1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Кўп нарса эркакка боғлиқ

 

 

 

Балоғатга етган, ота-онасига ардоқли, суюкли бир қизнинг ўз ошёнини ихтиёрий тарк этиб, сизнинг уйингизда яшай бошлашига нима мажбур қилди? Бундан мурод – у сиз билан «турмуш» деган улкан қасрни бирга қурмоқчи, ҳаёт давомийлигини таъминламоқчи. Бу – Аллоҳнинг амри, Пайғамбар алайҳиссаломнинг кўрсатмаларига бўйсунган аёлнинг фидойилиги, садоқати нишонаси. У зиммасидаги бурчларини бажариш учун эри ва яқинларининг хизматига ҳозиру нозир. Бу йўлда ҳар қандай қийинчилик ва синовларга чидашга тайёр. Эри туфайли қайнона ва қайнотани ўз ота-онасидан аълороқ севади ва ҳурмат қилади. Эрига эҳтироми сабабидан унинг ини-сингилларини иззат қилади.
Бу унинг мазлумалигидан ёки тили қисиқлигидан эмас, балки оилага, эрига ишқи ва садоқатидандир. Эр бўлмаса, унинг учун бу хонадон ғамхонага, унинг ота-онасию яқинлари шунчаки ҳамхонага айланади. Эр бўлмаса, унга турмушнинг қизиғи қолмайди, ҳаётнинг маъниси кетади.
Ахлоқимизга кўра, эр – оиланинг раҳбари, унинг ҳамма томонига масъул ҳисобланади. Аммо бу айримлар ўйлаганидек, «деганим деган» қабилида иш тутиш, оиланинг бошқа азоларига зулм ўтказиш ҳуқуқи берилгани эмас. Аксинча, эр хотинининг ҳақларини тўла адо этади, ота-онани ўзи ва хотини томонидан ҳурмат-эҳтиром қилинишини таъминлайди, рўзғор таъминоти билан шуғулланади, оиласини ҳалол ризқ билан боқади. Бу дегани – ўзи еганини оиласига едиради, ўзи кийганини кийдиради, рўзғорнинг керакли жиҳозларини харид қилади. Хотинига яхши муомалада бўлади. Унинг белгилаб қўйилган ҳақларини тўла адо этади. Агар аёл тарбиясиз, ахлоқсиз бўлса, уни панд-насиҳатлар, танбеҳлар билан йўлга солади. 
Эрларнинг яна бир вазифаси – хотинлари хато ёки камчиликка йўл қўйса, кечиримли бўлиш, қусурини тузатиш, айбини беркитиш, хотини ва оиланинг бошқа аъзолари ўртасида ихтилоф чиқса, буни ислоҳ қилиш ва муросага келтиришдир. Арабларнинг: «Уйланишдан олдин кўзларингни оч, уйланганингдан сўнг бирини юм» деган ҳикматида чуқур маъно бор.
Сир эмаски, айрим хонадонларда қайноналар тўйдан кейиноқ ўғилларини келиндан қизғана бошлашади. Тўғри, уларнинг аҳволини тушуниш керак. Кечагина онасини ўтқазгани жой тополмаётган, меҳрибонлик кўрсатаётган, сўзини икки қилмаган ўғил бугун бошқа бир аёлни севиб-ардоқлай бошлади. Демак, меҳр иккига бўлинди. Бу эса қайнонанинг иззат-нафсига тегади, у ўзини камситилган ҳис этади.
Буни англаган айрим ҳушёр йигитлар оналари ҳузурида хотинга нисбатан сал «қировида» туришади. Муомалада кўпда рўйхушлик кўрсатишмайди. Оналарига хотинларини, унинг уйидагиларни асло мақташмайди. Аксинча, камситиб туришга ҳаракат қилишади. Бу аҳволни кўрган она келини томонга ўтиб олади. Сал кўнгли бўшроқлари хотинига «қўполлик» қилаётган ўғилларини тергашга, танбеҳ беришга киришишади. Оиласи бузилиб кетмасин, деб кўз-қулоқ бўлиб туришади.
Аммо баъзи йигитларимиз бор: биринчи кунларданоқ ота-она олдида хотинга алоҳида илтифот, иззат-икром кўрсата бошлашади. Тўғри, уни севасан, у сенинг жуфти ҳалолинг. Ҳурматини жойига қўйиб, айбини яшириб, хулқини ошириб кўрсатишинг шарт. Лекин бу иш бошқалар кўз олдида, айниқса, қайнона ҳузурида бўлмаслиги керак. Айрим оналарнинг ўз ўғилларини келиндан қизғаниши улар табиатига хос нарса эканини бир дақиқа ҳам эсдан чиқармаслик лозим.
Шунинг учун, муҳтарам куёвлар, онангиз ва хотинингиз ўртасидаги муносабатлар издан чиқмаслиги учун бироз «иккиюзламачироқ» бўлишингиз, эркаклик ролингизни қиёмига етказиб ўйнашингиз керак. Хотинингизни майда-чуйда ишларда ҳам онангиздан маслаҳат сўрашга, унга доимо итоатда бўлишга ўргатинг. Ҳеч қачон катталар ҳузурида унга алоҳида эътибор, илтифот кўрсатманг. Сал «виқор билан» туринг. Бирор совға ҳадя қилмоқчи бўлсангиз уни ўзига топширмай, онангизга беринг. «Буни келинингизга атаб олувдим, хоҳласангиз, берарсиз, бўлмаса, ўзингизга қолдирарсиз», деб бемалол айтаверинг. Ҳеч бир қайнона ана шу гапдан кейин совғани ўзига олмайди, албатта келинига топширади. Чунки келини олдида тили қисилишини хоҳламайди.
Кўпинча янги турмуш қурган ёшлар алоҳида яшашга, бошқа хонадонга чиқиб кетишга, рўзғорларини ажратишга ҳаракат қилишади.  Тўғри, бу борада уларни айблаб бўлмайди. Инсон зоти борки, ҳурриятга, мустақилликка интилади. Бу иш ёшларга маъқул келса-да, катталарга, айниқса оналарга ёқмайди.
Бунинг устига ҳали ўзини ўнгламаган, синашта бўлмаган, бир-бирининг яхши-ёмон томонларини ўрганишга улгурмаган, ҳаётий тажриба орттирмаган ёшларга мустақил яшаш қимматга тушиши ҳам мумкин. Ўртада яшашни ўргатадиган, можаро чиқса «қозилик қиладиган», бир тараф ҳаддидан ошса тартибга чақирадиган катталарнинг йўқлиги дарров сезилади. Ғўр келин-куёв катталар назоратида тотувлик сирларини ўрганади, бир-бирини тушуна бошлайди, рўзғор юритиш сирларидан воқиф бўлади, хулласи ҳаётий тажриба орттиради.
Ёки  баъзи ёшлар ота-оналари билан бир хонадонда яшаса-да, ҳеч бир ишда улар билан маслаҳатлашишмайди, кўнгилларига ёққан ишни қилаверишади. Гоҳо булар бир четда қолиб, ота-онага нисбатан «душман томонга» ўтиб олиш ҳоллари ҳам учрайди-ки, буни асло кечириб бўлмайди.
Ҳар икки ҳолатда ҳам ёшлар ва катталар ўртасидаги муносабатлар издан чиқади. Ёшларнинг «ҳурматсизлигидан», «назарга илмаслигидан» ота-она қаттиқ ранжийди. Ана шундай ўзбошимчаликлар айниқса келинлардан чиқса, қайноналар тўнини терс кийиб олади, келини билан ёвлашади. Иш чаппасига кетса, келинни уйидан ҳайдабгина кўнгли ўрнига тушади.
Мана, бир мисол: Анвар – Ҳидоят холанинг ёлғиз ўғли. Отасиз ўстирган бўлса ҳам ҳеч нарсадан камитмай катта қилган. Не-не орзу-умидлар билан уни уйлатди. Келин аввалига хола орзу қилганидай эди. Кейин ё ўғлини шайтон йўлдан урди, ё келиннинг асл башараси очилди. Ҳарқалай, тўйдан ярим йил ўтгач, у қилиқ чиқара бошлади: гоҳ эр-хотин қўлтиқлашиб кимнингдир туғилган кунига жўнашади, гоҳ кечки овқатни қилиш учун ресторанга кетишади. Дам олиш кунлари холадан бир оғиз сўрамай ёки унга «сиз ҳам юринг» демай, тоғ сайрига йўл олишади.
Яқиндан буён алоҳида ижара домга чиқиб кетиш режалари ҳам пайдо бўла бошлади: янги оила қурганлар эркин бўлиши керакмиш, ёшликда ўйнаб-кулиб қолиш керакмиш. Хола аввалига чидади, «Кел, инсофга келиб қолар», деб ўзини овутди. «Ҳеч бўлмаса, ўғлим онасини унутиб юбормас», деб умидвор бўлди.
Қаёқда дейсиз? Кундан-кун баттар, деганларидек аҳвол яхши томонга ўзгармас эди. Шунда Ҳидоят холанинг бардоши тугаб, ишни зўрайтириб юборди. Келинни ёмон кўриб қолди. Ҳар бир ишидан нуқс топди, уйдан бездириш ҳаракатига тушди. Ишнинг пачаваси чиққанини кўриб, келин шошиб қолди. Ўғли тавба-тазарру билан онасининг дилини юмшатмоқчи бўлди. Маҳалла-кўй, қудалар ўртага тушишди. Йўқ, хола асло ён бермади. Қанчалик оғир бўлмасин, ўғлини ўзига ағдариб олган келинни ҳайдатиб тинчиди.
Кўрдингизми, бечора қайнонанинг кўзига не-не умидлар билан олинган келин ҳам, қанча сарфу харажатлар билан қилинган тўй ҳам, ўзининг маҳалла-кўйдаги обрўсию, ўғлининг бахт-саодати ҳам кўринмади. Чунки у энг катта бойлиги – кўз қорачиғидай авайлаб вояга етказган ўғлидан ажраб қолганини тушуниб етган эди. Келинбола она учун ёлғиз ўғил ҳамма нарсадан азиз, ардоқли эканини англолмай, катта хатога йўл қўйган эди. Бу хато эса турмуш дея аталмиш фароғат қасрини вайрон қилиб ташлади. Вайроналарда эса чинакам бахт ҳеч қачон ошён қурмайди.

Аҳмад Муҳаммад