1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Бахтга доялик қилган ғийбат

 

 

 

Ҳамидахон кўчадан йиғлаб келган қизининг ғамнок чеҳрасига қараб эзилиб кетди. Юпатай деса, ўзи шундоқ ҳам тўлиб турган қизи уввос солиб йиғлаши аниқ. Индамай ўз ҳолига ҳам ташлаб қўёлмайди. Қайси она жигарбанди ғийбатлардан озорланиб, хўрланиб турганида тек қараб тура оларди?! Куну тунида ҳамроҳи, бу ёлғон, бевафо дунёда суянчиғи, дилкашгина қизини хафа қилган нокасларнинг жазосини Аллоҳнинг ўзи берсин. Ўзи-ку, бахт косасига лаб теккизишга улгурмай бахтсизликнинг тахир сувини ичишга мажбур бўлганди. Энди дунёи дун буни қизида ҳам синаб кўрмоқчими? Одам боласи ўз бошига не кўргулик тушса, чидар экан, аммо дилбандининг, фарзандининг бахти кулмаса, омад қуёши чарақламаса бунга чидаёлмас экан. Ҳамидахон кечадан бери хонасига қамалволиб кўз ёш тўкаётган қизига нима деб таскин беришни билмай боши қотди. Кекса, муштдай бўлиб қолган онасига нима ҳам дерди?! Акалари, келинойилар ўзларидан ортишмайди. Опаси бўлса, ўзига ўхшаб ғийбатчиларни, диёнатсизларни қарғашдан бошқа ишни эпламайди. Синглиси-чи?.. Ёш-да, опамнинг кўнгли оғрийди, деб ҳам ўйламай:
- Опа, Хуршидахонни қачон узатасиз? Йигирма олтига тўлиб қолди-я. Қайнонам икки гапнинг бирида сўрайверади, одамни хижолат қилиб. Катта овсиним билан гап талашиб қолгандик, тап тортмай жиянимнинг узатилмаганини юзимга солди. Сизларнинг дастингиздан менга тинчлик бўладими йўқми?!- деб узиб олди. Ҳамидахон ич-ичидан тўлиб - тошиб келган хўрсиниқни аранг ютиб:
- Жиянингизни сиз билан ўша қайин бўйинларингизга қандай оғирлиги тушибди?! Ўзимни уйимда, бағримда бўлса. Ёмон билан юрмаса, гап-сўз кўпайтирмаса. Худо тақдир қилган бўлса, узатарман, бўлмаса, нима ҳам қилардим. Кечаю кундуз биттагина қизимнинг бахтли тахтли бўлишини илтижо қиламан. Ўзим бир номарддан куйиб кул бўлдим, ҳали ҳануз жароҳатим битмабди. Энди тезроқ узатишим керак, қизим ўтириб қолади, деб боламни ҳам куйдирайми?! Ўзимнинг тақдиримдан сабоқ чиқармай, яна бир ярамни кўпайтирайми? Ўзига муносиби, ҳолатимни тушунадигани харидор бўлиб келса узатаман-да.- деганди. Агар бу миш-мишларни эшитган бўлса Ҳуснидахон — синглиси ҳали-замон шанғиллаб келиши мумкин, ана айтмадимми, энди қайнонам устимдан кулади, овсинларим масхара қилади, деб. Ҳамидахон кўз ёшларини енгининг учига артиб, лабларини тишлади. “Гўрсўхта, нокас! Ҳаммасига сен айбдорсан! Кўз олдимда жазоингни тортиб, шу қизгинамга зор бўлиб ўлмасанг, мен ҳам рози бўлмайман! Сен туфайли, сенинг худо бехабарлигинг сабабли, қизим бугун маломатлар гирдобида қолди. Агар уни ҳимоячиси бўлганида, отаси бўлганида шу кунлар бошига тушмас эди!”.. Аёл ҳўнграб йиғламаслик учун, лабларини янада қаттиқроқ тишлаб, кўзларини юмди. Кўз олдидан кўрган кечирганлари, бошидан ўтган савдолар бир-бир ўтаверди...
Бўй етиб, совчилар сўроғининг навбати унга етгач, кўпчилик ўзбек қизлари каби Ҳамидахон ҳам ота-онаси танлаган йигитга узатиладиган бўлди.  Гарчи қайнона бўлмиш келинни ўзи хоҳлаб, ўзи танлаб ўғлига олиб берган бўлса-да, нима сабабдандир Ҳамидахонни унча хушламасди. Тақдир эканми, юлдузи юлдузи тўғри келмаган эканми, хуллас биринчи фарзандининг қиз туғилиши ўн тўққиз яшар келинчакнинг “айб”и  ҳисобланиб, қайнонанинг буйруғи билан Ҳамидахонга куёви талоқ берди. Бир йилдан кейин етти кунлик чақалоғини қучиб, келинлик сарполарининг оҳори тўкилмаган келинчак яна ота уйига қайтди. “Эр дегани, қайнона-қайнота дегани шу бўлса, энди бу дунёдан тоқ ўтганим бўлсин!” Унинг қалбида ҳеч кимга эшитилмаган ана шу қатъий ҳайқириқ янгарди. Қизалоғини ўзи парвариш қилиб, тарбиялай бошлади. Узатилган қайнсингилларининг бир йилда чақалоқ билан кириб келиши келинойиларга малол келмасин, энди уйимизга бир хўжайин кўпайди, деб ўйлашмасин, деган ўйда катталар қишлоқ аҳолисига уй-жой қуриш учун ер берилаётган томондан бир этаккина жой олиб Ҳамидахонга том тиклашди. Боласи ўсиб, юрадиган бўлгач, уларни шу ерга кўчиришди. Қизчаси кичкиналик пайтида хотин қўйган, хотини ўлган эркаклардан Ҳамидахонни сўраб совчилар келишди. Аёлнинг яраланган юраги бу харидорликни қабул қилмади: “Мен бир марта турмуш қурдим! Унинг жабрини ҳеч қачон унутолмайман! Бошқа овора бўлишмасин!” Кузда пахта-йиғим теримида беш-олти сўм жамғариб бир сигир, иккита қўй олди. Йилдан йилга кўпайиб бир сигири, учта, икки қўйи ўн бештага етди. Ҳамидахон акаларига ҳам, опаси, ота-онасига ҳам зориқмайди. Қайтанга, жигарларига қайишади, қарашади, имкони етганча ёрдам қилади. Қизи мактабни тугатгач, ўқишга қўймоқчи эди унамади. Чеварликка иштиёқи бор экан. Ўқув марказида ўқитмоқчи эди, уни ҳам истамади:
- Аввал яхши бир чеварга шогирд тушай, аяжон. Бироз ўрганиб, қўлим келишгач, ўқув марказида ўқиб  мураккаб сабоқларни ўзлаштирарман.- Шундан кейин маҳалласидаги кўпчилик мақтаган чевар келинчакка шогирдликка берди қизини. Хуршидахон у ўйлаганидан ҳам минг чандон зеҳнли экан, икки ойда тикувчиликка қўли келишадиган бўлиб қолди.  Қўни-қўшни, қариндошларга бир-икки кийимлар тикиб бердию, аллақандай элита деган пардаларнинг тикилишини ўрганаман, эркакларга костюм-шим, аёлларга қишки либослар тикишни ҳам билимши керак, деб шаҳарга машҳур ўқув марказининг вилоятларидаги филиалида ўқиб қайтди. Шундан бери маҳалланинг, ҳатто қўшни маҳаллаларнинг ҳам номдор чевари —Хуршидахон. Дунёнинг бир ками ҳаммавақт ўзини кўрсатиб турганидек, шундай эпчил, чаққон, чиройли, хушхулқ  чевар қизнинг бахти очилай демайди. Аввал  қизни сўраб келган совчилар уларга маъқул келмади; кимнидир оиласи ёқмади, бировнинг зотида касали бор дейишди, яна бирини бойлиги маъқул келмади, хуллас, тақдири очилмади. Энди ёши йигирма бешдан ошганида ажрашган, хотини ўлган эркаклардан келаётган совчиларни мутлақо хоҳлашмаяпти. Бугун маҳалладаги бир-иккита фисқу фасод гапларни тарқатиб юрадиган оғзи шалоқларнинг ғийбатини деб бир ёнда қизи, бир ёнда Ҳамидахон ўртаниб юришибди. Нимаймиш, олмиш бешга кирган, еттита боласи бор, бир дунё неварали  Самад чол, чойхонада  бир тўп эркакларга, раҳматли  Ҳалим миробнинг невараси Ҳамидахоннинг қизига мен харидорман, деган эмиш. Бу гап бутун қишлоққа ўрмалаб, Самад чол Хуршидахонга совчи қўйганмиш, деган миш-мишга айланиб кетибди.  Мақсудахон дастурхончининг уйига пардалари учун дераза ўлчовини олгани борган Хуршидахон  эшикдан йиғлаб келиб, онасига бу гапларни гапирди. Ҳамидахон Мақсуда дастурхончининг танобини тортиш учун уйига бормоқчи бўлди-ю, яна йўлдан қайтди. Бу иши билан баттарроқ кулгига қолмайдими? Одамлар нима дейди? Агар Мақсудахон билан жанжаллашадиган бўлса, унинг оғзида таноб-тарози йўқ, бир зумда ҳамма жойга, Ҳамидахоннинг қизига Самад чолдан совчи борибди, шунга мендан хафа бўлиб, ёқалашгани уйимга келибди, деган бўҳтонни тарқатишдан ҳам тоймайди. Лекин бундай жимгина томоша қилиб туриш ҳам ярамайди. Нимадир қилиш керак. Ахир ёлғиз боши билан шу қизни тишида тишлаб ўстирди, тарбиялади, ҳунарманд қилди. Энди қаердаги бир оғзига кучи етмайдиган, ўзининг эвини қилолмайдиганларнинг туҳмат гапларидан қизгинаси эзилиб, хўрланишини томоша қилиб ўтираверадими?! Йўқ, бунақаси кетмайди! Бунинг бирор иложини қилиш керак! Кўпчиликнинг оғзига тушиб улгурмасидан бу гапларнинг дамини қайтариш керак. Ҳамидахон уст бошини алмаштириб, бошига рўмол ўраб энди кўчага отланган эди, дарвозани таққилатиш учун эндига қўл чўзаётган аёлларга кўзи тушди. Бири тоғора кўтариб, иккинчиси оппоқ дастурхонни тугун қилиб кўтариб олган бу хотинлар - Самад чолнинг тўнғич келини билан қўшни вилоятга узатилган катта қизи эди. Ҳамидахон уларни кўрди-ю, кўз олди қоронғилашиб, юрагига қаттиқ санчиқ ботди. Аёл, “наҳотки... уялмай келавердинглар?..” деди-ю, ўша жойда ҳушидан кетди...
...- Одамлар қачон бунчалик диёнатдан узоқлашиб кетишга улгуришди-а?! Хотинларини хотин десанг, ғийбату бўҳтон тарқатишда эркаклари ҳам, кексалари ҳам бирдай бир-биридан қолишмас экан. Хотинини кўчага чиқариб, бозорга, тижоратга юбориб қўйиб, уйда текин еб ётганидан кейин эркаклар ғийбат қилмай ким қилсин?!- Самад чолнинг қўшни вилоятга узатилган қизи Ҳамидахонни елпиётган онасига қараб, жиғибийрон бўлганча гапирарди.-  Тўғри, онам қазо қилганларидан кейин дадам бошқа уйланмадилар. Акамлар кўп марта бунга ишора қилганларида дадам бояқиш, онангни ўрнини ҳеч ким босолмайди. Майли, сенларнинг хотинингга бир коса овқатим билан иккита киримни ювиш малол келаётган экан, ўзим шу юмушларимни бажариб қўя қоламан. Фақат бошқа менга бу ҳақда гапирмаларинг, деган эдилар. Шу, кичик келин ҳайитда Хуршидахон қизимга бир яктак тиктириб, дадамга совға қилган экан, ўша кийим ёқиб қолиб, шу қизни опангни ўғлига келин қилсакми, ҳарна ўзининг юртидан битта келин туширса яхши бўларди, ёт юртларда ёлғизлиги билинмасди, дебдилар. Кейин маҳалланинг чойхонасида уч-тўрт қариялар билан ўтирганларида, биз Ҳамидахоннинг қизига харидормиз, деб гапирган эканлар. Оғзининг таноби йўқ айрим ножинслар бу гапни бошқача қилиб етказишибди. Уёқда дадамнинг мазалари йўқ, бир муштипарнинг кўнглини оғритдимми деб, кечаю кундуз ўзларига ўлим тилайдилар. Одамларга қачон инсоф битади, ҳайронман...
Хуршидахонни қўшни вилоятга узатишди. Самад чол тўйнинг бошида туриб, кимларнингдир ҳавасини, кимларнингдир ҳасадини келтириб дабдабали тўй қилиб,  Ҳамидахон билан қуда тутинди. Аёл қизини кузатар чоғда, кўзлари ёшга тўлиб, хўрсиниқлар бўғзини тутганида, Самад чол елкасидан тутиб далда бўлди:
- Ҳамида қизим, куйинма, мен қизимдан ваъда олганман, Хуршидахон она қизимнинг кўзидан томчи ёш чиқса, ундан рози бўлмайман. Сен эса, ёлғиз қоламан, деб ўкинма. Келаси йил шу пайтда невара кўрсанг, қизингнинг тўнғич боласи сенинг фарзандинг бўлади. Агар унгача Яратган омонатини олса, бу қизим билан куёвимга, неварамга қиёмат қарз васиятим бўлади!..
Орадан уч йил ўтиб, Ҳамидахон невараси Шоҳрухбекни ўзи билан бирга олиб келди. Аёлнинг кемтик бағри яна тўлиб, осмонида орзу юлдузлари чарақлай бошлади...

Рухшона ФАРРУХ

 

 

 

Ҳозир сайтимизда 135 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ