1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Қандай китоб ўқияпсиз, онажон?

“Аммам ҳар уч кунда бизникига келар, онам супага жой қилиб, атрофига сув сепардилар. Кейин иккалалари кечки салқинда супада ўтириб туркий ёзувдаги китобларни овоз чиқариб ўқишарди. Мен бўлсам улар ўқиётган, деярли ёд бўлиб кетган мисраларни ичимда такрорлаб ётардим – Сўфи Аллоҳёрдан, Аҳмад Яссавийдан...
Бирлари ўқиёлмай қолишса, иккинчиларидан сўрар, баъзан ўқишга жуда қийналишганда аммам мени чақириб: “Шу ерини кўриб беринг, яхши болам”, дердилар. Мен эса бир оз олдин онамдан эшитган койиш сабаб араз қилиб турар, қайта-қайта чақиришганидан кейингина ўқиб берардим...”
Бу ҳикоя, бир қараганда, узоқ замонларга тегишлига ўхшайди. Аслида эса ундай эмас. Дўстимнинг ёши ҳали ўттизга етмаган. Демак, йигирма йиллар нари-берисидаги гап. Жуда олис йиллар ҳикоясидек туюлишига сабаб эса, замон эмас, ўзимиз бу каби манзаралардан узоқлашиб кетганимизда.
Деярли ҳар бир авлоднинг шунга ўхшаш ҳикоялари бўлади. Мен уларни бувиларимдан, дадам, онамдан кўп бора эшитганман. Дадам болаликларини эслаганларида, узун қиш кечалари бозиллаган сандал атрофига қалдирғочдек тизилиб ўтирган бир тўп болага бувилари қандай китоблар ўқиб берганларини гапирадилар. Онам эса ёшликларини – бобосининг “Гўрўғли”дан ўқи, болам”, деган сўзидан кейин бувисидан эшитиб ёдлаб олган достонларини бийрон тилда айтаётган қизалоқни хотирлайдилар. Булар нафақат болаликнинг ёрқин хотиралари, балки улар кўнглини маърифатга ошно қилган воқелик ҳамдир.
Эътибор берсак, бундай ҳикоялар бобо ва оталар ўрнини камситмаган ҳолда, кўпроқ буви ва оналар номи билан боғлиқ. Болалик хотиралари орасида китоб ва китобхонликнинг ўрни алоҳида бўлган авлод кўнглида эса озми-кўпми илму маърифатга ошнолик бор. Бунда эса бувилар, оналарнинг катта хизмати сингган. Бир сўз билан айтганда, маърифатли авлодни маърифатли оналар тарбиялашган.
“Ўғлимни ҳеч компьютердан ажрата олмаяпман. Уриб ҳам, сўкиб ҳам, яхши гапириб ҳам кўрдим, фойдаси бўлмаяпти. Нима қилишга бошим қотган...”
“Қизимни китоб ўқишга ўргатолмадим-ўргатолмадим. Тўртинчи синфга ўтяпти-ю, ҳалигача тўғри ўқишни билмайди. Дарс қилса, бошдан охиригача бирга ўтиришим керак...”
“Бу “сотка” деган қандайин матоҳ эканки, каттамдан кичигимгача ёпишиб қолишган. Нима қилса бўлади-я буларни?”
“Тайинлаб кетган ишларимнинг бирортасини қилмай, кун бўйи телевизор кўргани-кўрган. Биз ёш қиз пайтимиз бундай эмасдик...”
Бугун кўпчилик оналар айнан шундай шикоят қилишади. Аммо...
Ўғлини компьютердан ажрата олмаётган она, вақти келса, ҳамма ишини ташлаб компьютерда ўйин ўйнаётганига, болаларим ўтирибди ҳам демай, турли фильмларни кўраётганига кўп гувоҳ бўламиз.
Қуш уясида кўрганини қилади. Қўлига китоб олмайдиган, фарзандининг дарсини бирга қилишдан кўра, қўшни аёллар билан ғийбатлашишни афзал биладиган онанинг қизи китобга бегона бўлса, ҳайратланарли эмас.
Боласини ҳикоя, эртаклар айтиб ухлатишга эринадиган, аммо навбатдаги “гап”нинг режаси юзасидан соатлаб “сотка”бозлик қиладиган оналар фарзандларининг телефонга ёпишиб қолишгани сабабини ўзларидан ахтаришса, тўғри бўлади.
Сериал кўришни дунёдаги ҳамма ишдан зарур деб биладиган, керак бўлса, илму ибодатни ҳам қўйиб янги серияларга муштоқ бўладиган оналарнинг қизлари тинмай телевизор кўриш одатини кимдан ўрганишгани маълум...
Оналик – катта масъулият. Айниқса, бугун замон шиддат билан илгарилаётган, фан-техника ютуқлари бутун дунёни қамраб бораётган даврда бу масъулият юки яна-да оғирлашиб бораётгани сир эмас. Фарзанд эса Аллоҳнинг омонати. Оналикка беэътибор бўлиш, омонатга хиёнат қилиш билан баробар.
Азиз оналар, қулоқларингиз “Қандай сериал бошланар экан, онажон?” деган саволдан зерикмадими? Агар бу саволни “Қандай китоб ўқияпсиз, онажон?” деган сўровга алмаштиришга тезроқ ҳаракат қилмасак, кў-ў-ўп нарсани бой бериб қўямиз...

Зумрад ФОЗИЛЖОН қизи

Ҳозир сайтимизда 87 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ