1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Опамнинг оиласи бузилмасин

—    Алло, ассалому алайкум. Мен таҳририятга тушдимми? Кишиларнинг дардини эшитадиган мухбир билан гаплашмоқчи эдим.- Телефон гўшагини кўтарган заҳотим қиз боланинг хавотир аралаш жонсараклик билан гапиргани эшитилди.
—    Ваалайкум ассалом. Худди шундай, сиз таҳририятга қўнғироқ қилиб тушдингиз. Сизни эшитишга тайёрман.
—    Опажон, менга ёрдам берасизми? Ҳозир жуда қийин ҳолатдаман. Кимдан ёрдам сўрашни билмай турган пайтимда, сизнинг мақолаларингизни ўқиб қолдим. Илтимос, менга ҳам ёрдам беринг.- Мухлисамиз гаплари тугаб-тугамай йиғлаб юбордилар.
—    Ўзингизни қўлга олинг-да, нима гаплигини бафуржа гапиринг. Йиғи билан бирор нарса ўзгариб қолмайди-ку, сингилжон?
—    Тўғри айтасиз... Узр, ўзимни тутиб туролмадим. Мен опамнинг турмуши бузилиб кетишидан хавотирдаман, опажон. Унинг оиласи бузилиш арафасида. Учта фарзанди бор... Поччам яхши инсон... Ҳозир уларга ўхшаган эркакларни топиш мушкул бўлиб қолди... уларнинг оиласи бузилиб кетса, ота-онамнинг аҳволи нима кечади?..
—    Синглим, ҳаммасини айқаш-уйқаш қилиб ташладингиз. Нега опангизни оиласи бузилади? Оила шундан шунга бузилиб кетадиган нарса эмас. Қолаверса, ундай бўлишидан Худо асрасин...
—    Ҳаммасига қуриб кетгур интернет сабабчи...
—    Э, ҳа, гап буёқда денг... Бу дейман опангиз ҳам “одно деган дажжол”нинг мухлисаларидан экан-да? Хўш, батафсил, бафуржа гапириб беринг-чи, балки ҳали жа унчаликка бормагандир, опангизнинг кўзларини очиб қўйишга имкон бордир?
—    Шояд, опажон, шояд... Опам қўл телефонидан интернетга кириб “одноклассники-ру” танишув сайтида бир йигит билан танишиб қолишган. Йигит ҳам оилали экану, айтишича фарзанди йўқ экан. Опам ҳалиги билан куну тун ёзишади. Ҳатто телефон орқали гаплашиб ҳам туришади. Биз сурхондарёликмиз, опам билан танишган йигит эса водий виллоятларининг биридан экан. Опамга танбеҳ берсам “мени ота-онамиз жуда ёш узатиб юборишган, поччанг орзуимдаги эркак эмас. Ажрашаман, болалар  ҳам бир йўлини топиб кетар. Анвар (ҳалиги однодаги йигитни исми шунақамиш) билан турмуш қурамиз. Одам бу дунёга бир марта келади, кўнглидаги инсон билан яшаганга нима етсин” дейди тап тортмай. Оилали аёлга бу гапларни ҳатто хаёлига келтириш ҳам уят, номус-ку! Авлод-аждодимизда оиласи хиёнат қилганлар ҳатто эркакларда ҳам бўлмаган, аёллар ҳақида гап бўлишику мумкин эмас. Опамни нима жин урди, билмайман. Уни ҳеч йўлдан қайтаролмаяпман. Эртага ҳам ўзини, ҳам ота-онам, оиламизни шармисор  қилмаса эди.
—    Ҳм... Жуда қийин масала... Опангизга бу қилмишининг охири  “вой” бўлишини қатъий тушунтиришга урининг.  Ҳеч тушунтиролмасангиз, йўлдан қайтаролмасангиз унда онангизни ёрдамга чақиринг. Катталарнинг гапига кирар опангиз?
—    Билмасам... Кўзига учта фарзанди кўринмаётган, оиласи шаъни, номуси кўринмаётган аёлга гап уқтириш... Қанийди, Ўзбекистонда шу одноклассник дегани ишламай қолсайди...
—    Қизиқ гапирдингизу... Одамларнинг тасаввури лойқа бўлса, ижтимоий тармоқда нима айб? Ривожланиш маҳсули, узоқни яқин қилгувчи... Тўғриси, сиз каби мухлису мухлисаларимиз кейинги пайтларда ўзлари, яқинлари ижтимоий тармоқлар “асир”ига айланганидан зорланиб тез-тез мурожаат қилишяпти. Ҳар кимнинг ўзига инсоф берсин. Одам ўзлигидан узоқлашмаса, ўзини унутмаса унга ҳеч қандай  маънавий хавф- хатар хуруж қилмайди. Бу нарсалар биласизми, Аллоҳни унутишда! Худодан ҳаё қилмаган банда, унинг бандаларидан  хижолат чекадими? Оилали аёл ва эркакларга танишув сайтларида бало борми?! Бу иллатларнинг ягона сабаби – маънавий таназзулда! Ҳаё кўтарилган кишилардан. Одамлар орасидан ҳаё кўтарилди дегани —  уларни Худо уриб қўйибди, дегани . Сиз айтаётган ҳолатнинг бошқача изоҳи йўқ.
—    Нима қилишга бошим қотган...
—    Опангизга Яратгандан инсоф ва тавфиқ сўранг ва кеч бўлмасидан онангизни бу гаплардан бохабар қилинг. Катталар бирор йўлини ўйлаб топарлар. Юқорида айтганимдек бундай ношойиста ишларнинг сабаби илмсизликда. Илмсиз кишилар ҳар қандай фойдали нарсадан ҳам зиён ясай олишади. Умуман олганда, одноклассник орқали  “топишиб”, “севишиб” юрганларнинг кўпини биламан. Ундайларни нима деб аташни билмайман тўғриси. Оиласиз, турмуш қурмаган ёшлар бўлсаку майли дейсиз.  “Одно”даги  “ошиқ-маъшуқ”ларнинг аксарияти оилали кишилардапн иборатлиги кишининг ғашини келтиради. Нима қилиб бўлса ҳам опангизни тўғри йўлга бошланг.Ҳозир унинг кўзлари кўр бўлиб қолган бўлиши мумкин, кун келиб ҳаммасини англаб етганида кеч бўлган бўлиши мумкин, Худо асрасин...
—    Раҳмат сизга. Албатта, бу гапдан онам ва катта опамларни хабардор қиламан. Балки, улар опамни тўғри йўлга бошлай олишар...
—    Саломат бўлинг.

Хонзода суҳбатлашди

Ҳозир сайтимизда 34 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ