1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Келинлик масъулияти

 

 

 

Эгнингизда қордек оппоқ тўй либоси – бугун сиз келин бўлдингиз. Ўзга бир хонадон сизни қучоқ очиб кутиб олди, бошингиздан гуллар сочиб қаршилади. Йигирма йил боқиб-тарбиялаб вояга етказган ўғилларининг  бор-будинни сизга ишониб топширди. «Ҳовлимизга келин келди, қут-барака келди, хурсандчилик келди, қадами қутлуғ бўлсин!» деб дуолар қилди.
Энди сиз учун янги бир ҳаёт бошланади. Ўн саккиз йил яшаган хонадонингизни тарк этиб, бегона кишилар билан тил топишиб, уларга эл бўлишингиз керак. Яқинларингиздан, меҳрибон ота-онангиздан узилиб эрингизнинг, қайнона-қайнотангизнинг энг яқин кишиси бўлиб қолишингиз керак. Акс ҳолда икки оилада ҳам ҳузур-ҳаловат, хотиржамлик бўлмайди. Бунинг учун нима қилиш керак?
Эр учун энг яқин инсон ким? Албатта уни туғиб, оқ сут бериб, қанча тунларини бедор ўтказиш эвазига авайлаб катта қилиб, мана шундай кўркам, ақлли, соғлом, бақувват йигит ҳолига келтирган она эрнинг энг яқин кишисидир. Демак, эрнинг онаси, яъни қайнонанинг ҳурматини жойига қўйиш, кўнглини олиш, хизматини қилиш лозим бўлади.
Бу ақлли, доно қизлар учун, келинлик мажбуриятларини бошданоқ тўғри англаб олган қизлар учун энг тўғри йўлдир. Ота-боболаримиз «Гулни севган тиконини ҳам эъзозлайди», дейишади. Тиконини иззат қилмаган гул исидан бебаҳра қолади. Эрнинг борлиги, сизни суйиб-эркалаши, айтганингизни муҳайё қилиши яхшию, унинг ота-онаси, яқинлари «пуф сассиқ» бўлиши мумкинми? Эрнинг хешларини, айниқса, ота-онасини ҳурмат қилолмаган келин хожасининг кўнглини ололмайди, меҳрини қозонолмайди, нафратига учраб, муҳаббатидан бебаҳра бўлади. Бора-бора эрининг кўзига хунук кўриниб, оила бахтига дарз кета бошлайди.
Келин – қайнонанинг маънавий қизи, қайнона – унинг иккинчи онаси, дейишади. Биринчи онангиз ўз уйингизда қолдими, демак, куёв хонадонида сиз учун энг яқин, меҳрибон, ғамхўр киши қайнона бўлади. Қайнона – ҳаётдаги йўлдошингизнинг, суюкли эрингизнинг туққан онаси, танасининг бир парчасини сизга тортиқ қилган саховатпеша, бағрикенг бир инсон. Агар у эрингизни туғиб бермаганида бу яхши инсонга завжа бўлолмасдингиз. Агар у хоҳламаганида совчи юбориб сизни келин қилмасди.
Демак, сиз учун эрни қанча ҳурмату иззат қилиш лозим бўлса, унинг онасини (отасини) ҳам ардоқлаш, таъзиму риоят қилиш шунчалик зарур. Агар уни қайнона сифатида иззат қилолмасангиз, ҳеч бўлмаса, ёши улуғлиги учун ҳурмат кўрсатишга мажбурсиз. 
Мана куёв хонадонига келин бўлиб тушдингиз. Қайнонангиз биринчи кунларданоқ «қизим-қизим»лаб ҳурматлаб турибди. Сиз ҳам ўша ҳурматга яраша итоат кўрсатинг, гапини қайтарманг. Унинг ёши улуғ, ҳаётда кўп нарсани кўрган. Нима яхшию, нима ёмон, англаб етган. Шундай бўлгач, билмаганларингизни ўргатади, рўзғор юритиш сирларидан воқиф қилади, эпли, тежамли, саришта бўлишдан сабоқ беради.
Унинг айтганларини жон қулоғингиз билан тингланг. Сизга ёқмаса ҳам, бурнингизни жийириб, лабингизни бурманг. Хўп бўлади, деб бажаришга шошилинг. Чунки Аллоҳ таоло ота-онага яхшилик қилишни, уларга қараб «уф» тортмасликни, уларнинг сўзларини қайтармасликни буюрган. Қайнона – она, она бўлганида ҳам эр-хотин – икковингизнинг онангиз.
Қайнонангиз  келин олаётганида сиз билан дарров ёвлашиб қоламиз ёки душманимга айланади, деб ният қилмайди. Ҳар қандай «маршал» қайнона бўлмасин, итоатли, одобли, ҳаёли келин қаршисида қиличи синиб, сўзи тинчиб қолаверади. Унинг ёшини, эрингизнинг онаси эканини, рўзғор юритишдаги катта тажрибасини инобатга олиб муомалада бўлсангиз, фақат ютасиз.
Қайнонанинг хайрихоҳлик билан ўргатган ишларидан жаҳлингиз чиқмасин. Чунки у сизни камситиш ёки билмаганингизни таъна қилиш учун эмас,  билганларини сизга кўрсатиш учун ўргатяпти. Бунга раҳмат айтиб қабул қилинг. Қаричилик ортиданми ёки жаҳли чиқиб турганиданми, қизишиб танбеҳ берса, аразламанг, мулойимлик кўрсатинг, сабр қилинг.
Акс ҳолда муроса бузилади, дилидан қоласиз. Оилада нотинчликлар, совуқчиликларнинг изғирин шамоли эсиб қолади. Орада эрингиз бечора эзилади. Чунки у икки ўт орасида қолади. Бир томонда – оқ ювиб-оқ тараган, вояга етказган онаси, иккинчи томонда – ўз хонадонини тарк этиб, қолган ҳаётини эрига бахшида қилишга онт ичган суюкли ёри.
Ўз онангиз сизга бахт тилайверсаю, сизни «турмуш» дея аталмиш катта ҳаёт синовига тайёрламаган бўлса, ҳаёт сабоқларидан таълим бермаган бўлса, овқат пишириш, нон ёпиш, кир ювиш, бола тарбиялаш каби турмушнинг зарурий юмушларини ўргатмаган бўлса, қайнонангиз айбдор эмас-ку! Қайнона ва келин можароларининг аксариятига бўлғуси келинларимизнинг енгилтаклиги, тарбиясизлиги, турмуш синовларига тайёр эмаслиги сабаб бўлмаяптимикан?
Ўзбек хонадонида, яхши тарбия кўрган оилаларда қадим-қадимдан қизларни борадиган еридаги иссиқ-совуққа, аччиқ-тизиққа кўникишга ўргатадилар. «Энди уйинг ўша ер, у жойдан гап ташиб келма, қайнонанг билан муроса қил, сен яхши бўлсанг, хизматингни аямасанг, улар ҳам бошига кўтариб юради» қабилида насиҳатлар қилинган. Бундай тарбия олмаган қизлар эса ўз бахтларига ўзлари зомин бўлишади. Мана, бир мисол:
«Мен 1999 йили турмушга чиқдим. Эрим билан жуда аҳил ва иноқ эдик. Қайнонам эса ўз қизидай севарди. Аммо арзимас бир воқеа бахтимни поймол қилди, ширин турмушга оғу солди. Ўша куни эрим ишхонасидан мукофот пули олиб, онасига кўйлак олиб келган эди. Буни кўриб феълим бузилди. «Турмуш қурганимизга уч йил бўлибдию, ҳали менга тузукроқ бир совға қилмади», деб ўйладим. Эримга айтувдим, «Фарзанд кўрганимизда кўйлак олиб бердим-ку», деди бамайлихотир. Хунобим ошди. Кейин уйга борганимда ойим ярамга туз сепдилар: «Ўзи эринг орзу-ҳавасни билмаган йигит экан… Мункиллаган онасини ясантириш ўрнига оиласини ўйласа бўлмайдими? Ахир сен ёшсан, авжи ўйнаб-куладиган давринг. Ҳозир киймасанг, қачон киясан? Адашдим, адашдим, бўлмаса, ўша таги пастларга қиз берармидим…». Ойимнинг гаплари мени тамоман йўлдан оздирди. Тўнимни тескари кийиб олдим. Эрим ва қайнонам ҳайрон. Она-бола насиҳат қилишса – кар, йўл кўрсатишса – кўр бўлиб олдим. Гўё иззат-нафсим поймол, қадрим ер билан яксон, обрўйим бир пул, дилларим вайрон. Аммо қаттиқ янглишган эканман.
Хуллас, эрим ва қайнонамнинг ялиниб-ёлворишлари, панду насиҳатлари кор қилмади, ажрашиб кетдим. Ишга кириб, дил яраларим тузалгандай бўлди. Аммо ўғлим «дада, дада»лаб йиғлаганида, «Тор қорнимга сиққан, кенг уйимга ҳам сиғади», деб мени ажратиб олган онамнинг энди малол кўргандай қовоқ-тумшуқ осилтириб олганида нақадар машъум хатога йўл қўйганимни тушуниб етдим. Бир парча матоҳ, деб шундай меҳрибон, яқин кишиларимдан юз ўгирганимни ўйлаб туни билан оҳ чекаман, кўз ёшларим жаладай қуйилади».
Ҳа, қайнона – хонадоннинг энг катта бекаси, хоними, эрингизнинг меҳрибон, сахий онаси. Эрингизнинг муҳаббати ва ҳурмати бошингизни айлантириб қўймасин, уйда ўзингизни хўжайин ҳис этиб ҳукм юритмоқчи бўлманг. Бу билан қайнонангиз ва ўзингиз ўртангизга совуқчилик туширасиз, чоҳ пайдо қиласиз, эрингиз ва яқинларингизнинг назаридан қоласиз.
Муҳтарам келинлар,  ҳузур-ҳаловатингизни ўйлаб эрингизни онасидан юз ўгиришга мажбурламанг, тантиқлигингиз ва иззатталаблигингиз билан унинг иймондан, диёнатдан ажралиб, ота-онасига осий бўлиб қолишига сабабчи бўлманг. 
«Ойнаи жаҳон» орқали намойиш этилган кўрсатувлардан бирида турмуш қурганига эндигина уч ой бўлган бир келин ҳеч истиҳоласиз, уялмай-нетмай куёв хонадонидагилар унга жабр-ситам ўтказганлари ҳақида гапирди. Ҳақли суратда шундай савол туғилади: «Сен уч ойгина турмуш қурган бўлсанг, не-не орзулар билан сени келин қилган ота-онанинг, ширин илинжлар билан сенга уйланган йигитнинг орзуларини рўёбга чиқариш, кўнглини топиш учун нима қилиб улгурдинг? Уларни қайси хизматларинг билан рози қила олдинг?». Келинлик мажбуриятларини бажаришга уч ойгина чидаган жувоннинг арзу-дод қилиб юриши қайси ахлоқда бор?
Ўзбек хонадонида келинни қадрлайдилар, авайлайдилар. «Бировнинг боласи, кўниксин, ўргансин», дейдилар. Сен қандай келин бўлдингки, ана шу уч ойдаёқ кўникиш, кўнгил овлаш, янги хонадонга мослашиш ўрнига зулм кўрдим, дея жар солиб юрибсан? Ахир келинлик даври кўникиш, меҳр қозониш, уйнинг оғирини енгил қилиб, катталарнинг ва эрингнинг муҳаббатига сазовор бўлиб олиш даври эмасми? Билмаганларингни ўрганиш, танбеҳ берсалар ёки танқид қилсалар, ундан тўғри хулоса чиқариб, ўзингни оила бекалигига тайёрлаш даври эмасми?»
Оила бахтини ушлаб асраб қолиш кўп жиҳатдан келинларимизга боғлиқ. Аммо эри ёки қайнонаси билан орият ё «ҳуқуқ» талашадиган, биринчи кунларданоқ қайнонага ақл ўргата бошлайдиган, панду насиҳатини назарга илмайдиган, энг даҳшатлиси, беҳурмат қиладиган келинлар ўзлари билмаган ҳолда бахтлари устидан кул тортишади. Ширин турмушлари заҳар-заққумга айланади. Кейин афсус-надоматлар ичра идорама-идора «ҳақиқат излашга» тушишади.
Кўпинча ёш келинлар зорланиб қолишади: «Нима қилсак, қайноналаримизга ёқарканмиз, уларнинг таъна-дашномларидан, маломатларидан қутиларканмиз?» Ҳамма учун бирдай ёқишнинг иложи йўқ. Катталар ва ёшлар ўртасидаги «авлодлар ихтилофи» туфайли қайнонангиз билан дарров, осонгина тил топишиб кетишингиз қийин.
Аммо сиз бировнинг хонадонига келин бўлиб, бегона бир аёлни она ўрнида қабул қилмасангиз, у билан муроса қилиш йўлларини ахтармасангиз, асло бахтли бўлолмайсиз. Эрингиз сизни қанчалик севмасин, айланиб-ўргилмасин, қайнонангизга ёқмас экансиз, оилангизда фароғат ва саодат бўлмайди.
Бунинг учун нима қилиш керак? Қайнона билан тил топишиш, унга ёқишнинг ҳеч қандай яширин йўллари, сир-синоатлари йўқ. Фақат донишмандларнинг пандларига қулоқ солиш, катталарнинг насиҳатига кўниш, қайнонани она ўрнида кўриб у билан низо чиқаришдан, ихтилофга боришдан қочиш керак. Келинг, манави ўнта ўгитни яхшилаб эслаб, унга риоя қилишга урининг:
1. Қайнонангиз она бўлгани, ёши улуғлиги, тажрибаси катталиги, сиздан донороқ, тадбирлироқ бўлгани учун ҳам унинг иззат-ҳурматини жойига қўйинг. Ўзингизни асло катта тутманг, итоатсизлик кўрсатманг. Чунки онанинг ўғлидаги ҳақлари бисёр. 
2. Рўзғорнинг бор-йўғига чидамли, сабрли, қаноатли бўлишга ўрганинг, айтганингиз бўлмай қолса, жанжал кўтаришни одат қилманг. 
3. Ота-онангизга гап ташиб боришга, уйдаги сирларни кўчага чиқаришга одат қилманг. Бу билан қудалар ўртасидаги ҳурмат-оқибатни барбод қиласиз, турмушингизга совуқлик тушириб, эрингиз хонадонига хиёнат қилган бўласиз. 
4. Нима иш қилмоқчи бўлсангиз, қайнона билан маслаҳатлашинг, маблағингизни қайнона билан келишиб харжланг, тежамкор бўлинг. Чунки у рўзғорнинг паст-баландини, оила сарфиётини, қаттиқ-қуруқни сизга қараганда яхшироқ билади. Ўзбошимчалик, итоатсизлик, пала-партишлик ўртадаги муҳаббатни барбод қилади.
5. Тилингизга эҳтиёт бўлинг, ёлғон сўзлашга ўрганманг. Катталарнинг иззат-нафсига тегадиган ботил сўзлар билан тилозорлик қилманг. 
6. Ота-онангизни соғиниб уйингизга ёки бирор маъракага бормоқчи бўлсангиз, аввал қайнонангиздан (қайнотангиздан), сўнгра эрингиздан ижозат сўранг. Бу билан катталарни ҳурмат қилган, уларнинг кўнглини топган бўласиз. 
7. Бирор ножўя иш қилиб қўйсангиз ёки қайнонангизнинг бирор топшириғини бажармаган бўлсангиз, дарров узр сўрашга одатланинг. Халқимизда «Эгилган бошни қилич кесмайди», деган нақл бор. Кечирим сўраш билан обрўингиз тушиб, мартабангиз пасайиб қолмайди. Аксинча, янада ардоқлироқ, суюклироқ бўласиз.
8. Қайнонанинг хизматидан асло бўйин товламанг. Чунки кўп ҳолларда жанжал-можаролар ана шу «қилди-қилмади»лардан келиб чиқади. Ахир сиз ёшсиз, ғайратингиз жойида, хизмат қилиш билан бирор жойингиз камайиб қолмайди. 
9. Қайнона кўз ўнгида эрингиз билан асло апоқ-чапоқ бўлиб кўринманг. Ўғлининг пинжингизга кириб кетаётганини сезса, «Болам иккита бўлди», деб қувонган она ўзини камситилган ҳис этади, бу унга оғир ботади. Бунинг «сабабчиси» бўлган, ўғлини «оғдириб олган» келинини ёқтирмай қолади.
10. Хонадондаги қайнсингилларингиз, овсинларингиз билан аҳил бўлишга, уларнинг кўнглини топишга ҳаракат қилинг. Қайнонага ёқишни ўйласангизу, аммо унинг суюкли қизларига, сиздан олдин келиб қадрдонлашиб қолган келинларига нописанд муомалада бўлсангиз, мақсадга эришармикансиз? 
Бахт ва фароғат гулханларини ўчирмай, эримникида иззат ва ҳурмат кўрай, ҳаётим осойишта ўтсин, десангиз, юқоридаги  панд-насиҳатларни қулоққа олиб, бугунданоқ бажаришга киришинг. Эҳтимол, сиздан кўнгли совиб, бошини қаёққа уришни билмай юрган эрингиз учун бахт-иқбол эшикларини яна очиб бераётган бўларсиз?! Эҳтимол, «келиндан ёлчимадим» дея ҳафсаласи пир бўлаётган қайнонангизнинг қалбида умид шуълаларини учқунлантириб юборарсиз?!
Аллоҳ таоло қайнона ва келин – икковингизнинг юлдузингизни бир-бирингизга иссиқ кўрсатсин, қалбингизга меҳр-муҳаббат, ишонч, оқибат уруғларини сепиб, ризқлантирсин!
Яхши, солиҳа, хушахлоқ хотин эр учун бир жаннат мисолидир. Тарбиясиз, ахлоқсиз, жанжалкаш хотинлар эса дўзахдан ҳам баттар. Бир куйган эр: «Ҳамма қизлар яхшию, ёмон келинлар қаёқдан пайдо бўлар экан?» деб ҳайрон бўлган экан. Чунки ўз ота-онангиз барча эркалик, ноз-фироқларингизни кўтаради, нуқсонларингиздан кўз юмади. Ўзга хонадонда эса бу тезда ошкор бўлиб қолади. Шунинг учун тўйдан кейин барча ёмон қилиқларингиздан воз кечиб, чиройли амаллар қилишни бошласангиз, фақат ўзингизга яхши бўлади. 
Ёмон хотинлар эрларига ва унинг яқинларига қўпол, дағал муомалада бўлишади. Хонадон юмушларидан бўйин товлашади. Эрнинг мол-мулкига бепарво бўлиб, асраб-авайлашмайди ва исроф қилишади. Ёлғон гапиришдан, чақимчиликдан, ҳаёсизликдан уялишмайди. Оиланинг тинчи, фароғати, фаровонлиги ҳақида ўйламай, ҳар куни – кун оша оила аъзоларининг оромини бузиб жанжал кўтараверишади. Уларга на панду насиҳат, на катталарнинг йўл кўрсатиши, на қонун-тартиблар, на фарзандлар қисмати – ҳеч нарса кор қилмайди. Улар ана шундай бадбахт кимсалардир.
Ўтмишда қизини куёвникига жўнатиш олдидан айрим доно оналар қуйидагича насиҳатларни қилишган:
«Эринг хонадонида қаноат соҳибаси бўл. Ўз ҳолингга шукр қил. Яъни, эринг уйга нимаики олиб келса, у хоҳ ейдиган, хоҳ киядиган нарса бўлсин, хушфеъллик билан, гўзал одоб билан қабул қилиб ол! Эрингга ташаккур айтиб хушнудлик кўрсат. Зеро, бахтли ҳаёт кечирмоқнинг бир йўли ўз ҳолига шукр этмоқдир. Ҳолига шукр этмаган, ўз нафсини тиймаган кишида кўнгил ҳузури, қалб роҳати бўлмайди!
Эрингга итоат эт, «қил» деган ишларини қил, «қилма» деганини қилма!
Эрингнинг кўзи тушадиган жойларга яхши эътибор бер! Яъни, уйнинг ичини, ташқарисини ниҳоятда тоза тут. Шундай қилки, хожангнинг кўзига бир чиркин ер кўринмасин.
Уст-бошингни тоза тут. Эринг фақат хуш бўйни сезсин, димоғига ёмон ҳид келмасин. Чунки ёмон ҳидлар эринг кўз ўнгида обрўйингни туширади. Сендан ирганишига сабаб бўлади. Шуни яхши билгинки, тозалик ва заифлик энг яхши нарсалардир, инсон кўзига хуш кўринишлик шулар биландир.
Овқатни вақтида тайёрла. Яъни, овқатланиш вақтини ҳеч қачон кечиктирма. Эринг қачон овқатланишга ўрганган бўлса, ўша пайтга овқатини тайёрлагин. У келиши билан дарҳол дастурхон сол. Шуни яхши билгинки, очлик инсоннинг жаҳлини тез келтиради.
Уйқу вақтини, уйғониш пайтини яхши билиб ол! Яъни, унинг қачон уйқуга ётиш пайти бўлса, ўрнини тайёрлаб қўй. Зеро, уйқусизлик инсонни хафахон этади. Асаблари бузуқ, хафахон одамларнинг эҳтироси муҳаббатини секин-секин сўндиради.
Хожангнинг моли ва ашёсига жуда эътиборли бўл! Яъни, хожангнинг мол-дунёсини яхши сақла, ашёларини авайла, муҳофаза қилгин. Чунки унинг мол-дунёси сеникидир. Эрнинг мол-дунёсини исроф этмаслик – иш билиш ва қадрига етиш, демакдир.
Эрингнинг қариндоши ва яқинларига ҳурмат кўрсат! Яъни, хожангнинг қариндошлари ва яқинларига ҳурмат хожангнинг эътиборини қозонмоқ, демакдир. Уларни ҳурмат қилиш хожангни ҳурмат қилиш, демакдир. Бу эса қадр ва эътибор қозонишингдир.
Эрингнинг сирини бошқаларга айтма! Яъни, эрингнинг баъзи сирларини билган вақтингда эҳтиёт бўлиб уни сақла, бировларга айтиб юрма. Агар айтиб қўйсанг, унинг ғазабини келтириб қўясан, ишончини йўқотасан. Бунда тузаётган оиланг бузилади.
Эрингнинг динга тўғри келадиган барча буйруқларини адо қил! Яъни, хожангнинг динга уйғун бўлган буйруқларини бажаришда танбал бўлма. Ҳеч қачон унга нисбатан итоатсиз бир ҳаракат бўлмасин. Агар шундай бир ҳаракат бўлса, сенга кин сақлаб охири душман бўлади. У сенга душманлик йўлини тутса, сен кўп зарар кўрасан ва қўлингдан ҳеч нарса келмайди.
Шуни яхши билиб олгинки, хожанг хафа бўлганда сен нашъали, хурсанд бўлишдан, у хурсанд бўлганда сен хафа кўринишдан жуда эҳтиёт бўлгин. Чунки унинг хафа бўлган пайтида сенинг хурсанд кўринишинг, унинг қувончли бўлган вақтларида сенинг ғамгин бўлишинг унга ҳамдард бўлмаслик каби бир қусурни ўртага туширади. Бу эса фаҳмсиз ва тарбияси ёмон одамларга мансуб ишдир».

 

 

 

Ҳозир сайтимизда 15 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ