1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

“Пушаймон” ҳикояси

Менинг ўрта бўйли, сочлари қалин, шўх-шаддод ўсган дўстим бор эди.
Исми Аҳмад бўлиб, уларнинг оиласи замонанинг энг олди одамларидан хисобланишарди. Отаси каттагина ишда ишлаган, шу сабабли анча-мунча бойлик орттирган ва ўша вақтлардаги энг бой кишилардан бири бўлишганди.
Шунинг орқасида дўстим Аҳмад ҳам, егани олдида, емагани кетида катта бўлган эди. Оилада ёлғиз фарзанд бўлгани учун эрка ўсган, бунинг устига, пулларни ҳам ҳоҳлагандек сарфларди. Аллақачон 30 ёшга келса-да, халигача уйланмаганди.
- Ахир, ўтириб қолармидик?! Уйланармиз бир куни, - деб қўярди.
Мен ўқишга кирдим, диплом олиб, яхшигина ишга ҳам жойлашиб олдим. У эса ўз бойлигига ишониб, ўқишга ҳам кирмади, ҳунар ҳам эгалламади. Мана, орадан йиллар ўтди...
Ўша куни ҳам хар доимгидек, эртароқ уйдан чиқдим. Хаво анчагина совуқ эди. Ҳар нафас олганда бу яққол сезилиб турарди. Олиб-чиқараётган нафасим худди тутунга ўхшаб кўринарди. Ва мен, сигарет чеккан вақтларимни эсладим-у: “Яхшиям сигарет чекишни ташлаганим, ахир мана шунча тутунни ичга ютиш – дахшат эмасми?!”-деб ўйга толдим...
Шундай хаёлларда турар эканман, орқадан келган овоздан ўзимга келдим. Қарасам, дўстим – Аҳмад! Соат эса 7.05. Ажабландим. Ахир, Аҳмаднинг бундай барвақт туриши амри махол эди.
-   Хайрли тонг, дўстим!-деди Аҳмад. Ва орқасидан: “Мени барвақт турганимга хайрон бўляпсан-а?!”-деб қўшиб қўйди.
-   Ҳа, ҳайронман. Тинчликми ўзи, нима бўлди?-деб сўрадим.
У аввалига кўзларини яширди ва оз вақт ўтиб: “қани, юраверайлик”,- деди. Шундай қилиб, йўлга тушдик...
Бекатда турган ва ишга кетаётган кўпчиликни кўрсатиб:
-   Дўстим, биласанми, мана шу одамларга жудаям ҳавасим келади! Ахир улар, бахтнинг хақиқий калитини қўлга киритишган-да. Хохлаган пайтларида эшикни очиб, бахтга эришишлари мукин,- деди.
-   Тўғрику-я Аҳмад. Лекин, бу одамларнинг хаммасини ҳам бахтли деб айтолмаймиз-да. Ким билади, ушбу одамларнинг қанчаси бахтли-ю, қанчаси ғам-қайғуга чўккан?!
-   Йўқ, дўстим. Уларнинг барчаси бахтли. Қарагин, уларнинг бахтли эканликлари юзларидан, хатто юриш-туришларидан ҳам кўриниб турибди-ку. Уларнинг хаммалари янги бошланган иш кунининг тезроқ тугашини, уйларига тезроқ қайтишни хохлашади. Чунки, хаммасининг уйида яхши кўрадиган яқинлари, кутаётган бола-чақалари, муштипар ота-оналари бор. Лекин, мени-чи?! Ким кутяпти? Хеч кимим йўқ, дўстим! Мени ким айта олади “бахтли” деб?! Мен бойлигим билан ҳамма нарсага эришаман, энг бахтли одам бўламан, хохлаган нарсамни сотиб олиб, камчиликсиз хаёт кечираман деб ўйлардим. Лекин, афсус... Улкан хатога йўл қўйибман, адашибман дўстим, адашибман. Мана, энди тушуниб етяпман: пул хамма нарсани хал қилолмас экан, бунинг ҳечам иложи йўқ экан...
Мен эса хайрон эдим. Аҳмад қачондан бери бунақа фикрлайдиган бўлиб қолди? Ахир у бой-бадавлат, ҳеч кимга иши тушмайдиган, фақатгина ўзини ўйлайдиганлар тоифасидан эди-ку. Бунга нима бўлди? Тинчликми? Бирданига ўзгариб қолибди... У яна жимжитликни бузди:
-   Дўстим! Тушликка бирга борайлик. Шу ерда сенга ҳаммасини бошдан оёқ айтиб бераман. Бемалол дардлашамиз,-деди. Мен ҳам: “Майли” деб жавоб бердим...
Шундай қилиб, ишга берилиб кетибман шекилли, қарасам, тушлик вақти ҳам яқинлашиб қолибди. Бир пайт дўстим келиб: “Қани, кетдикми?”-деди. Икковлашиб йўлга тушдик. Ва, яқинроқдаги бир ошхонага кириб, тинчгина бир бурчидан жой эгалладик. Икки дўст яхшилаб тамадди қилиб олгач, Аҳмад секингина сўз бошлади:
-   Дўстим! Ўзинг биласан, мен ёшлигимдан ўйнаб-кулиб, ҳеч қандай қийинчилик кўрмай, бой-бадавлат хаёт кечирдим. Ота-онам мени эркалаб катта қилишди. Ҳалиям эсимда, махалламиздаги баъзи болаларга қараб, “анавини кийимини қара, шуям кийимми, яхшироғидан кийса бўлмайдими, мана, меникини қара”,- деб мақтанардим, уларни масхаралаб, устидан кулардим.
Эсингдами, шундай кунларнинг бирида сен билан ҳам урушиб қолгандим. Мен билан анча тортишганингдан кейин, мен бугун маъносини жудаям яхши тушуниб етган мана шу гапларни айтган эдинг:
- Аҳмад! Сен ота-онангни дуо қил. Чунки, уларнинг ўғлисан. Агар бой бўлсанг, уларни орқасида бой бўлгансан. Ҳеч қачон “ўзим-ўзим” деб мақтанаверма. Бир кун келиб ўша ота-онанг ҳам йўқ бўлади, бу дунёдан кўчади. Ўша пайтда сен хақиқатан “ҳеч ким” бўлиб қоласан...
Ҳа, дўстим. Худди шундай дегандинг. Мана, ўша айтганларинг шу бугун хақиқатга айланди. Сен айтган ёруғ нурлар, яъни ота-онам энди йўқ! Афсус... Энди эса, бошимдан ўтганларни сенга бир-бир айтиб берай:
Ўтган куни эрталаб, ҳар доимгидай мағрур, ҳеч кимни менсимаган ҳолатда, бойлигим билан мақтанган бир вазиятда уйқудан турдим. Эндигина тонг отаётганди. Хали эрта экан дедим-у, такрор уйқуга кетдим... Тунда қимор ўйнаётганда анча-мунча ароқ ичган эканман, шунинг таъсирида яна дарров ухлаб қолдим... Бироздан сўнг (ҳар кунгидай) қўрқинчли туш кўра бошладим...
Тушимда, Сайфиддин ака бору, маҳалламизнинг оқсоқоли, ҳамма яхши кўрадиган... ўшани кўрдим. Менинг ёнимга келиб: “Эй Аҳмад! Биласан, ота-онанг сени шунча тарбиялади, ўстириб улғайтирди. Ҳеч кимдан кам қилмади. Сен бўлсанг, ўзингни-ўзинг хор қилдинг. Одамийликдан узоқлашиб кетдинг. Агар одамларга ғурур билан, такаббурлик ва мақтанишлик билан муомала қилишни давом эттираверсанг, унда ҳеч қачон бахтли бўлолмайсан. Ҳеч қачон, тушуняпсанми?! Кўзингни оч, Аҳмад!”-деди-ю, бирдан ғойиб бўлди...
Мен бу тушдан қўрқиб, уйғониб кетдим. Қарасам, усти-бошим жиққа сув бўлиб, терлаб кетибман. Бошим гангиб турар, нима бўлаётганини тушунолмасдим. Ўрнимдан бир амаллаб туриб, ошхонага кирдим. Нонушта қилай десам, уйда ҳеч вақо йўқ. Уйимга икки ойдан буён бир бурда ҳам нон олиб келмаган эдим. Қиморга муккасидан берилиб кетганим учун уйдаги қўлга илинадиган нарсаларнинг хаммасини сотиб бўлгандим...
Шу он ўзимнинг нақадар тубан ҳолатга тушиб қолганимни сезиб, ўз-ўзимдан нафратланиб кетдим. Жон аччиғида, ишлатилмай туравериб занг босиб кетган пичоқни олиб, юрагимга урмоқчи бўлдим... Лекин, бунга ҳам қурбим етмади. Кейин, жазавам қўзиб, уйда отамга тегишли нима топсам хаммасини синдира бошладим. Шунда ҳам ўзимни босолмаётган эдим. Шошилганча отамнинг хонасига кирдим. Ичкари кирганимда ўтмишдаги кунлар худди бир кино сингари кўз олдимдан ўта бошлади... Хонада ўзимни “Суд залида” ўтиргандай ҳис қилдим. Ўз-ўзимни судлаётгандай эдим, гўё:
- Аҳмад! Бир замонлар сен қанчалар бой-бадавлат эдинг-а? Қандай қилиб бунчалик ғафлатда қолдинг? Ахир нима учун бунчалик хору-зор бўлдинг? Шунча битмас-туганмас бойликни қандай қилиб адо қилдинг, Аҳмад?! Кутилмаганда ўз-ўзимга бақира кетдим: “Лаънат! Минг лаънат бўлсин сенга! Бу кунингдан кўра ўлганинг яхшимасмиди?..”
Сўнг худди бир нимадан қўрқиб қочаётгандай отамнинг хонасидан югуриб чиқдим. Ҳа! Мен ростдан ҳам қочаётган эдим: ўтмишимдан, бугунимдан, хаётимдан, хуллас ўз-ўзимдан қочардим...
Шу пайт, бехосдан, юқорида қоқилиб турган чангакка кўзим тушди. Ёшлигимда ўша чангакка арқон боғлаб, роса арғимчоқ учардим. Менга роса завқ-у шавқ бағишларди.
Мен дарров пастга тушиб, бир арқон топиб келдим. Энди, ҳеч нарсани ўйламаётгандим. Тез-тез, харсираб-хансираб чангак томон чиқа бошладим. Ниҳоят, чангакка арқоннинг бир учини боғлаб, пастга тушдим. “Э-воҳ! Буни қара-я! Ёшлигимда мен учун энг қизиқ, энг севимли бўлган арғимчоқ чангаги энди мен учун энг қайғули нарса! У энди мени бу дунёдан кетишимга, барча муаммолар-у ғафлат босган умримдан, ғам-қайғуларимдан қутилишимга сабаб бўляпти. Худди ёшлигимда бўлганидек, хозир ҳам мени баланд осмонларга, бошқа оламларга учирмоқчи!..”
Ҳа, менинг қарорим қатъий эди. Ўз-ўзимни ўлдиришим керак! Ахир, шу пайтгача кимга фойдам тегди, қандай одамман ўзи, мен – ярамас одамман! Мен – хақиқий заракунандаман! Дўст-қариндошларнинг ҳеч қайсисига озгина бўлсин фойдам тегмади, ўз-ўзимни хор қилдим. Ана, сен ёшлигингдан менсимай, оёғингни учида кўрсатадиган тенгқурларингни қара, нақадар чиройли хаёт кечиришяпти... Сен-чи?! Сен ахмоқлик қилдинг, ўз-ўзингни увол қилдинг, ўзлигингни танимадинг. Мана энди, ҳаммаси тамом! Мени кечиринг отажон... Ҳамма-ҳамманглар мени кечиринглар, - дедиму, бир учи чангакка боғланган арқоннинг иккинчи учини сиртмоқ қилиб, бўйнимдан ўтказа бошладим. Чиқиб кетмасин дея, яхшилаб тугиб ҳам қўйдим.
- Оз қолди, мана, хозир қутуламан! Хозир хаммаси тугайди, - дедим-да, бор кучим билан оёғим тагидаги курсини тепиб юбордим...
Буни қаранг-ки, шу пайт қаттиқ шовқин билан пастга қуладим. Қарасам, тепадан нималардир ёғяпти... Мен эса хайрон! Қўрқиб кетганимдан, йиғлашни ҳам кулишни ҳам билмай, ваҳший хайвонларга ўхшаб ҳар хил ўхшовсиз овозлар чиқарар эдим... Ҳам кулиб, ҳам йиғлардим, нима бўлаётганига ақлим етмаётганди. Атрофимга кўз югиртирсам, олтин тангалар, пуллар ётибди... Худди туш кўраётгандай эдим. Эътибор бериб қарасам, ўша пуллар-у олтинлар орасида рангги сарғайиб кетган бир мактуб ҳам ётарди... Эскириб кетган конверт устига “Ўғлимга мактуб” деб ёзиб қўйилган эди... Мен ҳаяжон ва хавотир аралаш мактубни очдим... Ичида мана бундай сатрлар ёзилган эди:
“Севгили ўғлим! Ушбу мактубимни олган вақтингда, балки менинг қабрим ўрни ҳам йўқолиб кетган бўлар. Биламан, қилаётган ишларинг, шўхликларинг ва ножўя ҳаракатларинг, хатто нонга ҳам пул топишни билмаслигинг, муаммо ва қийинчиликларинг сабабли бир кун келиб қаттиқ пушаймон бўласан! Хаттоки, ўз-ўзингни ўлдиришгача бориб етасан! Чунки, ўзга чоранг қолмайди. Ҳаётингга нуқта қўйиб, барча изтироблардан бутунлай қутуламан деб ўйлайсан. Йўқ! Сен ўйлаганчалик бўлмайди! Сен ҳам изтироб чекасан, сен ҳам қийналасан... Мен отангман. Қанчалик ўсиб, улғайсанг ҳам – барибар, мен учун фарзандсан, ёшгина гўдаксан! Умид қиламанки, Худо ҳоҳласа, ушбу хатим сенинг энг қийналган вақтингда фойда беради. Сенга қолдирган мана шу пул ва олтинларни фақатгина хайрли ва савобли ишларга сарфла. Энди катта бўлиб қолдинг, ёшинг ҳам анчага бориб қолгандир... Болалик ва шўхликларга батамом чек қўй. Одам бўл ўғлим, одам бўл! –Отанг...”
...Охирги сўзларни айтаётганда дўстим Аҳмад хўнграб йиғлаб юборди. Мен ҳам балки илк маротаба бунчалик таъсирланган эдим. Бу он - хаётимдаги энг ўчмас воқеалардан бири эди! Ҳақиқатан ҳам кўз ёшларим сел бўлиб оқаётганди...
Ўзимни аранг қўлга олиб: “Аҳмад! Даданг нақадар улуғ, ақлли ва фаросатли киши экан! Оллоҳ таоло ўз раҳматига олган бўлсин, илойим. Макони жаннат бўлсин! Энди сен ҳам ўтмишдаги ёмон ишларни эсдан чиқариб, янгидан ҳалол ва покиза ҳаёт бошла”,- дедиму, қолган гапларим бўғзимга тиқилгандек, гапиришга кучим етмади...
-   Майли дўстим! Мен борай. Мени кечириб қўй, илтимос... – деди-да, секингина ўрнидан туриб, оҳиста қадамлар билан ташқарига чиқиб кетди. Мен эса кўз ёшларимни оққизганча унга тикилиб қолавердим...

Туркчадан  eng_ojiz_banda таржимаси

Ҳозир сайтимизда 37 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ