўрай-чи, нима каромат кўрсатар экан, бу ҳайкалтарош деганлари?

2.
Боғ тўла одам бўлди. Боғ тўла ҳайкалтарош бўлди.
Боғ тўла тош бўлди. Одамдай-одамдай тош бўлди. Одамдан ҳам катта тошлар бўлди.
Ҳар бир ҳайкалтарошга биттадан тош беришди. Ҳар бир ҳайкалтарош ўзига тегишли тош олдида бўлди.
Кўп гап-сўз бўлди. Кўп улуғ сўзлар бўлди.
Ҳакамларнинг каттаси шаҳарнинг каттасидан илтимос қилди. Шаҳарнинг каттаси болға билан бир тошни оҳистагина бир урган бўлди.
Шу билан бошланди.
Ҳар бир ҳайкалтарош ўзига тегишли тошни тарошлашни бошлади.
Тиқир-тиқир. Чиқир-чиқир.
Холбой боғ айланди.
Холбой тош томоша қилди.
Холбой одам томоша қилди.
Холбой ҳайкалтарошларни томошалади.
Ҳайкалтарош дегани ўзига қарамагич экан.
Ҳайкалтарош деганининг бетини жун босган бўлди.
Ҳайкалтарош деганининг соқоли кўкрагида бўлди.
Ҳайкалтарош деганининг сочи елкаси билан битта бўлди.
Ҳайкалтарош деганининг кийими ғижим бўлди.
Ҳайкалтарош деганининг кийими кир бўлди.
Ҳайкалтарош деганининг туфлиси эски бўлди.
Ҳайкалтарош деганининг туфлиси қийшиқ бўлди.
«Буларнинг бирови-да, соғ эмас!» ўйлади, Холбой.
Зерикиб, уйига кетди, Холбой.

3.
Эртаси куни яна боққа борди, Холбой.
«Қани, жунбошлар нима қиляпти экан?»
Боғ тўла одам бўлди.
Боғ тўла ҳангоматалаб бўлди.
Ҳар тошнинг атрофида беш-ўнта томошаталаб бўлди.
Биров билан иши бўлмади, ҳайкалтарошларнинг.
Қайси ўзига тегишли тошнинг тепасидан пастга қараб тарошлар, қайси пастдан тепага қараб тарошларди, ҳайкалтарошлар.
Тошлар одамга айлана бошлаганини кўрди, Холбой.
Қайсининг бир кўзи бор, қайсининг бир қулоғи.
Холбой боғдан чиқиб кетар бўлди:
– Ҳали буларнинг иши пишмапти.

4.
– Эртага ғолибларни аниқлаймиз! – деди радиога чиқиб гапирган ҳакамларнинг каттаси.
– Ана энди бориб, томошаласак бўларкан! – деди Холбой.
Холбой боққа кирди.
Боғ тўла одам бўлди.
Боғ тўла ҳайкал бўлди.
Боғ тўла ... аёл бўлди.
Аёллар ҳайкал бўлди.
Аёлларга қараб бўлмади.
Бировининг-да, устида бир парча кийими бўлмади.
– Ў-ў-ў-ў-ў! – дер эди, одамлар.
– Э-э-э-э-э! – дер эди, одамлар.
– О-о-о-о-о! – дер эди, одамлар.
– Ўл, ҳамманг! – деди Холбой.
– Қарама-е! – деди Холбой. – Айб бўлади-е!

5.
Ҳакамларнинг каттасини топди, Холбой.
– Иймонини еганми, бу ёлдорларинг? – деди Холбой.
– Нима қилди? – тушунмади ҳакамларнинг каттаси.
– Буларинг ясаган нерсага қараб бўладими? – деди Холбой.
– Нима қилибди? – ажабланди ҳакамларнинг каттаси.
– Буларнинг устини ёпиб қўядиган одам йўқми? – деди Холбой.
– Бу санъат! – деди ҳакамларнинг каттаси. – Сиз санъатни тушунмас экансиз.
– Санъатнинг кийими бўлмайдими? – сўради Холбой.
– Санъатда кийим шарт эмас! – деди ҳакамларнинг каттаси.
Шарт ўгирилиб кетди, Холбой.
«Каттасининг ўзи соғ эмас экан!»

6.
Райим арабнинг дўконига борди, Холбой.
Бир тўп чит олди. Гулдор чит.
Битта қайчи олди.
Уйига олиб келиб қўйди.
Ярим кечаси боққа келди, Холбой.
Ҳайкалларнинг бўйини ўлчаб, уларга кийим кийгизаверди, Холбой.
Ҳайкални ҳайкал демади, Холбой.
«Булар санъат асари», демади Холбой.
«Ахир, булар аёл-ку?», деди Холбой.
«Қайси аёл шунча одам йиғиладиган жойда яланғоч туради?»

7.
Эрталаб боққа борди, Холбой.
Боғ тўла одам бўлди.
Боғда тўла қий-чув бўлди.
Боғ тўла ўранган аёл бўлди.
Боғ тўла расмчи бўлди.
Боғ тўла мухбир бўлди.
Ҳаммаси суратга оларди, «ўранган аёллар»ни.
Ҳаммаси телевизорга оларди, «ўранган аёллар»ни.
Ҳамма ажабланиб-ажабланиб қарарди, «ўранган аёллар»га.
– Яшасин, ким қилган бўлсаям! – деб юборди биров.
– Отасига раҳмат!
– Барака топсин!
Ана шунда бир енгил тортди, Холбой.
Ана шундан кейин боғдан чиқиб кетар бўлди, Холбой.
«Энди кимни ғолиб деб эълон қилишса, қилишаверсин!»

Каримберди Тўрамурод

Ҳозир сайтимизда 24 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ