1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

“Ўғлим бошқани дада деяпти...”

—    Ассалому алайкум, яхши ишлаяпсизларми?
—    Ваалайкум ассалом. Раҳмат.
—    Менининг айтмоқчи бўлган гапларим бор эди.- Таҳририятга қўнғироқ қилиб тушган мухлисимиз ийманиб гап бошладилар.
—    Сизни эшитишга тайёрмиз.
—    Йигирма ёшимда ота-онамнинг қистовлари билан уйландим. Хотинимда ҳеч кўнглим йўқ эди. Кўп жанжаллашардик. Зиддиятларимиз, келишмовчиликларимиз ота-оналаримиз ва бошқа яқинларимиз кўп чарчатди. Ҳар кунги уруш-жанжаллар оқибатида оиламиз бузилди... Ажрашиб кетдик...
—    Эссиз... Яхши иш бўлмабди-да. Орада фарзанд ҳам борми?
—    Ҳа... Ўғлимиз бор. Ажрашганимизда ўғлимиз икки ярим яшар эди. Ҳозир тўртинчи синфга боряпти. Кўнглимни ўртайдиган дард ҳам шу ўғлим билан боғлиқ. Ёшликда киши оила, фарзанд қадрини билмас экан. Ёшлигимда ғўрлик қилган эканман, афсуски, ёшликдаги хатоларнинг ҳаммаси ҳам тажриба ошишига хизмат қилмас экан. Хуллас, юрагимдаги энг оғир дард — фарзандим бошқа бировни “дада” деётгани...
—    Сизни тушуниб турибман... Наҳотки, ўша пайтлари ажрашмоқчи бўлганингизда ота-онангизми, бирор катталар сизни тўғри йўлга бошламадилар?
—    Айтдимку, уруш-жанжаллардан ота-онам ҳам безиб кетгандилар. Фақат собиқ қайнона-қайнотам “Болам, бунақа енгил қараманглар, ўртадаги болани ўйланглар” деб кўп тушунтиришга уринишди. Қайда... У пайтларда мен нима қилиб бўлса ҳам хотинимдан ажрашсам бўлди, деган фикрда бўлганман. Энг ачинарлиси  собиқ аёлим бошқа хотинлардек уқувсиз, эпсиз- шудсиз эмасди. Унинг биргина камчилиги – нима десам индамай бошини эгиб тураверарди. Ҳеч қачон ўз фикрини маъқуллаб, ҳақлигини исботлаш учун мен билан талашиб- тортишмаган. Хуллас, ҳеч нарсадан ҳеч нарса туппа-тузук оилам пароканда бўлиб, ўғлим бегонани “ота” деб катта бўляпти. У ўқийдиган мактабни биламан. Бир неча марта бориб узоқдан ўғлимни кузатиб туриб, аламимни ичимга ютиб қайтдим. Баъзан ўғлимга ўзимни билдиргим, унга ҳақиқатни айтгим келади. Аммо яна хавотир билан орқага тисариламан. Ўғлимга дадаси эканимни айтиш билан бирор нимани ўзгартиролмайманку...
—    Тўғри... Ҳақиқатни унга айтадиган вақт ҳам келиб қолар...
—    Ҳа. Ўшанда ўғлим мени кечираса бўлди...
—    Ҳозир турмуш қилганмисиз?
—    Ҳа. Оилам бор. Ажрашганимиздан анча сўнг уйландим. Фарзандларим бор. Хуллас, яшаяпман.
—    Ҳа. Хотиржам бўлинг-да...
—    Биласизми, бир жамоадош дўстим оиласидаги доимий нотинчликдан азият чекади. Унинг бир гапи туфайли мен ўтмишдаги хатоимдан қийналадиган бўлдим. Ўша дўстим бир куни алам билан “Болаларимни ўйлайман-да, бўлмаса бу хотин билан бир соат ҳам яшамасдим. Фарзандларим бошқа бировни “дада” дейишини ўла қолсам ҳам қабул қилолмайман. Хотиним буни яхши билгани учун ҳам ўзини шундай тутади” деганди. Бу гап менга жуда қаттиқ таъсир қилди. Ўзи тирик бўла туриб, фарзанди бошқанинг қўлида тарбияланса... Бу исноддан ҳам баттар экан эркак киши учун...
—    Гапларингиз тўғри. Афсуски, сизга қандай маслаҳат ё тасалли беришни билмаяпман. Ёшликдаги қалтис хатолар кишига умр бўйи жазо беради. Қўнғироқ қилиб дардингизни бўўлишганингиз учун сизга раҳмат. Балки мухлисларимиз орасида ажрашишни хаёл қилиб юрганлар бўлса, изтиробларингизни мулоҳаза қилиб, қанчалик нотўғри қарор қилаётганларини тушунадилар деб ўйлаймиз.
—    Тўғрисини айтсам, ўзим ҳам шу мақсадда қўнғироқ қилгандим. Ажрашиш ҳамма вақт ҳам энг тўғри йўл эмас экан. Айниқса, ўртада фарзанд бўлса, зиддиятлар туғилганда оилани сақлаб қолиш йўлларини излаб топиш керак...
—     “Кимки аёл ҳуқуқини ҳимоя қилса, у бола ҳуқуқини ҳам ҳимоя қилган бўлади, бошқачароқ айтганда — у келажакни ҳам ҳимоя қилади” деган эди француз адиби Виктор Гюго. Ҳар қандай қарорни қабул қилишдан аввал обдон ўйлаш зарур. Ахир кексаларимиз айтишадику, “сўнги пушмон- ўзингга душман” деб. Пушаймонлик азобидан Ўзи асрасин...
—    Сизга раҳмат. Бироз енгил тортдим... Мен қилган хатони бошқа ҳеч ким такрорламаслигини истардим.
—    Саломат бўлинг. Биз ҳам шундай истак тарафдоримиз.

Хонзода суҳбатлашди

Ҳозир сайтимизда 80 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ