1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Аёл, номинг улуғу, аммо...

Газета варақлайман... радио тинглайман...   

Газета варақлайман, аёл ҳақидаги сатрларга кўзим тушади:
«Аёл дунёси гўё буюк истеъдод билан яратилган китоб, варақлаган саринг қизиғи чиқаверади. Аёл — қанот, аёл — рағбат, аёл — тоза ҳаво, аёл — баҳор, аёл — тўкин куздир! Аёллик бу тахт!»
Қўшни ҳовлидан бақириқ-чақириқ овозлари эшитилади:
- Ҳа, жувонмарг бўлгур, уйимни куйдирасиз-ку бунақада. Келин дегани ҳам шунақа бўладими? Бунақада ўғлимнинг топганини кўкка совурасиз-ку.
- ...Ойи, ойижон, нима қилдим?
- Вой, ўлиб қўяқолай, бу кунларни кўргандан кўра, шакар нам тортиб қолибди-ку. Вой, дод-ей, кўзингиз қаерда эди? Қарасангиз бўлмайдими? Нақд 5 кило шакар-а....
Қарғишлару, йиғи овози авжига чиқади. Бу овозларга тўрт гўдакнинг йиғиси ҳам қўшилади. Келин кечирим сўраш билан, қайнона эса қарғаш билан банд.
- Ўчирсин манавиларингиз овозини, ўғлимнинг пешонаси шўр бўлмаса шунақа хотин учрармиди?
Йиғи овозлари бироздан сўнг тинади. Фақат азза-базза қайнонанинг қарғишлари эшитилиб қолади.
Газета варақлашда давом этаман:
«Заминдан қувват кетса, зироатлари заволга учрайди, деяпмиз. Яна муқаддас китобларимизда аёл «заифа»дир деб уқтиришлари бор. Бу нотавон, ночор, унга раҳм-шафқат керак дегани эмас. Балки аёл ҳаётида инқилоб ясаши мумкин бўлган улкан куч, унинг эҳтиётини қил, дея огоҳ этилмоқда. Бир аёл камида бир авлоднинг сифатини белгилайди. Бир боши билан ўн бошнинг ғамини ейди». )
- Ҳой, нима бало, ухлаб қолдингизми? – эшитилади девор ортидан.
- Ё тўмтайиб хафа бўлиб уйингизга кириб кетдингизми? Ишлар қолиб кун пешин бўлди-ку, келин деган чиқиб бундоқ овқат-повқат ҳозирламайдими?!
Келин «ҳа» деганда чиқавермади, шекилли, эшикнинг қаттиқ очилиб ёпилгани эшитилади.
- Вой, дод! Саломат нима қилиб қўйдингиз? Вой менгина ўлай, энди нима қиламан. Ҳой, ким бор, доктир чақиринглар. Саломат бир талай дори ичиб қўйибди...
Дарров тез ёрдам чақиришади. Тезда етиб келган докторлар келинни машинага солиб, касалхона томон шошадилар. қайнонанинг эса: «Бу тўрт норасидани энди мен нима қиламан? Эй Парвардигорим, шу болаларга раҳминг келсин, тузалиб кетсин, ишқилиб, ўлиб қолмасин. Уволига қолиб кетаман-а», деган овозлари эшитилади.
Мен эса ҳайрон бўламан. Ширин сўз ила тушунтирса бўладиган масалани жанжалга айлантириш шартмиди?!
Бир ҳафтадан сўнг тонг саҳарда қўшни ҳовлида сув сепилади, супур-сидир бошланади. Тонг ёриша бошлаганда қайнонанинг:
- Ҳой, келин ҳалиям чой қайнамадими? – деган овози эшитилади.

* * *

Автобус. Одам кўп, радиодан «Сен барибир муқаддассан, муқаддас аёл!», хонанда хиргойиси қулоққа чалинади. Кўчани кузатаман. Бозор, йўл четида бир тўда аёллар. Келиб тўхтаган машинанинг ёнига югуришади. Ажаб! аввал бу касбни эркаклар қилишарди, энди аёллар... бу аёллар тўдасида ёш қизлар ҳам, катта ёшли аёллар ҳам бор. Баъзиси базмга кетишга ҳозирлангандек, ясан-тусан қилиб олган, баъзиси эса қишлоқ аёлларига хос соддалик билан турибди.
- Вой, бирам кўпайиб кетди булар,- дейди кимдир.
- Ҳа, айтманг, аслида нима иш қилишини ҳамма билади.
- Иш баҳона...
Қандай «айри» бир иш эканки, сўзловчининг овозида жирканиш оҳанги бор? Бекатда тушаман, орқага юриб, ўша аёллар жамоасига яқинлашаман.
- Ҳа, синглим қандай ишчи қидираяпсиз?
Ёнимга бир қанча аёллар тизилиб туришади.
- Менга ишчи керак эмас, фақат бу ерда нимага тўпланиб турганла-рингга қизиқдим, холос.
- Вой нимага тўпланардик, қишлоқда иш йўқ, пул йўқ. Шунинг учун уй-жойимизни ташлаб шу ерда юрибмиз, - дарров ўзини оқлашга тушади бири.
- Бир сўм-икки сўм топамизми, деб юрибмиз. Сизга эса яхши, шаҳарда турасиз, бу ерда «любой» ишдан пул қилса бўлади, - дея сўзга аралашади иккинчи аёл.
Ҳайрон бўламан, шунча пулга бой шаҳарда юрган эканману, шуни билмаган эканман-а... Худди ҳамма пулларни ўзимга олиб, уларни пулсиз қолдиргандек қарашади менга. Ўзимни бироз айбдордек ҳис қиламан, бунга аёлларга нисбатан ачиниш ҳам қўшилади.
- Фарзандларингиз борми? – сўроққа тутаман тўпланганлар ичидаги бир аёлни.
- Ҳа, тўрт фарзандим бор.
- Ҳозир улар қаерда?
- Қишлоқда.
- Ким қарайди уларга?
- Ўзларини ташлаб келганман. қариндош-уруғлар кўз-қулоқ бўлиб туришади.
- Эрингиз йўқми?
- Бор, лекин узоқ ўлкага ишлагани кетган.
- Бу ерда айрича бир иш қилишади деб эшитгандим, тўғрими шу?
- Ҳа, баъзи аёллар шунақа ёмон ишлар ҳам қилишади. Аммо мен эмас, - лекин аёл бу сўзларни айтар экан кўзларини яширади.
Яна бир иккитаси билан сўзлашаман-да, улар олдидан узоқлашаман. Бекатга ўтганимда мени кузатиб турган бир онахон ёнимга келади, бироз суҳбатлашамиз.
- Эҳ, болам, пул йўқ бўлса нима қилай деб ўзига баҳона қилади, холос. Мана уруш замонларида ўша пайт ҳам тузук-қуруқ пул йўқ эди. Одамлар бир коса ун учун ишлашарди. Ҳалигидай «бир магизни қирқ бўлиб еган»миз. Лекин ҳеч бир аёл мана шундай қилиб кўчага чиқиб пул топаман, деган эмас. Бир эркакка қўл бериб сўрашсанг уят бўларди, буларнинг туришини қара. Яна уялмасдан етти ёт бегона киши билан машинага ўтиради-да, бемалол кетаверади.
Ризқни берган Аллоҳ, тўкин-сочин ер бўлса, помидор эк, буғдой эк, очингдан ўлмайсан. Сув бўлса бор, ер бўлса бор. Мол, қўй боқ, гўшт бўлади. Болаларингга тарбия бер. Аслида ҳамма гап мана шу аёлларнинг дангасалигида! Бу ерга келсаю, бировдан тезгина бир-икки минг сўм топсаю, кейин таралла бедод қилиб юрса. Топганини гаштагу, тўйда сочиб мақтанса. Эҳ, замон ўзгарди, аёлларда сабр-қаноат деган нарсалар камайиб кетди. Шунинг учун ҳам барака кўтарилган, болам.
Онахон сўзларини тугатиб, келган автобусга чиқиб кетдилар. Мен эса бу «айри»ча ишчиларга узоқ тикилиб турдим. Энди уларга ачиниш билан эмас, ижирғаниш билан боқардим. Ҳақиқатан ҳам ёнига келган эркаклар билан худди «бирга ош еган ошна»сидек гаплашишарди. Ҳа, аёл, иймондан узоқлашибсан, деб ўйлаб қўяман. Автобусга чиқар эканман, радиода яна «Сен барибир муқаддассан, муқаддас аёл!» куйи таралади. Ҳайрон бўламан. Хаёлимда шу сўзлар чарх уради: «Эҳ, Аёл! Маънавиятдан узоқлашган, ўз қадрини кундан кун йўқотиб бораётган Аёл, номинг улуғу, аммо...»

Мадина

Ҳозир сайтимизда битта меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ