1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

“Тилла занжир эгасига қайтди”

 

 

 

Тушдан сўнг соат тўртлар чамаси. Кўчада ҳамма ўз иши билан банд. Кундалик ташвишлар билан у ёқдан бу ёққа ўтиб юрган одамлар орасида бекорчилар ҳам кўп учрайди. “Бекорчидан Худо безор” деганларидек, бунақа одамлар ўзларича нималарни режалаштириб юрадилар. Бироқ бу режалари билан тинч юрсалар қани? Ўзлари қолиб, ўзгаларнинг ҳам тинчини йўқотиши ортиқча...
Хуршида (исмлар ўзгартирилган) бу вақтда уйидан чиқиб, дугонасиникига қараб кетаётганди. Ўтган куни қилган маслаҳатларини пишитиш учун бугун яна бир бор режаларни кўздан кечириб чиқишлари зарур эди. Ҳозирги замонда осмонга қараб уйда ётган билан, биров келиб бир сўм пул бермайди. Аслида ҳамма вақт ҳам меҳнатсиз ҳеч бир роҳат бўлмаган. Буёғи кун кечириш керак. Шу боис дугонаси билан кичик бир тадбиркорликни ўйлашган. Ҳеч бўлмаса, қўлларидаги бор ҳунари — тикувчиликни ишга солсалар ҳам, яхши натижа бериши мумкин. Хуллас, ана шунақа хаёллар билан катта кўчада шахдам юриб, олға кетаётган Хуршида аввалига қарши тарафдан келаётган йигитнинг бежо нигоҳига эътибор бермади. Аммо улар яқинлашганида, ҳалиги йигит бирдан унинг билагидан маҳкам қисиб, оғзини ёпди. Чўнтагидан тиғи ялтираб турган пичоқни Хуршиданинг кўз олдида бир сермаб, “агар бақирсанг, суйиб юбораман”, деб таҳдид қилди. Хуршида нима қилишини билмай, жонҳолатда типирчиларкан, бу ҳолдан қандай қутулишни билмай, кўзларига ёш келди. Зум ўтмай, ҳалиги йигит буйнидаги тилла занжирга чанг солди. “Демак бунинг мақсади аниқ бўлди” деб ўйлади Хуршида. Боядан нега бу ҳолга тушганини билолмай турганди ўзи. Босқинчи зўравон эса занжирни узиб, тортиб оларкан, Хуршидани қўйиб юборди ва ўзи келган тарафига қараб қочди. Унинг қўлидан қутулар-қутулмас Хуршида жонҳолатда бақириб одамларни ёрдамга чақира бошлади. Аксига олиб, шу дамда атрофда ҳам ҳеч зоғ эди-да. Йўқса, шунча воқеа содир бўлгунга қадар кимдир ёрдам бериши аниқ эди. Шу пайт катта йўлда ўтиб кетаётган бир машина эгаси аллакимнинг бақириб, ёрдамга чақираётганини эшитиб, тўхтади. Ҳайдовчи машинадан тушаркан, йўлнинг нариги четида югуриб қочиб кетаётган йигитни кўрди ва ҳеч нарсани ўйлаб ўтирмай, унинг ортидан чопди. Кўп ўтмай зўравонга етиб, билагидан маҳкам қисди. Ҳали нима юз берганидан ҳам бехабар бўлган ҳайдовчи йигит ҳалиги зўравоннинг қўлида аёлларнинг тилла занжирини кўриб ҳаммасини англади ва уни тортиб олишга уринди. Аммо бу қаршиликсиз бўлармиди?! Хуршиданинг бўйнига тақалган пичоқни чиқарганда ҳайдовчи йигит бир зарб билан пичоқни ҳам тортиб олди. Энди ҳаммаси тугади. Шу атрофда ўтиб бораётган икки йигит ҳам ёрдамга келиБ зўравоннинг қўлини орқага қайирдилар. Буёғи энди ҳуқуқ ҳимоячиларининг иши. Бироқ...
Йигирма беш ёшни қоралаб, ўзи ҳам оқ билан қоранинг фарқини бемалол англаб етадиган вақтга етган Баҳром шу кунгача бирор ишнинг бошини тутмади. Ҳали уйланмаган бўлишига қарамай, оила қураман, яхши ниятлар билан болаларимни ҳалол боқиб вояга етказаман, деган ўйлар хаёлининг бир чеккасидан ҳам мўралаб қўймаган бу йигит энди суд курсисида. Қилган зўравонлиги учун у узоқ муддатга озодликдан маҳрум этилди. Маҳалла-куйнинг, ота-онасининг бошини ерга қаратган Баҳром энди умрининг энг чақмоқ даврларини панжара ортида ўтказишга маҳкум.

Сарвар САФАРОВ, журналист.
С. Насруллоев, Қарши шаҳар прокурори ёрдамчиси, адлия маслаҳатчиси

 

 

 

Ҳозир сайтимизда битта меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ