1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Чимилдиққа етмаган, севгилим...

 

 

 

Шаҳло тоққа чиқишимизни икки ой аввал режалаштира бошлади. Ётса ҳам, турса ҳам, овқатланганда ҳам, уй тозалаганда ҳам шу гапни такрорлайверади. «Тоққа борадиган кунимиз бунақа кийинаман, сен қанақа кийинасан? Пишириқлардан кўпроқ пишириб оламиз. Тоғда тоза ҳаво, иштаҳа очилади. Бир мазза қиламиз-да. Сойда чўмиламизми?»
Хуллас, кўзини тоғ деб очади-ю, тоғ деб юмади. Ваниҳоят менинг сергапгина дугонам орзусига етадиган бўлди. Музаффар акам қўнғироқ қилиб, янги ҳафтанинг дам олиш кунлари машина юборишларини, тоққа чиқиб дам олиб келишимизни айтиб қолдилар. Оқар сувдай ўтиб кетадиган ҳафта бирам чўзилди-ки, оқибатда жума куни  туни билан иккимиз ҳам ухлаёлмадик. Шанба тонг-саҳарда Музаффар акам юборган машинада йўлга тушдик. Шаҳардан икки ярим соатлик йўл экан. Ҳайдовчи йигит камгап, нигоҳлари ғамгин йигит, тоғ бағирлари билан юриб бораётганимизда, биз — икки қизнинг  қийқириб кулишимизга, атрофдаги ям-яшил гўзаллик, виқорли, осмонга елка тутиб турган тоғлар салобатига маҳлиё бўлиб тикилишимизга ҳавас билан қараб турар, баъзида чуқур уҳ тортиб, ғамгин жилмайиб қўярди.
- Шу ерларда дам олса бўлмайдими, жуда баҳаво жойлар экан?- Шаҳло  орқа ойнадан бошини чиқариб, «ҳе-е-ей, тоғлаа-а-аа-р» деб овоз берди. Бир муддатдан кейин чор-атрофдан акс-садо эшитилиб, завқимизга завқ қўшилди.
- Музаффар акам дала ҳовлида жой тайёрлаганлар. У жойлар бу ердан ҳам хушманзара.- Ҳайдовчи йигит рулдан кўз узмай жавоб берди.- Айтишларича, бўлажак келинойимиз ижодкор эканлар, меҳмонлар ишидан рухсат сўраб келишади, уч-тўрт кун дам олиб, ҳордиқ чиқаради, дедилар.
- О-о-о!!!- гап бўлиши мумкин эмас! Бу ерларда бир умр қолиб кетишга ҳам тайёрмиз!- Шаҳло шундай деб чапак чалиб ўз фикрини ўзи олқишлаб қўйди. Кейин ҳайдовчи йигитга пешойнадан тикилиб:- Бўйдоқ танишларингиз борми? Ўзингизни илинтириб олай, десам уйланган кўринасиз. Уйланмаган жўраларингиз бўлса, таништириб қўйинг, тоғ йигитлари мард бўлади, дейишади.- Унинг гапидан иккимиз ҳам мириқиб кулдик. Йигит эса боягидек ғамгин кулимсираганча суҳбатга муносабат билдирмади.
- Болалардан нечта, ака?- Негадир саволим қулоғига кирган йигитнинг ранги ўзгарди. -Қийналиб-қийналиб нафас олиб:
- Болаларим йўқ…- деди. Ноўрин савол бериб, қовун туширганим учун хижолатда қолдим. Салдан кейин Шаҳло ўртадаги ғашлик пардасини юлқишга уринди:
- Худо хоҳласа, энди бўлади-да. Фарзанд билан давлатнинг кечи йўқ, дейишади-ку.
- Гапингиз тўғри, аммо фарзанд кўришим учун аввал уларнинг онасини топиб олишим керак-да.- Ҳайдовчи шундай деб яна маҳзунгина жилмайди.
- Оббо, юрагимни чиқарвордингиз-е! Савол берганимга пушаймонлар бўлиб, тилимни чайнаб ўтирибман, боядан бери,- дедим йигитга ясама жаҳл билан.
- Тавба, сиз ҳам тоғликмиси, дейман? Жуда ҳазилкаш экансиз-ку.- Шаҳло шундай деб,  «Кока-кола» ичимлигини идишидан ичди. Сўнг, пешонасидаги реза терларни артиб, яна ҳайдовчига гап қотди:- Ҳой бўйдоқ ҳайдовчи, намунча дала ҳовлингиз узоқлашиб кетди-а? Ё иккита чиройли қизни машинангизга соволиб, айлантириб юраверасизми? Биласиз-а, ман «пустой» бўлганим билан, дугонам «занять».
- Хотиним, болаларим йўқ, аммо бўйдоқ эмасман…  Дала ҳовлига етай деб қолдик. Бу ерларда машина бошқариш хавфли. Шунинг учун секинроқ юряпман. Ахир сизларнинг ҳаётингизга масъулликни Музаффар акам ишониб менга топширганлар.- Йигит шундай деб пешойнадан бир-бир бизга тикилди.
- Ҳаётимизга масъулият билан қараганингиз-ку, яхши, лекин қанақасига хотинию болалари йўқ бўйдоқ эмас бўлишингиз мумкин?- Энди Шаҳлонинг ростакамига энсаси қота бошлади.
- Ҳайдовчи эса кутилмаганда йўл бўйидаги арча соясида машинани тўхтатди. Бир муддат рулга бошини қўйиб ўйланиб қолди. Биз овоз чиқармай уни кузата бошладик. Тўғрироғи мени аллақандай қўрқув, хавотирга ўхшаган ҳаяжон босди. Титраб-қақшаб қўл телефонимни олиб, Музаффар акамга қўнғироқ қилмоқчи бўлдим. Аппаратда антенна белгисини билдирадиган тайёқчалар кўринмасди. Дамим ичимга тушиб кетди.
- Нега тўхтатдингиз? Тинчликми?- Шаҳло ҳайдовчини енгилгина туртди. У жавоб ўрнига чуқур хўрсиниб, менга қаради:
- Сизни синглим дейми?..
- Сизга нима маъқул келса…
- Унда синглим деб гапираверман. Биласизми, ёзганларингизни кўп ўқийман. Баъзан юракни эзиб, кўзларни ёшлатасиз, баъзида ҳаётни жудда чиройли, оддий тасвирлайсиз. Шундай ҳикояларингизни ўқиганимда, қанийда ҳаёт ҳам худди шунда ёзилгандай оддий ва гўзал бўлса, эди деб қоламан. Мен шу пайтгача ҳеч кимга дардимни айтмаганман. Айтолмасдим ҳам. Ўз ёғимга ўзим қоврилиб, қийналиб яшашни маъқул кўрардим. Тўғриси, эрталаб дугонангизга «Шаҳло, Шоҳ» деб мурожаат қилганингизда, олис хотираларим уйғониб, юрагим алланечук ғамдан, аччиқ ва ширин соғинчдан энтикиб кетди…
- Севганмисиз?.. Хиёнат азобими?..- Истамайгина шу саволни бердим.
- Севганман. Хиёнатга учраганман… У менга, севгимизга, орзуларимизга хиёнат қилиб, мени ташлаб кетмади. Садоқатимга, муҳаббатимга, соғинчзада юрагимга раҳм қилмади…
- Оббо, шунга аза тутиб юраверасизми, энди?! Аламига сиз ҳам шартта бир сулув жононга уйланинг-да мазза қилиб яшайверинг.- Ҳар галгидек романтик тасвирлардан Шаҳлонинг энсаси қотди. Йигит эса ўзига ўзи гапиргандай, сўзида давом этди:
- Ўшанда ҳам баҳорнинг сўлим кунлари эди. Ўқишдан икки кунга рухсат сўраб, уни қишлоғимга — тоғ бағрида яйраб дам олишга опкелдим. Қишлоғимизни, тоғларни, қизғалдоғу бинафшаларни кўриб унинг завқи келиб, чунонам яйради-ки, назаримда бир ҳуснига минг ҳусн қўшилди-ёв. Ўқишга қайтадиган кунимиз, шаҳарга кетишга уни зўрға кўндирдим. Қишлоғимиздан Тошкентга борадиган йўловчи машинада йўлга чиқадиган бўлдик… Шўрликнинг икки кўзи орқасида қолди…- Йигит бир муддат жим қолиб, киприкларини артиб қўйди. - Тоғ ҳавосига ишониб бўлмайди. Бир қарасангиз офтоб бошингиздан аямай нур сочиб, қиздириб ташлайди. Бир қарасангиз борлиқни қуюқ туман қоплаб, жала қуяди. Бирор соатча йўл юрганимиздан кейин, қуёш булутлар остига яшириниб,  шамол турди. Ҳайдовчи аранг машинани ҳайдар, ҳаётимизни Худога таваккал қилиб йўлда давом этдик. Кўз очиб юмгулик вақт ичида шунақанги жала қуйди-ки, бир неча дақиқалар мобайнида сой тўлиб-пишиқириб, даралардан сув оқа бошлади.- Йигитнинг ҳикоясидан кўз ўнгимда тасвирлар жонланиб, бирданига қўрқувга тушдим. У ёш томчилаётган кўзларини бир нуқтага тикка куйи гапида давом этарди:-  Мен даҳшатли туш кўраётгандек эдим… Бир пайт қарасам, машинамиз пастда думалаб ётибди. Оёқларим ўриндиққа қисилиб қолган. Ўзимнинг аҳволим кўзимга кўринмай, жон талвасасида ёнимга ўгирилишга уриниб, унга қарадим. Пешонасидан қон оқаётган, кўзлари юмуқ ҳушсиз ётарди… Ҳайдовчи эса умуман нафас олмас, у ўша заҳотиёқ жон берган эди… Кейин нима бўлганини эслолмайман. Кўзимни очганимда, туман касалхонасининг реанимация бўлимида эканман. Тепамда қариндошлар, яқинларим… Биринчи сўраганим, «Шаҳло тузукми, у қаерда?! » деган савол бўлди…
- Исми Шаҳломиди?- боядан бери суҳбатдошимизни индамай эшитиб турган дугонам, секингина сўради.
- Ҳм… - Йигит Шаҳлога яна ўша ғамгин кулимсираш билан қаради.- Онам у ҳам шу ердалигини, қўшни палатада ётқизишганини, аммо ҳануз ҳушига келмаганини айтдилар. Жон ҳолатда ўрнимдан туришга тиришдим. Қайда?! Оёғим синган, қўлларим гипсда, бошим дока билан ўраб ташланган. Аъзойи баданим зирқирраб қақшарди. Шифокорлар тинчлантирувчи укол қилишди. Яна бир суткадан  кейин кўзимни очибман. Менга муолажаалар тез таъсир қила бошлади чоғи, аҳволим ўнглана бошлади. Бу орада Шаҳлонинг ота-онаси уйимизга келиб тўполон кўтаришибди. Ўша пайтлари онам менга индамабдилар, дўхтирлар Шаҳлонинг ҳаёти хавф остидалигини, реанимациядан чиқмаслиги мумкинлигини, касалхонадан чиққан тақдирда ҳам бир умр фалаж бўлиб қолиши ҳам эҳтимолдан холи эмаслигини айтишган экан.
Ёзда мен ўқишга бориб баҳорги сессиядан қарз бўлиб қолган имтиҳонларимни топшириб келдим. Шаҳлони ота-онаси пойтахтдаги касалхоналардан бирига ётқизишди. Уларнинг мени кўргани кўзи йўқ эди. Ичкарига киритишмаса, касалхона ҳовлисида, севгилим ётган хона деразаси тагида тонг оттирардим. Ҳамшира, шифокорлар ҳам мени таниб қолишганди. Аста-секин Шаҳло ўзига кела бошлади. Аммо дўхтирларнинг ўша мудҳиш башорати тўғри чиқаётганди. Жонимдан ортиқ кўрган инсонимнинг қўл-оёғи буткул ишламас эди. Ҳатто тилини ҳаракатга келтириб, гапиролмасди ҳам.
Бир йил шифохонада тил-забонсиз ётди. Ҳеч қандай ўзгариш йўқ эди… Бўлмасди ҳам. Уйга бориб ота-онамни Шаҳлоларникига совчиликка жўнатдим. Уни шу ҳолга тушишида мен айбдор эдим, айбимни ювишим учун, бир умр севгилимнинг хизматини қилиб юришга, уни қўлларимда кўтариб юришга ҳам тайёр эдим! Уйдагилар зор қақшаб совчиликка боришибди. Шаҳлонинг ота-онасига ҳам қатъий ниятимни айтгандим. Кўз ёшларига ғарқ бўлиб икки томон унаштирув маросимини ўтказишибди. Тўйни тезлаштирдик. Севгилимнинг ҳамма орзуларини рўёбга чиқаришга ҳаркат қилдим. Уни қўлларимда кўтариб, оппоқ либос кийдириб, тўйхонага олиб чиқдим. Тўй тўйдан кўра азага кўпроқ ўхшарди… Бизникилар ҳам, уникилар ҳам кўз ёшларини тўхтатолмай қолишганди. Базмга ўхшаган маросим тугаб, бизни никоҳлаш учун домла келди. ўшанда ҳам севгилим бир тутам чўп бўлиб, қўлларимда ҳушсиз ётарди. Домла ҳар икки томондан рози-ризолик сўради. Келин тилидан гувоҳлик қилаётган янгаси синиқ овозда розилик берди. Домла хутба ўқиб, бизни никоҳлагач, «энди сизлар шаърий эр-хотин сизлар», деган эди, севгилим «ярқ» этиб кўзини очди. Эр-хотин, сўзини эшитган Шаҳло нурсиз кўзларини менга тикиб, ғўлдираганча нималардир демоққа чоғландию… жон берди… Шўрлик, тўй кўришга, оқ либос кийишга муштоқ бўлиб, омонатини топширолмаётган экан… Шундай қилиб, менга хиёнат қилди. Севгимизга, орзуларимизга вафо қилмай мени ташлаб ўзи қайтмас бўлиб ке-е-етди… Шундан бери уйланган бўйдоқман.- Шаҳло иккимиз ҳайдовчининг маҳзун ҳикоясидан ўпкамиз тўлиб, аранг  ёшларимизни тийиб турардик. Бир муддат дардчил сукунат аро жим қолган ҳайдовчи машинани ўт олдирди. Музаффар акам тайёрлаб қўйган жойга бир оғиз ҳам гапирмай, эшитганларимиз таъсирида етиб бордик.
- Ҳа келардиларингиз-да, бу ёқда сизларни кутиб қоринлар ҳам ҳуштак чалиб қўяпти.- Ҳар галгидек Музаффар акам бизни хушнудлик билан кутиб олдилар. Тоғ бағрида палос тўшалиб, кўрпа-кўрпачалар ёзилган, дастурхон устидаги ноз-неъматлар иштаҳани қитиқларди. Бизни олиб келган ҳайдовчи йигит пазанда чиқди, бир соатча гурунглашиб, лола сайли қилиб келсак, дастурхондаги кабобнинг буғи кўтарилиб, ошқозонларни «дийдор»га чақираётган экан.  Кабобхўрликдан кейин яна тоғларга маҳлиё бўлиб, сайрга чиқдик. Шаҳло толиққанини баҳона қилиб, Музаффар акам иккимизга шерик бўлмади. Кечга томон қайтсак, Суҳроб ака (Музаффар акам ҳайдовчи йигитни шундай деб чақирдилар) билан бизнинг чаққон Шаҳло ўнг қўлларини ўйнатиб қозон кабоб қилишибди.
Уч кунлик тоғ бағридаги сайёҳатимиз ниҳояланиб, ортимизга қайтдик. Бизни Суҳроб ака уйга опкелди. Қайтаётиб у Шаҳлога ташриф қоғозини узатди:
- Шаҳлохон, менга қўнғироқ қиласизми? Жуда хурсанд бўлардим, агар… Тоққа чиққингиз келса, истаган пайтингиз қўнғироқ қилинг. Бошим осмонга етади…- Ийманибгина ташриф қоғозини йигитнинг қўлидан олган дугонам, оппоқ «Нексия» оққушга ўхшаб учиб кетганидан кейин ҳам анчагача ортидан термулиб қолди.
Эртаси куни Музаффар акам қўнғироқ қилиб, Шаҳлога телефонни беришимни сўрадилар. Салом-аликдан кейин нариги томондан қандайдир ҳазил гап бўлди, чоғи, Шаҳло шарақлаб кулиб юборди. Нима гап экан деб, мен ҳам қулоғимни телефонга яқинлаштирдим. Музаффар акам, «Сизга қойил аммо, ҳали биздан аввал тўй қиласизлар-а? Аммо ғамга чўкиб қолган йигитни ҳаётга қайтарибсиз, яшанг. Сизларга бахт тилайман» дедилар. Мен шу пайтда Шаҳлонинг сочига чанг солдим, шундай ажойиб янгиликни менга айтмабди-да, энди таъзирини бераман уни!…

Рухшона ФАРРУХ

 

 

 

Ҳозир сайтимизда 118 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ