1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Мени кечир, БОЛАЖОНИМ...

Болам, кўзлари кўзларимга монанд, сўзларида отагинамнинг саслари яширин, ўғлим. Бу тун яна сени тушимда кўрдим. (Ўзи сени туш кўрмаган куним йўқ ҳисоб). Маъюс нигоҳларинг тўрт томонга илҳақ аланглаб кимнидир излаётган эмишсан. Югуриб-югуриб ҳаллослаб аранг сенга етибман. Бағримга босиш учун сен томон бир қадам қўйиб улгурмасимдан... яна изингни йўқотиб қўйибман, жигарбандим. Ярим тунда уйғониб дарду соғинчингда қақшадим, ўғлим. Дардимга ой шерик бўлди, кўнгил доғларини батарроқ намоён қилиб. Полвоним, Музаффарим, мени кечир болажоним. Онангни айбдор қилмагин. Ахир, ахир мен ҳам бошимга шу мусибатлар тушсин, сенсизликда, фироқингда аввал тоғаларингнинг остонасида, кейин отам тенги инсоннинг уйида изтиробларга асир бўлишни истамагандим-ку, болажоним. Бу дунёда инсоннинг ўзига тегишли бўлмаган нарсалар кўп, болагинам. Тақдиримда шу кунлар бор экан, не қилай, жигарбандим?! Агар билганимда, буваларингнинг истагига қарши борган, не бўлса ҳам отангнинг истамаган, суймаган аёли бўлишга кўнмаган бўлардим. Нима қилай, болажоним, бахтдан умидвор эдим, севгига орзуманд эдим. Аммо истакларим бўғзига пичоқ тортишди. Камига фарзандларимни бирини ота меҳрига, яна бирини она меҳрига зор қилишди. Болам...
...Буваларинг  бир пайтлари яқин дўст бўлишган экан. Фарзандли бўлишгач, шу дўстликларини яна-да маҳкамроқ боғлаш мақсади билан қуда бўлишни ният қилишибди. Вақти келиб даданг иккимиз вояга етиб, оила қурадиган ёшга етганимизда улар бир пайтлардаги ваъдаларини амалга оширишга киришиўди. Ўшанда уйимизга Тошкентдан совчилар келишганида мен қувончдан еттинчи осмонга парвоз қилгулик бўлгандим. Лекин кейинчалик билсам, мен бахтдан бошим айланиб юрган кезлар, даданг бу никоҳга қаршилигини билдириб қийналиб юрган экан... Барибир ота амри — ҳукм! Тўй бўлиб ўтди. Болам, сен ёш бола эмассан, ҳар бир инсон учун, бўй қиз, бўз бола учун чимилдиққа кириш нақадар умидбахш  тилак эканини биласан, ана шу орзу-ниятларим отанг томонидан яксон этилди болам. Мен отангни айбдор қилмоқчи эмасман. Ахир  унда ҳам не гуноҳ? Биз ота-она орзуси йўлида қурбон бўлган эдик, ягонам.  Хуллас, дадангнинг менда кўнгли йўқ эди. Аммо айтишим жоизки, мен уни севардим. Ҳа, дадангни биринчи кўрганимдаёқ севиб қолгандим. У севгига, муҳаббатга муносиб йигит эди. Таасуфки, унинг кўнгил қўйгани, юрагидан жой олган инсони мен эмасдим. Энг оғири ҳам шу эди, ўғлим. Бизнинг айро тушган тақдирларимиз ҳам, сени менга мени сенга интиқ қилган ҳам ана шу, отангнинг менга нисбатан  кўнгилсизлиги бўлди болам.
Опанг туғилганида, “Энди бизни ҳеч ким, ҳеч қачон айиролмайди”, дея қаттиқ ишонгандим. Ва ана шу ишонч менга қайнонам — бувингнинг зуғумларига чидаш учун бардош берди. Кўп ўтмай сен туғилдинг. Ўғил кўрганим бахтимнинг барқарорлигига ишора, деб, Музаффар деб исм қўйдим сенга. Иқболим, саодатим ғалаба қилсин, турмушим зафарларга бой бўлсин, дея ният қилдим... Аммо ҳамиша ҳам орзулар рўёбга чиқавермас экан. Болам, даданг мени хушламагани етмагандай, бувинг ҳам ўтирсам ўпоқ, турсам сўпоқ деб, тинчлик бермай қўйди. Мен хизматларимни миннат қилмайман, қайнонамнинг оёқларини ювардим, қайнсингилларимнинг ич кийимларигача ювардим, ниятим битта — фақат бахтимни, оиламни асраб қолсам бўлди, қанча қийналмай, изтироб чекмай фарзандларим тирик етимликда, кўнгли ярим бўлиб улғаймаслиги учун ҳаммасига чидашга ўзимда куч топгандим. Сен туғилганингдан кейин отанг мен билан умуман яшамай қўйди. У ташқи ҳовлидаги меҳмонхона вазифасини бажарувчи хонада ётиб-турар, гоҳ-гоҳида опанг билан сени кўриш учун бизнинг хонамизга кирарди. Мен ич-этимни ея бошладим. Наҳотки тақдиримда айрилиқ бўлса?! Мен-ку майли, аммо фарзандларимнинг келажаги, қисмати нима бўлади?! Икки бола билан ота уйимга қайтиб бораманми? Қаерга сиғаман?! Укам яқинда уйланган, ота-онам кексайиб қолишган. Энди ҳолим не кечади. Ўйларим, машъум хаёлларим кун келиб ҳаётда акс топди, болам. Даданг ота-онасига:
— Бу уйда ё сизларнинг келинингиз яшайди, ё мен, — деб, уйдан чиқиб кетибди. Ўша оқшом буванг раҳматли алланечук алам билан бошлари эгик, жуссалари ерпарчин бўлиб ёнимга келдилар. Сен эндигина икки ёшга қадам қўяётгандинг. Бирам ширин, бирам дилкаш болача эдингки, қараб-қараб тўймасди киши. Буванг сени қўлларига олиб узоқ ўйнатдилар, мактаб ёшига етиб қолиб, анчагина эсини таниб олган опангни сочларини силаб, алқадилар. Сўнг дилгир қиёфада  менга тикилиб:
— Оқила, қизим, мени кечир, мен нодонни кечир. Сени кўп қийнаб қўйдик. Отангни олдида нима деган одам бўлдим, қизим. Болани ўстираркансизу, кўнглига эгалик қилолмас экансиз. Ўғлим қайсар чиқди болам. Сени ота-онангни яхши кўрганим учун, уларнинг тарбияси менга маъқул бўлгани учун келин қилгандим. Лекин ўзинг кўриб турибсан, бу уйда бахтли кунларингдан кўра бахтсиз, ғамли кунларинг кўп бўлди. Ўзимни айбдор санайман, қизим. Сени мен бахтиқаро қилдим. Энди... ўзингдан қолар гап йўқ. Сен кетишинг керак... Ҳали ёшсан, бахтингни топасан. Энди ажрашмасаларинг бўлмайдиганга ўхшаяпти, — деди.
Ўғлим, йигирма беш ёшли жувон учун бу гапларни эшитиш...осон деб ўйлама. Мен тамом бўлгандим...
Ажрашдик. Минг афсуски ота-онам ҳам шаҳарда катакдеккина уйда укам ва унинг хотини билан бирга яшашарди. Турган гапки уларникига мен ҳам келиб тиқилишим керак эди. Икки бола билан келолмасдим, ўғлим... Келолмасдим. Ноилож сени отангга қолдириб келишга мажбур бўлдим, болам. Онанг ўлсин, шўрпешона, шумқисмат онанг ўлсин, болам!..
Тоғангникида яшай бошладим. Ота-онам ҳаёт бўлганлари билан укам уйланиб, оиламиздаги ҳукмронлик келиннинг қўлига ўтган эди. Опанг бирор буюмга тегиб қолса  ёки болалик қилиб бирор егуликни еб қўйса, ўша куни келин ҳаққоний тўполонни бошларди. Бир неча бор тоғанг хотинини гапига кириб мени калтаклаган. Хўрлаган. Ўғлим, кичкиналигингда ҳар ёзда меҳнат таътили олиб сени кўргани борардим. Отанг уйланган, бахтли яшар, сен бобо-бувинг билан турардинг. Сени кўрсатишсин, сени мендан айиришмасин, деб жоним ҳалак, уйга қайтаётганимда гўё юрагимни Тошкентга ташлаб келаётгандай бемажол, бемадор ортга қайтардим. Яна ўқувчиларимнинг кузги таътилида келиб сени кўриб кетишни режалаганча уйга келардим, ўғлим. Мана сени кўрмаганимга ҳам анча бўлди. Кейинги борганларимда сени кўролмай қайтардим. Чунки илгарилари борганимда менга рўйхушлик бериб кутиб оладиган буванг қазо қилган, бувинг билан даданг эса мени  сенга ёмонлаб, сени кўришимни менга таъқиқлаб қўйишди. Ундан кейин тоғанг билан келинойингнинг зуғумлари жонимдан ўтиб турмушга чиқдим. Ўз-ўзидан  аччиқ ҳаёт мени ташвишларга кўмиб ташлади. Лекин бир зум бўлсин сени унутганим йўқ. Ҳамиша кўксимда соғинчинг гуриллаб турарди болам.
Мана, вақти келиб опангни ҳам узатяпман. Унга  пайғамбарнинг қизларидай бекам бахт, тиллодан тахт, сўрайман. Мен кўрган аламларни, изтиробларни ҳеч бирини кўрмасинки, бунга асло тоқатим йўқ. Унинг тўйида сени кўриш эса... мени бирдан бир орзуим эди ўғлим. Сендан ягона ўтинчим, энди опангни ёлғиз қўйма. Айрилиқнинг тахир томчилари унинг кўзларидан томмасин, ўғлим. Яна бир орзуим — сизларни опа-ука, қадрдон бўлиб юришларингни кўриш. Агар шу ниятимга ҳам етсам, ўлсам бу дунёдан беармон кетаман, болам...

Бухоролик фарзанди дийдорига илҳақ онанинг изтиробларини Рухшона ФАРРУХ оққа кўчирди.

Ҳозир сайтимизда 49 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ