1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Эҳтиёт бўлинг: машина ўғрилари ёхуд ярим тунда “дом” тагидаги “чинқириқлар”

 

 

 

Голливуднинг машҳур бир фильмида бир жиноий гуруҳга 60 дақиқа ичида 200 та автомобилни олиб қочиш вазифаси юклатилади. Ҳа, улар буни уддалашади. Қандай қилиб дейсизми? Машиналарнинг деярли ҳаммаси антиквар эди. Қолаверса, уларда бугунгидек замонавий ҳимоя тизимлари ҳам бўлмаган. Бундай ўғирликлар фақатгина фильмларда эмас, жуда экрандагидек бўлмаса-да, ҳаётда ҳам кўп учрайди. Тўғри, бугун дунёнинг манаман деган олғирлари ҳам “60 дақиқада 200 та машина”нинг бошига етолмайди. Лекин оз ёки дона-дона бўлса-да, ўғирликнинг бу тури ҳамон бор. Республикамизда эса мазкур жиноятга нисбатан қатъий чора кўрилиши амалга тадбиқ этилгандан сўнг, кейинги ўн йиллик оралиғида машинани ўғирлаш билан боғлиқ жиноятлар анча камайди. Бироқ...

“МАГНИТОФОН, ОЙНА ВА ҒИЛДИРАК...”

Балки сиз ҳам қачонлардир бунақа аҳволга тушгандирсиз. Агар тушмаган бўлсангиз ҳам, барибир ўз эҳтиётингизни ҳозирданоқ кўриб қўйишни тавсия қиламиз. Машина ўғирлиги камайган бўлсада, ундаги қимматбаҳо жиҳозлар: магнитофон, ойна ва ҳатто ғилдиракларни ўмариш ҳоллари кўп учрайди. Хўш, бундай ҳолларга қарши нима қилиш мумкин, автомашинамизнинг салонидаги қимматли жиҳозларга кўз олайтираётган ўғриларни қайдай қилиб доғда қолдирса бўлади?

Ўзбекистон Республикаси жиноят процессуал кодексида бу каби ўғирликларни содир этган шахсларга беш йилдан йигирма йилгача озодликдан маҳкум этиш жазоси белгиланган.

Биласизми?

15 ДАҚИҚАДА УДДАЛАЙ ОЛМАСА, ТАШЛАБ ҚОЧАДИ

Мутахассисларнинг фикрича, машинани ҳимоя қилишнинг энг қулай усули - унга бирданига бир қанча ҳимоя тизимларини ўрнатишдир. Чунки, бундай  сигнализациялар ўрнатилган автомашинани олиб қочиш учун уни ўт олдиришда энг устомон ўғри ҳам анчагина вақт сарфлайди.
Автосигнализацияларнинг нархи эса  машинангиз нархининг бор-йўғи беш ёки олти фоизини ташкил этади.
Статистик маълумотларга кўра, агар ўғри 10-15 дақиқа ичида ўғирламоқчи бўлган автомашинасини ўт олдиролмаса, уни олиб қочиш фикридан воз кечар экан.

ҲАММА ЎЗ ИШИНИ ҚИЛЯПТИ...

Ҳозирда машинани олиб қочишга қарши турли механик қурилмалар, махфий тизимлар ҳам мавжуд. Бундай ҳимоя воситаларини ўрнатиш анчагина харажат талаб қилса-да, янги машина бунга арзийди. Албатта, бундай тизимларни ишлаб чиқарувчилар ҳатто уларни ўрнатгандан сўнг ҳам машинангизнинг ўғирланмаслигига тўлиқ кафолат беришмайди. Тўғри, соҳада йилдан-йилга машинани ўғирлашга қарши янги технологиялар ишлаб чиқарилмоқда. Бироқ машина ўғрилари ҳам анойи эмас... Улар ҳам бир жойда тўхтаб тургани йўқ. Шу боис автомобилни ишончли ҳимоя қилиш аввало ўзингизга боғлиқ. Шу ўринда, балки ўғирликлардан машинани суғурталашни эслатиш ҳам фойдадан ҳоли бўлмас.

ЯРИМ КИЛОМЕТРДАН УЗОҚҚА ҚЎЙМАНГ

Бугун оддийгина рул ёки педалнинг ишлашини маълум бир вақтгача чекловчи механик блокировкалардан тортиб, мураккаб турдаги, автомобилларни электрон тарзда қўриқлаш мосламаларигача мавжуд. Бироқ гап шундаки, бу ҳимоя тизимларининг қай бири автомобилимизни сақлашда самарали ёрдам беради? Энг оддий сигнализацияда ҳам  двигателни блокировка қилиш, капот, юкхона ҳамда эшикларни очиш ва ёпиш каби имкониятлар жамламаси бўлиши керак. Автомобиль сигнализацияларининг икки томонлама алоқалиларида эса имконият янада кўпроқ бўлиб, қўлингиздаги брелок экранчасида машинанинг ҳолатини акс эттириш, двигателни масофадан ўт олдириш ва уни ўчириш дастурлаштирилган функциялар ёрдамида амалга оширилади. Ўзингиз учун қулай бўлган сигнализация турини танлашда автомобилингиз қаерда сақланишини ҳам эътиборга олиш керак. Ҳимоя воситаларининг энг оддийлари ҳам ярим километрга яқин масофадан сигналларни жўната олади.

ЯРИМ ТУНДА “ДОМ” ТАГИДАГИ “ЧИНҚИРИҚЛАР”

Автомобилини кўп қаватли уйлар олдида қолдирадиган аксарият ҳайдовчилар автосигнализациянинг сиренали ва чироқларнинг доимий ўчиб ёниши орқали хабардор қиладиган турини  ўрнатади. Лекин сирена овозининг тунда ваҳима солиб чинқириши сизни уйғотиши билан бирга бутун “дом” аҳлини ҳам безовта қилишини унутманг.

ДАТЧИКЛАР СОНИГА ЭЪТИБОР БЕРИНГ

Замонавий ҳимоя воситалари пейжерли, суюқ кристалли дисплейга эга брелок билан жиҳозланган бўлиб, экранда  автомобилингиз қўриқланадиган ҳудуд ҳолати ҳақидаги маълумотлар ҳам акс этиб туради. Қўриқлаш ҳудуди бузилганда эса нафақат автомобилингиздаги огоҳлантирувчи сигнал балки, брелокдаги  сигнал ҳам ишга тушади. Бундай ҳимоя воситалари икки километргача бўлган масофада сизга машинангиз ҳолати ҳақидаги маълумотларни етказа олади. Автосигнализация датчикларининг сони унинг имкониятлари қанчалигидан дарак беради. Махсус датчиклар эса (қимматбахо дискларни ўғирлаш мақсадида) автомобилингизни домкрат ёрдамида кўтарилаётгани ҳақида ҳам сизни хабардор қила олади.

ЭНГ ЗАМОНАВИЙ СИГНАЛИЗАЦИЯ

GSM алоқа ва GPS-модул ҳисобига энг замонавий русумдаги автосигнализациянинг кириб келиши автомобилингизнинг нафақат  ҳаракатланаётган йўналишини кузатиб бориш, балки олиб қочилган тақдирда унинг турган жойини аниқлаш имконини ҳам беради. GSM алоқа хизмати орқали қўл телефонингизга машинангизнинг қўриқлаш ҳудуди ҳақидаги маълумотлар мунтазам келиб туради. Автомашинангиз учун сигнализация ўрнатишда фақатгина бу борада тажрибали сервис хизмати ходимларига мурожаат қилинг.

Интернет маълумотлари асосида
Шоҳ Жаҳон тайёрлади