1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Кўча тасодифларга тўла…ми?

Бир куни эрта тонгда бир юмуш билан кўчага чиқдим. Бекатда машина кутиб турсам, «Жигули»сини миниб, маҳалладошим келиб қолди. Мени ва бекатда турган яна бир кишини машинасига таклиф қилди. Миннатдор бўлиб чиқиб олдик. Бир чақиримча юрилгач, асосий кўча билан кесишувчи чорраҳага яқинлашдик. Нариги  йўлдан унча катта бўлмаган тезликда «Нексия» машинаси келар эди. Қоидага кўра маҳалладошим йўл бериб, уни ўтказиб юбориши керак. Лекин бундай бўлмади. Бизнинг «ҳай-ҳай»лашимизга қарамай, у катта тезликда чорраҳадан ўтиб кетмоқчи бўлди ва тўғри бориб «Нексия»нинг ён томонига қарсиллатиб солди.

Ҳаммаси кўз-очиб юмгунчалик фурсатда содир бўлган эди. Иккови ҳайдовчи машинадан тушиб, фалокат кўламини чамалашди, ҳақиқат талашиб, бироз ғижиллашишди. Суҳбат асносида шу нарса ойдинлашдики, иккала ҳайдовчи ҳам норози кайфиятда рулга ўтиришган. Маҳалладошимнинг кекса отаси қариндошникидаги тўйга олиб боришини илтимос қилган. Кеча ишдан кеч қайтган ва уйқуга унча тўймаган ўғилга бу илтимос малол келган. «Нексия» эса раҳбарий ташкилотлардан бирига қарашли хизмат машинаси бўлиб, бошлиқ пойтахтдан келган меҳмонни мусофирхонага жойлагач, ҳайдовчига унинг нонуштасига иссиқ патир ва қаймоқ олиб келишни буюрган. Ороми бузилган ҳайдовчи «каллаи саҳарлаб иссиқ нону қаймоққа бало борми», деб тўнғиллаганича рулга ўтирган. «Тасодиф»ни қарангки, бирорта зоғ ҳам бўлмаган кимсасиз йўлда икки норози ҳайдовчи тўқнашиб туришибди-да! Маҳалладошим умуман «Нексия»ни кўрмаганига қасам ичар, нариги ҳайдовчи эса «Мен «Жигули»ни кўргандим, чорраҳада тўхтаса керак» деган хаёлда ҳатто секинламабман ҳам» ўзини оқлар эди…
Ўша кунги бу кўнгилсиз воқеадан бир неча хулоса чиқариш мумкин. Илк хулоса шу бўладики, инсон эртанги куни уёқда турсин, бир соатдан сўнг, бир дақиқадан кейин, ҳатто бир сониядан сўнг бошига нима келишини билмайди. Агар билганида бирорта машина тугул, ҳатто йўловчи бўлмаган кимсасиз кенг кўчада икки машина асло тўқнашмаган бўлур эди. 
Иккинчидан, ҳар икки ҳайдовчи ҳам норози кайфиятда, ғазабини жиловлай олмаган ҳолда бўлган ва уларнинг бу «исёни» албатта жазосиз қолмаган. Учинчидан, русларнинг «кўча тасодифларга тўла» деган ҳикматига қарши ўлароқ, ҳамма «тасодиф»нинг ортида биз англамайдиган ва кўра билмайдиган ҳикмат, илоҳий ирода яширинган бўлади. Бу ҳолатни тушунмаган, тан олмаган одам ҳаётда қийналаверади, «омади чопавермайди», иши чаппасига кетаверади. 
 Айрим кишилар бошларига иш тушса ҳамма нарсадан нажот ахтаришадию, аммо ташвиш-балони юборган ва унинг ечимини ҳам берадиган Зотдан ёрдам кутишмайди. «Оила» илмий-амалий Маркази мацлумотларига кўра, 2005 йил шаҳар ва қишлоқ аҳолиси ўртасида ўтказилган сўров натижаларига кўра, «Ҳаётингизда чигал муаммоларга дуч келиб қолсангиз, кимга мурожаат қиласиз?» деб савол берилганида: шаҳар аҳолисининг 36,4 фоизи, қишлоқ аҳолисининг 33,2 фоизи ота-онасига, тегишли тарзда 14,3–26,7 фоизи турмуш ўртоғига, 11,5–9,2 фоизи адвокатга, 12,3–19,1 фоизи маҳаллага, 7,3–4,6 фоизи ҳокимият органларига, 5,7–3,0 фоизи дўстларига мурожаат қилишини, қолганлари эса ҳеч кимдан ёрдам кутмаслигини билдирган. Демак, бундан айрим инсонлар барча сабабларни келтириб чиқарувчи буюк Зотдан мадад кутишни ва сўрашни унутиб қўйишмаганмикин, деган хулоса келиб чиқади. 
Юқоридаги рақамлардан кўриниб турибдики, кўпчилик дунёдаги ҳар бир иш, махлуқотларнинг ҳар бир ҳаракати, содир бўладиган барча воқеа-ҳодисалар тақдири азал ҳукмига биноан содир бўлишини, борлиқдаги ҳамма нарсани қудратли Тангри бошқариб туришини унча англаб етмайди. Агар инсонлар бунга жиндай тафаккур кўзи, ибрат назари билан қарашганида барча воқеа-ҳодисалар аллақандай «тасодиф» маҳсули эмас, ғоят дақиқ ўлчов-мезонларга бўйсунган илоҳий амр туфайли рўй беришини тушунган бўлишар эди. 
Содир бўлиши тақдирингизга ёзиб қўйилган ҳодисани, бошингизга келадиган балони, амалга ошиши шарт бўлган ишни  Эгасидан ўзга ҳеч ким тўхтатиб қололмайди.  Инсон қанчалик қудратли ёки бадавлат бўлмасин, мушкулотининг чорасини тополмайди. 
Гоҳида бирор ишни бошламоқчи бўлсангиз, бирор жойга отланаётганингизда ёхуд кимдир бир сабаб билан ҳузурига чорласа, ҳеч юрагингиз чопмайди. Худди қандайдир кўринмас бир куч сизни бу ниятдан қайтармоқчи бўлаётганга ўхшайверади. Шу ишни амалга оширмаслик учун баҳоналар топа бошлайсиз. «Сира оёғим тортмаяпти-да» деб зорланасиз. Ҳеч нарсага парво қилмай ўша ишга киришсангиз, худди атайи қилингандай у албатта рўёбга чиқмайди. Бу ҳам майли-куя, оқибати сиз учун кўнгилсиз тугаши ҳам мумкин. Сафарга чиқсангиз, нимадир сабаб билан ярим йўлингиздан қайтасиз ёки бирор кўнгилсиз воқеага дучор бўласиз. Сиз истамаган киши билан учрашув ҳам сизга бирор яхшилик ёки тасалли келтирмайди. 
Бундай ҳолатларда нима қилиш лозим? Шу ишга оёғингиз тортмадими, кўнглингиз чопмадими, иложи бўлса ундан қайтинг. Агар бу қийин бўлса, сал кейинроққа суринг. Чунки сизни тутиб қолаётган нарса эҳтимол Аллоҳнинг кўринмас фаришталари  «қулоғингизга шивирлаб», сиз учун хайрли бўлмаган ишдан сизни қайтармоқчи бўлаётганидир? Ёки Унинг ўзи сизни катта бир фалокатдан, нохуш оқибатдан асраб қолиш учун қалбингизга илоҳий туйғу солгандир? 
Ҳар ҳолда дунёда ҳеч бир нарса бесабаб, беамр бўлмагани учун ички туйғуларнинг айтганига қулоқ солиб туриш  керак бўлади. Ҳаётда ана шундай пайтларда бепарволик ёки ҳафсаласизлик орқасидан «бор-э, нима бўлса бўлар» қабилида иш тутиб қўйиб, кейин пушаймонлик заҳрини ичиб, надомат тиғига учраб юрганларни кўп кўрдик.
Аммо бу ишда ғулуга кетиш, ҳаддан ошириб юбориш ва шумланишлар ёмон оқибатлар, афсус-надоматлар, кўнгилсиз натижаларга олиб бориши мумкин. Ҳамма ишдан, ҳар бир ҳолатдан ҳадиксирайверсангиз, ҳеч бир ишга юрагингиз чопмаса, катта ва хайрли ишларни бой берган, умрингизни бесамар ўтказиб юборган бўласиз. Бацзилар ана шундай шумланишлар туфайли ҳуркак, лоқайд, тортинчоқ ва фаолликдан қочадиган одамларга айланиб қолишади.
 Мулоҳаза учун эцтиборингизни яна бир фикрга қаратмоқчимиз: яхши биласизки, инсонлар касал бўлишдан ниҳоятда қўрқишади. Касал бўлмаслик учун турли парҳезлар, дармондорилар ахтаришади, бадантарбия, спорт, қуёш ва сув муолажалари каби тадбирларни ўйлаб топишади. Лекин барибир бир куни хасталикка чалинишади. Кўрган барча чоралари йўққа  чиқиб қолаверади. Қаҳва зарар қилдимикин, гўштни кўп еганимиз сабаб бўлдимикин, ҳаводаги микроб туфайлимикин, экологиянинг бузилгани касаллик чиқардимикин, елвизакда турганимиз оқибатимикин, дегандай ўнлаб баҳона-сабабларни топишгани ҳам фойда бермайди. 
Улар оддий бир ҳақиқатни тушунишмайди, тушунишса ҳам тан олишмайди. Касал бўлиш инсоннинг тақдирига ёзилганми, у хоҳласа ҳам, хоҳламаса ҳам барибир хасталикка чалинади. Бежизга халқимиз «Дардни бергувчи ҳам, олгувчи ҳам Худонинг ўзи» деган ҳикматни айтмаган. 
Дарҳақиқат, дунёдаги ҳамма нарса Унинг хоҳиш-иродаси, ихтиёри билан содир бўлади, бир инсонга касаллик бериш ҳам, беморни тузатиш ҳам Ўзининг ихтиёрида. Микроб ва вируслар Яратганнинг кўзга кўринмас «аскарлари», Унинг иродасини амалга оширувчи хизматкорларидир. Энг митти ҳашарот ҳисобланган чивиннинг безгак касали тарқатиб, бутун бир армияни ҳалок қилгани ва тарих ғилдирагини бутунлай бошқа томонга буриб юборганини китобларда ўқиганмиз. 
Ёки «парранда тумови», «қорамол ўлати» каби балолар негадир шунча авайланса ҳам Ғарб ўлкаларига кириб борадию улар хароб ва ифлос санаган Африқода деярли йўқ. Негадир «па-па»лаб, тоза уйларда, тоза кийимларда, тоза овқатлар билан парваришланган боланинг боши касалдан чиқмайдию, чанг-тупроқ кўчаларда ярим яланғоч ўйнаётган бола қўлидаги нонни лойқа сувга оқизоқ қилиб еса-да дард ҳам урмайди.  
 Чин инсоний ахлоқдан, яхши фазилатлардан чекинилган, диёнат ва инсоф унутилган жойларда ҳам хотиржам ҳаёт фақат орзу бўлиб қолиши аниқ. Дунё ҳаётида вақти-вақти билан содир бўлиб турадиган турли бало-офатлар, фалокатлар ҳам айримлар ўйлаганидай, «табиат катаклизми», иқлимнинг ўзгариши, «парник эффекти» маҳсули эмас, балки инсонларни ҳушёр торттириш учун юборилган огоҳлантириш ишорасидир. 
Бунга ҳаётда мисоллар тўлиб-тошиб ётибди. Туркиядаги  шаҳарлардан бирида тўрт қаватли муҳташам тунги клуб бор эди. Унинг томидаги неон чироқларидан ясалган улкан реклама «Сизни ўзга оламларга олиб кетамиз», дея ишратга чорларди. 2001 йили бўлган зилзилада ана шу бинони чин мацнода ер ютди. Ёнидаги масжид ва мактабга, бошқа биноларга ҳеч қандай зарар етмагани ҳолда у томигача ерга кириб кетди. Унинг жимжимадор реклама лавҳаси ер билан баробар бўлиб қолган эди… 
Сайёҳлар кўп келадиган хориждаги бир шаҳарда уларга атаб фоҳишахона очишди. Шаҳар фозиллари ҳоким (мэр) ҳузурига кириб, бу ишнинг қабоҳат экани,  бу ахлоқсизлик туфайли Худонинг ғазабига дучор бўлиниши ҳақида огоҳлантиришди. Ҳоким уларни қолоқликда, ҳаётдан орқада қолганликда, сайёҳлик шаҳар хазинасига катта маблағ келтираётганини тушунмасликда айблаб, хонадан чиқариб юборди. Бир ҳафтадан сўнг содир бўлган кучли зилзила шаҳарни ер билан яксон қилди, анча одам ҳалок бўлди. «Тушунган» ҳоким афсусда қолгандир, деб ўйламанг. У зилзила бўлган куниёқ бола-чақасини олиб Оврўпага жуфтакни ростлаган эди.
Жанубий-шарқий Осиёнинг сайёҳлар учун ишлайдиган,  хорижликларнинг ҳар қандай беҳаёликларига йўл очиб қўйилган минтақаларида 2005 йили содир бўлган, юз минглаб кишининг ҳаётини олиб кетган кучли тўфон, зилзила ҳам ана шундай  огоҳлантиришдан бошқа нарса эмас. Буни бақувват, муҳташам мусофирхоналар, тунги ишратхоналар, дўкон ва томошахоналар ер билан яксон бўлгани ҳолда масжид-ибодатхоналар ҳеч нарса бўлмагандай бус-бутун қолгани ҳақидаги шоҳидлар гувоҳлиги исботлаб турибди. 
Масалан, Индонезияда 106 мингга яқин кишининг ҳаётига зомин бўлган тўфон чоғида деярли барча масжид омон қолган. Мутахассислар уларнинг вайрон бўлмаганига мустаҳкам қурилганини сабаб қилишган бўлса-да, масжидлар ёнидаги пишиқ-пухта қурилган кўп қаватли уйларни тўлқин ер билан яксон қилиб кетган. Худди шу ҳолат бошқа жойлардаги офатлар пайтида ҳам кузатилган эди. Чунки «Бу бало ва офатлар одамлар қилаётган гуноҳ-мацсиятларидан қайтишлари учун, улар қилган айрим гуноҳларининг жазосини торттириб қўйиш учундир».  
Улуғ донишмандлар башорат қилганидай, ўтган йигирманчи аср ҳам, янги бошлангани ҳам инсониятга тинчлик, хотиржамлик, осойишта турмуш олиб келолмади. Ўзларини умумбашарий маданиятнинг, фаровон ҳаётнинг, чинакам инсонпарварлик жамиятининг тимсоли санайдиган Ғарбда турмуш яхшилангани билан у ерлардаги разолат ва зулмлар, жиноят ва гуноҳлар туфайли одамлар хотиржам, хавф-хатарсиз, эртанги кунидан кўнгли тўқ ҳолатда турмуш кечира олмаяпти. Бунинг устига қилмишлари эвазига Худонинг шунақанги балоларига гирифтор бўлишяптики, тинч, осойишта кунлар тобора танқислашиб кетмоқда.