1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Нега китоб ўқимайсан, ҳой бола?!

Қадимги Миср эҳромлари деворларига «Бугунги ёшлар ўзгариб кетган» деган ташвишли гаплар ёзиб қолдирилган экан. Дарҳақиқат, ҳар бир давр ёшларининг тарбияси ўша даврнинг муҳим муаммоси сифатида қаралган. Бугунги кун ёшларининг ютуқ ва муаммолари ҳақида кўп гапирилмоқда. Тарбия ва таълимнинг иши мавсумий вазифа эмаслиги барчамизга аён.
Ёшларимизнинг кейинги пайтларда китоб ўқимаслиги, бадиий адабиётдан узоқлашаётгани киши дилини ранжитади. Касбим тақозосига кўра талабалар билан кўп мулоқотда бўламан. Бўлажак филолог талабаларга биринчи сўрайдиганим «Ким қандай китобларни ўқиган?», «Яқинда қандай китоблар ўқимоқдасиз?» каби саволларим кўпинча жавобсиз қолади.
Яширишнинг ҳожати йўқ, ёшларнинг аксарияти мактаб дарсликларида берилган Абдулла Қодирийнинг «Ўтган кунлар», Чўлпоннинг «Кеча ва кундуз», Ойбекнинг «Навоий» каби асарларидан келтирилган парчалар билан таниш холос. Ҳатто баъзилар дарсликда берилган парчани ўқиб, «Мен фалон асарни ўқиганман» дейишдан уялмайдилар. Бу ҳолат гўё Навоийнинг «Лисон ут тайр» достонидаги «Кўрлар ва фил ҳикояти»ни эслатади. Асарнинг бир қисми билангина таниш талабалар бутун бошли асар ёки адабиёт ҳақида бемалол фикр билдираётганларни кўриб кўз олдимга ўша ҳикоятдаги филнинг қайси аъзосини ушласа, фил дегани шу экан деган кўрлар келади…
Ёши катта авлод вакиллари ёшликларини эслаб, Достоевский, Толстой, Шекспир, Гёте сингари даҳо ёзувчиларнинг асарларини ўқиб, улардан олам-олам маъно топгани билан фахрланишади. Ҳанузгача бу ижодкорларни қўлдан қўймай ўқийдиганларга ҳавас қиласан киши.
Инсон ўз мақсадига эришиш учун ҳар доим осон йўлни қидиради ва уни кўзлаган манзилига олиб орадиган бу йўлни қийинчиликсиз босиб ўтишни истайди. Мен китоб мутолаасини ҳам шунга ўхшатгим келади. Бугунги куннинг китобхони тушуниш қийин бўлган асарларни эмас, кўпроқ, олди-қочди-ю, ким-кимни сўйгани, кимнингдир туналгани-ю, яна кимнингдир зўрлангани тафсилотларига ўчдек назаримда. Бу каби воқеалар ёритилган асарларнинг тили бадиийликдан анча йироқ, жўн. Улар ўқувчига фақатгина бирламчи, яъни ташқи воқелик ҳақида маълумот беради, холос.
Зигмунд Фрейд инсон онгини англанган ва англанмаган (онг ости ёхуд онг усти) воқеилик турларига бўлади. Бизга ташқи воқелик фақат онг усти кўриниши бўлса, уни, яъни воқеликни мушоҳада қилиш, фикрлаш орқали фаолиятнинг иккинчи кўриниши – онг ости ҳаракати юзага келади. Бу ҳаракат орқали биз энди, доим «ардоқлаб» юрадиган, инсонийлигимизни бошқа махлуқотлардан юқори қўювчи онгимизни, мия фаолиятимизни ишга солган бўламиз. Бу оддийгина тажрибага сиз кроссворд ечаётганингизда кўп бор дуч келгансиз. Жавоби топилмаган савол сизга тинчлик бермайди, уни топиш учун онг ости фаолиятингиз ёрдамга келади. Шунда хотирангизнинг қайсидир пучмоқларида «яшириниб» қолган жавоб топилади-ю, бирдан «о, топдим!» деб юборасиз. Келинг, энди юқорида бошланган мавзуга – китоб ўқиш, инсон хотирасининг имконияти ҳамда ёшларнинг нега китоб ўқимаслик муаммоларига қайтсак.
Кўпчилик китоб ўқишни билмайди ва кўп кишилар нима учун ўқиётганини тузукроқ тушунмайди. Баъзилар бу ҳолатни ўқимишли бўлишнинг қийин, бироқ ягона йўли деб билади. Улар учун ҳар қандай китоб кишини «ўқимишли» қилади. Бошқа бировлар учун эса ўқиш – дам олиш, шунчаки вақтни ўтказиш ва уларга нимани (мақола, роман, шеър, хабар ва ҳоказо) ўқиш барибир, зерикарли бўлмаса, бас.
Ҳар биримиз, қайси касб эгаси бўлмайлик, имкон ва шароитимиздан келиб чиқиб, китоб билан муайян даражада мулоқотда бўламиз. Ўлчовли ҳаётимизнинг маълум бир қисмини шунга сарф қиламиз. Аммо қандай китоб ўқиш, унинг таъсир ва оқибатлари, умуман, нега китоб ўқиймиз, шу ҳақда барчамиз ҳам чуқурроқ ўйлаб кўрмаймиз.
Ўтган асрнинг машҳур адибларидан бири Хеман Ҳесси китоб мутолааси ҳақида бундай ёзади: «Шунчаки дам олиш, вақт ўтказишни истаган ва «ўқимишли» бўлиш ҳақидагина қайғурган китобхон китобдаги дилни покловчи, кишини руҳлантирувчи қандайдир номаълум бир кучни сезади.
Бироқ бу кучни у аниқ тасаввур этолмайди ва баҳолай ҳам олмайди. Бундай китобхон тиббиётдан мутлақо бехабар беморга ўхшайди, яъни айнан қайси дори кераклигини тушунмасдан, ҳар бир қутичадагидан татиб кўра бошлайди. Аслида, мутолаа борасида ҳам ҳар бир киши ўзи учун зарур бўлган, янги куч ҳамда руҳий таъсир бахш этадиган китобларни топа билиши керак эмасми?».
Бугунги ёшлар ўзларининг китоб ўқимаслик сабабларига – «яхши асарлар яратилмаяпти», деган иддаони рўкач қилишади. Хақиқатан ҳам шундайми? Биз ўзимизга «кел, яқинда қайси асарни ўқидинг-у, у сенга ёқмади?» деган саволни бериб кўрсак ёмон бўлмайди.
Адабиётимиз доимгидай ҳаракатда, «миллат яшайдиган» (Чўлпон) адабиёт ҳеч қачон ўлмайди. Ҳозирги адабий жараён ҳақида озми-кўпми хабари бор киши, жаҳон адабиётининг энг зўр намуналари билан тенглашадиган асарлар ёзилаётганини билади. Бизнинг айбимиз уларни ўқимаслик, тўғриси, ТУШУНМАСЛИК. Бундай ачинарли аҳволни эса, тан олмаслигимиз ёмон. Ёзувчи Назар Эшонқул бугунги кун бадиий жараёни ҳақида, янада аниқроғи, Фахриёр шеърларига муносабат билдириб: «Санъат тилсимланган қўрғонга ўхшайди. Унинг эшиги «сим-сим»деган калитни топмагунча очилмайди. Ҳарқалай, тилсимланган қўрғоннинг эшигини топгунча қанча қосимлар бу қўрғон олдидан ўтиб кетишган. Ўтиб кетади ҳам… Агар бу тилсимни ҳамма ҳам тополганида эди, унда эртакнинг ҳеч қандай моҳияти қолмасди. Эртак эса моҳиятни тугун ичидаги тугунга яшириб қўяди. Ҳамма ҳам тугунни ечишга ҳафсала қилавермайди», деган эди.
Инсоният ҳамма замонлар бундай кўринишни такрор-такрор бошидан кечираверади. Биз бугунги кунда ёзилаётган асарлар ва Фахриёр, Назар Эшонқул, Салим Ашур, Хуршид Дўстмуҳаммад, Эркин Аъзам, Нормурод Норқобил, Абдували Қутбиддин каби истеъдодли кўплаб қаламкашларни билмаслигимиз, ўқимаслигимизнинг боиси ҳам ана шунда.
Бозор иқтисодиёти шароити тақозосига кўра адабиётимизда ҳам янги атамалар – «кўча адабиёти», «сариқ адабиёт» каби тушунчалар пайдо бўлди. Кўпгина хусусий газеталарда чоп этилаётган саёз асарларни ўқиб, яхшигина безак берилган «китоб»ларни варақлаб, улар нимаси билан кишиларни ўзига тортмоқда, деган саволга жавоб тополмай қийналасан киши. Ўқувчига эстетик завқ бермайдиган, фикрлашга, мушоҳада қилишга ундамайдиган, аксинча, руҳиятига салбий таъсир қиладиган енгил-елпи «асар»лар кўпайиб кетаётгани ҳақиқатан ҳам, ачинарли ҳол. Уларни ўқиб, бугунги ўзбек адабиётида яратилаётган ҳикоя, қисса, романлар шу, деган тасаввурга борадиган инсонлар сафи ҳам ортмоқда. Уларни «ҳикоя» ёхуд «қисса» номи остида берилишини қандай тушуниш мумкин? Улар фақатгина ўқувчи дидини ўтмаслаштиришдан, асл бадииятдан йироқлаштиришдан ортиқ наф келтирмайди. Бизнинг аждодларимиз адабиётни, санъатни жуда нозик тушунган, қадрлаган, санъатнинг асл намуналарини яратган ҳамда ундан завқлана билиш кўникмасига ҳам эга бўлган. Адабиётни «миллат ойнаси» (Авлоний) деб билган. Биз эса ўзимиз ўқимаган китобни боламиздан «нега ўқимадинг?», деб сўрашдан уялайлик.

Зариф Қувонов

Ҳозир сайтимизда 73 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ