1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

“Ёмғир қизи”

 

 

 

Ёмғир ёғаяпти. Нуқул маҳзун хотираларни эсга  солувчи куз ёмғири. Орзу дераза рахига суянган куйи эзиб ёғаётган ёмғирга тикилиб қолди. Шу туришда қанча муддат турганини билмайди, телефони чалган куйдан хаёллари тарқаб кетди. Шерзод экан. Қизиқ, тўйи арафасида Орзуни безовта қилишдан мақсади нима экан? Унга яна нима керак экан? Орзу бир муддат дисплейга термулиб турди-да, аппаратни қулоғига тутди:
—         Алло, ассалому алайкум.
—         Ваалайкум  ассалом. Тузукмисан?
—         Ҳм... Раҳмат.
—         Ҳозир нима қиляпсан? Тўхта, ўзим айтаман. Дераза олдида ёмғир ёғишини томоша қиляпсан. Топдимми?
—         Ҳа...
—         Орзу, тинчликми? Негадир кайфиятинг йўққа ўхшайди?..- Қизнинг бўғзига нимадир тиқилди. Жавоб бергиси келмади. Аммо барибир нимадир дейиши керак.
—         Ўзим шунчаки... Кейинроқ гаплашсак бўладими? Ўзим қўнғироқ қиламан...- Алоқа узилди. Орзу телефонни иш столига ташлаб, яна деразага яқинлашди.
“... Юрагимнинг ойнасига ёғар ёмғир
Бир санамнинг сийнасига ёғар ёмғир...” - деган шундай қўшиқ бўларди. Орзунинг севимли қўшиғи эди у. Ҳозир хаёлига қуйилган қўшиқдан юраги энтикиб кетди. Талабалик даврида шу қўшиқни берилиб эшитарди. Айниқса ёмғир ёққан пайтлари.
—         Бунча романтик бўлмасанг-а? Бунақада реал ҳаётдан узилиб қоласан.
—         Романтика бошқа, ҳақиқий ҳаёт бошқа.
—         Сен хаёлингдаги ҳаётда яшайсан. Бундай яшаш  қийин-ку. Эрта бир кун осмонлардан ерга тушиш фурсати келганда, ўзингга қийин бўлади,- дейишарди дугоналари. Орзу уларнинг ҳеч бирига жавоб қилмасди. Феълимни яратган Аллоҳ, тақдиримни ҳам ўшанга мослаган, фақат у билади бандасига нима яхшию нима ёмонлигини, менга шу феълни тақдир қилибдими, демак шунда ҳам ҳикмат бор, деб ўйларди. У шу феъли билан бирга улғаяверди. Тўғрироғи жисми улғайдию, руҳи ўша-ўша Орзулигича қолаверди.
Балоғатнинг ойдин дамларида у ҳам эртаклардагидек шаҳзодаси ҳақида орзу қилганида кўз олдига ён қўшниси Шерзод келарди. Шерзод унинг болаликдаги ўртоғи. Энди тилчалари чиқиб, атак-чекчак қадамлар билан дунёга  одим ташлаганидан бери Шерзод  у билан бирга эди. Уларнинг болаликдаги ўйинлари ҳам ажабтовур эди. Ўйинларига  бошқа ўртоқларини қўшмай, қишлоқларидаги ёш болалар ўйнайдиган ўрикзор этагида ўзлари ўйнашарди. Орзунинг онаси ҳолвайтарни жуда ширин тайёрларди. Шерзод Орзу олиб келадиган ҳолвайтарни мазза қилиб ерди.
—         Эртага ҳам бирга ўйнаймизми? Яна ўйнагани келасанми, Орзу-у-у-у?..
Унга Шерзоднинг “Орзу-у-у” деб исмидаги охирги унлига урғу бериб чақириши ёқарди. Боғчада ҳам, мактабда ҳам Орзу ёнида Шерзод  бўлгани учунми  ҳамиша ўзини ҳимоячиси бор, бехавотир ҳис қиларди. Еттинчи синфгача бир партада ўтириб, бирга мактабга бориб қайтишди. Сўнг тақдир йўлларини айро  қилди. Ўша куни Шерзод кўзларида ёш билан Орзунинг ёнига келди:
—         Орзу-у-у, шу гап ростми? Холам аямга  сизларнинг пойтахтга  кўчиб кетаётганларингни айтибдилар. Дадангни ишлари ўша ерга кўчирилибиди. Энди кетасанми, Орзу-у-у? Сен шу ерда ўқисанг бўлмайдими? Бувингларникида яшасанг бўлмайдими? Ўзимизнинг мактабда ҳам ўқиб шоира бўлсанг бўлмайдими? Сен аълочи қизсанку, ахир?
—         Тўғри... Лекин у  ерда имкониятлар каттароқ экан. Мен хорижий тилларни ўрганишим керак, Шерзод. Ахир биз катта бўлганимизда чет элларга боришни, ўша  ерда ўқишни орзу қилганмизку. Сен мен билан борсанг бўлмайдими? Тошкентда ҳам бирга ўқирдик...

—         Мен боролмайманку. Буни биласан. Дадам рухсат бермайдилар... Кейин сендай аълочи ҳам эмасман...- Шерзод унга умидворликкамией, илтижогамией ўхшаган аллақандай исмсиз ҳис тўла нигоҳлари билан термулди:- Орзу, агар сени уёқларда биров хафа қилса менга айт. Ўзим уни тийиб қўяман...
Шу бўйи Орзу қишки таътилда  қишлоққа қайтди. Шерзодга китоб совға қилди.
—         Раҳмат, Орзу. Сен Тошкентда ҳам мени эсингдан чиқармабсан. Қўй боққани борганимда  совға қилган китобингни ўзим билан олиб кетаман. Уни албатта ўқиб чиқаман...
Шу зайлда ою йиллар қувалашиб ўтаверди. Вақт уларнинг дунёқарашини ўзгартириб, икковини икки дунё одамларига айлантирди. Гарчанд дунёқараши ўзгариб, кўп нарсага ақли етиб қолган бўлса-да, Орзунинг хаёлий шаҳзодаси ҳам, ҳаётидаги шаҳзодаси ҳам Шерзод эди. Ўзини Шерзодга  аталгандек ҳис қилар, унга изҳори дил қилганларни ҳеч иккиланмай рад қиларди. Таътилда қишлоғига қайтган кезлари Шерзод билан кўп учрашишмас, учрашиб қолганларида ҳам деярли гаплашишмас эди. Орзу бу ҳолни Шерзоднинг уятчанлигига йўярди.
Талабалик йилларида Орзунинг қадамига зор, бир оғиз гапига интиқ, биргина жилмайишининг илинжида юрганлар кўп бўлди. Юрагини Шерзодники деб билган Орзу ҳеч кимнинг изҳорига рўйхушлик бермасди.
Тошкентга кўчиб келишганида биринчи учратгани- яқин дугонаси Гулшан учинчи курсга ўтганларида унаштирилди. Орзу дугонасини бағрига босиб астойдил  табриклаганида, Гулшан синовчан тикилди:
—         Шерзодингдан садо йўқку, Орзу? Сен уни деб яхши йигитларни қўлдан чиқаряпсан. Ишқилиб бир кун афсус қилмасанг бўлди-да. Наҳотки, шу пайтгача ҳам кўнглини очмади?..
—          Қўявер, вақт-соати бордир ҳар нарсани ҳам... – Орзу дилидагиларни дугонасига айтмади. Айтолмади. Ўзи ҳам журъатсиз ошиғидан изҳор кутаётганини, қишлоққа борганида изидан умид билан термулиб қолишини, онасини ҳар замонда ҳар  хил баҳона билан уларникига  чиқаришини гапирмади. “Бир кун севгисини изҳор қилар. Дилидаги туғёни тилига чиқар. Ахир у ҳам мени севадику. Тушларимда ишқини такрор-такрор изҳор қиладику. Бир кун келиб тушларим ўнгидан келар...” Орзуни мана шу умид муҳаббат сари етаклар, Шерзоднинг изҳори дил қилишини ўзича минг турфа ҳолатларда тасаввур этарди.
Хорижда ўқишини давом эттириш учун кетган кезлари онаси  гоҳ телефон орқали боғланганларида, гоҳида интернет орқали гаплашганларида совчилар ҳақида гап очса  қизгинанинг юраги энтикиб кетди: “Ўзимга кўнглини очолмай, уйга совчиларни жўнатибди-да...” Йўқ.  Онаси совчиларнинг ўғли ҳақида гапирганди, умидлари кесилди.
—         Аяжон, ҳали ўқишим бор. Хорижга эндигина келдим. Ҳали икки йил ўқишим керак. Уларни бошқа кутманг...- Кейин уларнинг остонасидан ноумид қайтган совчилар кундан кунга кўпаяверди. Лекин Орзу кутган эшикдан нажот бўлмади.
Таҳсил поёнига етиб юртга қайтганида, ота-онасининг қишлоққа қайтишлари ҳақидаги маслаҳатлари устидан чиқди. Юраги энтикиб кетди. Қишлоғига борса, балки Шерзодга турмушга чиқар... Қишлоғига қайтди. У шаҳзодасини, юрагида узоқ йиллар асраб юрган гавҳари- муҳаббатининг эгасини буткул бошқача  қиёфада кўрди. Бир синфдош дугонасининг тўйига борганди. Тўйдан қайтишда Шерзод Орзуни машинасида ташлаб қўядиган бўлди. Қизнинг юраги потирлаб, қинидан чиққудай бўлиб урар, гўё ҳозир кутгани унга ишқ изҳорини айтиб, бахт томон етаклайди. Гўё еру осмон унинг севгиси ғалабасидан яшнаб, муҳаббатнинг мангилигини тараннум этади. Гўё...
—         Шундай қилиб, қишлоққа ҳам қайтдинг?- Шерзоднинг биринчи саволи шундай бўлди.
—         Ҳм...- Орзу савол оҳангидан бироз оғринган бўлса-да, буни ҳам кўнглига оғир олмасликка  уриниб, йигитнинг тўпорилигига йўйди.
—         Чет элда ҳам ўқидинг дейишди? Шу ўқитувчи бўлиш учун ўзимизнинг мактабларда, ўзимизнинг вилоятдаги Универститетда ўқисанг ҳам бўларди...
—         Энди-и-и, ҳар нарсада ҳам ҳикмат борда. Мен ўқиганимдан афсусланмайман. Ўқитувчилар кўп, лекин ҳақиқий мутахассислар кам. Мусофир бўлмагунча мусулмон бўлмайсан, деган гап ҳам бор... Чет элда ўқиган бўлсам, бунинг нимаси ёмон?- Орзу ҳўнграб йиғлаб юборишдан аранг тийди ўзини. Ўн йил кўнгил тўрида асрагани, қалб гавҳари ерга бехосдан тушиб кетдию, чил-чил синиб кетди. Орзу унинг уч ун не-не  йигитларни рад этмаганди. Уни деб тунлари ойга эртак а йтиб, юлдузларга шехр ўқимаганмиди? Шумида у орзу қилган, у кутган шаҳзода?..
—         Мана, синфдош қизлардан кейин бўлиб Маҳзуна ҳам турмушга чиқди. Сен қачон эрга тегасан? Ўқишни деб умрингни ўтказиб юбординг. Ҳозир йигитлар ўзидан камида уч-тўрт ёш кичик қизларга уйланади. Шуни ҳам ҳисобга ол, Орзу.
Шу туни Орзу ўн йиллик муҳаббатига, увол кетган туйғуларига куйиб йиғлади. Чил-чил синган тасаввури ойнасида Шерзоднинг хира акси кўринар, шаҳзодасининг махлуққа айланиб қолганидан ўкиниб ёш тўкди. “Менга аталган БАХТнинг оҳори тўкилмаган!” Шу тун тонг отар паллада  унинг кўнглида шундай аҳд уйғонди. Осмон ҳам унинг аҳдини қўллагандек тонг палласида замин узра оби раҳмат нурларини ёғдира бошлади. Ўшанда ҳам куз эди. Орзу армонлардан беркиниб, куз ёмғирига маҳв бўлиб, хаёлида ҳижоланган сўзларни сатрларга кўчирди:
“...Куз! Хазонларинг шивири хаста,
Мунгли нигоҳимда аксланар ёмғир...
Кўнглим сарҳадидан ўтиб сен аста,
Худди юрагимга ёғяпсан, ёмғир...
... Ўша куздан сўнг яна бир қанча кузлар ўтди. Орзу орзу қасрида  ўзига аталган бахтнинг имосини кутиб куз ёмғирларига туйғуларини тутиб юраверди. Қалб тубида бир истак аҳён-аҳёнда бош кўтариб, ўша нолойиғи- Шерзоддан олдин турмуш қуришни, унинг кўзларини куйдириб келинлик либосида фариштага айланишни астойдил хоҳларди. Одам ниманики  жуда қаттиқ истаса, бутун олам унинг истаги амалга ошишида кўмаклашаркан. Орзу севган куз унга бахтини инъом этди. Пахта мавсумида уларнинг қишлоғига тиббиёт олий ўқув юртининг талабалари штаби жойлаштирилди. Август ойида синф хонасини таъмирдан чиқарган Орзуга, талабаларни у ерга жойлаштириш ёқмади.
—         Гулнора Саидовна, нима бу бебош талабаларга мени хонамдан бошқа жой қуриб қолибдими? Ахир синф хонасини инглиз тили ўқув кабинетига айлантириш учун озмунча қийналдимми? Мен қиз бола бошим билан яна уста қидириб, қурилиш ашёларини ташиб юраманми? Мана, мактаб ошхонасида ётаверишсин!- Орзу директор ўринбосарининг гапини охиригача эшитишни ҳам истамади.
—         Орзухон, жон қизим, ўзинг ҳам талаба бўлгансан-ку.- Табиатан оғир-босиқ, ва хушмуомала Гулнора Саидовна Орзунинг ўқувчилик йилларидаги устози эди. Шогирд қизини феъл-атворини билгани учун  ҳам унга ётиғи билан тушунтиришга уринди. Ёнидаги салобатли, кўринишидан талабаларнинг домласига ўхшайдиган йигитга хижолатли қаради:- Орзухон мактабимизнинг энг фаол ва эркатой ўқитувчиларидан. Энди айбга буюрмайсиз, меҳмон. Бирозгина жаҳли тез бўлгани билан ўзи яхши қиз.- Орзуга қараб гапида давом этди:- Қизим, ошхонага ҳам талабалрни жойлаштирганмиз. Сенинг синф хонангга эса фақат қизларни жойлаштирамиз. Бошқа хоналардан кўра сенинг хонанг иссиқроқ, қизларни соғлигини ўйлаш керак, Орзу...
Синф хонасига жойлашган талаба қизларга бириктирилган домла Орзунинг бошига қўнган бахт қушининг эгаси чиқди. Нима бўлган тақдирда ҳам шу галги совчиларга розилик беришни кўнглига тугиб учрашувга чиқиб... ҳайрат ва таажжубдан қотиб қолди. Ўша кунги домла йигит жилмайиб турарди:
—         Ишқилиб, нега совчи қўйдинг, деб жанжаллашмассиз?..
Орзу кулимсираган куйи ерга тикилди. Бу қизнинг мамнунлигига ишора эди.
Умиджон (домланинг исми) Орзунинг фақат ўзига хос феъл-атвори, хаёлпарастлигини, ёмғирни яхши кўринишини билиб, унга “ёмғир қизи” деб эркалайдиган бўлди. Тўй ҳам кузга белгиланди. Орзу ўзига аталган “оҳори тўкилмаган БАХТ” томон йўл оладиган куни Шерзоднинг кўзларига қарашни, унинг нигоҳларида пушаймонлик изтиробларини кўрмоқликни истарди.  Тақдирнинг ўзи унга ёрдам берди. Тўй арафасида  Шерзод Россиядан қайтди. Негадир Орзуни кўрганида унга илтижоли термуладиган, нимадир демоқчидек туюлар, Орзу ҳаммасини сезиб турган бўлса-да, ўзини унга парво  қилмагандек тутиб, зимдан Шерзодни кузатарди. “Энди фойдаси йўқ. Сен махлуққа айланган шаҳзодасан. Сен ўзингга аталган соф туйғулар қадрини билмаган қалби сўқирсан.” Орзу ортидан ноумид тикилиб қолган йигитдан кўнглида ғашланиб қўярди.
... Тўй куни Орзу гарчи бахтдан ял-ял ёниб турган бўлса-да, кўзлари билан уни изларди. “Сен бахтиёрлигимни, саодат қасрининг маликаси эканимни кўришинг, билишинг шарт!” Орзу куёвнинг қўлтиғидан тутиб , ёр-ёр садолари, дуолар қанотида ота уйини тарк этаётганида қаердандир ўзига ўткир тикилаётган нигоҳлар кучини ҳис қилди. Ҳарир рўмол остидан ён-атрофга тикилди. Ўша! У! Девор панасидан туриб Орзунинг келинлигини томоша қилаётган Шерзоднинг нигоҳларига мунг ўрнашган эди.
—         “Ўшанда мен эрга тегишинг керак деб, сен менга тегишинг керак деган маънода айтгандим, Орзу-у-у.”- Шерзоднинг нигоҳлари ушндай сўзларди.
—         “Сен мени бир умрга йўқотдинг, Шерзод. Сен Мен кутган шаҳзода эмаслигингни исботладинг. Энди мени унут. Мен бахтим остонасига абадий малика бўлиш учун ошиқяпман”. – Орзунинг нигоҳлари жавоб қилди.
—         “Бахтли бўл, Орзу. Алвидо, алвидо, Орзу-у-у-у...”- Орзу Шерзоднинг нигоҳларида ёғилаётган ўкинчга яна бир қур назар ташлаб, оппоқ машинага ўтирди.
“... Сарпо тўлар сандиққа,
Онам унсиз йиғлайди.
Мен қучаман юракни
Ёр армонинг тиғлайди.
Ёр- ёр!
Мени интиқтирган куй,
Бугун сени ҳеч эшитгим келмайди.
Оқ кўйлакка томчилар ёшим,
Сурнай навонг дилга отар ўқ!
Кетяпман, юзингни яшир,
Дарвозадан пойлама бехос.
Эй, журъатсиз!
Айтилмай қолган
Изҳорингни мажнунтолга ос!..” Келинчак Орзу биринчи муҳаббатига айтолмаган таъналарини шеърга кўчириб, болакайларнинг қийқириғи, машиналарнинг сигналлари садоси остида севинч ёшларини тўкиб болалилик маҳалласини тарк этди...

Рухшона Фаррух
(Шеърда ёш шоира Умида Тоғаева шеърларидан фойдаланилди)

 

 

 

Ҳозир сайтимизда 23 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ