1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Тўйдан тугун ҳавасга, азадан келган тугун-чи?

Болалигимизда қишлоғимизда тўй бўлишини интиқиб кутардик. Сабаби–бувим тўйдан қайтганларида ёш болалар- биз невараларига тўйдан қанд-қурс, ширинлик, хуллас, тўйхона эгалари тугунчаларига солиб юборган егуликларни улашардилар. Ҳали ҳануз олисларда қолган болалигимни соғинч билан қўмсаганимда, ўша бувимнинг бошларидаги тугун ва ундаги тўйхонанинг ҳиди келаётган насиба кўз олдимга келади. Йиллар ўтиб улғайдик. Энди тўй-маросимларга қатнашадиган, маҳалла-куйга аралашадиган бўлдик. Улғайганимиз сари замон ўзгариб борди. Замонга мос дунёқарашимиз, руҳиятимиз ҳам ўзгарди. Ва кунба кун ўзгариб бормоқда. Ҳар турли ўзгаришлар аро энди ўзимиз ҳам ҳайрону лолмиз. Ўзгаришларнинг ижобийларику, майли, фойдамизгадир, аммо салбий томонга ўзгараётган одатлар ҳар турли иллатларни келтириб чиқмоқдаки, кўп таъкидланганидек ортиқча дабдабаю, ўзимиз зараримизга кашф қилган одатлардан яна ўзимиз азият чекаётирмиз. Ачинарлиси, ортиқча кучаниш белни зўриқтираётганини тан олмаймиз... Қизиқ-а? Асли одам боласининг табиати ғалати-да. Осонлаштириш ўрнига ҳаммасини мураккаблаштиришади. Ўзига зулм қилишни яхши кўрадимией, деб ўйлаб қоламан, баъзида айримларнинг ҳатти-ҳаракатларини кузатиб.
Майли, демоқчи бўлганларимдан бироз чалғиб кетдим. Фикрларим ибтидосида бувимнинг тўйдан биз болаларга насиба келтиришлари ҳақида айтдим. Халқимизнинг бундай удумлари замирида албатта, ўзаро меҳр-мурувват, оқибат ва қариндош-уруғчилик, қўни-қўшниилик ришталарини мустаҳкамлаш каби эзгу ниятлар мужассам. Ҳадя меҳр-муҳаббатни оширади, одамларни янада бир-бирига жипслаштиради. Кексаларимиз бир дастурхон атрофида ўтириб, бир қозондан сузилган таомни биргалашиб ейиш билан кишиларнинг бир-бирларига яқин бўлишларини айтишади. Тўй ва тўйга ўхшаш шодиёна маросимлардан насиба улашиш ҳам шундай эзгу ниятлар билан қилингани бешак. Аммо бугунга келиб бу чиройли удумларимизга ҳам кибр, риё, манманлик, дабдаба ва ортиқча чираниш каби нохушликлар аралашиб,  ёқимсиз, кераксиз ва ҳаттоки уялгулик одатларга айланяпти. Оғриқли жиҳати шундаки, тўй қолиб ҳатто аза маросимларида ҳам таъзияли уй эгалари кўнгил сўраб келганларнинг қўлига насиба солинган халта тутқазиб юборишяпти.  Тўғриси, бу антиқа одат пойтахт ҳудудида “расм” экан. Даставвал, бу номаъқул удум ҳақида эшитганимда ишонмадим. Суҳбатдошим қайта-қайта кўнгил сўраб борган таъзияли хонадонидан нон, ширинлик ва пишириқлар, қанд, ҳолва каби тансиқ егуликлар солинган халта билан қайтганини айтган эди, асли пойтхтлик бўлган ҳамкасбимга саволчан тикилдим.
-    Ҳа, шундай одат бор,-деди ҳамкасбим нигоҳларимдан нима демоқчилигимни уқиб.- Ўлик чиққан кунининг учинчи кунида қандайдир маросим қилиб, таъзияга келган аёлларга халтада егуликлар улашилади...
Тавба, энди буниси чиндан ҳам ортиқча, ё нотўғрими?! Ҳам жон, ҳам нон экан-да! Тўйдан насиба улашиш, майли, замирида ҳаммани ҳам тўйга етказсин, деган истак билан қилинар, лекин таъзиядан таом тарқатишдан не маъни?
-    Яқинда бирин-кетин икки жойда таъзига бордик, - дейди Замира исмли аёл,- биринчи борган еримизда қўлимизга халтада иккита нон, ширинликлар, пишириқ ва қанд солиб тутқазишди. Тағин, нонлар ҳам оддий оби нон эмас, катта патир нонлардан. Ширинликлар ҳам тансиқ ва қиммат шоколадлар. Иккинчи жойда эса халталаргатўрттадан патир нон, пишириқ ва ширинликларга қўшиб сомсалар ҳам солишибди.Ҳамроҳларим халтасини ҳайратланмай қабул қилиб олишди, мен эса, биз томонларда бунақа одат бўлмагани учун ҳайрон қолдим. Бу одатни йўқотиш керак, менимча. Ахир таъзиядан олиб келган нарсаларни ким ҳам боласига едиришни истайди дейсиз? Тўғри, ирим диндан эмас, иримчи мусулмон эмас, таомда айб йўқ, аммо ҳар кимнинг кўнгли ҳам таъзиядан юборилган егуликни тортавермайди. Билмадим, барибир тўйдан етаган насибадек ҳавас билан ейилмайди-да... Масалан ўзим икки жойда таъзияга бориб шундай ҳолатга тушган бўлсам, иккала халтани ҳам кўчада тиланчилик қилаётган эҳтиёжмандларга бериб юбордим...
-    Ҳар нарсадан ҳам ёмонлик изламаслик керакмикан, деб ўйлайман,- дейди бошқа бир тошкентлик муштарийимиз.- Сиз айтаётган удум яъни, азага келган аёлларга егуликлар улашишда ҳам ўзига хос маъно бор. Шу таомлардан баҳраманд бўлганлар  ўтганнинг руҳи ҳаққига дуо қилсин, марҳумга кўпнинг дуоси бўлсин деган маънода қилинади бу одат...
Балки, чиндан ҳам шундайдир. Хайрли мақсад, эзгу истак билан халталарга егуликлар тақсимланар. Аммо... Аммо, биродар, ўша яқинининг аза маросимида кўнгил сўровчиларга  қиммат ва тансиқ егуликлар улашаётган валломат, бирор етим, бева ё эҳтиёжмандга атиги минг сўм эҳсон қилармикан?!
-    Унақалардан эҳсон тугул, муҳтож бўлганда қарз сўрасангиз бермайди,- дейди бир жамоадошимиз.-  Яқин кишисининг таъзиясида кўнгил сўраб борганларга халта улашиш билан давлатини, мол-дунёсини кўз-кўз қилмоқчи бўлади. Бир сўз билан айтганда, бу одат тагида бошдан оёқ манманлик ва кибр-ҳаво ётибди...
Тўй номи билан тўй. Унинг шодлигию қувончи кўпчиликники. Яхши кунда, тўйда ким яқининг, ким бегоналиги деярли билинмайди ҳам. Аммо оғир кунда кўнгил фақат дўсту ёрларнинг таскинига, меҳрига интиқ бўлади. Тўйга бориб баҳри дилингиз очилади, ана шундай ажойиб, муродбахш кун сизга ҳам насиб қилишини сўраб дуо қиласиз.Таъзияга борганда эса кўнгил бузилади. Бу дунёнинг ўткинчилигига, жонимиз омонат, ўзимиз ана шу омонатликлар ичра ғанимат эканимиз мулоҳаза қиламиз. Азада кўнгил сўраб чиқиш, таъзияли хонадон аҳлининг дардига шерик бўлиб, таскин-тасалли бериш ҳам халқимизнинг азалий одатларидан. Бироқ кейинги пайтларда шу удумларимиз ҳам “замонавий” тусга киряпти. Аксарият аёллар  таъзияга бориш маданиятини, одобини деярли билмайдилар. Ҳозирги пайтда азага борган аёлларнинг кийимида, пардоз-андозида  тўй нафаси сезиляпти. Булар ҳам ўз йўлига, аза маросимларининг дастурхонлари тўйнинг дабдабасидан сира фарқланмай қолди. Ҳатто таъзия маъракаларининг ресторан ва қаҳвахоналарда нишонланаётгани, сархил ва тансиқ ноз-неъматларни тўлдириб дастурхон безатиб меҳмон кутишларга ҳам кўникиб қолдик. Бир тишлам нон, ярим коса овқат, бир пиёла чойга тўяди одамнинг қорни. Бу чиранишлар, беҳуда сарф-харажатлар намойишидан кимга қандай наф? Тўй маросимларининг ресторан ва қаҳвахонларда ўтказилишига ҳа майли, шодиёна, муродбахш онлар, қувонч билан ўтгани яхши, деб (Бир пайтлари тўйлар ҳовлиларда, маҳалла майдонларида, ҳатто, кўпқаватли уйларнинг майдончаларида жуда чиройли қилиб ўтказиларди. Таниш-нотаниш, қариндошу бегона бирдай қувнаб яйрарди. Тўйларнинг тўй эгасиники қолиб овқатланиш муассасаларида ўтказилаётгани ҳам маълум маънода одамлар орасидан меҳр-оқибат кўтарилишига сабаб бўлмаяптимикан, деган хаёлга боради киши. Бу борада ҳам мулоҳазаларимиз бор, аммо уни бошқа мақолада иншо этишни ният қилдик.) ноиложгина кўна қолгандик, энди одамлар таъзия маъракаларини ҳам ресторанда нишонлашга (одатда бунақа жойда тадбирлар нишонланади-да, тўғрими?!) ўтиб олишди.
-    Бир ҳамкасбимизнинг отаси вафот этганди,- дейди дугонам.- Йил оши муносабати билан шаҳарнинг номдор ресторанларидан бирида эҳсон дастурхони ёзилаётганини айтишди. Тушлик пайти уч-тўртта аёл бир бўлиб эҳсонга борадиган бўлдик. Ҳамроҳларимиз уч-тўрт киши бир бўлиб, бир тоғорадан пишириқ, сомса, норин ва ҳоказо тансиқ егулик қилиб эҳсонга боришимизни айтди. Тўғриси, бунақа ғайритабиий одатдан ҳайрон бўлдим. Ўзи у марҳумни ёдлаш учун ёзилган эҳсон дастурхони бўлса, худойи, эҳсонликдан маъно очларни тўйдириб, уларнинг дуосини марҳум ҳаққига бағишлаш бўлса, яна эҳсон маросимига тоғора кўтариб бориш нимаси экан?! Тоғора жониворнинг ҳам энг арзони 70-80 мингга тушади. Тўрт киши саксон минг харажат қилиб эҳсонга боргандан кўра, тўрт минг сўмга тушлик қилиб қўя қолган маъқул эмасмикан?..
Ҳа, бу хусусда ҳар кимда ҳар хил фикр. Лекин аксарият  суҳбатдошларимиз ортиқча одатларнинг озоридан куйиниб гапиришди. Шунга қарамай, кераксиз ва беҳуда харажатларини била туриб, кези келганда шу бекорчи “закун”лардан ёзғирганлар ҳам бўйнини қисиб “элдан чиқмаслик”ка уринади. Ахир ҳамма шундай қиляпти-да! Ҳаммадан айрилиб қолиш яхши эмас. Аллоҳдан уялмаймизу унинг бандаларидан хижолат чекамиз. Диндан бохабарман деб сафсатасотамизу, амалларимиз бидъат ва хурофот. Аслида қилаётган амалимизда хайр ва яхшилик сезилмаётган бўлса-да, савоб қилаяпман деб ўзимизни ўзимиз овутамиз. Бу томошалардан безмадингми, оломон?! Моддият билан манманлик туйиш маънавиятсизликнинг энг юқори нуқтаси эканини англаш фурсати келмадимикан? Элда ўнг қўлин берганини, чап қўлинг билмасин деган гап бор. Савоб довруғи остида гуноҳга ботиб, исрофу увол билан наф топиб бўлмаслигига ҳануз иқрор бўлмаган эл кишилари қачон қилғиликларини маънавият кўзгусига солиб кўраркинлар?..

Умида АЗИЗ

Ҳозир сайтимизда 108 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ