1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Беваннинг кўрган куни

Ҳаёт – мураккаб. У инсонни ҳар сонияда синайди, ўзининг кутилмаган туҳфалари билан имтиҳон қилади. Кидир ҳаёт зарбасини енгишга ўзида куч топа олади. Кимдир эса биргина айрилиқ азобидан умрбод ўзига келолмайди. Ҳаммамиз ҳам ўз чекимизга тушганига кўниб-кўнмасдан яшайверамиз. Бу сафар сизлар билан бизнинг орамизда юрган, юрганда ҳам жимгина кун кечираётган бева аёллар ҳаётига разм солишни лозим топдик. Аслида-ку ҳеч ким ёлғиз қолишни истамайди. Бироқ, тақдир аллақачонлар ёзилган ва ҳеч ким унинг ёзуғидан қочиб қутилолмайди.
Турмуш ўртоғим қирққа кирмасдан оламдан ўтди, - деб ҳикоя қилади Ҳакима исмли аёл. Хўжайиним тўсатдан юрак хуружига учраб бир зумда жон берган. Бу йўқотишдан бутунлай довдираб қолдим. Энг катта фарзандим ўн, қолган иккитаси ундан ҳам кичкина эди. Қайнота-қайнонамдан алоҳида уйда яшардик. Қайнонам ўзингиз ёлғиз қийналасиз, биз билан яшанг деб ўзлари яшайдиган уйга кўчириб келди. Турмуш ўртоғим билан бирга яшаган, бизга йиллар мобайнида қадрдон бўлиб турган уйга қайнукам оиласи билан кўчиб ўтди. Бу ишдан норози бўлсамда, индамадим. Янги кўчиб ўтган уйимизда қайнонам, яна бир қайнукам оиласи ва биз бирга яшаймиз. Қайнонам эримнинг машинасини ҳам укасининг номига ўтказиб берди. Оилада менниг овозим ҳеч қандай кучга эга эмас. Болаларим ҳам худди бировнинг боласидек ўгай муҳитда улғайяпти. Мен ишга кетганимда фарзандларим музлатгичдн бирор нарса олиб ейишса, овсинимнинг жаҳли чиқади. Аслида рўзғорнинг асосий қисмини ўзим таъминлайман. Бу ерда яшаганим билан на қайнонам, на бошқалар бизга ёрдам беришни исташмайди. Болаларимдан беркитсамда ич-ичимдан эзиламан. Қани энди турмуш ўртоғим ҳаёт бўлганида, биз бу ерда бегоналардек яшамас эдик деб кўп ўйлайман. Уйдагиларнинг тинчгина яшашимизга халал берганлари етмагандек, боларимни турткилашлари ҳам ортиқча. Бир куни қизимнинг дафтаридан бир варақ топиб олдим. У ўзича нималарни ўйлаган билмадиму, бу хат мени бўғзимга тош  қадаб қўйди. “Адажон, ойим сиқилсалар ҳам бизга билдирмайдилар. Қани энди сиз ёнимизда бўлсангизу, олдинги уйимизда аввалгидек яшасак деб хаёл сураман. Ойим нималарни ўйлайсана деб урушадилар. Бу йил мактабни тугатаман. Кейинги йил ўқишга олиб кираман деб ойим пул йиғяптилар. Ўқимасам ҳам майлиди, фақат сиз ёнимизда бўлсангиз эди”.
Мен бола деб юрган қизим деярли ҳар куни отасига хат ёзаркан-да. Бувиси бўлса уни кам иш қилади, дангаса деб кўп танбеҳ беради. Мени ҳаётда ушлаб турган нарса мана шу уч фарзандим. Уларнинг камоли учун ҳар қандай қийинчиликка чидаяпман. Менга энг алам қиладигани, баъзан турмуш ўртоғимнинг яқин дўсталари келиб ҳолимиздан хабар олиб туради. Қийналиб қолмаяпсизларми деб уч-тўрт сўм ёрдам беради. Ўзимизникилар эса... Бирор янги кийим кийсам, вой қаердан пул олдингиз деб ранлари кўкариб кетади. Ёрдам бермаса ҳам майлига, мени мавзу қилиб гапирадиган қариндош аёллардан ҳам безиллаб қолганман. Эри йўғу, доим чиройли юради-а, яна ҳеч кимдан қарз сўрамайди, шунча пулни қаердан олди, - дебди биттаси. Улар билмайдики, менинг кўринишим ичимдаги дардки, аламни кетказиш учун чиройли бўлиб юришим, одамлар олдида асл аҳволимни сездирмаслик, билдирмаслик учун бир ниқоб. Баъзида ишхонада ёки маҳалладаги аёлларнинг ноўрин гап-сўзларидан безиб кетганимда ҳофизнинг “Еганин ош деманг ёлғиз аёлнинг” қўшиғини беихтиёр айтиб юбораман. Ҳеч ким ўйламайдики, бу бечора беванинг куни қандай ўтяпти, тирикчиликдан ками борми, болалари қандай? Йўқ, одамларга фақат саргусашт керак. Мен эса ўзимдан нима ўтганини ўзим биламан. Баъзан туни билан болаларимнинг эртаси учун етарли маблағ қандай топаман, деб ўйлаб сиқиламан. Шукрки, Яратганнинг меҳрибончилиги маошим яхши, қўшимча иш билан ҳам шуғулланаман. Болаларимнниг ризқини Яратганнинг ўзи етказиб турибди”.
Бева аёллар тақдири, уларнинг фарзандлари билан ҳеч қизиқиб кўрганмисиз? Ахир, сиз ҳам уларга кунда тўқнаш келасиз. Ишхонада ҳамма кулганда ҳам кулмайдиган, эркак ҳамкасблар билан саломлашишгада қўрқадиган ҳам ОТА ҳам ОНА бўлиб юрган ҳамкасбингизга бирор марта чин кўнгилдан ёрдам берганмисиз? Ёрдам бермагандирсизу, бирон марта бўлсин у ҳақидаги суҳбатга, йўғ-эй ғийбатга қўшилгандирсиз-а.
“Бева хотинларга ва мискин-бечораларга ёрдам  берувчи киши гўё Тангри йўлида жиҳоз қилувчи ёки кечалари ибодат қилувчи, кундузлари рўза тутувчилар билан баробардир” деган ҳадис бор экан. Биз ана шундай юксак эътирофга лойиқмизми ёки. Жавобини эса ўзимиздан излаб кўрайлик. Зора ижобий жавоб тополсак...

Зуҳра РЎЗИЕВА

Ҳозир сайтимизда 8 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ