1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

“Яхшиларнинг яхшисисиз, дадаси...”

(Аёлнинг эрига ёзган мактуби)

Аллоҳ  тақдир-насибамизни боғлаган, қалбларимизга меҳр- муҳаббат ва ҳурмат жо қилган ва Ўзининг иродаси билан  бизни ҳаёт йўлларида бир-биримизга йўлдош этган  Хожам, Қиёмат куни Аллоҳ ҳузурида мен ва фарзандларим учун масъулиятни ўз бўйнига жуфтим! Бугун ўзингизга айтолмаганим, йиллар давомида юрагимнинг туб-тубида изҳорини кутиб ётган дил сўзларимни Сизга йўлламоқликни ихтиёр айладим.  Сиз, Аллоҳ таоло бу дунё ҳаётида менга берган яхшилигисиз.  Сиз туфайли кўнглимга таскин ёғилади. Сиз руҳимга хотиржамлик инъом этасиз. Сиз Аллоҳ таоло менга васий қилган, орим, қадр-қимматим ва ҳаётим ҳимоячисисиз. Хожам, Сиз мени Жаннатга бошлайдиган калитимсиз, иншааллоҳ. Хонадонингиз – мен хотиржамлик ва мамнунлик туядиган, ўзимни тўлиқ ҳимояда ҳис қиладиган, нафрат, озор ва жанжаллардан йироқ бўлган қўрғоним. Қаерда бўлмай, Сиз сабабли саодат топган гўшамга тезроқ қайтгим келади. Ҳар саҳар ёнингизда уйғонганимда, тилимга илк келадиган сўз- тақдиримга  Сизни қисмат қилган  Аллоҳимга шукрона айтиш. Ҳар тонг Сизни мен ва фарзандларимиз ризқини топишга кузатар эканман, Аллоҳдан яна кўп йиллар Сизни ишга кузатиб, кутиб олишни илтижо қилиб сўрайман. Ортингиздан эшикни ёпганим ҳамоноқ Сизни соғина бошлайман ва тезроқ кеч кириб, ишдан қайтишингизни интизорлик билан кутаман. Сиз турмуш чорраҳаларида Аллоҳдан кейинги суянчиғим, мураккаб ҳаёт йўлида йўлдошимсиз. Бетоб бўлиб қолганимда кўзларингиз ва сўзларингиздаги хавотир Сиз учун нечоғли қадрли эканимни далолат қилади. Ҳар қандай вазиятда Сиз менинг беминнат маслаҳатчим, йўлбошчимсиз.  Билиб билмай хатога йўл қўйсам, кескин, лекин мулойимлик билан ҳатоимни кўрсатиб, уни тўғрилашимда ёрдам берасиз ва Аллоҳдан мени мағфират қилишини сўрайсиз. Кўп ҳолларда  банд бўлишингизга қарамай, оилангиз учун доимо вақт топа оласиз. Ҳар қандай вақтда  бизни эшитиб, тушуниб ва ёрдам беришга ҳаракат қиласиз. Бу мен учун жудаям зарур! Баъзан ғўрлик қилиб Сизни норози қиладиган иш қилиб қўйсам, токи Сизни рози қилмагунимча кўнглим тинчимайди. Шундай ҳолатларда ҳар доим мени кечириш учун ўзингизда куч топа оласиз.  Жажжигина ўғлимизни қўлингизга олганингизда ёки ширингина қизалоғимиз билан ўйнаганингизда, четдан Сизни кузата туриб мулойим, меҳрва самимият ёғилиб, севги чақнаб турган кўзларингизга қараб завқланаман. Киприкларим севинч ва шукроналик ёшларидан намланиб,  фарзандларимнинг шундай отаси борлигидан Аллоҳга ҳамдлар айтаман. Яратган Эгамга беадад шукрлар бўлсинки, дунёда мендан кўра бахтлироқ она йўқ! Кўзларимга қараб: “Сени Аллоҳ учун яхши кўраман!” деганингизда, Аллоҳ бизга шафқат назари билан боқиб турганини эслайман. Қўлимдан тутганингизда, бармоқларимиз орасидан гуноҳларимиз ҳудди сувдек тўкилаётганини эслайман. Мен сизнинг умр йўлдошингиз, фарзандларингизнинг онаси, жуфти ҳалолингизман. Менга кўрсатган бу марҳамати учун Аллоҳга беҳисоб ҳамдлар бўлсин! Сиз менга Аллоҳ берган неъматимсиз! Борингизга шукур! Борлигингиз учун Сизга ташаккур, Хожам!

Русчадан Баҳром Отабоев таржимаси

Ҳозир сайтимизда 89 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ