1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Хотин, уйга кир!

Таҳририятга келган мактублардан:
“Хотинимни ҳеч йўлга сололмаяпман...
Хотиним кўчада эртадан кечгача кўча қоровуллик қилишни хуш кўради.Ҳар куни ишдан қайтганимда уй тўзиб ётган, болалар мактабдан келиб қўлига тушган егулик билан қорнини алдаб бири ётган, бири онасига эргашиб кўчага чиқиб кетган бўлади. На овқат қилинган, на бир пиёла иссиқ чой дамланган. Кўчага чиқиб ҳовлида тўрт-беш хотин билан гап сотаётган еридан аёлимни уришиб-койиб ичкарига олиб кираман. Тўғриси, қўшни эркаклар олдида уяламан. Нима қилишга ҳайронман...
А. Тошкент шаҳри”

Эркаги тириклайин ўлганлар
“... Маҳалламизда беш-олтита бепарда аёл бор. Қачон, қай вақт кўчага чиқсам улар ғийбатлашаётган бўлишади. Кўчадан эркак ўтади, қари ўтади, ёш-яланг, бола ўтади, хуллас, ўтган-кетганга томошақовоқ бўлиб ўтирадиган хотинларни кўрганимда энг аввал уларнинг эридан нафратланиб кетаман. Эркаги тириклайин ўлган хотинлар улар! Бегоналарнинг ғийбатини қилиб, гуноҳини ўзига ортмоқлайдиган гуноҳкорлар. Уят, андиша фаросат ва ақлдан мосуво, аёлликка аза очганлар. Ёнидан жаҳлдан ўзимни аранг тутиб ўтаман. Кўплари шу кўчада гап сотиш ортидан маломатларга қолиб, ҳали қизининг, ҳали ўғлининг оиласи бузилиб жазосини тортса-да, ақли равшан тортмайди. Қайси йили шу бир тўп ақли калталарнинг гап-сўзи сабаб тинчгина оила бузилиб кетганди. Аёл кўчага чиқдими, тамом, унинг оҳори, иззати ва иффатига дарз етгани шу бўлади. Йиллар давомида кўчадан бери келмай, рўзғори, эри, фарзандларидан қизғонган вақтини бегуноҳ одамларнинг ғийбатига совурадиган аёл қиёфасидаги шайтонлар дастидан кўпчилик зиён кўрди. Лекин ҳозиргача  улар кўчадан уйига киргани йўқ. Уларга ҳам Худо инсоф бериб қолармикан?
Ҳалима хола, Шайҳонтоҳур тумани.”

“Онажон, ўртоқларимдан уяламан...
Ҳар куни ўртоқларим билан мактабдан қайтганимда онам кўча бошида қўшни аёллар билан гаплашиб ўтирган бўладилар. Ўртоқларим “эрталаб мактабга кетаётганимизда ҳам  онанг шу ерда ўтирган бўладилар, сизларникида иш йўқми?” деб сўрашади. Ҳатто айримлари орқамдан масхара қилиб кулишаркан ҳам. Онамга бир неча марта кўчада гап сотиб ўтирмасликларини айтиб йиғлаганман. “Сени ишинг бўлмасин! Кун бўйи уйда зерикиб кетаман, ахир! Сенга эмас, мени тергаш” деб уришиб берадилар. Ўртоқларим олдида уяламан. Илтимос, оналарнинг кўчада гап сотмаслиги ҳақида ҳам газетага ёзинглар...
Дилноза, Бухоро вилояти.”

“Келин, кўчада нима бор?!..
Келинимнинг хўп “ажойиб” феъли бор экан, афсус, энди пешонамнинг шўришини қайси сувга ювишни билмай ҳалакман. Буюрган ишларимни амал-тақал қилиб бажарадию, кўчага югуради. Кўчадан ўзига ўхшаган дугоналар топиб олган. Пешонамга муштлайман, бу бефаросат келин эл орасида роса обрўсиз қилди мени. Ўғлимга айтсам, икки ёшнинг орасини бузаманми, деб қўрқаман. Бунинг устига ўзим мажбурлаб уйлантирганман. “Онажон, ўзингиз топган келин, мен шунақасини хоҳлабманми” деса, неча пуллик одам бўламан?! Ҳарчанд гапираман, насиҳат қиламан аммо кор қилмаяпти. Қайтанга, уйимнинг гапи кўчага чиқяпти. Оиламнинг сири бегоналарга маълум бўляпти. Бошим қотган. Бир кўнглим, ҳали боласи ҳам йўқ, иссиғида ўғлимни ажраштириб юбориб, бу кўчабозори келиндан қутулсамми, ҳам дейман. Хуллас, бошим қотган. Бу йўлдан келинимни қандай қайтаришни билмайман...
Шарофат опа, Қашқадарё.”

Ғийбатчи чоллар
“... Ҳозир айрим эркаклар ғийбат бобида аёлларни ортда қолдиришади. Маҳалламиз кўчаларининг бошида уч-тўртта кичик тижорат дўконлари бор. Маҳалланинг бекорчи эркаклари дўконларни қишин-ёзин, эртадан кечгача банд қилишади. Қишда ароқ ичиб, қарта ўйнашса, ёзда ароқ ўрнини пиво эгаллайди. Тўрттаси қартавозлик қилиб ўтирса, қолган олтитаси ўтган кетганнинг ғийбатини қилишади. Энг ачинарлиси, дўкончаларда қўним топган ғийбатчи эркакларнинг ёши элликдан ошган. Ёшлар Россияда пул топишга кетган, аёллар уй-рўзғор, дала ишлари билан банд. Оёғи гўрга етай деб қолган ғийбатчи чоллар уйида ўтириб, ибодатини бажариб, қилган гуноҳларига тазарру қилиб, охират ҳаракатини қилиш ўрнига, ўзининг гуноҳлари устига бошқаларникини ҳам юклаб олишяпти. Элнинг эркаги шу куйга тушган бўлса, аёлидан нима кутиш мумкин?...
Неъматжон ота, Самарқанд вилояти”.

“Ҳар кимнинг кўксида Худоси бўлсин...”
Таҳририятга келган мактубларни саралаб, мазмуни билан танишиб чиқар эканман, беш-олти мактубда бир хил таъкидга гувоҳ бўлдим. Ушбу мактублар асосида мақола тайёрлашга киришаётиб, қўлимга онахон воиза Турсуной Содиқованинг “Бугунги эркаклар” деб номланган рисолалари тушди. Ушбу китобда “Кўчада ким гап сотади?” сарлавҳа остида кескин мулоҳазаларини билдириб ўтган муаллиф “... Кўча нима ўзи? Соғ-носоғ, яхши – ёмон, қўпол қилиб айтганда касофатли ва шарофатли одамлар оқими аралашиб ўтиб турадиган энг нотинч, энг зиёнли биомайдон!” дейдилар.  Кўчада гап сотиб ўтирган уй-жойини, рўзғорини, болаларини, рафиқа, бекалигини унутган аёлларни воиза шундай сўзлар билан тасвирлайдилар: “.. Хўш, қайси аёл кўчада соатлаб гаплашиб тура олади? Бир шоир шеърида “виждон деймизми, иймон деймизми, ҳар кимнинг кўксида тхудоси бўлсин” дейди. Аввало иймони суст аёл шу ишни қилади. Вақтнинг уволи ҳақида, ғийбатнинг гуноҳлиги ҳақида ўйламаяптими, гуноҳи болаларини уриб қўйиши мумкин эканлигини билмаяптими, демак унинг юрагида худоси йўқ!
Отаси тенги оқсоқоллар ўтиб турса, эрининг улфатлари қараб турса ҳам бети қизармаяптими, демак унинг ҳаёси йўқ!..”
Чиндан ҳам, кўчадаги бегона назарлардан, ўзига ҳирсу нафс билан тикилиб турган кўзлардан ўзини пана қилмаган, ғийбатнинг гуноҳлигини, гуноҳи кабира эканлигини англамаган аёлда ҳаё қаердан бўлсин?! Бандасидан ҳаё қилмаган, Худодан қандай ҳаё қилсин?! Кўчада эртадан кечгача валақлаб, ўзига фойдаси ва аҳамияти бўлмаган гаплар пайровида вақт сарфлаган аёлнинг оиласида (агар уни оила дейиш ойиз бўлса) мувозанат бузилган, эркаги ҳамиятини йўқотган, ориятини бой берган бўлади. Ўзингиз айтинг биродар, кўчада ўтган-кетганга сузилиб-кавшаниб турган бундай хотинларнинг юзида  назокат кўрганмисиз? Ҳеч шубҳам йўқки, қатъият билан “ЙЎҚ” деяпсиз. Албатта, ундайларнинг тийнатида аёлга хос зийнат бўлмайди!..

Эркак зардали бўлса...
Мактубларга қайтсак. “Хотинимни кўчадан чақириб оламан” эркак ўзи тартибга чақиролмаган, эркаклик шахдини, қаҳрини кўрсатолмаган эр жанобларининг кўча қоровул хотинларини таҳририят ходимлари тарбиялаб бериши керак эканми?! Хат ёзишгача борганларига қараганда, у жанобнинг аёллари биринчи ё иккинчи марта кўчага хотинларга қўшилиб гап сотиб ўтирмаётгандир? Йиллар давомида аёлининг бу хислатига эътибор бермаган ёки аёлини тартибга келтирмаган эркак, энди бу ҳақида ўйлаяптимикан? Шу ўринда элнинг “Эркак зардали бўлса, аёл пардали бўлади” деган нақли ёдга тушади...
Бу гаплар кўчада кўргазма бўлиб ўтирадиган ҳамма аёлларнинг  эрига тегишли! Аёл кўчада гап сотиш баҳонасида ўзини бозорга соляптими, демак унинг эри эркаклик ғурури, ҳамиятини еб қўйган бўлади! Қолаверса, эртадан кечгача беҳуда гап-сўзларга умрини сарфлаган, исроф этилган вақт ва ортиқча айтилган сўзлар  учун ҳам Қиёмат куни жавоб муқаррарлигини англамаган аёлларнинг ахлоқи ва маънавий дунёси кемтик бўлади. Ўзини қадрлаган, яхши-ёмонга масхара бўлишдан қўрққан аёл ҳеч қачон бу куйга тушмайди. Нима дедингиз?

ФАРЗОНА

Ҳозир сайтимизда 28 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ