1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Ҳунардан унар

Дунёда шундай бир хазина мавжудки,  битмас-туганмас, ҳеч адоғи кўринмас деган иборалар айни ўша хазинага атаб берилган нисбатга ўхшайди гўё. У шундай хазинаки, агар истаса, қунт қилса ҳар ким ҳам у хазинага эгалик қилиши мумкин. Бу —ҳунар. Ҳунар чиндан ҳам хазинага ўхшайди. Ҳунарманд киши ҳеч қачон муҳтож бўлмайди, хорлик кўрмайди. Мол-дунё гўёки тоғдай бўлса-да, уни еб тугатиш аниқ, аммо ҳунар ортидан келадиган даромад ризқ-насибанинг мўл-кўллигини кафолатлайди.
Бу мулоҳазаларимизни биргина сўзида жамлаб донишманд ўзбегимиз шундай дейди:

Ҳунардан унар
Дарҳақиқат, ён-атрофга назар солсангиз, ҳунарли, касбу-корли кишининг тўкин, фаровон турмуш кечираётганига гувоҳ бўласиз.  Онахон воиза Турсуной Содиқова ҳунар, ҳунарманд кишининг ютуқлари ҳақида гапира туриб, “... дипломли бир кунда ойлик маош олиб, бир ой эҳтиёжига сарфласа, ҳунарманд ўттиз кун бирдай даромад кўради”, дейдилар. Мулоҳаза қилинганда бу фикрларнинг нечоғли ҳақ эканлигига амин бўлинади.  Ҳунарнинг энг афзали — аввало кишининг ўзига фойдали бўлганидир. 
—    Талабалик йилларимда дарсдан бўш вақтимни топиб, ўқув марказларидан бирида ҳам тикувчилик, пазандачилик курсларига қатнашгандим, - дейди асли касби ўқитувчилик бўлган бухоролик муштарийимиз Муҳайё Исмоилова.- Яхшиям ўша пайтларда ўқиб олганим, дейман. Ишимдан ташқари буюртмачиларга кўйлаклар, костюм-юбкалар тикиб бераман, тўй-ҳашам, туғилган кунларда ширинликлар, пишириқлар тайёрлаб бераман. Ҳам касбимдан даромадим бор, ҳам ҳунаримдан. Худога шукр, шу пайтгача ҳеч қачон пулга зориқиб қолмаганман. Қизларимга ҳам жуда кичкиналигидан пишириқлар тайёрлашни, кийимлар тикишни ўргатиб боряпман. Ҳаётда ҳар қандай ҳолатлар бўлади. Инсон ҳамиша ҳамма нарсага тайёр туриши керак. Эрнинг қўлига қараб қолмасдан, рўзғори учун жон куйдириш аёл кишининг ҳам вазифаси. Ўша ҳунардан даромад келмаган тақдирда ҳам ҳунарнинг ўрганилгани асқотади. Айтмоқчиманки, тикиш-бичишни эгаллаган одам ўзига, оила аъзоларига кийим тикиб берса ҳам, оила ғазнасига фойдаси тегади. Ахир ҳозир битта кўйлак тикишнинг ўзи ўртача ҳисобда 25-30 минг сўмни ташкил  қилади.  Хуллас, мен ёш қизларимизга вақтида дипломли бўлиш билан бирга, ҳунар ўрганишларини ҳам маслаҳат берардим. Ёшликда бўш вақт кўп бўлади, қолаверса, мия ҳам тиниқ бўлиб, куч-ғайрат тошган бўлади...
Ёш қизларини оилавий ҳаёт, турмушга тайёрламай туриб узатиб юбораётган ота-оналар,  фарзандининг касбу корли, ҳунар эгаллаши учун зарур бўлган маблағни қиммат анжомлар, сеп сидирғаларга сарфлаб гўёки бу билан улар фарзандининг бахтли бўлиши учун замин яратгандек ҳисоблайдилар. Аслида эса сарпо - суруғу, қиммат мебеллар саодатли ҳаёт ваъда этмайди. Ахир бежизга

Ҳунар – отанинг молидан афзал
Дейишмайди-да. — Мактабни тамомлаган йилим олий ўқув юртига ўқишга кира олмадим,- дейди Дилноза Муҳаммаджонова.- Онам зўр бериб менга сеп йиғиш ҳаракатига тушдилар. Қўлларига пул тушди дегунча, бозору дўконларга чопиб мебелларнинг, мато-газламаларнинг нарх- навоси билан қизиқиб юрардилар. Шундай кезларда бир дугонам пойтахтга “Машҳура” ўқув марказига ўқишга боришини эшитиб қолдим. Ўзи кичкиналигимдан қўғирчоқларимга кўйлакчалар тикишни яхши кўрардим. Уйдагиларни бир амаллаб кўндириб дугонам билан бирга “Машҳура”га ўқишга бордим. Бир йилда ҳам чеварликни, ҳам пишириқ курсини астойдил ўрганиб, комьпютерда ишлаш ва мошина ҳайдашни ҳам аъло даражада эплайдиган бўлиб уйга қайтдим. Узатилдим. Сепимда тикув машинам, комьпютерим ва микро тўлқинли печимдан бўлак кўзга кўрингулик нарса йўқ эди. Келинлик маҳалламда тезгина ишга киришиб, буюртмага кийимлар тикишни,  пишириқлар пишириб маҳалладаги дўконларга тарқатишни йўлга қўйдим. Узоқ-яқиндан қизлар шогирдликка келадиган бўлишди. Ота-онам сепимга қилмаган нарса-буюмлардан минг чандон ортиғини олишга эришдим. Энг муҳими ҳунарим ортидан ҳурмат, эътибор, завқ ва бахт топдим. Кўча-куйда, тўй-ҳашамларда қайнонам  одамларга мақтаниб, “Дилнозахон чевар менинг келиним бўлади, яқинда келинимга тикувчилик  ва кондитерлик цехлари очиб берамиз” деб қўярканлар. Бу гаплар қулоғимга етганида, “Яхшиям ўша пайтларда ёшликдаги ҳою ҳавасларга берилиб, онам айтган қиммат мебеллару тилла тақинчоқларга шайдо бўлмай ҳунар эгаллашга астойдил киришган эканман” деб шукр қиламан. Қиздир, йигитдир, ҳунар, касбу кор эгаллаш билан ҳаётининг фаровон, хотиржам ва бекам бўлишига имкон яратган бўлади...

Ҳунаринг- бахтинг!
Мақола юзасидан юртдошларимиз билан фикр алмашаётганимизда бир онахонимиз ярим ҳазил, ярим чин билан, “ҳунари йўқ киши хору зордан ҳам баттар бўлади. Яратган ҳар кишининг ризқ-насибасини тақдирига битиб қўйган, аммо инсон ризқи учун ҳаракат қилиши керак. Айниқса қиз-аёллар касб-ҳунар ўрганишга албатта қунт қилишлари шарт. Эрга муҳтож бўлиб ўтиргандан кўра, ҳеч йўқ ўзининг эҳтиёжларига етарли маблағни ўзи топгани маъқул. Эрга қарадинг-чи, ерга қарадинг-чи, деган истеҳзоли иборани унутишмасин қизлар” дедилар. Онахоннинг гапларида жон бор. Турмушда, ҳаётда ҳар хил кунлар бўлади. Ҳамиша ҳам эркакнинг ошиғи олчи бўлиб, топган тутгани бадастир бўлавермаслиги мумкин. Агар хотин касбу корли, ҳунарли бўлса, ҳадеб эрига топиш-тутишида маза йўқлигини маломат қилиб жанжал кўтармай, рўзғори учун ўзим ҳам жон куйдиради. Ахир, оила ғазнасига бир ойда юз сўм киргани яхшими, икки юз сўм кирагани яхшими?
Бу хусусда яна бир муштарийимиз Мавлуда Назарматова шундай дейдилар:
—    Талабалик давримда бир чевар опанинг уйида ижарада тургандим. Шу сабаб бўлибми, чеварликни ҳам ўрганиб олгандим. Қишлоққа қайтганимда ҳам ўқитувчилик, ҳам тикувчилик қилиб эл оғзига тушган эканман, қайнонам бир тўйда келинчакнинг сепига деб тиккан кўйлакларимни кўриб, совчи бўлиб келибдилар. Тўйдан кейин ҳам касбим билан ҳунаримни бирдай олиб боравердим. Бирин-кетин фарзандли бўлдик. Турмуш ўртоғим ҳам тузуккина жойда ишлардилар, нимадир бўлиб ишхоналарида қисқартириш келиб улар ишсиз қолдилар. Эркак кишининг омади бир кетса, қайтариш қийин экан, икки йил турмуш ўртоғим ишсиз юрдилар. Лекин шу давр мобайнида рўзғоримизда етишмовчилик, йўқчилик, эҳтиёжмандлик сезилмади, Худога шукр. Чунки, мен турмуш ўртоғимни ҳам моддий, ҳам маънавий қўллаб- қувватлаб, уларга ёрдам бериб турдим. Шундай кунларнинг бирида эрим “сизга тикувчилик цехи очиб бераман. Банкдан кридет оламиз. Кичик корхонамиз бўлади, корхонамизнинг молиявий ишларини ўзим олиб бораман. Баҳонада сизнинг фаолиятингиз кенгаяди, мен ҳам, қишлоғимизнинг  ишсиз ўтирган аёлларига ҳам иш топилади” деб қолдилар. Аёллигимга бориб аввалига бироз чўчидим, эрим астойдил киришган эдилар, ўзингиз биласиз, кўзингиз шу ишнинг самарасига етса майли, деб қўя қолдим. Кўп ўтмай мўъжазгина цехимиз очилди. Қисқаси, энди мактабда эмас, тикувчилик цехимдаги шогирдларимга устозлик қиляпман. Эрим билан бирга ишлаймиз, улар раҳбаримиз. Умуман мен бир ҳақиқатга амин бўлдимки, инсон ўзига тақдир қилинган бахтга ҳам касб-ҳунари кўрсатган йўлдан бориб эришар экан...       
Қўлидан иш келадиган, ҳунарманд киши ҳеч қачон аро йўлда қолиб, муҳтож бўлмайди. Бу борада нафақат аёллар, балки эркаклар ҳам ҳунар билан камол топишлари жуда кўп бора ҳаётда ўз исботини топган ҳақиқат. Олий маълумотли, нуфузли жойда ишлайдиган бир танишим бор. Болалалигидан отаси оёқ кийимларини таъмирловчи косибга, темирчига ва уй-рўзғор анжомларини таъмирлайдиган усталарга шогирдликка берган экан.
—    Ўша пайтлари усталарнинг инжиқликларини кўтариш, оз-моз нарса ўрганаман, деб улар айтган қийин юмушларни бажариш малол келиб, дадамдан хафа бўлардим,- дейди дўстим мамнуният билан,- Ҳозирда ишдан ташқари уйимдаги сув жўмраклари, рўзғор анжомларини таъмирлаш билан бирга қўшниларга ҳам ёрдамим тегишидан, ҳаттоки чўнтагимга ойликдан ташқари беш-ўн сўм тушишидан хурсанд бўлсам, ич-ичимдан дадамга миннатдорчилик айтиб қўяман. Ҳунар кишининг обрў-эътибор топишида ҳам муҳим аҳамият касб этаркан...
Инсоннинг камолотга эришуви, ҳаётда ўз ўрнини топишида у эгаллаган касб ёки ҳунарнинг ўрни, чиндан ҳам беқиёс. Ҳунар нафақат яхши даромад, тўкин ҳаёт беради, балки ҳунарли одам ён-атрофидагиларнинг мушкулини осон қилиш билан уларга ёрдами тегиб савобга дохил бўлади. Нима ҳам дердик, бугунги мулоҳазалардан тегишли хулосага келиш муҳтарам муштарийга ҳавола. Биз эса фикрларимизни Ҳазрат Навоийнинг “Фарҳод ва Ширин” достонларидаги шоҳ ўғли- шаҳзода бўлишига қарамай, бир талай ҳунарлар эгаси бўлган Фарҳод тилидан айтилган ушбу сатрлар билан интиҳосига етказишни жоиз билдик:
Ҳунарни асрабон неткумдир охир,
Олиб туфроққами кетгумдир охир?..

Баҳор Турсунзода

Ҳозир сайтимизда 87 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ