1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Тўй тўйдай ўтсин

 

 

 

Комилжон дадасига ҳайрон қаради. Ўғлининг нигоҳларидаги таажжуб ва савол маънисини англаган Абдукарим ака бепарво оҳангда, унга эътибор бермагандек аёлига қараб давом этди:
— Нега индамай қолдингиз онаси? Ё таклифим сизга маъқул келмадими?- Махфират опа эрининг сизлаб мурожаат этганини фаҳмлаб, унга «ялт» этиб қаради. Одатда Абдукарим аканинг жаҳли чиқса ёки бирор нимадан ғаши келиб,   оила аъзоларидан кимгадир пичинг қилмоқчи бўлса, «сиз» деб мурожаат қиларди. Эри «сиз»лашга тушиб қолса, Махфират опа бир чўчиб тушади. Ҳозир ҳам эридан ҳайиқиб дилидагиларни тилига чиқаролмади. Албатта унинг фикри «вой ўлмасам, шунақаси ҳам бўларканми? Одамлар нима дейди…» деган зорланишдан бошқа нима бўларди. Албатта бу гапидан кейин, Абдукарим ака хотинини «чиройли» гаплар билан «сийлайди». Аммо бир пасдан кейин, ҳовуридан тушиб, «овсар бўлса ҳам хотин зотининг гапига ҳам кириб туриш керак» деб ўйлайди чоғи,  қовоғини ўйган куйи:
— Онаси, бор, билганингни қил!-дерди. Махфират опа ҳам эрининг феълига кўниккан эди, аввал бир қаршилик қиладилар, сўнгра индамай қўядилар, деган хаёлда эди. Бироқ бу сафар эрининг  авзойи бошқачалигини пайқаб, Махфират опанинг тили калимага келмай қолди:
— Билмасам, дадаси… Қандай бўларкин?..
— Билмаслигингиз мумкин эмас! Биласиз, қандай эмас, қантдай бўлади!- Абдукарим ака кескин таъкидлаб дарвозахонгага йўналди. Кета туриб, ўғлига яна бир қур нигоҳ ташлади-да, қўшиб қўйди:
— Тайёргарчиликни бошлайверинглар. Қуда томон билан ўзим гаплашаман. - Ўғил нимадир демоққа оғиз жуфтлаганча қолиб кетди. Абдукарим ака шахд билан юриб чиқиб кетди. Комилжон отасининг ортидан қарай-қарай боягина бўғзида қолиб кетган гапларини онасига қаратди:
— Ая, дадам нима деяптилар?! Уйланаётган мен-ку! Нега менинг хоҳишим билан ҳеч ким ҳисоблашмайди?! Ўртоқларимни олдида неча пуллик одам бўламан?! Нима, мен ўлаётганмидим, тўйимни таъзия ошининг хатми-қуръонига ўтказмоқчимисизлар?!- Ўғлининг  бўзариб-гезариб кетган юзига жаҳл билан қараган Махфират опанинг овози титраб чиқди:
— Худо асрасин-а, болам! Астағфируллоҳ, дегин! Тўй тўйдай бўлади, ҳеч хавотир олмагин. Фақат, даданг катталарга ёқмайдиган айрим одатларни бажармай туриб ҳам тўй ўтаверади, деяптилар. Ҳали тўйгача бир ҳафта бор, сал ҳовуриларидан тушсинлар, ҳаммаси изига тушиб кетади.- Махфират опа шундай деб ўғлини тинчлантирмоқчи бўлди-ю, бу сафар эрининг аҳди қатъийлиги ўйлаб, кўнгли хижилланди…
*        *          *
«Урф-одатинг қуриб кетсин-е! Қаердаги бекорчи хотинлар қорни учун ўйлаб топган беҳудага пул, маблағ сарфланадиган расм-русумлардан қочиш ҳақида гапирсанг, фавқулодда бир мудҳиш ҳодиса юз бергандек дод-вой қилишади-ей, падар қусурлар». Абдукарим ака тажангланча қудалариникидан чиқиб, маҳалла оқсоқоли идораси томон йўл олди. Идорада раис Турғун ота Абдукарим аканинг болаликдаги дўсти Фармон аканинг тўнғич келинига нималарнидир куюнчаклик билан тушунтираётган экан. Абдукарим ака коридордаги ўриндиққа чўкиб, раиснинг холи бўлишини кутди. Шу топда ўзи истамаса-да қулоғига ичкаридаги овозлар эшитилар, Турғун ота нимадандир асабий экан чоғи, келинчакка насиҳатомуз гапларини баланд товушда гапира бошлади:
— Ўзи ҳаммасига ўша закунчи қайнонангиз сабабчи! Ўшанда —икки йил аввал тўйларингиздан олдин, «тўй қилаётган эмишсиз. Узоқ - яқиндан қулоғимизга шунақанги гап-сўзлар чалиняпти. Тўйингизнинг овозаси ҳозирдан ҳамманинг қулоғини қоматга келтиряпти. Қуда томонга ҳам ҳаддан ортиқ кескин талабларни қўйибсиз. Дабдабага ҳавас қилгунча, болаларингизга бахту саодат сўранг. Ортиқча харажатларга атаган маблағингизни келин-куёвнинг келгусидаги ҳаётида асқотадиган нарсаларга сарф этинг» деганимизда, қайнонангизнинг кўзига ёмон кўрингандик. Ёнида ерга тикилганча хотинининг гап-сўзларидан хижолат чекаётган қайнотангизга бир-икки ўқрайиб олдию, «Раис бува, биз тўй қилаётган бўлсак, сарф-харажат қилаётган бўлсак, ўз пулимизга қиляпмиз. Ҳали ҳеч кимнинг эшигига қарз сўраб борганимиз йўқ!» деб дарвозани кўрсатганди. Қайнотангизга ҳам, қайнонангизга ҳам дастурхонга ўша зорманда ичкиликни қўймаслигини қайта-қайта тушунтирганмиз. Бир каттанинг, бир кичикнинг гапига кир, деган гап бор. Халқ ўзи катта санаб, бизни бош қилибдими, демак, шу одамлар ҳам бир нарсани билмаса, гапирмас, деган ўйга бориши керак эди. Энди нима қиласиз, қизим, бошингизда шу кунлар ҳам бор экан. Қайнонангиз билан муроса қилишга урининг, қўлингизда гўдагингиз бор-а. Сабрли бўлинг. Мен бироз ишдан холи бўлиб олай, маслаҳатчимиз билан бирга хонадонингизга ўтамиз. Қайнонангизга ўзим тушунтираман, бизни ҳурмат қилмаса, жилла қурсанорасида гўдакни ҳурмат қилар!..
— Икки гапнинг бирида, «сен шумқадамни келин қиламан, деб, синглим гулдай ўғлидан ажралди. Сени келин қилмаганимда, жияним ҳозир тирик юрарди, шумқадам, бадният» деб ҳақоратлаганлари ҳақоратлаган. Бу хўрликлар жонимдан ўтиб кетди. Ўзингизга маълум, болам туғилгунигача ҳам фақат ота уйим билан келинлик хонадоним орасида сарсонгарликда юрдим. Энди буёғи қайнона-ойимга инсоф битиб қолсаю, шу бегуноҳ гўдакнинг ҳурмати, хўжайин билан тинч яшагани қўйсалар, шу боламни тирик етим қилмасалар бўлгани эди…- Келинчакнинг овози титраб чиқди. Чамаси у йиғлаётганди, шекилли, пиққиллаган овоз ҳам эшитилди. Абдукарим ака бирдан сергак тортди. Икки йил аввал дўсти Фармон ўғлини уйлантирганди. Тўй базмида ароқ ичиб, мастликда уч- тўрт гап талашиб қолишади ва қуда томондан келган- куёвнинг холасининг ўғлини пичоқлаб қўйишади. Йигит шифохонагача етмай, йўлда жон беради. Ундан кейин қанча бош оғриқлар, терговчию мелисага югур-югурлар бўлди. Жанжал бошлаб, пичоқлашишгача борган йигитларга жазо тайинланди. Хуллас икки орада қийин-қийин, жувонмарг бўлиб кетган йигитнинг онасига ва янги келинчакка қийин бўлди. Икки гапнинг бирида қайнонаси, «шумқадамсан, сени келин қиламан, деб жиянимдан айрилиб қолдик, сенга йўлиқмаганимда шу кўргуликлар бўлмасди» деган маломатлардан келинчак бояқиш кўз очолмай қолди. Энди боласи туғилибдиям, қайнона тушмагурга инсоф сира кирмаяпти. Бунақа қилган билан, ўлган одам тирилиб келармиди?! Бўлар иш бўлди, тақдирида шу бор экан, эндигина дунёга келган гўдак билан бир аёлнинг қадрини билса-чи?! Аввало ўша қайнонанинг ўзи-ку, ароқсиз тўй тўй бўларми, деб на эрининг, на маҳалла катталарининг гапини гап ўрнида кўрмаган. Одам боласи бошига мусибат тушса, айбни энг аввало ўзидан қидирсин экан-да, ўзгаларни айблаш билан гуноҳини баттароқ оғирлатишдан кўра.
Турғун ота кўз ёшларини бармоғи билан сидириб чиқиб кетаётган келинчакни кузатишга чиқиб, Абдукарим акага кўзи тушди:
— Э, келинг-келинг, Абдукаримбой.- Турғун ота шундай деб ўзига қўшқўллаб салом-аликка ошиққан Абдукарим аканинг қўлини сиқиб, кўришишга чоғланди.
— Ассалому алайкум, раис бува. Ҳорманг энди. – Турғун ота уни ичкарига бошлади:
— Ваалайкумассалом. Саломат бўлинг. Қани, буёққа марҳамат қилинг-чи. Ўтинг.- Абдукарим ака раиснинг қаршисидаги курсига чўкиб, қўлини фотиҳага очди. Эл-юртга омонлик, тинчлик сўраб дуо қилишгач, Турғун ота кулимсираганча Абдукарим акага юзланди:
— Хўш, Абдукаримбой, тинчмисиз, уйлар тинчми? Узоқ-яқиндан тўй бошлаб сиз, деган хабарларни эишитяпмиз. Қуллуқ бўлсин энди.
— Раҳмат раис бува. Бирга бўлсин! Ўзи шу тўй масаласида ёнингизга келгандим. Маслаҳатли иш бор эди…
Хўш, қани, қулоғим сизда?- Турғун ота пахтали чойнакпўш ёпиб қўйилган чойнакдан чой қуйиб берди.
— Хуллас, ўйлаб қарасам, ҳозирги тўйларда бажариладиган одатларнинг бари кераксиз, фақат ортиқча харажатдан бўлак ҳеч қандай аҳамияти ҳам, нафи ҳам йўқ зарарли тадбирлар экан.- Абдукарим ака қошларини чимириб, жиддий қиёфада гап бошлади.
— Тўғри. – Турғун ота унинг гапини тасдиқлаб, иягини қўлига тираганча диққат қилди.
— Никоҳдан бир кун аввал бир тўйда қаланғи-қасанғиларнинг ўн-ўн бешта машиналарда сайр қилиб, ресторанда зиёфат қилишлари, камига шампан виносини ичиб, идишларни синдириб ташлашига ўхшаган аҳмоқона одатлардан холи, эрталабда эркакларга ош, кечки пайт аёлларга никоҳ базми қилиб, тўйни ихчамгина қилиб ўтказиб қўя қолай, дегандим. Қолаверса, энг асосийси— тўйда спиртли ичимлик қўймоқчи эмасман.- Турғун ота «ялт» этиб унга қаради:
— Э, қойил! Яшанг! Мана бу гапингизга борман! Ажойиб тўй бўлади. Хўш, қудаларингиз билан гаплашдингизми?
— Ҳа. Ҳозир ўша ердан келяпман. Бошида аёл қуда, «одамлар нима деркин. Вой орзу-ҳавасларимиз-чи?» деб тихирлик қилгандай бўлди. Лекин, шукр, эркак қуда тушунадиган экан. Унга таклифим маъқул келди.
— Яхши ўйлабсиз, Абдукаримбой. Бир кунлик тўй ўтади-кетади. Энг асосийси ёшлар бахтли бўлишсин. Ҳеч қандай орзу-ҳавас хотиржамликка етмайди. Орзу-ҳаваслар одам учун хизмат қилиши керак. Нега энди одам боласи аллақаёқдаги ҳойю ҳавасларга хизмат қилиши учун елиб югурар экан. Яхши бўларди, агар ўйлганингизни амалга оширсангиз.- Абдукарим ака суҳбатдошининг гапларини эшита туриб, бироз тарадудланган куйи сўз олди:
— Тўй учун йиғиб қўйган жамғармамизни ҳисобини қилиб, ортиқча харажат талаб қиладиган одатларгаю ичкиликка сарфланадиган маблағ ҳисобидан раҳматли Нуриддинжоннинг оиласига ёрдам қилайин, дегандим… Болалари ёш, қўлидан иш келмайди. Аёлига қийин бўлди. Маҳалла номидан ўша арзимас ёрдамни сиз олиб бориб берсангиз ва бизнинг хонадондан чиққанини айтмасангиз, дегандим… Ҳарқалай, ёшгина жувон, кўнглига малол олмасин, дейман-да…- Турғун отанинг чеҳраси янаям очилиб, кўзлари порлаб кетди:
— Аллоҳ давлатингизга барака берсин, илоҳим фарзандларингизни камолини кўринг. Бундан ҳам зиёда бўлсин давлатингиз. Хўп яхши, хўп хайрли юмуш бўларди. Маҳалла томонидан сизга ёрдам уюштирилди, дердик…- Турғун ота қувонганидан ўрнидан туриб кетди. Шу пайт Абдукарим ака қоғозга ўроқлиқ бир нимани унга тутқазди:
— Ана, раис бува. Мана шу эди, атаганимиз…- Абдукарим ака маҳалла оқсоқоли идорасидан елкасидан тоғ ағдарилгандай енгил бўлиб ташқарига одимлади. У яна бир хайрли амал сари ошиқаётган эди…

Рухшона Фаррух

 

 

 

Ҳозир сайтимизда битта меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ