1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Қўшнининг қарғиши

 

 

 

«Ҳовли олма, қўшни ол», деб бекорга айтишмас экан. Баҳаво, тинч жой экан, деб қўни-қўшнини суриштирмай, янги ҳовлига кўчиб ўтдик. Қўшниларим ҳам, бир қараганда, ҳаммаси ўз-ўзига тинч хонадонлар экан. Фақат биттаси… Хуллас, ўша хонадонда чевар, чиройли бир қиз бор экан.
— Фотимахон (исмини шундай дея қолай)нинг ажойиб қизи бор экан, — десам, бошқа қўшнилар:
— Тағин куёв топиб юрманг, балога қоласиз, — дейишди. Эмишки, ота-онасини, акасини боқаётган шу қиз эмиш. Қачон акасига ўзига ўхшаган қиз топиб, келин бўлишга кўндирса, уни узатишар эмиш. Ўлмаган қул ҳар балони эшитаверар экан. Ҳали бунақасини кўриб, эшитмаган эдим. Тақдирнинг ўйинини қарангки, менинг малака оширишга келган жияним билан Фотимахоннинг қизи мисоли Тоҳир-Зуҳро бўлиб қолишди. Қўшним уйимга неча марта шовқин солиб кирди.
— Агар жиянингиз яна бир марта қизимнинг йўлини тўсса, оёғини синдираман, — дейди.
— Ҳой, барака топгур. Менинг жияним ердан чиққан қўзиқорин эмас, олий маълумотли аграном. Икки ёш бир-бирига кўнгил қўйган бўлса, совчи юборайлик, тўй қилайлик, — десам, қўшним:
— Кимдан совчи келиб, ким билан тўй қилишни ўзим ҳал қиламан! Сиз менинг ҳовлимдан нари юринг! — деб чиқиб кетди.
Жиянимга:
— Қўй, қиз яхши бўлгани билан оиласи чатоқ, кейин ҳам сизларни яшашга қўймайди, — дедим.
— У бечора қафасдаги қушдай. Ҳеч ким қўлида бирор касби йўқ акамга тегишни хоҳламаяпти. Бунинг устига, муомаласиям чатоқ, мен қачонгача ўтираман, деб йиғлаяпти, — дейди жияним.
Кўнгилга буйруқ бериб бўлмас экан. Исми-расмини қилиб совчи юборсак, остонадан қувиб солишди. Энди нима бўлади, деб бош қотириб юрсам, жияним:
— Мен Дамирани (қизни бошқа исм билан атаяпман) шундай ташлаб кетмайман. Яхшиликча беришмаса, олиб қочиб кетаман, — деди. Жиянимни раъйидан қайтаришга роса уриндим.
— Оқ фотиҳасиз қурилган турмуш турмуш бўлмайди. Ҳозир Дамира — ёш, кўнглида муҳаббат алангаланиб турибди. Лекин ҳаёт фақат муҳаббатдан иборат эмас, эртага ота-она керак бўлади. Ҳеч ким сассиқ деб бурнини кесиб ташламайди. Кутинглар, балки, улар излаган келин топилиб, Дамиранинг ҳам йўли очилар, дедим. Йўқ, икки ёш юрак бир-бирига талпиниб турса, иложи йўқ экан. Жияним:
— Амма, ёрдам беринг, Дамирани олиб кетай, — деб туриб олди. Нима қилай, қиз ҳам шу тақдирни ўзи истагач, ёрдам бердим. Икки ёш ҳозирча ота-онадан яширин оилавий ҳаёт бошлаб юборишди. Қўшниларим аввал роса тўполон қилишди.
— Ана, қишлоғига бориб кўринглар, жияним ўз уйида. Қизларингдан мутлақо хабаримиз йўқ, — деб ёлғонладим. Дарҳақиқат, қизни ишончли жойга яшириб, жияним бемалол ишига келиб-кетиб юрибди. Қўшнимнинг қарғишлари баъзан девор оша менга эшитилиб туради. Фотимахон қизини йўлдан уриб, бу оилани қўлсиз-оёқсиз қолдирганларнинг етти пуштининг авра-астарини ағдариб, қарғайди.
— Болангдан топ! — дея бақирганида суяк-суягимдан ўтиб кетгандай бўлади. Баъзан:
— Нима қилардим шу ишга бош қўшиб? Она бўлгач, ёниб-куяди-да, чидайсан энди, деб ўз-ўзимга тасалли бераман. Баъзан эса бирон марта ҳам:
— Номусимизни букиб кетди, — деган гапни айтмай, қизларига фақат оила боқувчиси деб қараганлари учун:
— Ажаб қилибман, хўп қилибман. Ўзларинг ҳам ҳаракатга келасизлар энди, яшаш учун интиласизлар, дейман.
Ахир, қачонгача ойдек қизнинг бахтини боғлаб ўтиришади?
Ҳар нарса дейман-у ич-ичимдан ҳаловат кетган. Бир кун сир ошкор бўлади-ку. Ўртада Дамира бор экан, барибир қуда-андачилик қилишга, шу оиланинг олдига бош эгиб боришга тўғри келади-ку. Нима қилсам экан? Жияним истагандай, уларнинг фарзандли бўлишини кутиб ўтирмай бош эгиб борсаммикин? Гуноҳ биздан ўтди, ёшлар ёшлик қилибди. Энди буёғига улар тинч яшашсин, гина-кудуратни унутиб, борди-келди қилайлик, десаммикан? Улар мени қабул қилишармикан ё севги асосида қурилган оилани барбод қилишармикин?

Меҳрибон, Яккабоғ тумани

 

 

 

Ҳозир сайтимизда 34 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ