1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Сиздайини топмадим...

 

 

 

Фазлиддин  дўсти Самарнинг ишхонасига қўнғироқ қилмоқчи бўлиб, рақам терди. Ҳар сафар гўшакдан ўртоғининг дағал, савлатли овози эшитиларди, бу гал қиз боланинг мулойим, қўнғироқдек жарангдор товуши келди:
- Алло, ассалому алайкум.
- Ваалайкумсаалом, кечирасиз... менга Самаржон керак эдилар..- Фазлиддин даставал бу гўзал товушдан эсанкираб қолди-ю, кўп ўтмай ўзини қўлга олиб, дўстини сўради.
- Кечирасиз, бу ерда унақа одам йўқ. Сиз бошқа жойга тушдингиз. Хўп, хайр.- Фазлиддин бу жойнинг қаерлигини сўрашга улгурмай, қиз хайрлашиб гўшакни жойига илди. Йигит бир муддат мулойим овоз сеҳридан маст бўлиб, ширин энтикиб қўйди ва қайтадан рақам териб, дўсти билан боғланди. Салом аликдан кейин, олдинроқ унга қўнғироқ қилмоқчи бўлиб бошқа жойга тушганини, овози ниҳоятда чиройли бир қиз гўшакни кўтарганини айтди.
- Ҳа, сен мактабга тушган бўлишинг мумкин. Бир мактабнинг телефон рақами билан менинг хонамдаги телефон битта сонда фарқ қилади. Ўша мактабга қўнғироқ қилмоқчи бўлганлар ҳам менга тушиб қолишади. Аслида  нечанчи мактаблигини ҳам ўша адашиб тушганлардан билиб олганман. Ҳа, хўп, уни қўй, нима янгиликлар? Бир улфатчилик қилмаймизми-а?
Фазлиддиннинг қулоғига дўстининг гаплари деярли кирмас, хаёлларида ўша мулойим товуш, жарангдор овоз қайта-қайта янграётган эди. Жўрасига нима деди, нима қўйди тузук-қуруқ фаҳмлаёлмади-ю, шошилганча хайрлашиб, гўшакни жойига қўйди. Бир кўнгли ўша рақамга қайта боғлангиси келди, бир кўнгли истиҳола қилди. Қайта-қайта гўшаккка қўл юбориб, қўлини тортди. Тассаввурида гўшакдан таралган овоз соҳибасининг суратини акс этттира бошлади. Унинг назарида чорак соатлар олдин унинг қўнғироғига жавоб берган қиз ниҳоятда гўзал, ўрта бўй, дуркун танаси ўзига ярашган, ой каби тиниқ юзларига қуюқ киприкларининг сояси тушиб, қирмизи ёноғидаги бир дона  холи қараган кўзни шайдо қиладиган даражада гўзал. Йигитнинг кўнглини рашк ўртай бошлади: ”Самар,  менга қўнғироқ қилмоқчи бўлганларнинг кўпчилиги унга тушиб қолади, дедими? Ўша қўнғироқдек мулойим, дилга ажиб ҳислар титроғини уйғотгувчи овозга маҳлиёлар ҳам талайгинадир?!.. Бўлса бордир, менга нима? У қизни кўрмаган бўлсам, танимасам. Балки бировнинг севган ёридир у. Балки аллақачон турмушга чиққан, эри, фарзандлари даврасида бахтиёр юрган аёлдир. Ҳа, бўлиши мумкин, мана ўзимизда ишлайдиган Севара опа, ўзи нақ етмиш кило пахта солинган қанорга ўхшайди, аммо телефонда овозини эшитган одам, худди ўн олти яшар қиз билан суҳбатлашгандай овозига мафтун бўлади-қолади. Уям шунақалардандир-да...” Бир бошида минг хаёл чувалашар, гарчи кўнгли, нотаниш овознинг қиз болага, жуда кўҳли қиз болага тегишли эканини ҳис этса-да, барибир аллақандай қарама-қарши хаёллар юрагини ўртар, ўз-ўзидан қўли ишга бормай,  у билан гаплашгиси келаверарди...
*                         *                    *
Фазлиддин  қўшни вилоятдан келиб уларнинг шаҳрида Университетда ўқиётган, дарсидан кейин  мактабда лаборант бўлиб ишлайдиган Нодира билан шу тариқа танишган эди. Телефондаги узундан узоқ суҳбатлар, хаёлан бир-бирининг кўнглидаги туйғуларни ўқиш, кўзлар учрашмай туриб дилларнинг талпиниши ва Фазлиддиннинг ўтинишлари самараси улар учрашишга келишишди. Нодира жуда хаёлпараст, самовий қалб эгаси бўлгани учунми, ҳар гал  Фазлидиннинг хаёлига келмаган бир таклифни айтиб  йигитни лол қолдирарди. Учрашув борасида ҳам  шундай бўлди: Нодира ўша пайтлари анча машҳур бўлган бир ҳофизнинг пойтахтда концерт бераётганини айтиб, агар Фазлиддин истаса, ўша концерт олдидан Тошкентда учрашишларини айтиб қолди. Йигит аввалига бу ғалати таклифдан ҳайрон бўлган бўлса-да,  қизнинг феълини яхши билгани учун индамай таклифни қабул қилди. Келишувга асосан улар  концерт бўладиган бино яқинидаги хиёбонда, тадбирдан бир соат олдин учрашадиган бўлишди. Ўшангача йигитнинг хаёлида минг бир ўй чарх урди. Бир хаёли, қизи тушмагур, бирор дугонасига мени йўлиқтириб боплаб кулги қиладими, деса, яна бир хаёли, Тошкент-Самарқанд қилиб юраманми, шундоқ факультетига ёки ишлаётган мактабига бориб кўриб кела қолсам-чи, деб ўйларди. Аммо Нодиранинг:
- Агар мактабга ёки ўқишимга мени излаб борадиган бўлсангиз, умуман сиз билан гаплашмай қўяман. Қаттиқ ранжитасиз, мени, - дегани эсига тушиб, ноилож ўша  ҳофизнинг концерт берадиган кунини интизорлик билан кута бошлади...   
Ниҳоят орзиқиб кутилган учрашув кунлари етиб келди.  Фазлиддин  эрта тонгдан сафар ҳаракатига тушди. Соқол олаётиб хаёлнинг минг бир туйнугига бош суқиб чиқди. Негадир оёғи ҳам ўша сафарга тортмайроқ турди. “Бормайин қўйсам-чи? Бирор ишим чиқди, дейман... Йўқ, ёлғончи экан, деб мендан кўнгли қолса-чи? Ваъдага вафо қилиш керак. Нега бунақа бўляпти менда?! Ахир уни ҳали кўрмаган бўлсам. Уни ўйласам чап томонимга санчиқ киради, юрагим борлигини ҳис этаман. Нодира... Наҳот уни бир бора кўрмай туриб, севиб қолган бўлсам?!...”
Фазлиддин йўлга чиқди. Йўл бўйи турфа хил хаёллар исканжасида келган бўлса-да, манзилга етган сари юраги энтикиб, анчадан бери дийдорига зор юрган қадрдони  ҳузурига ошиқаётгандек борлиғини алланечук ширин ҳаяжон эгаллади...
Белгиланган жой. Айтилган вақт. Фазлиддин ён-верига аланглаб, тасаввурида суратларини чизган ўша малакни қидиряпти. Ҳали концерт бошланишига ваҳли эканига қарамай, қўл ушлашиб олган йигит-қизлар, тўп-тўп бўлиб писта, музқаймоқ, бодроқ кабиларни эрмак қилаётган ёш-яланглар, эр-хотинлар, умуман  концертга тушиш орзусида келганлар санъат саройи атрофида юрибди. Бир пайт оппоқ кийим кийган, сочлари сарғишга мойилроқ, ойдин юзли, қош-кўзлари қора, тўлагина қомати ўзига хўп ярашиб турган бир қиз Фазлиддиннинг қаршисига келиб жилмайган кўйи қўл узатди:
- Ассалому алайкум, сиз Фазлиддин акасиз-а? Мен Нодираман.
- Ваалайкум салом...- йигит кўз ўнгидаги сулувга ҳайрат ила тикилган куйи унинг оппоқ, момиқ қўлларини сиқиб қўйди. Қиз худди ўзи ўйлаганидек, ҳатто ўйлаганидан ҳам юз чандон зебо эди. Ёноғидаги холи ҳам Фазлиддиннинг тасаввурини ёлғонга чиқармади. Йигит бир муддат бу мутаносибликдан ўзига келолмай турди-да, сўнг нимадир дейиш кераклигини эслаб:
- Яхши келдингизми, Нодирахон?-деб қўйди. Салом-алик, ҳол сўрашлардан кейин ўз-ўзидан суҳбатлари қовушиб кетди. Мажнунтол остидаги мармар зина уларга ўриндиқ вазифасини бажарди. Икковлашиб ўша зинага ўтирволиб, дунёнинг у бурчагидан, бу бурчагигача хаёлан сайр қилишди. Гурунгга шунчалик берилиб кетишларидан ҳаттоки, Нодиранинг бир дугонасига илтимос қилиб, олдирган билетлари ҳам унутилди.  Концерт бошланиб, одамлар кириб кетишгач оралари яқин бўла туриб, айнан Тошкентда кўришганларини, ишлаётган мактабига, ўқишига излаб боришга рухсат бермаганининг сабаби  билан қизиқди. Қиз бироз жим турди-да, кутилмаганда бошини Фазлиддиннинг елкасига қўйди:
- Фазлиддин ака, биласизми, танишганимизга эндигина ўн кун бўлди-ю, бир-биримиз учун ўн йиллик қадрдонлардек яқин бўлиб қолдик.  Биласизми, мен ҳали бирорта йигит билан бунчалик яқин муносабатда бўлмаганман. Сиз билан танишган илк кунданоқ кўнглимга яқин инсонни учратганимга амин бўлдим. Сизни-ку билмадим, аммо мен шу ўн кун ичида анча нарсани ўргандим. Кўп нарсани... – Фазлиддин қизнинг гапларини эшитаркан, юраги энтикиб секингина сўради:
- Нималарни ўрганганингизни билсам бўладими?
- Вақти келиб билиб оларсиз...- Қиз маъюсгина жавоб қилди.- Хуллас, Фазлиддин ака, мен ўқишимни ўзимизнинг вилоятга кўчирдим. Энди у мактабда ишламайман. Шунинг учун ҳам мени излаб боришингизга рухсат бермадим. Мен ҳақимда кимларгадир нотўғри хаёллар уйғонишини истамадим. Кетганимдан сўнг, “ҳа у қизми, э, ўзи сал  бундайроқ эди”, дейишларидан қўрқдим...- Йигитнинг кўксига бир лахча чўғ тушгандай юраги ловуллаб кетди:
- Нега кетасиз? Нимага ўқишингизни кўчирдингиз?
- Билмадим. Тўғриси ўзимизнинг вилоятда икки йил шу факултетга киролмагандим. Сизларнинг шаҳрингизга боргандим, омад кулиб боқди. Дугоналарим, яқинларим,  опам, укам ўзимизнинг вилоятимиздаги Университетда ўқишади. Э, қисқаси ўқишимни  ўзимизга ўтказиб олдим-да...
Улар анча гаплашиб ўтиришди. Кейин қиз бугун дугонасининг  квартирасида қолиб, эртага уйига кетишини айтди. Фазлиддин эртага ишга чиқиши керак эди. Ҳозироқ ортига қайтиши кераклигини билдирди. Хайрлашаётганларида йигит хиёл эгилиб, қизнинг тип-тиниқ юзидан бўса олди. Кейин ёшланган кўзларини қизга кўрсатмасликка тиришиб, орқасига шарт бурилди-да жўнаворди. Ортига қарашга юраги бетламай нам киприкларини артганча таксилар тўхайдиган жойга қараб кетаётган Фазлиддин, ортидан ўксиб-ўксиб йиғлаганча термулиб қолган Нодирани пайқамасди...
*                 *                        *
Ўша учрашувдан кейин икковлари ҳам бир-бирларига тамоман боғланиб қолишганини ҳис этишди. Орадан икки ойча вақт ўтиб Фазлиддин қизни излаб у яшайдиган вилоятга борди. Кичкина қаҳвахонда дийдорлашиб, ортига қайтди. Ундан кейин яна бир неча бор учрашишди. Негадир ҳар сафар учрашувдан қайтаётганида Фазлиддин кўз ёшларини тиёлмас, ҳар гал Нодира билан хайрлашаётиб, энди тез-тез келаман, учрашув онлари бунча узайиб кетмайди, деб аҳд қиларди-ю, барибир нимадир бўлиб кўришишлари  яна олислаб кетарди...
Охирги сафар учрашганларида Нодира уни ёшли кўзлари билан қаршилади. Алақ-жалақ тушларидан чўчиб, севганидан хавотирланиб у томонга ошиққан Фазлиддин, қизнинг гапларини эшитиб тахта бўлиб қолди:
- Фазлиддин ака, энди бошқа учрашмаймиз.... Мени унаштириб қўйишди... Ахир иккимиз ҳам бу ҳақиқатни билар эдик-ку! Иккимиз ҳам масофа узоқлиги боис айрилишимизни билар эдик, шунақами? Энди бир-биримизга бегонамиз. Мен сизни бир лаҳза ҳам унутмайман! Худодан ҳамиша бахтингизни сўрайман! Агар Аллоҳ ёрлақаб, ўғил фарзанд кўрсам албатта сизнинг исмингизни бераман. Майлими?
Фазлиддин севгилисининг кўзларига қараб фақат ёш тўкди. Тўғри, у ҳам бу ҳақиқатни биларди; улар кун келиб айрилишларини, ота-онаси ўғлини ҳеч қачон узоқдан уйланишига рози бўлмагани каби, Нодиранинг ҳам ота-онаси қизини бошқа вилоятга узатмасликларини биларди. Гарчи бир-бирларини жон қадар севиб, ардоқлашса-да, ҳеч қачон икковлари ҳам турмуш қуриш борасида ваъдалашмаган эдилар. Аммо... Фазлиддин Нодиранинг хаёли, унинг муҳаббати, садоқати билан яшаб юрган кезлари кун келиб ана шу аччиқ ҳақиқат олдида забун қолишини ўйламаган экан...
Кўз ёшлар ёмғири остида хайрлашишди. Хаёлларда дийдорлашишга, тушларда висол шаробидан қонишга, Маҳшар куни албатта бирга бўлишга аҳдлашиб хайрлашишди. Сўнг... иккиси ҳам ўз йўлларида давом этишди.
Фазлиддин ваъдасига вафо қилди. Ўша изтиробли учрашувдан кейин Нодирани безовта қилмади. Унга бахт тилаб, хаёлларида дилдан суҳбатлашиб юраверди. У тенгилар, дўстлари, жўралари бирин-кетин уйланиб фарзандли бўлишди, аммо негадир Фазлиддиннинг ҳеч уйлангиси йўқ эди. Ота-онаси зўрлаб, койиб- уришиб  ҳали у қиз билан, ҳали бу қиз билан учраштирар, Фазлиддин эса, учрашаётган қизларидан Нодирадан топганларининг юздан бирини ҳам тополмас, йиллар эса шафқатсиз вақт қиличи остида югуриб ўтаверарди. Ана шундай шошқалоқ йиллар Фазлиддинни ўттиз бешга етаклаб қўйди. Ҳали ҳануз у бўйдоқ, тенгини топмади. Баъзан тенг-тўшларининг аёли, болаларини кўрса юраги энтикиб, кўз олдига  Нодираси келади. “Ҳозир боласи улғайиб кап-катта йигит бўлгандир. Исмимни қўймоқчи эди, қўйганмикин?..”  Уни олисдан бўлса ҳам бир бор кўришга чоғланар, аммо севгилисига берган ваъдасини ўйлаб, қароридан қайтар эди. Умри соғинч ва интиқлик билан ўтиб кетаяпти...
*                           *                                    *
... Мармар зинада ўтириб, на ҳавонинг, на ўтирган жойининг захлигини сезмаётган, кўз ёшларини селоб оқаётган  эркакнинг нимасидир ўткинчи аёлга танишдек туюлди. Эркак бошини кўтармай пиқ-пиқ йиғлар, аёл ўзига “тегишли” бўлган, деярли ҳар куни келиб, шу жойда, шу жой билан боғлиқ ширин хотираларини эслайдиган маконда бошқа эркакнинг йиғлаётганига ҳайрон қолди.
...- Кечирасиз... Ҳалиги сизга бирор нима керак эмасми?- Аёлнинг тилига  амаллаб келган жумла шу бўлди.Шу пайт аччиқ-аччиқ йиғлаётган киши бирдан жим бўлиб қолди-да, секингина бошини кўтариб аёлга қаради:
-Нодира!? Сиз!?
-Фазлиддин ака!? Фазлиддин ака!? Наҳотки...- Эркак ўрнидан туриб аёлга ҳайрат, қувонч, ҳаяжон ва соғинч тўла кўзларини тикди:
- Бормисиз, Нодира, бу ерларда...  бу ерларда нима қилиб юрибсиз? Мен сизни жуда соғиндим... Кўргим келди... Тез-тез  шу ерга келиб тураман, сизни кўргандай бўламан. Дардларимни, гапларимни тўкиб солиб яна ортимга қайтаман.
- Бу ер менинг доимий келадиган гўшамга айланган, Фазлиддин ака.- Энди аёл ҳам йиғлаётганди.- Ҳар куни шу ерга келаман. Икки марта . Эрталаб ишга бораётганимда ҳам, келаётганимда ҳам бу ерни албатта зиёрат қиламан...
- Сиз Тошкентда ишлаяпсизми?
- Ҳа, Фазлиддин ака. Тақдир насиба шу ерларга тортди. Ишлаб юрибман...
- Болаларингиз нечта бўлди? Ўғлингиз борми?
- Йўқ...-Аёл мунгли кўзларини четга олди. –Мен билан унаштирилган йигитнинг севган қизи бор экан. Тўйдан олдин ўша қиз билан қочиб кетди. Мен иснодига чидаёлмай Тошкентга келдим. Етти йилдан бери шу ердаман...
- Нега мени топмадингиз?! Нега хабар бермадингиз? Мен шунча пайт оилангизга  халал бермай деб сизни изламагандим..
- Нима кераги бор, Фазлидддин ака, ахир сиз ҳам оила киши бўлсангиз. Турмушингизга аралашиб қолишнинг нима кераги бор? Тақдирим шу экан, чидаб, яшаб юрибман...
- Нодира, Нодира.. Эҳ, сиз... Ахир мен оила қурганим йўқ! Сиздайини тополмадим! Юрагимдаги муҳаббат, соғинч билан яшаб юрибман, ягонам!- Аёл бошини кўтариб қаршисидаги эркакка қаради:
- Чинданми, Фазлиддин ака?- Эркак тасдиқлагандай бошини ўйнатди-ю, севгилисини бағрига тортди...
Атрофни поклик ва беғуборликка ўраган ўрик гуллари узоқ айрилиқдан сўнг топишган севишганлар ишқини куйлаб рақс тушаётгандек, ошиқ-маъшуқлар боши узра чирпиррак ўйнай бошлади...

Фарзона АЗИЗ

 

 

 

Ҳозир сайтимизда 62 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ