1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Маънавий қашшоқ совчилар

—    Юрагимни зулмат қоплаб, яшашдан умидим қолмаган, - деб гап бошлади таҳририятга қўнғироқ қилиб тушган қиз. - Одамларнинг кўзига қараёлмай қолдим. Бир дунё орзу-ҳавасли қиз эдим. Эндиликда “фотиҳаси бузилган қиз” номини кўтариб юрибман.

— Синглим, ўзингизни қўлга олиб, бир бошдан ҳаммасини гапириб беринг. Кўнглингиз таскин топар.
— Биз оилада беш нафар фарзандмиз. Мен иккинчисиман. Ота-онам ўқитувчи. Ўзим ҳам олий маълумотлиман. Ота-онам билан бирга мактабда ишлайман. Қиз боланинг тақдири — вақт-соати етиб ўзга хонадонга узатилиши керак. Ота-онам тарбиячи бўлганлари учун уйимиздаги муҳит жуда қатъий тартибда эди. Биз опа-сингиллар учун севги-муҳаббат умуман тақиқланган бўлиб, фикру ёдимиз фақат илм олиш, ўқишга қаратилган. Институтда таҳсил олган кезларим мени сўраб совчилар келишди. Ота-онам уларга, «қизимиз ҳали талаба, ўқишни тамомласин, уй тутиш, рўзғор эплашни ўргансин, ана ундан кейин узатармиз. Ҳозир қиз чиқариб, эртага сиз билан унинг камчиликларини муҳокама қилиб юришга тоқатимиз йўқ», — деб оғиз солганларнинг барига рад жавоби беришди. Ўқишни тамомлаб ишга жойлашдим. Онам келаётган совчиларнинг бирига розилик беришимни сўрардилар. Йигит билан учрашдим. Бир-биримизга маъқул келдик. Кўп ўтмай бизни унаштирмоқчи бўлишди. Қудаларнинг ҳар гал келиб-кетишидан сўнг юрагим ғашланавериб, тушкунликка тушиб қолардим.

— Нима сабабдан?

— Сабаби шуки, бизнинг оиламиз ўртача кун кечиради. Жуда ундай ошиб-тошиб ётган давлатимиз йўқ. Ахир, қандай бўлсин ҳам? Мен олти йил давомида шартнома асосида ўқиган бўлсам. Ота-онам ҳам оддий ўқитувчи бўлишса. Мендан кейинги бир синглим ва бир укам ҳам университетда ўқишади. Бизда ортиқча мол-дунё қаердан бўлсин. Бироқ, шу ҳолимизда ҳам ҳеч кимдан кам эмасмиз. Аммо юрагимнинг ғашлангани бекорга эмас экан.

— Нима бўлди?
— Мени келин қилишмоқчи бўлган хонадон аъзолари маънавий қашшоқ, ҳамма нарсани пул билан ўлчайдиган одамлар экан. Бунинг устига, оилага тегишли ҳамма муаммони бир неча йил узатилган катта қиз ҳал қиларкан.

— Йўғ-ей, наҳотки?
— Ҳа. Биз ҳам бу ҳолдан ҳайрон қолдик. Мени келин қилиш бошидан унга маъқул тушмаган шекилли, ҳар сафар келганида, қошларини чимириб, уйимизнинг у ёғ-буёғини кўзлари билан тафтиш қиларди. Ҳатто, бир сафар онамдан, «қуда хола келинимизга атаб олган сандиғингиз, мебелларингиз қани», деб ҳам сўрабди. Уйимизда онамнинг сарполарига қилинган эски бир шифьонердан бошқа мебел дейишга арзирли буюм йўқ эди. Онам унинг саволига, «Худо авваламбор икки ёшнинг бахтини берсин, икковиям ўқимишли, касбу корли, ишлаб олади-да», деб жавоб қилибдилар. Қиз эса лабини буриб, онасига қараб, «туринг, бу ердан кетамиз. Булар бизнинг тенгимиз эмас экан, эртага одамларнинг олдида роса шармандамизни чиқаришади. Ўзи тоғораларимиз ўрнига қайтарган нарсаларини кўриб, бир Худо урган қашшоқ экан-да, деб ўйлагандим. Дарҳол дастурхонни қайтарамиз. Нимага шундай чиройли, ўқимишли қиз шунча пайтдан бери турмушга чиқмаган десам, камбағаллиги учун ҳеч ким олмаган экан-да», деб тоғорасини олиб, онасини олдига солиб уйдан чиқиб кетибди. Нима қилишга ҳайронман. Одамлар фотиҳаси бузилганга бошқача назар билан қарашади. Гўёки уларнинг наздида мен енгилтак қизман...

— Йўқ, йўқ. Асло ундай хаёлларга борманг! Қайтанга, дунёқараши тор, эътиқоди суст, маънавий қашшоқ одамлардан вақтида қутулганингизга шукр қилинг. Худо кўрсатмасин, ўша йигит билан турмуш қурганингизда, опаси оилангизга аралашавериб уйингизни бузиб юбориши ҳам мумкин эди-ку. Қолаверса, зиёли одам ундай кишилар орасида яшашга қийналади. Шунинг учун бунчалик тушкунликка тушманг ҳали ўзингизга муносиб инсонга йўлиқиб, бахтли-саодатли бўласиз. Ўзингиз ҳақингизда ҳеч қачон бундай хаёлларга борманг.
— Раҳмат, сизга...

— Саломат бўлинг.
Афсус, орамизда ҳамма нарсани пул билан ўлчаб, моддий бойликни маънавий бойликдан устун қўядиган кимсалар анчагинани ташкил қилади. Улар ўзидаги тор дунёқараши ва суст эътиқоди билан ён-веридагиларнинг дилини оғритиб қўяди.Таҳририятимизга қўнғироқ қилган қиз шундай кишиларнинг бебурдлигидан озор топган. Айни вақтда тушкунликка тушиб, кўнгли чўкиб қолган қаҳрамонимизга чин юракдан маслаҳат бериб далда бўлишни хоҳлаган муштарийларимизнинг мулоҳазаларини кутиб қоламиз.

ХОНЗОДА суҳбатлашди

Ҳозир сайтимизда 124 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ