1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Уни қандай кечирай?

 

 

 

Таҳририятга баъзан шундай кишилар қўнғироқ қиладики, уларнинг тақдир ҳикояларини тинглаб, ўйга толасан, киши. Маслаҳат тугул, гўшакнинг нарёғида туриб “Илтимос, менга маслаҳат беринг” деётган илтижоли товуш соҳибини нима деб юпратишни, қандай сўзлар билан унга таскин беришни билмай забун қоласан. Маслаҳат сўраб қўнғироқ қилган мухлис ёши улуғ, кўпни кўрган, ҳаёт қозонида тобланган бўлса-ку, масъулиятинг яна-да оғир...
Куни кеча ана шундай онахон муштарийлардан бири қўнғироқ қилдилар. Салом – алик, ҳол сўрашиш ва танишувдан сўнг онахон минг истиҳола билан гап бошладилар:
-    Қизим, сизларга қўнғироқ қилишдан аввал кўп ўйладим, муаммоимни ақл тарозусида хўп тортдим. Шу ёшимда,  ёшларга ибрат, сабоқ берадиган ҳолимда менга маслаҳат беринглар, деб қўнғироқ қилиш чиндан ҳам кишига ярашгулик эмас. Лекин наилож? Буни ҳаёт деб қўйибдилар. Қолаверса, ақл ёшда эмас, бошда, деган гап ҳам бор...
-    Ҳа, ҳақсиз, онахон. Сизни нима ўйлантиряпти? Майли, сиздан анча ёшмиз, ҳаётий тажрибамиз ҳам ҳатто сизнинг ярмингизча эмас. Балки, жўяли маслаҳат бериш қўлимиздан келмас,  ҳеч бўлмаганда сизни эшитиш билан кўнглдош бўлишни уддалармиз?
-    Майли, қизим. Шунисига ҳам раҳмат. Хуллас, ёшлигимдан жуда тиришқоқ, изланувчан қиз бўлганман. Биз ёшлигимизда қишлоқ жойларида қиз болаларнинг ўқиши жуда фавқулодда ҳолат бўлиб, ўқимоқчи бўлган қизларни ота-онаси қайириб ташлар, ўқимишли қизлар ҳақида кўп номаъқул гаплар юрарди. Мактабни битираётганимда мен ҳам ота-онамга ўқиш ниятимни айтгандим, отам раҳматли бир хўмрайиб “Бошқа оғзингдан ўқиш деган гап чиқса, онанг иккаловингни нақ жойингга юбораман!” дедилар. Бўлди, шу! Ҳар куни қон қақшаб йиғласам-да, китобларимни қайта-қайта варақлаб ўқиш билан ўзимни овутар, отам онамни уришмасликлари учун, мен туфайли оиламизда келишмовчилик, зиддият пайдо бўлмаслиги учун ўқиш ҳақида қайта гап очмадим. Ўнинчи синфни битирар битирмасимдан мени унаштириб қўйишди. Ўзимдан бир оғиз сўраш йўқ, гап йўқ. Бизда ҳам катталарга тик қараш, қарши гапириш қайда?! “Сени унуштирдик, мана бу патирдан ол, е” дейишса, жим ўтираверардик. Унаштирилган куним онам раҳматли севиниб-қувониб “Қизим, бўлажак куёв ўқимишли экан. Худога айтганинг бор экан, шаҳарда яшаркансизлар. Худо хохласа, сени ҳам албатта ўқитади” дедилар. Тўғриси, турмушга чиқаётганидан хурсанд бўлган қиз бордиру, аммо менчалиги йўқ эди, ўша кезларда. Ўзимни келинчак қиёфасида, келинлик либосларда эмас – бизнинг пайтимизда келиннинг либоси ҳам парча, крепдешин ва оқ-қора атласдан бошқа нима бўларди- талаба, ўқимишли, зиёли қиз қиёфасида тасаввур қилавериб, кўзларимга уйқу келмасди, жон қизим. Шунчалик ўқишга, илм олишга қизиқишим баланд бўлган экан-да. Хуллас, мен билан унаштирилган йигит бирор марта ҳам учрашувга келмади. Ўша пайтлардаги ғўр ақлим уни менга уйлангиси йўқлигига етмаган экан. Бир ойнинг нари-берисида тўйимиз бўлди. Куёв ёнимда жонсиз ҳайкалга ўхшаб юраверди. На тузук-қуруқ гаплашади, на чеҳрасини очиб муомала қилади. Тўйдан кейин бир ярим ойча вақт ўтиб, куёв яна ўқишига, Тошкентга қайтди. Мен у мени ҳам бирга олиб кетишидан, ўша ерда ўқишга тайёрланиб, мен ҳам келаси йили талаба бўлишдан умидвор эдим. Лекин афсуски у бир ўзи қайтди. Менга совуққина қилиб бир оғиз “хайр” деди-ю кетди.
-    Кейин,
-    Шу бўйи олти ойдан кейин келди. Мен фарзанд кутётгандим. Негадир шу туни куёв келинлик уда эмас, ота-онасининг ёнида қолди. Тонгача улар нималарнидир гаплашиб, тортишиб чиқишди. Онда-сонда қайнонамнинг йиғлагани, қайнотамнинг бақиргани эшитилар,  уйдагилар нимадандир безовта эди. Ухлаб қолган эканман. Куёв кетиб қолибди. Уйғонганимда уй худди азахонага ўхшаб қолган, қайнотам раҳматли “оқ қилдим” деб тинмай қарғар, қайнонам раҳматли эса “қайтиб олинг” деб зорланиб йиғлардилар. Қайнсингилларимнинг гап-сўзидан куёвимнинг шаҳарда бошқага уйланаётгани, у қиз билан бирга ўқиши ҳақида эшитдим...
-    Эҳ...
-    Ҳа, қизим. Бошимда шу кўргуликлар ҳам бор экан. Ақлсиз эканманми ё жуда ёш эканманми, хуллас, бу менинг ҳаётимда ҳам оғир нарса бўлишини, туғилажак фарзандимни отасиз ёлғиз ўзим тарбиялашимни ўйлаб ҳам кўрмабман. Эртаси куни дадам жанжал кўтариб, мени кўч-кўроним билан уйга қайтариб олиб кетдилар...
-    Ҳа, тақдирнинг ишлари-да, хола...
-    Фарзандим- ўғлим туғилди. Хуллас, яшаб юравердим. Фарзанд дунёқарашни ўзгартирар экан, болали бўлиб мен ҳам катта одам бўлиб қолгандим. Совчилар сўраб келишди, турмуш қуришни истамадим. Болам ёшга етиб, боғчага чиқадиган бўлганида ўзим ҳам боғчага ишга кириб олдим. Ўғлим мактабга борадиган бўлганида мен ҳам Тиббиёт институтига ўқишга кирдим. Етти йил кечикиб бўлса-да талаба бўлиш орзуимга етишдим. Ўқишни битирдим, ишга жойлашдим. Ўзим туғилиб ўсган вилоятда шаҳар туғруқхонасида кўп йиллар ишладим. Ўғлимни ҳам ўқитдим, яхши инсонларнинг фарзандини келин қилиб, тўртта неваранинг бувисиман, Худога шукр.
-    Унда нимадан  ташвишдасиз, холажон, Ҳаммаси жойида бўлса...
-    Ҳа, сизга бошимдан ўтган қийинчиликларнинг мингдан бирии ҳикоя қилдим. Шунча машаққатни енгиб, энди бағримга қуёш тегиб, рўшнолик кўраман деб турганимда соиқ эрим остонамда пайдо бўлса, денг!
-    Ҳа, бу одатий ҳол-ку! Турмушига, тақдирига битилган жуфтига ношукрлик қилган кишилар охир-оқибат оиласига зор бўлишади.
-    Ҳа, севиб уйланган хотинидан фарзанд кўрмабди. Ажрашиб кетишган экан анча аввал, Худонинг ишлари қаранг-ки, у аёл фарзандли бўлиб кетибди.
-    Ҳа...
-    Хуллас, ўғлимнинг дадаси ичкиликка берилган, бир аҳвол бўлиб юрибди. Ҳар куни ўғлимнинг йўлидан чиқиб пул сўрар экан. Ҳатто ишхонасигача бориб, пул сўраб жанжалд қилибди. Шундай хўрлигим келди, болалигида аққалли бир марта хабар олмаган боласидан пул сўрашга қандай бети чидади экан?! Ҳовли жойлари ҳам аллақачон укаларининг ҳисобига ўтиб кетган, ота-она вафот этган, у эса ҳеч қаерга сиғмаяпти. Ўғлим отасини жон деб уйга олиб келмоқчию, мендан андиша қиляпти, чоғи. Шунга бошим қотган. У одамни ҳеч кечиролмайман. Лекин ўғлимнинг  қийналишини  ҳам истамайман...
-    Холажаон, сизга наисҳат қиладжиган ёшда эмасман. Аммо кечирасизу, ўғлингизни ўкситманг. Улар уяладилар, дўстлари, қадрдонлари, оилалари, умуман эл-юрт олдида хижолат қиладилар. Сиз бир оғиз бўлса ҳам ўғлингизга оталарини уйга олиб келишни айтинг. Бандаси не-не гуноҳларни қилмайди, Яратган кечиради. Биз ожиз бандалар ким бўлибмиз, ахир? Холажон, ўтмиш ортда қолди... Ўзингиз ҳам ҳаммасини тушуниб турибсиз...
-    Раҳмат, қизим. Ижодий ишларингизда омадлар тилайман. Бир қарорга келишимни осонлаштирдингиз. Миннатдорман.
-    Саломат бўлинг. 
       
Хонзода суҳбатлашди

 

 

 

Ҳозир сайтимизда 28 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ