1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Муҳаммадшокир отанинг уйи

Оиламизнинг Муҳаммадшокир исмли бир қадрдони бўлар эди (Аллоҳ раҳмат қилсин). Бир куни мени шу кишидан хабар олиб келишга юборишди. Ўшанда энди ўн олтига кирган ўсмир эдим, ҳали дунёнинг паст-баландига унчалик ақлим етмас эди. Сўраб-суриштириб, Муҳаммадшокир аканинг уйини аранг топдим. У Наманган шаҳрининг адир қисмида, Шимолий Фарғона каналининг шундоққина ёқасида, шаҳар қабристонига туташ Олтитош деган жойда яшар экан.
Энди у кишининг уйини бир тасаввур қилинг: ерга қапиштириб солинган чоғроққина бир уй-даҳлиз. Томига шифер ёки тунука ҳам ёпилмаган. Дераза ўрнига кичикроқ бир парча ойна деворга қўшиб суваб юборилган.  Устидан кигиз михланган эшик ҳам уйга яраша. Даҳлизда ўчоқ, токчада шамдон чироқ, демак электр, газ деган аср қулайликлари бу хонадонга етиб келмаган. 
Суҳбат асносида Муҳаммадшокир ака ўн беш йилдан буён шу ерда муқим яшаётганини, дўкондан фақат гугурт, туз, керосин сотиб олишини, қолган ҳамма нарсани ўзида етиштиришини, кеч кузда уй ёнидаги боғдан чиққан ҳосилни сотиб, кийим-кечак, рўзғор ашёларининг бир йиллигини ғамлаб олишини  гапириб берганида, гапнинг рости, худди бошқа оламга келиб қолгандай бўлган эдим. Яшириб нима қилай, ўшанда Муҳаммадшокир ака, у кишининг аёли ва икки фарзандига роса раҳмим келган. Маданиятдан, шаҳар қулайликларидан узилиб, мана шундай «ғарибона, фақирона» ҳаёт кечираётганига афсусланганман. Иложсизликданми, ёки бирор касби бўлмаганидан ўзига шундай ҳаёт тарзини танлаган бўлса керак, дея тахминлар қилганман.
Орадан йиллар ўтиб, улғайдик. Ҳаётнинг икир-чикирларига ақлимиз етадиган бўлди. Турли кишиларнинг шоҳона уйларини, фаровон ҳаётларини, ҳисобсиз бойликларини ҳам кўрдик. Ўзимиз ҳам чиройли уйлар қуришга, рўзғорни қулай қилиш учун турли жиҳозлар сотиб олишга, кўпроқ пул топиб, «яхшироқ, фаровонроқ» яшашга рағбат кўрсатдик. Лекин ана шу рағбатлар, дунё шаҳватларига интилишлар кучайгани сайин, ҳаётимиз тобора қулайлашиб-яхшилангани билан турмушимизда, руҳиятимизда нимадир етишмаётгандай, кўнглимиз нимадандир тўлмаётгандай бўлаверди. Бунинг асл сабаби орадан кўп йиллар ўтиб яна Муҳаммадшокир отанинг уйига йўқлаб борганимда аён бўлди. У киши ҳамон ўша тахлитда умргузаронлик қилар, уйининг ёнидан ўтган электр ва газни инкор қилиб, «эскичаси»га ҳаёт кечирар эди. У билан суҳбат қурар эканман, анча кексайиб қолган Муҳаммадшокир  ота турмушидан мамнунлигини изҳор этиб, тинмай Яратганга шукрона айтар, сўнгги соатини интиқлик билан кутар эди. 
Шунда мен анчадан буён йўқотиб қўйган нарсамни топиб олгандай бўлдим. Мен яратилиш фитратимдан, аслиятимдан, оддийлигимдан, қаноатимдан, табиийлигимдан узоқлашиб кетган эканман. Безовта қалбим, хотиржамлик истаган нафсим яна ўша аслиятга қайтишни хоҳлаётган экан. Муҳаммадшокир отанинг аёли дастурхонга келтирган қора тандир нон, бир ҳовуч туршак ва жийда, сопол косада ивитилган қатиқ, олма ва шафтолининг қуритилган гулидан дамланган чой ҳаётимдаги энг тансиқ ва мазали таом бўлганини кейин ҳам узоқ вақт унута олмай юрдим. 
Кейинчалик у кишининг турмуш тарзи қанча-қанча одамларга бир умрли етиб бўлмас армон, ушалмас орзу бўлиб қолгани ҳақида  кўп ўйладим. Ҳовлисига саройларга ўхшаш муҳташам, серҳашам меҳмонхона қуриб қўйиб, бир марта одам тўплаганидан кейин ҳафсаласи пир бўлгач, «кўзимга шунақанги хунук кўриниб қолдики, булдозер опкелиб таг-туги билан буздириб ташласаммикин», деб фиғон чеккан танишимнинг аҳволини кўрганимда Муҳаммадшокир ота эсга тушаверади. Ёлғиз ўғлига атаб икки қаватли, йигирма беш хонали уй қурган бошқа бир танишимнинг «ҳали ўзим иккинчи қаватга чиқиб кўришга улгура олмадим», дея зорланганини эшитиб, Муҳаммадшокир ота хаёлга келаверди. Бойликдан, ҳашамдан, дабдабадан роса тўйган бир арбобнинг «қишлоқнинг энг четига пахса деворли уй қураман, чойдишда чой дамлаб, ўчоқда овқат қилинадиган бўлади», деган орзусини эшитганимда дарров Муҳаммадшокир отани ўйлайман. 
Ана шундай пайтда «Дунёга ўзи нима учун келганмиз, фақат еб-ичишу, башанг кийимлар кийишгами ёки баланд уйлар қуришу хорижий машиналарни минишгами?» деб ўзингга ўзинг савол бергинг келиб қолади. Аммо ҳаёт ҳақида жиддийроқ ўйлайдиган кишилар бу саволларга бошқача жавоб беришади: «Йўқ, фақат булар учун эмас! Тўғри, дунёга келдингми, ҳаёт кечириш учун бу нарсалар ҳам зарур бўлади. Ҳа, улар фақат зарурат холос, ҳаётнинг асл мақсади эмас, ҳамиша интиладиган, ҳамма нарсани унга қурбон қилиб юборадиган орзу-мақсадлар эмас. Парвардигор дунёни инсонларга дунё ҳаётида яшаш баробарида асл дунё учун тайёргарлик кўриш маскани сифатида танлаган». 
Биз дунёга унинг лаззатларига ғарқ бўлиш, неъматларини қўлга киритиш йўлида мусобақалашиш, мол-дунёга рағбат кўрсатиш учун келмаганмиз. Дунё биз учун абадий ватанимизга олиб борувчи йўлдаги бир карвонсаройдир, сафарга отланганлар учун бир қўним жойидир. Йўлдаги мусофирхоналарда жиндай тамадди қилиб олинганидай, бироз ҳордиқ чиқариб куч йиғилганидай, дунёдан ҳам бир йўловчи мусофир каби ўтишимиз керак. Ўша мусофир карвонсаройдаги ҳашам ва  қулайликларга қанчалик бепарво, ошхонасидаги таомларнинг тури ва мазасига қанчалик беэътибор бўлса, дунё ҳаёти ва унинг неъматларига ҳам шундай муносабатда бўлишимиз керак.  
Инсон дунёга келибоқ ўзига омонатга берилган Ер ва унинг устидаги барча нарсалардан фойдаланишга киришади. Ҳақиқатан ҳам дунё ва ундаги нарсалар инсон учун яратилган. Инсон бу замин устида кияди, ейди, ичади, уйланади, бола-чақа орттиради, ибодат қилади, хулласи, не мақсадда яратилган бўлса, шу мақсад йўлида тайёргарлигини қилади. 
Донишмандлар айтишадики, ким ана шу берилган нарсалардан фақат керагини, ўзига буюрилган миқдордагисини олиб ишлатса, у тўғри йўл тутган бўлади ва мақталади. Бордию у ҳожатидан ортиғини олиб, очкўзлик қилса, ёмон йўлга кирган бўлади ва бунинг учун  қораланади.  
Ўзингиз ўйлаб кўринг: бир инсоннинг яшаши учун нима нарсалар зарур бўлади? Яшашга битта маскан, ётгани кўрпа-ёстиқ, кийгани бир, борингки икки сидирға кийим, очдан ўлмаслик учун кифоя қиладиган егуликлар… Хабарларда айтилишича: «Одам болаларининг қуйидаги нарсалардан бошқа ҳеч бир ҳаққи йўқдир: яшайдиган уйи, авратини тўсадиган кийими, ноннинг ўзи ҳамда сув». 
Энди ўзимизнинг турмушимизга бир назар ташлайлик: битта оилага бир уй-даҳлиз кифоя қилгани ҳолда йигирматалаб хонаси бўлган бир неча қаватли уйларни қуриб олганмиз. (Бир танишим яқинда  қўшниларига тақлид қилиб, қурилганига беш йил бўлган яп-янги уйини бузиб бошқатдан қуряпти). Қўша-қўша қишки, ёзлик, баҳорги, кузги кийим-бошлар… Буларнинг кўпи «урфдан қолди», «ярашмаяпти шекилли», «тикувчим бичимини ўхшата олмапти» деган айбномалар билан анчадан буён кийилмай куяга ем бўлиб ётгани ҳам рост гап. Пойабзалимиз ҳам бир неча жуфт: ёзги, қишки, мавсумий, кўчага, уйга, меҳмондорчиликка, маҳси-калиш, этик каби бир неча хил ва кўринишда. Машинамиз ҳам ишга, оилага, дам олишга миниладиган каби хизматларга алоҳида-алоҳида тақсимлаб қўйилган.  
Ўтмишдаги солиҳ аждодларнинг ҳаётлари бугунгидай тўкин бўлмаган. Уларнинг кўплари вафот этишганида  катта-катта қарз, битта қурол, жойнамоз, обдаста, тери пўстак ва бир сидирға кийим «мерос» қолган. Мадинада «Суффа аҳли» деган фақирлар ҳам бор эди, уларнинг уйи ҳам, моли ҳам, бола-чақаси ҳам бўлмаган, масжид ёнидаги суффада яшашган. Уларнинг бирортасида ҳатто чопон йґі эди.  
Машҳур шайхлардан Молик ибн Динор ҳазратларининг бисотларида битта бўйра, Мусҳафи шариф ва кўзачадан бошқа ҳеч нарса йўқ эди. Бир куни бир одам у кишига янги кўзача ҳадя қилди. Эртаси куни эрталаб Шайх ҳалиги кўзачани дўстларидан бирининг қўлига тутқазиб, «Қардошим, шу кўзачани ол, ажибки кеча оқшомдан буён «ишқилиб, кўзачани бирортаси ўғрлаб кетмасин-да», деган хавотир билан юрагим нотинч, беҳузурман», деди. 
Агар  «Илгариги даврларда шундай бўлса, бўлгандир, ҳозир тўкинчилик, фаровонлик замони, ҳамма нарса модда билан ўлчанадиган бўлиб кетган, энди бу тахлитда кун кечиришнинг иложи йўқ-да», деб эътироз билдирадиганлар бўлса, унда ҳозирги кунимиздан мисол келтирай. Эроннинг руҳоний раҳнамоси Оятуллоҳ Ҳумайний хориждаги ҳижратидан Эронга қайтиб келганидан сўнг Қум шаҳрида камтарона бир кулбани макон тутди. Хонанинг бор жиҳози кўҳна бир диван, шолча, Мусҳафи шариф, битта обдаста, жойнамоз ва асо бўлган. Ҳумайнийнинг ўғли «Отажон, сиз Эроннинг руҳоний раҳбарисиз, ҳузурингизга турли давлатлардан мўътабар меҳмонлар келиб туради, ҳеч бўлмаса мана шу диванни янгилаб қўяйлик», деганида, Оятуллоҳ: «Меҳмонлар уйнинг жиҳозларини эмас, Ҳумайнийни кўргани келишади», деб жавоб қайтарган экан.     Бундай мисолларни яна кўплаб келтириш мумкин. 
Шайх Фаридуддин Атторнинг «Мантиқ ут-тайр» китобида «Девонанинг дунё ва охират ҳақида айтганлари» деган ҳикоят бор:

Кимса бир девонадин сўрди савол:
Не эмиш ул икки олам чун хаёл?
Деди: бу икки жаҳон баланду паст,
Қатра сувдир, бор эмас ул, йўқ эмас.
Қатрайи сув бўлди аввал ошкор,
Қатрада акс этди сўнг нақши нигор.
Ҳар неким сув эрди, кўр охир ҳисоб,
Гар темирдин эрса ҳам бўлди хароб.
Борму бир нарса темирдек қаттиқ ул?
Боқ, ўшал ҳам сув била ҳосил бўлур.
Ҳар неким ул аввали сув эрди, бас,
Охири тупроқ бўлиб, топгай абас.
Сувда кўргайму киши сабру қарор?
Сувда тургайму иморат устувор?

Энди инсоният яратилганидан буён бу кўҳна замин устида бўлиб ўтган ишларга ғойибона бир қур назар ташлаб чиқайлик. Одам Ато замонидан буён куррамиз устида не воқеалар бўлмади, кимлар келиб, кимлар кетмади. Дунёни зир титратиб, ҳамма ёқни қонга ботирган саркардаларни ҳам, қудрати ва бойлигининг исига маст бўлиб ҳатто худолик даъвосини қилган ҳукмдорларни ҳам, илмига маҳлиё бўлиб, Ер устини алғов-далғов қилиб юбораман, деган олимларни ҳам кўрди бу курраи замин. Уларнинг орасида Муҳаммадшокир ака каби бир четда, камтарона, ҳеч кимга малоли келмай, Яратганнинг берган кунига шукр қилиб яшаб ўтган одамлар ҳам кўп бўлди. Илм-фан энг чўққисига чиқиб, инсоният ҳатто фазоларни ҳам «забт» этаётган бугунги кунимизда ҳам сайёранинг энг овлоқ гўшаларида – Амазонка ўрмонларида, Тинч океанидаги оролларда ёки Саҳрои кабирнинг кимсасиз қумликларида ҳамон ўрта асрлардаги каби оддийгина, ибтидоий кўринишда, дунё ҳазораси (сивилизатсияси) қулайликларига «иши тушмай» ўтаётган минглаб-миллионлаб кишилар бемалол яшаб юришибди. 
Агар маданият ўчоғи ҳисобланган Лондон ёки Парижда яшаётган бир оврупалик билан Саҳрои Кабирдаги оми саҳройидан «сиз бахтли яшаяпсизми, турмушингиздан розимисиз?» деб бараварига сўраб кўрсангиз, иккови ҳам тасдиқ ишорасини билдиради. Чунки оврупалик ҳам, саҳройи ҳам ўзига берилган умрни яшаб, ато қилинган ризқни еб куни ўтиб турибди. Агар ғарблик қулай ҳаёт тарзи, фаровонлик ва тўкин дастурхонни бахт тимсоли ҳисобласа, шарқлик бадавий саодатни оддий, камтарона ва бировга бўйсунмай яшашда деб билади. Оврупалик илм-фан тараққиёти билан биз инсониятни бахтли келажак сари олиб боряпмиз, деб ўйласа, саҳройи одам «инсонлар тараққиётни жадаллаштирганлари сари эртаси бўлмайдиган кун соатларини ҳам тезлаштиришяпти», деб фикр юритади. Бу мангу тортишувда ким ҳақу, ким ноҳақ, буниси ёлғиз Яратганнинг Ўзига аён.