1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Ихтилоф айбдорлари

Оиладаги тотувликка, оилани чинакам фароғат қасрига айлантиришга кўп ҳолларда қайнона ва келинлар ўртасида пайдо бўлиб қоладиган ихтилофлар, келишмовчиликлар, муросасизликлар раҳна солади. Икки ёшнинг, қолаверса катталарнинг ҳам турмушини оғуга айлантиради. 
Нега қайнона ва келин муаммоси минг йиллардан буён инсонларнинг бошини қотириб келади? Нима учун хилма-хил давлатлар, бутун-бутун халқлар бир-бири билан тил топишиб, аҳил яшаётган бир пайтда бир хонадондаги икки аёл ўзаро муроса қилолмайди, бири иккинчисининг ҳаётини заҳарлайди? Бу ихтилоф абадийми? Унинг не сабаблари, омиллари, сирлари бор? Ана шу ихтилофга барҳам бериб, муросага келиш мумкин эмасми?
Оддий кишилар ҳам, заковатли олимлар ҳам ҳали бу саволларга тўла жавоб топишганича йўқ. Бунинг сабаби – кўпчилик оила, никоҳ, эр-хотин муносабатлари, катталар ва кичиклар «ихтилофи» борасидаги исломий ҳақиқатлардан чекиниб кетган. Ахлоқ-одобдан «эскилик сарқити» деб воз кечиб юборилган. Катталарни ҳурмат, кичикларни иззат қилмай қўйилган. 
Токи ахлоқимизнинг, одобимизнинг азалий мусаффо чашмаларидан сув ичилмас экан, токи оиламизда чинакам муносабатларга – раҳм-шафқат, меҳр-оқибат, ҳурмат-иззат, муҳаббат-садоқат каби фазилатларга қайтилмас экан, бу ихтилофлар, жанжал-можаролар давом этаверади, муросасизлик кучаяверади.
 Бир дўстим «Агар келини билан апоқ-чапоқ яшайдиган, уни ўз қизи қаторида кўрадиган қайнонани топиб берсанг, бошидан сув ўгириб ичардим, оёғидан ўпардим», деган эди. Бу гапга аввал унча эътибор бермаган эдим. Хорижий ўлкаларда, айниқса русларда қайноналар ҳақида кўпгина латифалар ва масхараомуз сўзлар юрганини эшитиб, яна ҳайрон бўлдим. 
Аслида бу ҳам ҳолва экан. Хизмат тақозоси билан «қайнона-келин» мавзуида юзлаб кишилар билан гаплашишга, уларнинг турмуш тажрибаларини ўрганиб, тадқиқ қилишга тўғри келди. Натижалар дилга ғашлик солади: эмишки, оиладаги жанжалларнинг 60-70 фоизи қайнона «шўрлик»нинг айби билан содир бўлармиш. Бу гапларга ишонгим келмаса-да, на илож, рақамлар  ўжар бўлади, дейишади. 
Айтайлик, хонадонга янги келин келди. Уч кун ўтмаёқ у ўзини хизматга уради. Қайнонанинг кўнглини олиш, оила аъзоларига ёқиш, икки ўртада эрини хурсанд қилиш учун субҳи содиқдан ярим тунгача тинмайди. Оғзидан «лаббай», «хўп бўлади», «кечирасиз» тушмайди. Қайнонасини «ойи-ойи»лаб, енгидан кириб ёқасидан чиқади, ўтқазгани жой тополмайди. Қайнсингиллари, қайнинилари ҳақида оғзидан бол томиб гапиради. 
Лекин ўзини минг алфозга солмасин, айланиб-ўргилмасин, барибир қайнонасига ёқмайди. Унинг мулозаматини, тили ширинлигини кўриб қайнона бир ўқраяди: «Илоннинг ёғини ялаган, айёр-да!» Елиб-югуришини кўриб яна хуноби ошади: «Шапилламай ўл, бирам шошилиб уринадики, худди ёв қувгандай». 
Хуллас, ўтирса – ўпоқ, турса – сўпоқ, юрсаям – ёмон, турсаям – ёмон. Нима қилиш керак? Келин бечоранинг гуноҳи нима? Асло тушунолмайди. У ёқда эр бечора ҳайрон. У-бу деса, онаизорнинг дили оғрийди. Демаса, бу ёқда айбсиз бир жувон ноҳақ зулм кўряпти. 
 … Тўйдан бир йил ўтмаёқ, ёш оила бузилиб кетди. Келиндан ноаҳиллик сабабини сўрашувди, анчагача сукут сақлаб турди-да, кейин секингина: «Эр-хотин яхши эдик. Аммо қайнонамлар билан муросамиз келмади», дея олди. Кейин куёвдан уриш-жанжалларнинг сабабини сўрадик. Унинг жавоби қуйидагича бўлди: «Уйланганимнинг тўртинчи ойи эди. Онам бўлар-бўлмасга ҳаётимизга аралашиб, уни заҳарга айлантира бошладилар. Гарчи турмуш ўртоғимни севиб, ҳурмат қилсам-да, уни ҳимоя қилишга ўзимда журъат тополмадим. Ахир онага «сиз ноҳақсиз», деб қайси ўғил айта олади? Жанжал, бақир-чақир тинмай қолди. Хотинимни, десам, у ёқда боқиб катта қилган онам, у кишини, десам, бу ёқда хотиним. Икки ўт орасида қолдим. 
Охири турмушдан файз кетди, можаролар жонимга тегди. Хотинимнинг жавобини бериб юборишга тўғри келди. Уни севиб олгандим, ҳозир ҳам севаман, шунинг учун онам янги келин ҳақида гап очсалар, эшитгим ҳам келмайди. Дадамнинг йўқликлари жуда билиниб қолди, у киши ҳаёт бўлганларида балки онамга тушунтириб, йўлга солармидилар?»
 Келин ўғилга никоҳлаб берилган ва унинг зиммасига фақат эри олдидаги бурчларгина юкланган. Шундай экан, эрнинг ота-онаси, ини-сингилларига хизмат қилиши келиннинг эрга бўлган ҳурмати, муҳаббати туфайлидир, холос.  Шундай бўлгач, уни қул ўрнида кўриб рўзғорнинг ҳамма юкини елкасига ортиб қўйиш, барча оила аъзоларининг истак-хоҳишларини бажартиришга уриниш ёш жувонга зулмдан бошқа нарса эмас. 
Ҳозирги пайтга келиб исломий қоидалар, ахлоқий тартиблар унут бўлаёзган хонадонларда келинга паст назар билан қараш, бўлар-бўлмасга хўрлаш, «хизматкор» сифатида унга рўзғорнинг барча оғир-енгил юмушларини қўш-қўллаб топшириб қўйиш ҳолларининг кўпайгани ҳам шундан. 
Баъзи хонадонларда келинларни эрлари қолиб, турмушга чиқиб кетган соппа-соғ, тўрт мучаси бут қайнсингиллари хизматини қилишга, боласини боқишга, уйига келганида ҳатто овқатини тайёрлаб, кирини ювиб беришга мажбурлаш келинга нисбатан зулм ва бағритошликдан ўзгаси эмас. Бу ишда айниқса қайноналарнинг бемеҳрларча бош-қош бўлаётгани ачинарлидир. 
Ёки бошқа бир оила бекасининг ҳасратларига қулоқ тутайлик: «Турмуш ўртоғим ўз роҳатлари, маишатлари билан бандлар. Туриб-туриб жаҳлим чиқади. Эркакларга қандай яхши! Улар эркин қуш, ҳеч ким билан ҳисоблашиб ўтиришмайди. Ҳафтада  чойхонада қўлбола палов. Таниш-билишлариникида тўй бўлиб қолса, икки-уч кунлаб қолиб кетаверадилар. Ойига бир марта «гап» ўйнашади. Бундан ташқари тез-тез шаҳар четига чиқиб, бошқа шаҳарларга бориб «ҳаво алмаштириб» келадилар. 
Оила-чи? Оила билан мутлақо ишлари йўқ. Нима бору нима йўқ, кимга нима керак – хаёлларига ҳам келмайди. Рўзғорга қарамайдилар. Мен ва болаларим ўзимизни ўзимиз боқишга мажбурмиз. Бир-икки бор қайнонамларга ҳасратимни очдим. Парво ҳам қилмадилар. Қайтанга аҳволимизнинг танглигидан ҳузур қилгандай эрмакладилар: «Қўяверинг, эркак киши-да! Дадангиз ҳам ёшликларида шунақа эдилар, уйга бирорта чўп кўтариб келмасдилар. Рўзғорнинг бутун ташвиши хотин бошимда менинг зиммамда эди. Аёл киши ҳамма нарсага чидаши керак. Бир кун ақли кириб қуюлиб қолар!» 
Ўттиздан ўтган кап-катта киши қачон қуюларкинлар? Кун ора маст-аласт келиб ўринга таппа ташлайдилар, ҳатто болаларни эркалашга, улар билан гаплашишга ҳам тоқатлари йўқ. Масаланинг нима эканини тушуниб ҳам кўрмай, қайнонамнинг «аниқ маълумотлари» асосида кунда жанжал кўтарадилар, ноҳақ ҳақоратлайдилар. Баъзида калтаклайдилар. Тинчим йўқолиб, ҳаётдан ҳам тўйиб кетдим».
Бу бир бечора аёлнинг газетага ёзган арзи-додлари. Унинг айби нима? Эрнинг, қайнонанинг зулмига «миқ» демай чидаганими? Қайнона нега ўғлининг хурмача қилиқларидан хижолат бўлмайди, келинига раҳм-шафқат кўрсатиб, тасалли бермайди? Ўғлини тергаш, яхши бўлишга ундаш ўрнига хотинини хўрлашга лоқайд томошабин бўлиб туради, ич-ичдан пинҳона ҳузурланади? Ахир оиланинг нафақаси, таъминоти эр учун мажбурий-ку!
Бу ҳолни оддийгина қилиб «маънавий қасос» деб аташ мумкин. Бу нимаси дерсиз? Афтидан шундай қайноналар янги келин бўлиб тушганларида ё золим эрларининг ёхуд тошбағир қайноналарининг жабр-ситамларини хўп тортишган. Хизмат ва ҳурмат эвазига улардан ҳақорат ва нафрат кўришган. Алам ва ситамларни чорасизликдан ичга ютишаверган. Юраклари зардобга тўлган, диллари хун бўзлаган. Аммо бирор кимса уларнинг ёнини олмаган, тасалли бермаган, кўнгил кўтармаган. Мана энди унинг ўзи қайнона бўлиб, янги келинга «ҳукмронлик» қилиш имконияти туғилганида ана шу алам ва армонлар «исён» кўтарган, ташқарига ёриб чиққан. 
Бундай қайноналар ўғлининг хотинига қилаётган ширин муомаласини кўриб, ғазабидан кўкариб қолади: «Эримнинг қамчисидан қон томарди, келинлигимда бошимга не азобларни солмаган. Бу сўтак бўлса, хотинчасини еру кўкка ишонмайди, бошидан сув ўгириб ичади. Бунга йўл қўйиб бўпман, чучварани хом санабсанлар!» 
Кейин келиннинг шинам, қулай ошхонада хотиржам уриниб юрганини кўриб яна алами ортади: «Таппи тутатиб, чойдиш қайнатиб роса қийналганмиз. Сувни уч чақирим наридан ташиб келардик. Булар бўлса, тайёр крандан сув олишга эринади, кир юв, десанг, қанча нозу фироқ. Ўлиб бўлдим, бу дангаса келиннинг дастидан». 
Ҳасрат-надоматларнинг чеки йўқ. Гўёки қайнонанинг келинликда чеккан машаққатлари ва азобларига ана шу ҳали она сути оғзидан кетмаган келини айбдордай. Бундай қайноналар «Аллоҳ тақдиримни шундай яратган, шукр қилайин, ҳозирги ёшларнинг бахти бор экан, биз кўрмаган кунларни кўряпти», деб қисматига рози бўлмайди, тақдирига кўнмайди. 
 Она – табаррук, улуғ зот экан, унда нега «она» сўзи олдига «қайн» қўшимчаси қўшилиши билан у энди ёвуз бир кимсага айланиб қолиши керак? Нега келинлар бу сўзни эшитибоқ ранглари ўчади, ғазабга минади? «Келин билан қайнона бир қозонда қайнамас», деб биринчи кунларданоқ душманлик уруғлари сепилиши нечун? Бу тарбия кўрмаганлик, нодонлик, жоҳилликдан бошқа бир нарса эмас. Яхши ниятлар билан келин олиб, кўзининг оқу қораси бўлмиш суюкли ўғлини унга топшириб қўйиб, энди ўша азиз келин билан ёвлашиб, олишиб юриш  оналик фитратига мос тушармикан?