1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Сиз бизга тиргаксиз, буюк устунсиз!

Сиз бизга тиргаксиз, буюк устунсиз!    Барчага маълумки, жамиятни ҳаракатлантирувчи куч эркаклар, йўналтирувчи куч эса аёллардир. Файласуфлардан бири шундай деган экан: «Инсонлар ҳамма вақт аёллар истагани каби бўладилар, агарда буюк ва фазилатли одамларга эҳтиёжингиз бўлса, аёлларга буюклик ва фазилат ўргатинг».

Инсоннинг маънавий камолотга етишиш пойдевори оиладан бошланади. Оиланинг фариштаси аёлдир. Оиланинг тинчлиги, фароғати, тўкинлиги ва бахти кўп жиҳатдан аёлларга боғлиқ. Барча даврларда ҳам ҳаё, ибо, андиша, аёлларнинг ҳусни бўлиб келган. Ана шу фазилатларсиз аёл зотини тасаввур қилиб бўлмайди. Чунки одобли, гўзал хулқли аёл виждонли бўлади, виждонли инсонда эса, албатта, андиша бўлади. Саҳиҳ ҳадисларда ҳам ёзилишича: «Аёл диёнати ёки молу дунёси, ёҳуд жамоли учун никоҳ қилинади. Сен диёнатлисини танлагин, барака топгур!» дейилади. Хақиқатан ҳам, диёнатли бўлиш ҳар бир аёлнинг фарзи бўлиши лозим. Диёнатли бўлиш бу иймонли, сабр қаноатли, саришта, билимдон, ҳалол-пок ва ҳусн малоҳатлик билан яшашни одат деб билиш киради. Бу эса чуқур ақл-фаросат, идроку-қобилият эгаси бўлишни тақозо этади. Аввало аёл нафосат, латофат, шарм - ҳаё, орият эгаси эканлигини зинҳор унутмаслиги лозим.
«Юракдан чиққан гап юракка етиб боради» дейишади халқимизда. Азиз эркаклар! Сиз бизнинг қалқонимизсиз, сиз бизнинг посбонимизсиз, биз сизларга ишониб, суяниб яшаймиз. Ўғилларимизни ҳам фақат сиздай бўлишларини, сиздан андоза олишларини жуда–жуда хоҳлаймиз. Лекин.... Инсон туғилишидан бошлаб йўргакланади. Йўргакка кирган дастлабки кунларданоқ кийина бошлайди. Кийим инсоннинг суратини эмас, балки унинг бутун ички дунёсини, сийратини ҳам кўрсатадиган омилдир. Маданиятлиликнинг асосий белгиларидан бири ҳам, бу – кийиниш одобидир. Кимнинг қандай кийинишига қараб, унинг дид–фаросати, моддий ва маънавий даражасини, ҳатто касбини ҳам аниқлаб олиш мумкин. Кийиниш маданияти, кийиниш одоби кишиларнинг ўзаро муомаласига, бир–бирига бўлган муносабатига, юриш–туришига ҳам таъсир қилади.
Халқимизда: «Гўзаллик ила мадҳ этилувчи хотин гўзал эмас, балки тарбияли хотин гўзалдир» дейилади. Бугунги кунда жамиятимизда учраб турадиган баъзи «маданиятли» гўзал қизларимизнинг кийинишларини қандай баҳолайсиз? Улар марсдан тушишганми? Йўқ, албатта. Фарзандларим муаммоси билан Чорсу кийим бозорига тушган эдим. Бир аёлнинг эрига бўлган муносабати мени ўзига жалб этди. Улар қизларига кийим танлашаётган эди. Қиз бола сотиб олинадиган кофтаси албатта қорни очиқ бўлишини, у танлаган капри (калта шим) қуймучни кўрсатган ҳолда, яъни, ич кийими кўриниб туришини таъминлаши кераклигини, фақат модага қараб харид қилишларини жиддий сўрарди. Она қизнинг айтганини қилди. Оиланинг устуни эса оғзини очиши билан дашном эшита бошлади. Эркакнинг дами ичига тушиб кетди ва билганларингни қилларинг деб қўл силтади. Хўш, қорни очиқ, калта юбка кийиб юрган ўзбек қизларининг оталари борми? Ака–ука, амакилари ўлдими? Тоғалари қаёққа қарашмоқда? Белида белбоғи бор эркак аҳли аёлини кўз – кўз қилмайди, ёмон кўзлардан асрайди. Қиз бола оиланинг юзи, унинг юзига доғ тушмаслиги учун оиланинг эркаклари мард бўлишлари керак. Бу бизга ота – бобомиздан қолган мерос. Баъзи эркакларимиз бу меросни умуман унутиб қўйишмоқда.
Мен кўпроқ япон ва корейс халқларини кузатаман. Улар миллийлигини йўқотишмаган, унутишмаган. Ким бўлишидан қатъий назар икки букилиб салом беришади. Ҳайронман, баъзи ёшларимиз орасида бир–икки русча сўзларни қўшиб гапириб, жаргонли сўзларни ишлатиб, юқоридагидек кийиниб, ўзини маданиятлиман дейдиганлар ҳам кўпайиб кетмоқда. Бизнинг кийинишимиз, юриш – туришимиз, муомала маданиятимиз ҳам миллий қадриятларимизга бориб тақалади–ку. Биз ёшларимизга аввало ўзимиз намуна бўлишимиз керак. Азиз онажонлар, сиз қизингизни бозорга соляпсиз, турмуш ўртоғингизнинг оғзини ҳам очирмайсиз, ахир кун бўйи фақат ўзига оро бериб, тирноғини ўстириб, сочини бўяб, кўчадан бери келмайдиган қизингиз эртага қандай келин бўлишини ўйлаб кўрдингизми?
«Бошқа одамларнинг хотинларига нисбатан иффатли бўлинглар, шунда сизларнинг хотинларингизга нисбатан ҳам иффатли бўлурлар» дейилади саҳиҳ ҳадисларда. Сизнинг аҳли аёлингизда иффат бўлмаса, қизингизда ҳаё бўлмаса, уларга фақат нафс кўзи билан қарашади. Бу билан ўзингизга жуда катта гуноҳни олмаяпсизми, азиз эркаклар?
Бугунги кунда ёшларимиз севиб тинглаётган қўшиқларга яратаётган клиплар хусусида ҳам баъзи фикрларни билдирмоқчиман. Асосан эркак қўшиқчиларимиз ҳам ўзларига ортиқча оро бериб юбормоқдалар, атрофларида эса ярим яланғоч қизларимиз гирди–капалак бўлиб ҳаракатланишлари урф бўлиб қолмоқда. Аёл қўшиқчиларимиз ҳам саҳна кийими баҳонасида ҳаддан ташқари очиқ–сочиқ ҳолда саҳнага чиқишмоқда. Бу эса бизнинг миллий қадриятларимизни топташ деб биламан.
Алишер Навоий ўзининг «Маҳбубул қулуб» асарида «Ўзига бино қўйган одам — ақлсиздир, ўзига зеб берган — беор, сатангдир ...» дейди.
Мен ўзимни замонавий аёл деб биламан. Замон талабларига мос тарзда кийинишга ҳаракат қиламан. Миллийлик ва замонавийлик уйғун ҳолда бўлиши керак. Ўшандагина замон талабига жавоб беради. Жамиятимизда эса ҳамиятли эркаклар, диёнатли аёлларнинг кўплиги билан фахрланаман, баъзиларга эса инсоф тилаб қоламан.

Л. А. Муҳаммаджонова — Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий Университети Фалсафа факультети Ахлоқшунослик ва эстетика кафедраси доценти, фалсафа фанлари номзоди

Ҳозир сайтимизда 100 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ