1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Лимузинга минган ҳожилар

Ҳаж зиёратини адо этиш - ҳар бир мусулмоннинг орзусидир. Шу кунларда Ўзбекистондан ушбу муборак сафарга борган юртдошларимиз ватанимизга қайтиб келишди. Ҳожиларимиз юзида ширин табассум, қалбларида ҳаяжон... Биз ҳам яқинларимиздан бирини кутиб олиш учун пойтахтимиздаги белгиланган жойлардан бирига бордик. Ота-онаси, яқинларини зўр ҳаяжон билан кузатган қариндошлар, дийдорга саноқли соатлар қолганида сабрлари тугаб бораётганини ҳис қилаяптилар. «Отам ёки онам ҳаж амалларини эсон-омон бажара олармикинлар? Қайта дийдор кўришиш насиб қилармикин?» деб ўртанган диллар бу кунни интиқлик билан кутган.

Лимузинга минган ҳожилар

Хуллас, бирин-кетин ҳожилар чиқиб кела бошлашди. Бизни ҳайратлантирган ҳолат шуки, баъзи кутиб олувчилар ўз «бурч»ларини бироз ошириброқ бажаришибди. Яъни, айримлар сафардан қайтган яқинини лимузин машинаси ва қўлда гулдасталар билан кутиб олишди. Видеотасвирга тушириш, суратга олишлар-ку, олдиндан бор. Карнай-сурнай етишмади, холос!
Бу вазиятни четдан кузатган инсон «Бирор мамлакат элчиси келиб, оммавий ахборот воситалари учун тасвирга тушаяпти шекилли», деб ўйлайди.
Барака топкурлар, яқинингиз сафардан эсон-омон қайтибди, имкон қадар уни тезроқ бирор уловга ўтқазиб, оиласи бағрига олиб борсангиз-чи! Йўқ, ҳаждан қайтган яқинимизни дабдаба билан кутиб олганимизни ҳамма билиб қўйиши керак! Ярим тунда сафардан қайтган ҳожилар ўтирган лимузинлар манзилга яқинлашганда бир сигнал чалиб беришди денг... Қўни-қўшнилар ухлаяпти, ярим кечада уларнинг тинчини бузмайлик, дейиш йўқ. Муҳтарам ва муҳтарама ҳожиларимиз албатта юксак ҳурматга, эҳтиромга лойиқлар. Лекин сохта дабдаба уларнинг ўзларига ҳам маъқул келмаса  керак. Яна  билмадим-ов, ҳар каллада ҳар хаёл, деган гап ҳам бор...

«Закуска» қўйиш керак эди...»

Ҳаж ибодатини адо этиш бахтига муяссар бўлганларни нафақат таниш-билиш, қариндош-уруғ, балки эшитганларнинг деярли барчаси зиёрат қилиш учун келадилар. Ҳожиларнинг яқинлари ҳам меҳмонлар учун албатта аввалдан тараддуд кўриб қўйишади. Баҳоли қудрат дастурхон ёзилади. Лекин одамларимиз ана шу тайёргарлик борасида ҳам ўзига хос «қонун-қоида»ларни жорий этиб олишибди:
- Дастурхонга нима қўйяпсизлар?
- Икки хил овқат, сомса, салатлар...
- Ия, «мясной» (қази, колбаса, товуқдан тайёрланадиган яхна таом) қўймаса бўлмайди.
- Йўғ-э, биз зиёфат бермаяпмиз, зиёратга келганларга имкон қадар чиройли дастурхон ёзмоқчимиз.
- Барибир «закуска» қўйиш керак эди-да...
Зиёрат одобига кўра, келган меҳмон мезбон таклиф қилса ейди, бўлмаса йўқ. Унинг мақсади қорнини тўйғазиш эмас, муборак сафар таассуротлари ҳақида суҳбатлашиш. Келгувчи меҳмоннинг асосий мақсади зиёрат-ку, тўғрими?

Совға нима учун берилади?

Ҳожиларимиз бўйнида ёзилмаган бир «қарз» бор. Улар зиёратга келувчиларга ҳимматларига қараб бирор нарса ҳадя қиладилар: жойнамозми, тасбеҳ, дўппими ёки сурма, хино, мушк-анбарми... Қизиғи, ана шу совғалар ҳожиларнинг қайтишига яқин бозорларимизда дўкон нархидек қатъий баҳода сотилади. Масалан, рўмолнинг оддийроғи 4000 сўм. Сотувчи юз сўм камига ҳам кўнмайди. Бутун бозорни айланиб чиқинг, фойдаси йўқ. Чунки ҳожиларимиз ҳаждан қайтадиган кунлар шу нарсаларнинг мавсуми бўлади. «Ҳа энди-и, кўнгилдан чиқариб бериладиган нарса устида савдолашиб нима қиласиз?» дейди сотувчилардан бири.
Яна ҳам қизиғи, зиёратчилар ҳам ушбу маҳсулотларни ўзимизнинг бозорлардан олинганлигини биладилар. Балки, ҳожиларнинг қўлидан олганнинг файзи бошқача бўлар...
Ана шу совға улашишда ҳам қизиқ томошага дуч келдик. Ўн чоғли аёл 60 та рўмолдан ўзларига ёққанини танлашлари учун нақд икки соатга яқин вақт сарфлашди. Улардан бирортаси рўмол ўрайдими-йўқми, билмадим. Мезбон аёллардан бири: «Бу рўмол шу ердан олинган, буниси Саудиядан келган», деб ажратиб турди. Ишонасизми, бир хонадонда меҳмонларга совға етмай, уч кун қаторасига бозорга қатнашди.
Зиёратчиларга «ўзига лойиқ» совға улашиш ҳам нақ бошоғриғи!
- Бу одамга рўмол берамизми ёки жойнамоз?
- Вой, шундай одамга рўмол бериб бўларканми?! - дейдилар ҳожи она.
«Ахир, у совға олиш учун келмаган, сизнинг суҳбатингизни олмоқчи», дейсиз, аммо фойдаси йўқ: «Шундай одам, шундай одам-а!.. Тузукроқ нарса берайлик...»
Биз ҳожилик мақомига эришганларга ҳавас қиламиз. Лекин уларнинг ҳаммаси ҳам ҳавасга муносибмикин?
- Ҳаж зиёрати пайти юртимиздан борган бир аёлнинг оғир сумкаларини кўриб раҳмим келди, - деб ҳикоя қилади Ниғмат ака исмли киши. - Одамгарчилик юзасидан сумкаларини кўтаришиб юбордим. Кейин билсам, у сотишга мўлжалланган мевалар экан. Ҳафсалам пир бўлди...
Айрим ҳожиларимиз зиёратни тижоратга айлантирсалар, уларни зиёрат қилгувчилар зиёфатни мўлжалласа, бу қутлуғ ибодатнинг ҳам ҳурмати пасайиб, кишилар «ҳожи» деганда ҳаж қилган одамни эмас, аввало, «уддабурон», «ишнинг кўзини биладиган», «пулдор» одамни тушунадиган бўлиб қолмайдими?

Заҳро ОЙДИН

Ҳозир сайтимизда битта меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ