1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Турмушга тайёрмисиз, келинлар?

Яқинда бир танишимиз ёлғиз қизини турмушга узатди. Куёв бўлмиш илмли, келишган, ақлли йигит чиқди. Қиз узатган ота-онанинг қувончдан бошлари осмонларга етай дерди. Қиз ҳам орзусидаги куёвга турмушга чиққанидан ўзини дугоналари орасида энг бахтли санарди. Ёш келин-куёв “асал ойи”нинг қандоқ ўтиб кетганини ҳам сезмай қолишди. Кўп ўтмай бир-бирига сўзсиз термулишлар, чуқур “оҳ” тортишлар, ширин-ширин суҳбатлар, юракни шамдай эритувчи мулойим ва ёқимли сўзларнинг бари ортда қолди. Одатий турмуш бошланди. Бироқ Бахт ва Ҳузур-ҳаловат денгизида шитоб билан сузиб бораётган Никоҳ кемаси кутилмаганда Рўзғор дея аталмиш бир қояга урилдию чил-парчин бўлди. Ҳамманинг боши қотган, не-не умидлар билан келин олган куёв хонадонидагилар ҳам, қизимизни яхши жойга узатиб, бахтини таъминладик, дея ширин хаёллар билан юрган қудалари ҳам икки ёши йўлга сололмай, муросага келтиролмай дунёлари зулмат, ичганлари заққум, еганлари ранж-алам бўтқаси...бўлди.
Маълум бўлишича, келиннинг ота-онаси еру кўкка ишонмай авайлаб ўстирган ёлғиз фарзандларининг бахтини фақат дабдабали қилиб ўтказиладиган тўйда, зиёфатга чорланган одамларнинг сони ва мартабасида, қизларига қилинган сепларнинг тўкислигида деб ўйлайверишибдию аммо қизларини бир умрли ҳаётга тайёрлашни бутунлай “эсдан чиқаришибди”. “Шўрлик” келин эрининг оппоқ кўйлагини қора ранги чиқадиган пайпоққа аралаштириб ювиб қўйиб, келинликдаги илк “танбеҳ”ни қурттаккина эшитиб олди. Келинбола бор-йўғи икки хил таомни, у ҳам бўлса тухумни сувда қайнатиб ва товада қовуриб пиширишни биларкан, холос. Ҳатто ҳар куни ётоқни шамоллатиш, хоналар чангини тозалаш, узилган тугмани қадаш, гулларга сув қуйиш каби энг оддий юмушларда ҳам ўзининг ғирт уқувсизлиги ва эпсизлигини кўрсатди. Куёвнинг бу ҳақдаги дашномларидан кейин ҳам узр сўраш ўрнига “дадамга айтаман, хизматкор ёллаб берадилар” деб жавоб қайтарди. Охири қурилганига ҳали икки ой ҳам тўлмаган оила қасри вайрон бўлди, икки ёшнинг бахти унинг харобалари остида қолиб кетди...
Энди бир яхшилаб ўйлаб кўринг, эй муҳтарама келинлар, отангиз сизни бахтли, саодатли ва хурсанд ҳолда кўрай, дея машаққат ила топган қанчалаб пулини оёғингиз остига сочган бўлсаю, онангиз сизга ҳадеб бахт тилайверсаю, аммо икковлари ҳам сизни турмуш, дея аталмиш катта ҳаёт синовига тайёрлашмаган бўлса, турмуш сабоқларидан таълим беришмаган бўлса, овқат пишириш, нон ёпиш, кир ювиш, бола тарбиялаш каби турмушнинг зарурий юмушларини ўргатишмаган бўлса, қийинчиликларни енгишга кўниктиришмаган бўлса, эрингиз ҳам, қайнота-қайнонангиз ҳам айбдор эмас-ку! Оиладаги  можароларининг аксариятига бўлғуси келинларимизнинг енгилтаклиги, тарбиясизлиги, турмуш синовларига тайёр эмаслиги сабаб бўлмаяптимикан? Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари айтганларидай, “ҳозирги пайтда ота-оналар қизлари учун устоз ёллаб бир неча кун мобайнида катта пуллар эвазига никоҳ оқшомида куёв билан беш дақиқа тушилажак рақсни ўргатишяптию, аммо қизларига бир умрли керак бўладиган турмуш тажрибаларини, оила синоатларини ўргатишга ҳафсала қилишмаяпти. Оқибатда ширин орзулар билан қурилган кўплаб оилалар келинларимизнинг уқувсизлиги, рўзғор юмушларини билмаслиги, эпсизлиги, куёв билан муроса қилиш йўлларини тополмаслиги туфайли тезда бузилиб кетяпти”.  
Ўзбек хонадонида, исломий тарбия кўрган оилаларда қадим-қадимдан қизларни борадиган еридаги иссиқ-совуққа, аччиқ-тизиққа кўникишга ўргатадилар. «Энди уйинг ўша ер, у жойдан гап ташиб келма, қайнонанг билан муроса қил, сен яхши бўлсанг, хизматингни аямасанг, улар ҳам бошга кўтариб юради» қабилида насиҳатлар қилишган.
Қизларимизга ёшлигидан чеварлик, пазандалик, уй тутиш, бола тарбиялаш, ўзига оро бериш каби юмушларни эринмай ўргатиш лозим. Токи, борган ерларида эпли-шудли эканларини кўрсатсинлар, янги рўзғорларида қийналиб қолмасинлар, ҳаётлари фаровон, оилалари тўкин бўлсин, деган ниятда шундай йўл тутилади. Момоларимиз азал-азалдан чеварликда, тўқувчиликда, мазали таомлар тайёрлашда, зардўзликда, каштачиликда ва бошқа ҳунарлар бобида, ҳатто алла айтишда ном чиқаришган. Қизларини ҳам турмушга узатиш олдидан бир неча ҳунар эгаси қилиб тарбиялашган.
Ўн тўққизинчи аср охири ва йигирманчи аср бошларида яшаб ўтган таниқли турк олими ва маърифатпарвари Алий Назимонинг Ўрта Осиёда катта шуҳрат қозонган ва мактаб-мадрасаларда дарслик сифатида ўқитилган «Таълими банот» («Қизлар тарбияси») китобида қуйидаги жумлаларни ўқиймиз: «Ёш қизларга таълим-тарбия беришда улар учун ниҳоятда керакли, ўрганмасликнинг асло иложи бўлмаган фан қўл ҳунарлари фанидир. Энг юқори билим ва маълумот ҳам бу фаннинг ўрнини боса олмагани боис ёш хоним қизлар бу фанни ўрганишга тиришишлари лозим. Қўл ишларига уста бўлган аёл қўлларининг моҳирлиги, чапдастлиги сабабли адабу иффат ичида тирикчилигини қила олади. Бой оилаларнинг хонимлари қўл ҳунар орқасида бир хуш ва ҳузурли вақт ўтказишади ҳамда муҳтожларга ёрдамлар кўрсатиб одамийликда бўлурлар... Аввалги замонларда қўл ҳунарларини билмаган қизларнинг ҳеч қадри бўлмаганидан ва бундай қизга ҳеч ким қизиқмаганидан ҳар бир қиз кичиклигиданоқ бу ҳунарларни ўрганишга астойдил тиришган. Бу ҳунарлар эски замон одати бўлса-да, ҳозирда ҳам бу ҳунарлардан тўлиқ билим олган хонимлар борлиги ҳақида эшитганмиз. Шу вақтга қадар ёш қизларни қўл ҳунарларини ўрганишга қизиқтириш кераклигини, қўл ишлари қизларни хўрлик ва муҳтожлик балосидан қутқаришда энг фойдали йўл эканини барча жамиятлар тан олиб келишган. Қиз болаларга қўл ҳунарларидан бир нечасини ўргатиш, уларга кийим тикмоқ, тўқувчилик, дастурхон тузамоқ каби ишларни ўргатиш уларни оила ҳаётига, рўзғор юритишга тайёрлабгина қолмай, уларга икки дунё саодатини ҳам беражакдир». Татар маърифатпарвар олими Ризоуддин ибн Фахриддиннинг «Оила» рисоласида қуйидаги жумлаларни ўқийсиз: «Хотун фақирликка қарши бир аскардур. Ватани – уй, истеҳкоми – тиришқоқлик, фани – ҳарбий идора, қуроли – игна билан қайчи, дерлар».
Дарҳақиқат, эгнида оппоқ тўй либоси билан бир хонадонга келин бўлиб кириб борган қиз ўша хонадонда бир умрга ардоқли аъзо бўлиб қолишни истаса, ҳамманинг ўзига яхши муомала қилишидан умидвор бўлса, оиласи бахти ва фароғатини ўйласа, ўзи ҳам турмуш номли улуғ имтиҳонга, масъулиятли вазифага тайёрланиши, унинг барча машаққат ва йўқчиликларига чидашни ўрганиши лозим. Бу ўзбек оилаларидаги энг муҳим, керакли ва зарур тарбия усулларидан саналади. Муслима қизлар оила қуришдан олдин ана шу вазифаларини яхши англаб олишлари ва бу йўлда қаттиқ ҳаракат қилишлари керак бўлади. Айниқса муҳтарама оналар ва момолар қизларини турмуш синовига тайёрлашга кўп эътибор қилишлари, бунда энг майда икир-чикирларни ҳам назардан қочирмасликлари, унинг бахтини фақат тарбиядан ва ҳаётга тайёрлашдан излашлари лозим. 
Ҳориснинг қизи Асмо келин бўлиб куёвникига кетаётганида онаси Умома унга шундай насиҳат қилган экан: «Болажоним, севикли қизим, мени яхшилаб тингла! Агар бир қиз она ва отасининг камбағаллиги учун эрга берилиши керак бўлсайди, сен асло узатилмаган бўлардинг. Чунки отанг жуда бадавлат, катта шуҳрат ва мартаба эгасидир. Лекин ҳаёт бошқачадир. Аллоҳ бизларни яратган ва биз учун ҳаёт қонунларини берган. Ҳар бир ёшдаги инсон ана шу қонунлар чегарасида турмуш кечиради. Аллоҳ берган қонунга кўра, ҳаётга қадам қўйиш вақти келганда ҳар бир қиз бир эркакка, хожага, у эса аёлга муҳтож бўлади. Эркаклар хотинлар учун, хотинлар эркаклар учун яратилгандир. Бу – Аллоҳнинг қонуни, уни ҳеч ким буза олмайди, у қиёматгача давом этади. Шу сабабки, сен – қизим, туғилиб ўсган ва вояга етган уйингдан, яйраб-яшнаб ўйнаб юрган ерингдан ўзинг ҳам билмайдиган бир нотаниш уйга борасан, шунга қадар ўзинг яхши билмаган инсон уйига, ўз уйинг бўладиган жойга борасан. Эй менинг жигарпорам, сен эрингга шундай хизмат қилки, у ҳам сенга қул бўлсин. Сен унга ер бўлки, у сенга осмон бўлсин! Айтганларимга амал қилсанг, эринг билан гўзал ҳаёт кечириб, масъуд, бахтиёр турмуш кўрасизлар. Айниқса, эрингнинг қариндош ва яқинларига ҳурмат кўрсат, чунки уларни ҳурмат қилиш эрнинг эътиборини, меҳр-муҳаббатини қозонмоқ, демакдир. Уларни ҳурмат қилиш – эрни ҳурмат қилиш, қадрлашдир».
Умома қизига қилган насиҳатларида эрнинг яқинларига алоҳида ҳурмат кўрсатишни таъкидлайди. Эр учун энг яқин инсон ким? Албатта уни туғиб, оқ сут бериб, қанча тунларини бедор ўтказиш эвазига авайлаб катта қилиб, мана шундай кўркам, ақлли, соғлом, бақувват йигит ҳолига келтирган она эрнинг энг яқин кишисидир. Демак, эрнинг онаси, яъни қайнонанинг ҳурматини жойига қўйиш, кўнглини олиш, хизматини қилиш лозим бўларкан.
Бу ақлли, доно қизлар учун, келинлик мажбуриятларини бошданоқ тўғри англаб олган қизлар учун энг тўғри йўлдир. Ота-боболаримиз «Гулни севган тиконини ҳам эъзозлайди», дейишади. Тиконини иззат қилмаган гул исидан бебаҳра қолади. Эрнинг борлиги, сизни суйиб-эркалаши, айтганингизни муҳайё қилиши яхши-ю, унинг ота-онаси, яқинлари «пуф сассиқ» бўлиши мумкинми? Эрнинг хешларини, айниқса, ота-онасини ҳурмат қилолмаган келин хожасининг кўнглини ололмайди, меҳрини қозонолмайди, нафратига учраб, муҳаббатидан бебаҳра бўлади. Бора-бора эрининг кўзига хунук кўриниб, оила бахтига дарз кета бошлайди.
Кўплаб келинларимиз ўзларининг эрларидаги ҳақларини мутлақо билмаганидай, эрларининг ўзларидаги ҳақларини ҳам деярли билишмайди. Хотин эрининг ҳақларини билиб, уларни  адо қилганидагина  солиҳа, яхши, рисоладаги хотин бўлади. Эрнинг хотин зиммасидаги энг муҳим ҳақлари қуйидагилардир:
1. Хотин эрининг ҳаққини ўз ҳақидан ва ҳамма яқинларининг ҳақидан ҳам олдинга қўйиши керак. Чунки зиммасидаги эрининг ҳақи жуда каттадир.
2. Ҳайз ва нифос кунларидан бошқа барча ҳолда эри ундан ором ва лаззат олишни истаган пайтда тайёр бўлиши лозим. Эрига тўсқинлик қилиш, эрининг у билан қўшилиш истагини ҳар  қандай вақтда қайтариши мумкин эмас. Агар эрининг рағбатига жавоб бермаса, гуноҳкор бўлади. Фаришталар уни лаънатлайди. Бу ҳақ эрнинг хотин зиммасидаги энг муҳим ҳақларидан биридир. Зеро, хотин эрининг унга тўшакдаги эҳтиёжини ўйлаши иккиси ҳам бахтли бўлишининг асосий омилидир. Шунингдек, аёлнинг хотинлик масъулиятини билмаслиги, эрининг бу ҳақига эътибор қилмаслиги кулфат, жанжалга сабаб бўлади, кўп ҳолда ажралишга олиб боради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дейдилар: «Агар хотин эрининг тўшагидан айрилиб ухласа, тонг отгунча уни фаришталар лаънатлайди» (Имом Бухорий ва Муслим ривояти).
3. Хотин эридан рухсат олмай нафл рўза тутиши мумкин эмас. Чунки рўза баҳра олишга тўсиқдир. Аёл нафл рўза тутса, эри у билан кундуз куни қўшилолмайди. Қўшилиш эрининг ҳақидир.
4. Хотин эрининг уйидан унинг ижозатисиз бирор нарсани ўзининг яқинларига ҳам бериши керак эмас. Агар берса, хотинга гуноҳ, эрга савоб бўлади. Тўғри, фақат таомидан бузмай, садақа қилса бўлади.
5. Хотин эридан рухсат олмай уйдан чиқиши, уйдан бошқа жойларга ишлаш учун бориши мумкин эмас. Эри истамаса, аёллар билан аралашмаслиги керак.
6. Хотин Аллоҳ таоло берган насибага рози бўлиши, эрига инжиқлик қилмаслиги керак. Маишат қийинчилиги ё ҳол ночорлиги учун ғазабланмаслиги ва оҳ-воҳ урмаслиги лозим. Балки хушнудлик ва қаноат кўрсатиб, эрининг ризқ топишдаги машаққатларини қадрлаши, ҳаром касбга ўтишидан қўрқиб, ундан ҳожатдан ортиғини талаб қилмаслиги даркор. Эрини ҳам қаноатга ундаб, ҳаром йўллардан огоҳлантириши зарур. Момоларимиз эрларини кузатаётиб шундай дейишар эди: «Ҳаром касбдан сақланинг! Биз очлик ва қийинчиликка чидаймиз, аммо дўзах оташига чидай олмаймиз».
7. Хотин авратини беркитиши, рухсорини маҳрамларидан бошқага очмаслиги билан ўзини сақлаши лозим. Аёлнинг яланғочланиши, кийимларини эридан ўзгага ечиши, калта ва шаффоф кийимлар кийиши ҳаромдир. Бунда катта бузуқлик содир бўлади.
8. Хотин эрининг дўстига нотанишдек бўлиши лозим. Эри уйида бўлмаганида унинг дўсти эшик қоқса, ўзи ва эрига рашк қилиб, у билан сўзлашмасин. Зеро, киши дўстининг хотини билан танишар экан, бу ҳол рашк ва фитнага сабаб бўлади.
9. Хотин гўзаллиги билан эрига фахрланмаслиги, эри хунук бўлса, ёмон кўрмаслиги, агар ўзи бой бўлса, эри олдида моли билан ғурурланмаслиги керак. Балки эр томонини назарга олиши, уни ҳурмат қилиши ва қадрлаши лозим.
10. Хотин фарзандларига раҳм қилиши, уларга ҳурмат кўрсатиши, фарзандларни уришиб лаънатлашдан, эрига юзсизлик билан мурожаат қилишдан тилини тийиши, унинг хизматлари ва марҳаматларини инкор этмаслиги керак. Бу жуда муҳим, оз аёлларгина риоя этадиган хислатдир. Зеро, аёллар болаларни лаънатлаш, эридан озгина ёмонлик содир бўлгани учун унинг ҳамма яхшиликларини инкор этиш билан машҳурдирлар.

Кўпчилик ота-оналар қизларини рўзғор юмушларига ўргатишадию аммо уларни илмли қилиш, динини танитишни унутиб қўйишади. Илмдан, диндан бехабар қизлар диёнатли хонадонга келин бўлиб тушса, кўпда муроса қила олмай қолишади. Закий куёвларимиз завжаларини тезда исломий билимлар, дин асослари билан таништириб олишса, нур устига нур бўлур. Аммо бу борада кўникма ва малакага эга бўлмаган кўпчилик қизлар лоқайдлик ва танбаллик ортидан эрлари кўнглига йўл тополмай, унинг муҳаббатини қозона олмай қолишади. Чунки ҳар бир диёнатли, иймон-эътиқодли эр туғилажак фарзандининг солиҳ, диндор, яхши ахлоқли этиб тарбияланиши кўп жиҳатдан солиҳа, художўй онага боғлиқлигини яхши тушунади. Илм, тақво, иймон-эътиқод бобида пешқадам бўлган келинлар эса ҳамиша ардоқда, суюмли, талаш бўлишган. Мана, бир-икки мисол:
Мовароуннаҳрнинг атоқли уламоларидан Алоуддин Самарқандий  замонасининг етук, фозил кишиларидан эди, унинг фиқҳ, тафсир, ҳадис, усул, ақоид, калом илмларига оид кўплаб асарлари, жумладан Ислом оламида машҳур «Туҳфатул фуқаҳо» асари бўлган. Олим номини машҳур қилган фақат бугина эмас, унинг фиқҳ илмини билишда отасига тенг кела оладиган, фатволарга отаси билан бирга муҳр қўйиш ҳуқуқига эга Фотима исмли соҳибжамол қизи ҳам бўлган. Олимнинг шогирди Алоуддин Абу Бакр Косоний устозининг “Туҳфатул фуқаҳо” асарига шарҳ ёзиб, унга тақдим этди. Алоуддин Самарқандий шарҳдан шунчалик мамнун бўлдики, олима ва солиҳа қизини шогирдига никоҳлаб берди. Келиннинг маҳрига отаси китобига ёзилган беназир шарҳ кифоя қилди. Шундай қилиб, одамлар орасида «Туҳфа»сини шарҳ этиб, қизини олди», деган гап машҳур бўлиб кетди.
Умавийлар султони Ҳишом ибн Абдураҳмон ҳижрий 172 йили тахтга чиққанида ҳали ёш, уйланмаган эди. Турмуш қуриш истаги туғилиб, ўзига муносиб келинликка номзодларга Қуръони каримни ёд олганликни шарт қилиб қўйди. Шунда биргина Галин деган жойдан етти юз йигирма нафар Қуръон ҳофизи бўлган қиз чиқди. Кейин султон иккинчи шарт қўйишга мажбур бўлди: бўлажак завжаси Имом Моликнинг «Муватто» ҳадис китобини ҳам ёд билиши керак эди. Шунда ҳам келинликка номзодлар камаймади: Қуртубанинг ўзидан беш юз нафар қиз ҳам Қуръонни, ҳам «Муватто»ни ёд билиши аниқланди. 
Муҳтарама келинлар, оилам фароғат қасри бўлсин, эр-хотин саодатли, аҳил яшайлик, бахтимизга ҳеч нарса раҳна солмасин, десангиз, ана шу тавсиялар асосида ўзингизни турмуш синовларига тайёрланг, рўзғор юмушларини, аёлларга хос ҳунарларни ўрганинг, ҳамиша илмга интилинг. Ўз ҳузур-ҳаловатингизни деб турмушга юзаки қараманг, уни ҳазил санаманг. Рўзғорнинг бор-йўғига, унинг синов ва машаққатларига чидашни ҳам ўрганинг. Бахт ва фароғат чўғлари устига кул тортмай, эримникида иззат ва ҳурмат кўрай, ҳаётим осойишта ўтсин, десангиз, юқоридаги ана шу панду насиҳатларни қулоққа олиб, бугунданоқ бажаришга киришинг. Эҳтимол, бу билан сиздан кўнгли совиб, бошини қаёққа уришни билмай юрган эрингиз учун бахт-иқбол эшикларини яна очиб бераётган бўларсиз?! Эҳтимол, бу билан келиндан ёлчимадим, дея хафсаласи пир бўлаётган қайнонангизнинг қалбида умид шулъаларини учқунлантириб юборарсиз?! Аллоҳ таоло келин-куёв – икковингизнинг юлдузингизни бир-бирингизга иссиқ кўрсатсин, қалбингизга меҳр-муҳаббат, ишонч, оқибат уруғларини сепиб, ризқлантирсин!

Аҳмад МУҲАММАД

Ҳозир сайтимизда 82 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ