1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Ақлдан адаштирмасин

Айтишларича, инсоннинг вужудида икки хислат- раҳмоний ва шайтоний хислат мудом курашиб яшар экан. Иродасиз, бесабр кишилар шайтонга қул бўлиб, бардоши тоғларни йиққулик  инсон эса раҳмоний фазилатлари билан юксалар экан. Қизиғи, менга бундай гапларни ҳеч ким ўргатмаган. Ўттиз беш йиллик ҳаётим, ўн беш йиллик турмушим мобайнида ўзим англаб етдим. Қаердадир  “Инсон ўзига зарур бўлган ҳақиқатни ўзи англаб етмаса, унга бошқаларнинг тушунтириши бекор” деган гапни ўқигандим. Жуда тўғри айтилган экан. Мен ўзимга нима яхши, нима ёмонлигини, қайси йўл тўғрию, қайсиниси нотўғри эканини ҳаётнинг нотекис йўллрида юриб, йиқилиб, тепиниб, қоқилиб туриб билдим. Шукрки, Тангрим тақдиримда адашиш, хатога йўл қўйишни қисмат қилмаган экан. Зотан, аёл хатоси кечирилмайди!
Тиббиёт коллежини тамомлаб, туман касалхонасига ишга жойлашдим. Шу ерда фаррошлик қиладиган жамоадошимизнинг менга назари тушиб, уйимизга совчиликка бордилар. Иккита ўғиллари бор экан, каттасига касалхонамизнинг терапея бўлими врачини келин қилган эканлар. Уйдагиларга маъқул келди, чоғи, жамоадошимизнинг ўғиллари билан учрашиб кўришимни айтишди. Хуллас, тўй бўлди. Қайноғам ҳам, хўжайиним ҳам ҳеч қаерда ишламас, уйда мол-қўйга қараб юришарди. Овсинимнинг иккита боласи бор, қачон қараманг уйида етишмовчилик, йўқчилик важидан жанжал, зиддият. Мен узатилаётганимдаёқ куёвимнинг ҳеч қандай иши йўқлигини билардим ва ўзимни шу ҳаётга мослаб келинликка қадам қўйгандим. Шу боисдан ҳам тақдирга тан бериб яшайқердим. Ўзим ҳам жуда ўзига тўқ, ҳамма нарсаси бадастир оилада ўсмаганман, ота-онам меҳнат қилиб, бирга жавлон уриб рўзғорнинг камини бутлашга тиришишарди.
Хуллас, уч йил орасида иккита фарзандли бўлдик. Болали бўлгач кишининг орзу- ҳаваслари ҳам фарзанди билан боғлиқ бўлиб қолар экан. Энди дадасининг фақат уйда мол боқиши, менинг ҳамширалик қилиб топадиган маошим рўзғорга етмай қолди. Эримнинг ўзидан бирор бир жўяли маслаҳат чиқармикан, деган ўйда уларнинг оғизларини пойладим. Бу орада қайноғам уч-тўртта маҳалладош эркаклар билан Россияга ишлагани кетадиган бўлди. Эрим ҳам улар билан борадиган бўлди. Аввалига ваҳимага тушдим. Эри хорижда ишлаётган аёллар ҳақида одамлар оғзида ҳар хил гаплар айланишини эшитгандим. Ўша гап-сўз, миш-мишларнинг бири рост бўлса, юзтаси ёлғондир балки. Аммо одамзоднинг феъли ғалати бўлади: рост гапга ишонмайдию, ёлғон гапга жуда тез ва осонгина ишонади. “Худо кўрсатмасин мен ҳақимда ҳам шунақанги ғийбат миш-мишлар тарқалиб кетса, нима қиламан?” қабилидаги ваҳимали ўйлар дастидан оромимни йўқотдим. Майли, тўғри юрсам, қалтис қадам қўймасам-ку, биров ёлғон бўҳтон қилгани журъат қилмас, лекин болаларнинг инжиқлиги, тарбияси нима бўлади, деб бир хаёлим яна минг хаёлни бошлаб келаверди. Отаси хорижда ишлагани кетиб, онасига қулоқ солмай бебош бўлиб кетган ўғиллар, ёмон йўлга кириб кетган қизлар  ҳақида ҳам гап-сўзлар қулоғимга чалинганди. Менга тинчлик бермаган ўй-фикрларим ўзим билан қолаверди. Эрим қайноғамга эргашиб Россияга кетвордилар...
Иккала ўғли хорижга кетгач, қайнонамнинг ҳам ҳақиқий қиёфаси кўрина бошлади. У икки гапнинг бирида овсиним иккимизга:
—    Болаларимни Россияга ишга жўнатиб юбориб, энди ўзларинг иссиқ уйда оёқларингни узатиб ўтирибсанларми? – деб маломат қиладиган ҳунар  чиқарди. Икки овсин дардимизичимизда. Ўзимиздан ўтганни ўзимиз биламиз. Бунинг устига эрим билан қайноғамнинг Россияга борганига олти ойдан ошиб кетди ҳам на бир қўнғироқ, на бир хат бор. Хавотир ва ҳадик заҳарли илондай чақиб қийнагани бир томон, қайнонамнинг аччиқ-тирсиқ зардалари бир томон.
—    Келин эмас, бошимга бало, болаларимга офат олиб келган эканман. Пулга ўчакишмай ҳар бало бўлгурлар, ўзларинг ўтирибсанлар уйимда, ўғилларим қаерда, кимларнинг юртида хор бўлибб юрибди. Икковингларни ҳам ҳайдаб соламан, менга бунақа келинларнинг кераги йўқ. Ўғилларим соғ-саломат қайтса, уларни онаси ўпмаган қизларга уйлантириб қўяман...
Ьу илон эшитса пўст ташлайдиган гаплар кунда кунора такрорланаверади. Хорижга кетганлардан эса дарак йўқ. Овсиним қайнонамнинг гапларига ортиқ тоқат қилмаслигини айтди. Кўч-кўронини йиғиштириб, болаларини етаклаб онасиникига йўл олди.
—    Эрим келса, мени деса, бориб опкелади, агар онасининг измидан чиқмайдиган хотинчалиш бўлса, ўзи билади. Иккита болани эплаб боқиа оламан,- деди у ота уйига кета туриб.
—    Ундай қилманг, опа, - дедим, овсинимни йўлдан қайтаришга уриниб.- Биз иккимиз, ойижон бир ўзи. Сабр қилсак, бу қийинчиликларни ҳам енгамиз. Ўтмаган кун йўқ...
—    Э, менга керак эмас. Бу фаррошнинг тутуриқсиз ўғлига тоқат қилганим етар. Менга биров раҳмат айтдими?..
Овсинимни уйдан кетказиб ҳам қайнонам тинчимади. Рўзғоримизни алоҳида қилиб қўйишди. Ёш болаларим билан ўзим йиқиламан, ўзим тураман. Ота-онамдан бошқа ҳеч бир одам, “сен қандайсан? Нима муаммоинг бор” деб сўрамайди. Ака-опаларимнинг ҳам ўз дарди, дунёси бор. Замон бировдан нолийдиган ҳолатда бўлмаса... Хуллас, таваккал қилиб яшайвердим. Бошимдан ўтган кунлар ҳозирги кунимда гўё эртакка ўхшайди. Эслаганимда худди қўрқинчли туш кўргандек хотирам сарҳадларида бўй кўрсатади у кунлар. Ҳафталаб уйимда овқат қилиш учун ёғ бўлмасди. Чиққан қиз чиғириқдан нари дейдилар. Ҳамма дардимни ҳам онамга айтолмайман. Айтган билан нима ўзгарарди, улар ҳам мендан минг чандон ортиқ озорланадилар-да. Арзимаган маош оламан, уни ҳам энидан, бўйидан тортиб у ойдан бу ойга амаллаб етказаман. Ҳаммасидан ҳам алам қиларлиси, кўча –куйда эримнинг узоқдалигини биладиган эркакларнинг бошқача қараши. Қўрққанга қўш кўринар, деганларидек бегона эркакнинг бехосдан тушган нигоҳини ҳам ёмон ниятга йўяман. Таниш-билишларнинг “ёрдам керакмасми, болалар билан қийналиб қолмаяпсизларми?” деган саволи худди ёмон мақсадга таклифдек туюлиб, юрак-бағрим эзилиб кетади. Бу орада касалхонада овсиним ҳақида гап-сўз болалаб кетди. Аввалига миш-мишларга эътибор бермадим. Кейинроқ аҳамият берсам, ҳақиқатдан ҳам овсинимнинг юриш-туриши, ўзини тутиши ўзгаргандек.
—    Опа, тинчликми? Акам қайтсалар, бундай гапларни юугртириб юрганларнинг ҳолига вой бўлади. Сиз ўксинманг,- дедим овсиниимнинг кўнглини кўтариш учун. У эса пинагини ҳам бузмади:
—    Мен нима қилишим керак?! Эрим ҳам уёқларда тек юрмагандир. Топиб олгандир битта-яримтани. Мен ўзим учун яшайман. Бу дунёга бир марта келамиз. Қийналиб, қисиниб яшашнинг нима кераги бор?..- Овсинимнинг гаплари ҳам бежо бўлди. Демак, рост экан. Худо уриб қўйибдику буни, дедим ичимд ижирғаниб. Шундоқ ҳам эри хорижга кетган аёлларни одамлар қўлини бигиз қилиб кўрсатади, демак, бекорга эмас экан-да...
Касалхонада овсинимнинг ўзида даволанган бир тижоратчи билан дон олишиб юргани ҳақидаги гап-сўзлар тинай демасди. Ҳатто, ўша тижоратчининг хотини келиб касалхонада беморлар, шифокору ҳамширалар олдида роса тўполон ҳам кўтарди. Одамлар “анвининг овсини, буям овсинидан ўтиб қайга борарди?!” деб қараганга ўхшаб, кўчада юришга, ишга бориб келишга ор қиладиган бўлдим. Ишдан бўшаб, аввалгидан кам маош олсам-да, ишимни қишлоғимиздаги врачлик пунктига ўтказиб олдим.  Ўша кезлари Худонинг каромати билан турмуш ўртоғим қўнғироқ қилиб қолдилар. Жуда қийналганларини,иш, бошпана топгунларича роса азоб чекканларини айтдилар.
—    Энди ишимиз яхши. Ҳар ойда сенга пул жўнатиб тураман. Ишга ҳам чиқма. Кераги йўқ,- дедилар, дадаси хайрлаша туриб. Қайноғамни қайта-қайта сўрадиму, аммо овсинми болаларни олиб кетгани ҳақида индаёлмадим. Эртаси куни эрим яна қўнғироқ қилдилар ва энди негадир овозида шубҳа жаҳл сезилаётганди:
—    Эртадан ишингни йиғиштир. Янгам нега уйдан кетиб қолибди? Уялмайсизларми, биз рўзғоримиз, бола-чақамиз, сенларни деб шу ерларда сарсон бўлиб юрсагу, сенлар уёқда ҳушингга келганини қилиб юрибсанлар эканда! Уятсизлар!
Эримнинг таъналари юрагимни ўқдай тешиб ўтди. Бир кўнглим ундан хафа бўлсам, бир кўнглим акаси учун ўксиняпти-да, деб ўйлардим. Эримнинг айтганини қилиб ишдан бўшаб олдим. Бирор ҳафталардан кейин пул жўнатибдилар. Олдим. Рўзғорнинг кам-кўсти, болаларнинг уст-бошини қилиб, ортганини яхши ният билан йиға бошладим.  
Болаларимни бағримга босиб, иродамга суяниб, Аллоҳга таваккал қилиб уч йил эримни кутдим. Улар жўнатган пулларни тежаб-тергаб, саришталаб йиғиб қўяверди.  Бир куни бағримиз тўлиб дадмиз кириб келдилар.
—    Энди ҳеч қаерга кетмайсиз! Бўлди, болала улғайишяпти, энди менинг кучим етмайди. Ўғил боланинг тарбяисида отанинг ўрни муҳим,- дедим келди-кетдилардан ортиб иккимиз қолганимизда. Сўнг йиғиб қўйган жамғармамни олиб келдим:- Дадаси, мана юборган пулларингиз. Энди бу пулларни бирор мақсадли сарфлашимиз керак. Шундай қилингки, шу пулларимиз бизга ҳам иш ўрини очиб берсин, ҳам турмушимизни ўтказсин. Энди омонатингизни ўзингизга қайтарин, қолганини ўзингиз биласиз.
—    Бу пулларни сизларга рўзғор харажатлари учун юборагндим-ку, ахир?- Ҳайратланди эрим.- Қандай қилиб шунча пул йиғдинг?
—    Ётиб еса тоғ чидамайди, дадаси. Мен тежаб сарфладим. Фақат болаларга уст-бош олдим, рўзғорнинг озиқ-овқатини қилдим холос. Қолаверса, уйда ўтирганимдан бери сигир – бузоқларимизни боқаман. Шундоққина эшигимиздан келиб сут-қаттиғини олиб кетишади. Рўзғор заруратига ўша пулларни етказиб турдлим. Сиз жўнатган пулларни яхши кунга деб асраб қўйгандим-да...
—    Эгни-бошинг бунча юпун? Тўрт  йил олдин кийиб юрган кийимларингни киийб юрибсан-а, онаси? Меҳмонларнинг олдида роса хижолат чекдим...- Эрим койидилар.
—    Дадаси, эри йўқ аёлнинг  атрофида фақат ғаламисларнинг кўзи айланишади-ку. Янги кийим олиб кийсам, одамлар “эри йўқлигида ўзини кимларга кўз-кўз қиляпти” дейишмайдими? Шукур, ўзингиз келдингиз, энди хоҳлаган кийимини олиб берарсиз?- десам, эримнинг кўзларида ёш келди:
—    Мени кечир, Маҳбуба... Уёқларда юрганимда баъзан кўнглимга шубҳа ораларди... Аммо ўша пайтда гумонларга борганим учун энди ўзим уяляпман...
Эрим иккаламиз қишлоқча бизнесни йўлга қўйиб олдик. Ҳозир тўртта сигир соғаман, уйимиз ёнида дўкон очганмиз. Эрим яқин кунларда музқаймоқ, қатиқ-қаймоқ қиладиган цех очмоқчи бўлиб турибдилар. Қайнонам ҳам биз билан, энди тиллари дуодан бўшамайди.
Овсиним эса... Бесабрлик қилиб ўйламай босган қадамининг жабрини тортиб юрибди. Қайноғам билан ажрашишди. Қайноғам эри автоҳалокатда вафот этган жувонга уйланди. Ўғли қайноғамда, қизи собиқ овсинимда қолиб, болалар сарсон бўлди. Инсон ҳеч қачон ақлдан адашмасин, иродаси ожиз бўлмасин экан...

Рухшона Фаррух

Ҳозир сайтимизда 20 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ