1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Келин танлаш

Расули Акрам: «Эй умматим, никоҳланинг. Чунки бир куннинг никоҳи, бир йиллик нафл ибодатдан хайрлидир! Эй умматим, сизлардан бирингиз уйланганингизда шайтон шерикларига шундай бақиради: «Бу одам динининг иккидан бир бўлагини мендан ҳимоя қилиб қолди». Уйлансангиз ўзингизга оталик, уйланажагингиз қизга эса оналик шарафини бахш этган бўласиз».
Пайғамбаримиз с.а.в.: «Никоҳда аёлнинг тўрт жиҳати эътиборга олинади: мол-мулки, насл-насаби, хушрўй-гўзаллиги ва дину диёнатлилилиги. Сиз дину диёнатлисини танланг, эй барака топкур», — дея насиҳат қилганлар. Шунингдек, бошқа бир ҳадисда: «Аёлларни фақат чиройиучун никоҳга олманг, чиройи уларнинг ахлоқини ёмонлаштириши мумкин. Уларга мол-дунёси учун ҳам уйланманг, мол-дунё уларни йўлдан оздириши мумкин, аёлларга диндорлиги учун уйланинг. Муҳаққақ, кўйлаги йиртиқ, ғариб, бироқ диндор бир аёл янада қийматлидир», — дейилган. Фақиҳ олимлар, уйланиш борасида етти ўлчаб бир кесишни, бўлғуси келинни одил қўшнилардан (асло ғаразгўйлардан эмас) суриштиришни тавсия этишган. Келиннинг бўйи куёвдан ўта паст ҳам, ўта узун ҳам бўлмаслиги маъқулроқ ҳисобланган. Келин танлашда қуйидагиларга аҳамият бериш жоиз:
1) оҳ-вҳ қилиб, ҳамма нарсадан нолийверадиган;
2) қилган хизматини миннат этадиган;
3) бегона эркакларга кўз учида бўлса ҳам, шаҳват билан қарайдиган;
4) ташқарида безаниб-тараниб, ичкарида бефаросатлик билан кийинадиган;
5) итоатсиз, кибрли, қўпол қизларни асло жуфтликка танлаб бўлмайди.
—Бўлғуси келинчакни танлашда унинг қайси хислатларига асосланилса, мутлақо адашмаслик мумкин?
—Имом ўаззолийнинг «Никоҳ одоби» рисоласида жуфт танлашда қуйидаги саккиз хислатга аҳамият бериш лозимлиги уқдирилади:
1. Бўлғуси келиннинг дину диёнатли бўлиши муҳим аҳамиятга эга. Зеро, юқорида таъкидлаганидек, ҳақиқий солиҳа, диёнатли аёли бор хонадонда кейинчалик бошқа ибратли, яхши жиҳатлар ҳам жамулжам бўлар экан.
2. Яхши ахлоқли бўлиш ҳам ўта зарурдир. Зеро маҳмадона, шаллақи, қаноатсиз, бузуқи аёлларданг солиҳ фарзандлар дунёга келиши даргумон. Шу боис, бўлғуси куёвларга миннатни хуш кўрувчи, шаҳватпараст, молпараст, маҳмадона, қаноатсиз, «баҳона касал» бўлаверадиган, кўча учунгина безанадиган, уйдаги нарсадан дарҳол ўз улушини эгаллашни истайдиган бадхулқ қизлар билан оила қуришдан сақланиш тавсия этилади.
3. Бўлғуси келиннинг гўзал, хушрўй бўлиши ҳам зарурий шартлардандир. Зеро, муҳаббатни алангалантирувчи асослардан бири чеҳра гўзаллигидир. Кўримсиз аёлнинг чеҳраси тезда кўнгилни зада этиши мумкин. Аммо гўзаллик диёнат ва хушхулқлик билан айро бўлмаслиги лозим. Диёнатсиз ва бадхулқ аёлнинг чеҳра гўзаллиги фоҳишаликка етаклаши мумкин, холос. Юқоридаги, ҳадисларда диёнатли аёлга уйланиш тавсия этилганлиги, гўзалликка интилишни асло инкор қилмаслигини тўғри англаш лозим.
4. Келинга бериладиган маҳрнинг оз бўлиши ҳам хислатлардандир. Маълумингизким, маҳр куёв тарафидан бўлғуси келинчакка мулк сифатида берилади. Маҳр келин ва ота-онаси томонидан қанчалик оз сўралса, шунчалик мақсадга мувофиқ бўлар экан.
Ҳазрати Пайғамбаримиз с.а.в.: «Аёлларнинг энг вафодори, чеҳраси жиҳатидан энг гўзали ва маҳри енгил бўлганидир», — деганлар. Шуннигдек, «Аёлнинг тезроқ эрга тегиши, туғиши ва маҳрининг осон бўлиши учунг барокатли бўлишидандир», — дейилган.
Куёвнинг келин мол-дунёсига кўз тикиб уйланмоғи ножоиздир. Олимлардан бири: «Киши уйлангани замон «Ажабо, аёлнинг бир нарсаси бормикин?» — деса, билингки, у эркак ўғридир» деганлар. Қуда томонлар бир-бирига ҳадя этишиб, ундан каттароғи қайтишига кўз тикишлари ҳам бадхулқлик белгиларидандир. Тўйлардаги дабдабалар, меъёрдан зиёд қалин сўраш кабилар мусулмончиликка хилоф ишлардир.
5. Келиннинг туға олиш қобилияти бўлиши ҳам ўта аҳамиятлидир. Дарҳақиқат, кўпчилик олимлар ҳомиладор бўлиш имкониятидан маҳрум аёлларга уйланишдан сақланишни маъқуллашган. Чунки, Ҳазрати Пайғамбаримиз: «Севимли ва туға оладиган аёлга уйланинглар», — деганлар. Агар аёл олдин турмуш қурмаган бўлса ва туғмаслиги билинмаса, унинг соғлиғи ва ёшлигига аҳамият берилади. Чунки аёл қанчалар ёш ва соғлом бўлса шунча туғиш имконияти кўпроқ бўлади. Зеро, замонавий табобатимиз ҳам 28 ёшгача ҳомиладор бўлмаган аёлларда кейинчалик илк туғруқ жараёни бирмунча асоратли ва қийин кечишини таъкидлайди.
6. Жуфтликка танланган қиз бокира бўлмоғи лозим. Зеро, Расули Акрам бир бевага уйланган саҳобага «Нега бокира қизга уйланмадинг?» — дея танбеҳомуз савол берган эканлар. Бокираликда уч фойдали жиҳат мавжуд бўлар экан:
а) бокира келинчак илк дўст қадрини англаши боис, фақат ўзи билган эрини сева олади ва одатда у билан кифояланади ҳамда олдин эркак синаган аёлга нисбатан эрига муҳаббатли бўлади;
б) бокира аёл эри томонидан кўпроқ севилади, чунки ўз рафиқасининг олдинги турмушини эслаш, эркакнинг кўнглини ғашлаши ва эҳтиросининг сусайишига олиб келиши мумкин;
в) олдин турмуш қурган аёл албатта биринчи эрини кўпроқ эслайди, чунки муҳаббат илк жуфт билан жўшқинроқ бўлиши ва хотирада сақланиши шубҳасиздир.
7. Аёлнинг насл-насабли, яъни аслзода бўлиши ҳам турмушда муҳим ўрин тутади. Ўзбекчиликда «етти авлоднинг суриштирилиши» бежиз эмас. Зотан насаби, зоти асл, диёнатли қизларгина, келажакда иффат-ҳаёли, муслима аёл бўлиб, солиҳ фарзандлар, соғлом авлодлар тарбиялашга қодирдирлар. Бу ўринда наслий касалликларни суриштириш ҳам муҳим аҳамиятга эга.
8. Жуфтликка танланган аёл яқин қариндош бўлмаслиги шарт.  Зеро, Расули Акрам «Яқин қариндош бўлган аёлга уйланмангиз, чунки бола заиф, дардман бўлади», — дея хатарли дардлардан биз умматларни огоҳ этганлар. Шаҳват қувватлилиги ҳам эҳтиросли назар ва эркалашлар шижоатига узвий боғлиқ. Шу боис, замонавий тиб илми ҳам эҳтирослар жўшқинлиги аёлнинг нотанишлигига боғлиқлигини эътироф этаётир. Зеро, яқин қариндошлардан тузилган оиладига эркакларда «руҳий мижоз сустлиги» дарди анча кўп учрар экан. Яқин қариндошлардан иборат оилалардаги бошқа салбий жиҳатлар ва наслий касалликлар кўпайишига салмоқли таъсири ҳақида келгуси бобларда бафуржароқ тўхталамиз.
Келин танлаш хусусида Соҳибқирон Амир Темур бобомиз шундай деганлар: «Ўғилларим, набираларим ва яқинларимни уйлантириш ташвишида келин изламоққа эътибор бердим. БУ ишни давлат юмушлари билан тенг кўрдим. Келин бўлмишнинг насл-насабини, етти пуштини суриштирдим. Хос одамлар орқали соғлик-саломатлигини, жисмонан камолотини аниқладим. Келин бўлмиш насли-насаби, одоб-ахлоқи, соғлом ва бақувватлиги билан барча қусурлардан ҳоли  бўлсагина, эл-юртга тўй-томоша бериб, келин туширдим».

Ўктам МУҲАММАД МУРОД

Ҳозир сайтимизда битта меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ