1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Рисоладаги эрнинг ўнта сифати

Алҳамдулиллаҳ, мана уч йилдирки, уйланганман ва исломий никоҳ Аллоҳнинг инсониятга берган энг яхши неъматларидан деб ҳисоблайман. Аммо бу яхшиликлар инсонга шундоққина тақдим этиб қўйилмайди. Ҳозирги эркакларнинг кўпчилиги оиласи, атрофидагилари, ҳатто жамияти ва ОАВ тарафидан маънан бузилган. Шу туфайли бизлар Ислом тарихида қолган аждодларимиз ва бошқа буюк эрлар эга бўлган эркаклик ва бошқа хос сифатлардан маҳрум бўлиб бормоқдамиз. Мен – ҳозирги мусулмон эрлар авлодининг вакилиман ва оила тутими катта меҳнат талаб қилишини биламан.

Умуман, оила деган пойдеворсиз уммат биносини қуриш имконсизлиги ҳеч кимга сир эмас. Мен биринчи навбатда ўзимга, сўнг умид қиламанки, оиласини мустаҳкам ва бахтли бўлишини хоҳловчи бошқа эркакларга фойдали эслатма бўла оладиган сифатларни бир тизгинга қўйиб, уларнинг рўйхатини тузиб чиқдим. Баъзи фикрларни китоблардан, кўпини эса ўз тажрибамдан келиб чиқиб ёздим.

Ўзингизга боғлиқ жойини олинг ва амал қилинг:

1. Спорт билан шуғулланиш ва соғлом ҳаёт тарзи.
Биз аҳли аёлимиз ва болаларимиз учун ўз соғлиғимизни ўйлашимиз ва жисмоний яхши ҳолатда бўлишимиз лозим. Жуда кўпчилик тўйдан сўнг бу борада мутлақ бўшашиб қолади. Аслида эса бунинг тескариси бўлиши керак. Биз бақувват бўлсак, аёлимиз ва фарзандларимиз учун кўпроқ манфаатимиз тегишидан ҳамда умматнинг кучли ва кўпроқ фойдаси тегадиган аъзоси эканлигимиздан хотиржам бўлишимиз мумкин. Аёлим бир мусулмон мамлакатда бўлгач, аёли ўзига қаровчи, эр эса тамоман бунинг тескариси бўлган жуфтликлардан ҳайрон бўлиб гапириб берган эди. Мен ҳар бир эркак Арнольд Шварценеггер каби бўлиши керак демоқчи эмасман, балки ота боласи 12 ёшлар чамаси бўлганда бирга футбол ўйнашни сўраса, бир-икки марта тўп тепиб чарчаб қолмасликни назарда тутмоқдаман. Мен ўзим компьютер дастурчисиман ва жисмоний ҳолатимни бузмаслик учун (бундай ҳолат эса аввал бўлган) кўп меҳнат қилишимга тўғри келади.
Кўнглингиз тортган жисмоний машқни танланг. Жисмоний ҳолатингизни сақлаш, яхшилаш учун оғир юк кўтариш машқларини бажаришингиз шарт эмас. Шунингдек, соғломлаштирувчи таом  ҳам ўта муҳимдир. Бусиз машқлардан қандай наф бўлиши мумкин? Масалан, мен доим ширинликни кўп истеъмол қилардим, энди эса бу билан ўзимни ҳафтада бир «эркалаб» турибман. Айтиш лозим, шу сабабли ўзимда ижобий ўзгаришларни сеза бошладим, масалан, қувватим ошиб бормоқда.

2. Яхши ва чиройли кийим кийиш.
Бу нарса устида кўп ишлашимга тўғри келди. Чунки мен ҳеч қачон яхши кийим танлай олмас эдим. Бу сўзларим билан эркак киши фақат қимматбаҳо кийим кийиши керак демоқчимасман. Балки кийимдаги комиллик - камтар ва гўзалликнинг ўртасини тутишини назарда тутмоқдаман. Азал-азалдан мусулмонлар ўзларининг ташқи кўринишига алоҳида эътибор бериб келганлар. Ўрта асрда бутун Европа ювуқсиз юрган бир пайтда, мусулмонлар Испаниясида (Андалус) ҳаммом ва канализация тизими мавжуд бўлган. Севикли пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом эса хушбўйланиш учун мушкдан фойдаланганлар. Абу Саид ал-Ҳудрийдан ривоят қилинган ҳадисда, Расулуллоҳ с.а.в.: «Мушк энг яхши хушбўйликдир» деганлар.
Яъни кийимдаги комиллик деб, сизнинг кийим сотиб олаётганингиздаги талабингиз қиймат эмас, сифат бўлишини айтмоқчи эдим. Шу билан бирга, бу аёлингизни хурсанд қилувчи омил ҳамдир.

3. Мутолаа.
Пайғамбаримиз алайҳисаломга нозил қилинган Қуръоннинг биринчи сўзи «Ўқи...»  (Иқро сураси) бўлганлиги маълум.
Ўқишга вақт топишим доимо қийин бўлиб келган эди. Чунки бўш вақтимни, асосан, телевизор ва видео ўйинларга ажратар эдим. Мактабни аъло баҳоларга битирганимга қарамай, китоб ўқишни хушламас эдим. Аммо уйлангач, мутолаанинг зарур эканлигини тушуниб етдим. Китоб ўқиш сизни ақлий етук қилибгина қолмай, аҳли аёлингиз ва болаларингиз билан янги мавзуларда суҳбат қуришга имкон беради. (Фарзанд бирор масала бўйича жавобни ўз отасидан топиши қандай ҳам яхши ҳолат! Тарж.). Ҳозирги ОАВ ва технологиялар даврида киши ўқиб-ўрганмаса, атрофдагиларнинг салбий фикрлари таъсирида қолиб кетади.

4. Уй ишларида ёрдам.
Ҳозирги аёллар ҳар доимгидан кўпроқ бандлар: тўлиқ иш кунига қўшимча равишда – таом тайёрлаш, уй йиғиштириш, фарзандлар – ва буларнинг барчаси қайталанаверади. Агар сиз аёлингиздан бу ишларнинг баъзисини олиб, енгиллатсангиз, у сизга «раҳмат» дейиш билан чегараланиб қолмайди. Рўзғор ишларини сиздан илтимос қилгунларича бажариб қўйганингиз яхшироқ. Инсонларнинг энг яхшиси – Расулуллоҳ с.а.в. ҳам ўз аёлларига ёрдам берар эдилар. Оиша р.а.дан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ с.а.в пойафзалларини ўзлари тузатар эдилар, кўйлакларини ҳам ўзлари ямар эдилар ва сизлар каби ўз аҳли аёлига ёрдам берардилар». Яна Термизий қилган ҳадис ривоятида Оиша р.а: «Расулуллоҳ оддий инсон эдилар: кўйлакларини ўзлари ямар эди, қўй ҳам соғардилар, ўзларини ўзлари парвариш қилар эдилар» деганлар.

5. Қуръон ўқиш.
Мусулмоннинг оиласида раҳбар киши – эр ва у ўз аёл ҳамда фарзандига намуна бўлиши лозим. Шунинг учун унинг Қуръон ўқиши муҳимдир. Қуш уясида кўрганини қилади. Агар бола отасини Қуръон мутолааси устида кўрса, буни нормал ҳолат деб ҳисоблайди. Уйлангунимга қадар Қуръонни у қадар кўп ўқимас, сураларнинг бирортасини тўлиқ ёддан билмас эдим. Бироқ ўз ҳолатимни ўнглашга ўтиб, Қуръонни ўқий олиш учун анча машаққат ила бўлса-да, тажвидни ўргандим ва сураларни ёд олдим. Уйдаги жамоат намози – мусулмон оиланинг муҳим қисмидир ва Қуръон илмидан хабардорлик, сизни эр сифатида ўз аёли ва фарзандига устозлик қилиш имконини беради. Эр ва ота сифатида киши ўз оиласида кунда ҳеч бўлмаса бир маротаба имомликка ўтиб намоз ўқиб бергани яхши.

6. Таҳлил ва тадбиқ – ғояларни илгари суринг.
Болалигимда уйимиз деворида: «Кичик одам ўзгалар, ўртачаси – дунё матоҳи, буюклари эса – ғоялар ҳақида гапиради» деган ёзув осилган эди. Оиладаги суҳбат эрнинг манфаати, шахсий қизиқиши ва атрофдан тўпланган майда гаплардан иборат бўлмаслиги керак. Балки ғоялар ҳақида гапиришни бошлаш лозим. Чунки Ислом эрга оила бошлиғи деган масъулиятни юклайди. Агар эр ўз бошлиғидан қанчалар нафратланишини, ё янги туфли сотиб олгани ҳақида гапириб ўтирса, оқибати ёмон бўлиши турган гап.
Никоҳ ақдигача бўш вақтимни телевизор кўриш каби ўта оддий равишда ўтказар эдим. Аммо вақт ўтиши билан мен бу каби вақтни зое қилишдан четланиб, мутолаа қилиш ва дунё қандай принцип ва тушунчалар устига қурилганини тафаккур қилиб, ўз дунёқарашимни кенгайтиришим кераклиги лозимлигини ҳис қила бошладим. Мен юзаки оилада юзаки эр бўлишни хоҳламасдим. Шу сабабли, ўзимга қулай бўлган шароитимдан чиқиб, ақлий машғулотларга вақт ажрата бошладим. Агар сиз ҳам Аллоҳнинг раҳмати ёғилиб турувчи бахтли мусулмон оиланинг бошлиғи бўлишни истасангиз, машина ва таомлардан кўра юқорироқ турувчи мавзуларга қизиқишингиз лозимлигига аминман.

7. Аёлингиз билан истироҳат қилинг.
Ҳар бир аёл қанчалик диндор бўлмасин, уйдан ташқарида айланиш истаги бўлади. Ўз умр йўлдошингизни бирор ерга олиб бориш учун, албатта, миллионер бўлишингиз шарт эмас. Масалан, уни истироҳат боғига, янги либослар харид қилгани дўконга, ёки ҳалол таом тайёрловчи ресторанларга олиб боришингиз мумкин. Менинг ўзим бу борада баъзан эринчоқлик қиламан. Бироқ аёлим билан бу каби сайрларни режалаштираётган пайтимда оилавий муносабатларимни мустаҳкамланаётганини ҳис этаман. Ҳафтада бир марта аёлим билан шаҳримизда аввал бўлмаган жойимизда сайр қиламиз ёки севимли масканлар борамиз. Бирга ўтказган кунимизда ўз фикрларимиз билан ўртоқлашамиз, ҳар хил мавзуларда суҳбат қурамиз. Сиз ҳам синаб кўринг, ишонаманки, афсус қилмайсиз.

8. Эркакча хулқ-атвор.
Ҳозирги эркакларнинг мардлиги ўз ота-боболарининг мардлигига қараганда озайиб бормоқда. Расулуллоҳ с.а.в. даврларини эслайдиган бўлсак, у зот ва унинг саҳобалари мард, ишончли ва ўз сўзини айта олувчилардан бўлишган. Яъни мусулмон эркак бурчакда қўл қовуштириб ўтириб ҳаётини ўтказмасдан, серғайрат ва серҳаракат бўлиши лозим. Оиламнинг биринчи йилида ўта хотиржамликда эдим. Аммо вақт ўтиши билан англадимки, бу оилавий муносабатларим учун фойдали эмас экан. Мен барча ишни ўзимга ишонган ҳолда ҳаракат қила бошлаганимда ҳам оиламда, ҳам ўзимда ижобий ўзгаришлар сеза бошладим. Лекин ўзига ишониш ва золимлик билан устун келишни фарқлаб олиш лозим. Биринчиси, ўзгаларнинг ҳақ-ҳуқуқига риоя қилган ҳолда, ўз қадр-қимматини белгилаб ҳатти-ҳаракат қилишга кирса, иккинчиси, ўзгалар ҳақ-ҳуқуқига доир боғлиқлик умуман йўқ. Ўзига ишонган мусулмон эркак – ўз уйида бошлиқ, аммо шу билан бирга аҳли байти билан маслаҳатлашади ҳам. Уларнинг оилага боғлиқ катта-кичик масалалар бўйича бир тўхтамга келишда иштирок этишлари муҳимдир. Ҳақиқий мусулмон эркак бўлинг, амал ва ҳаракат қилиб, ўзингизга ишонинг, шунда инша Аллоҳ, аёлингиз бахтли, оилангиз саодатли бўлади.

9. Дин ва иш орасидаги мувозанат.
Оила бошлиғи бир томондан тинимсиз ишлаб, профессионал ўсиши, оила таъминотини бўйнига олиши лозим. Чунки бу аёлнинг ҳаққидир (ҳатто аёл ҳам ишласа-да). Шу билан бирга, эр дин асосларини билиши керак. У фақиҳ бўлиши шарт эмас, балки асосий ва зарур билимларга эга бўлиши даркор.
Бир куни ҳайит намозида бир ота ўз ўғлига намозни қандай ўқиш кераклигини унинг бошланишига бир неча дақиқагина қолганда ўргатаётганини кўриб қолдим. Эркак киши ўз оиласининг раҳбари сифатида ўз аёли ва фарзандларига ўргатиши учун Исломдан етарли даражада хабардор бўлиши керак. Лекин бу ишни намозга камгина вақт қолганда шошилинч ўргатиб ўтирмасдан, уйда аввалроқ ҳаракат қилиб ўргатиши лозим. Иложи бўлса, ҳафтада бир марта Исломий дарсларга қатнанг ва кўпроқ китоб ўқинг. Интернетда (.uz доменида ҳам. Тарж.) динимиз ҳақида ресурслар етарли даражада. Аммо бу билан мусулмон киши ишини ташлаб қўймаслиги керак. Ёдда тутинг, мувозанатни сақлаш осон эмас, лекин аста-секинлик билан барига ўрганиб кетасиз.

10. Таом тайёрлаш.
Тўғри, бу баҳсли масала. Шариатда аёл ўз эрига овқат тайёрлаши керак демаган бўлса-да, менинг оиламда одатда шундай бўлади.  Ва бунинг учун мен аёлимдан миннатдорман! Агар эр ўз аёлига кечки овқат тайёрлашда ёрдам берса, аёлининг қўли нисбатан тезроқ бўшайди ва эрдан беҳад миннатдор бўлади. Бу ишни ташкиллаштиришда аёлингиз муайян бир кунда сизнинг кўмагингизга таяниши мумкинлигини билиши учун график тузиб олишларингиз мумкин. Ишонинг, бу сизнинг оилангиз мустаҳкам бўлишига ва муомалаларингизнинг яхшиланишига ёрдам беради.

Ҳозир сайтимизда 105 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ