1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Р

Раббоний, Rabboniy (ар.) – доимо Аллоҳни зикр қилиб, У Зотнинг амрларини бажариб, наҳий қилган ишлардан қайтувчи, ҳар қачон Парвардигорнинг айтганларини адо этувчи, Парвардигор деб ҳаёт кечирувчи банда.

Раббония, Rabboniya (ар.) – “Раббоний”нинг муаннас шакли.

Рабоҳ, Raboh (ар.) – ўсиш, кўпайиш, зиёда бўлиш; барака, файз * 1) Рабоҳ ибн Робийъ ат-Тамимий ал-Усайдий (саҳобий), 2) Рабоҳ ал-Куфий (тобеин), 3) Рабоҳ ибн Абдураҳмон ибн Абу Суфён ибн Ҳувайтиб ибн Абдулъуззо ибн Абу Қайс Абу Бакр ал-Қуроший ал-Омирий (кичик тобеин).

Равза, Ravza (ар.), (а.и.) – жаннат, боғ.

Равоҳ, Ravoh(ар.) – “Равҳ”га қаранг.

Равоҳа, Ravoha(ар.) – “Равҳ”нинг муаннас шакли.

Равшан, Ravshan(фт.) – ёруғ, чароғон, беғубор.

Равшана, Ravshana(фт.)– “Равшан”нинг муаннас шакли.

Равҳ, Ravh (ар.) – раҳмат, мағфират; инъом, эҳсон, яхшилик * 1) Равҳ ибн Қосим ат-Тамимий ал-Анбарий Абу Ғиёс (кичик тобеинлар билан замондош бўлган ишончли ҳадис ровийси), 2) Равҳ ибн Жуноҳ Абу Саъд ал-Қуроший ал-Умавий (катта табаа тобеин), 3) Равҳ ибн Анбаса ибн Саид ибн Айёш Абу Абдулкарим ал-Қуроший ал-Умавий (катта табаа тобеин, Усмон ибн Аффоннинг мавлоси, Абдулкарим ибн Равҳнинг отаси).

Равҳуллоҳ, Ravhulloh(ар.) – “Раҳматуллоҳ” исми билан маънодош.

Ражаб, Rajab(ар.) – қамарий йил ҳисоби бўйича еттинчи ой номи.

Ражоъ, Rajo(ар.), (э.и.) – умид, ишонч, илинж, ражо * 1) Ражоъ ибн Ҳаё ибн Жарвал ибн Аҳнаф ибн Самт Абу Миқдом ал-Киндий (машҳур тобеин, фақиҳ олим бўлган), 2) Ражоъ ибн Робийъа Абу Исмоил ал-Куфий (тобеин, Исмоил ибн Ражоънинг отаси), 3) Ражоъ ибн Абу Ражоъ ал-Боҳилий ал-Басрий (тобеин), 4) Ражоъ ибн Абу Салама Абу Миқдом аш-Шомий (катта табаа тобеин, фозил ва обид кишилардан бўлган).

Разин, Razin(ар.) – мустаҳкам, пишиқ; қадрли, ҳурматли.

Раззоқберган, Razzoqbergan(ар.-ўз.) – “Раззоқ” сифатли Аллоҳ берган фарзанд

Раззоқберди, Razzoqberdi(ар.-ўз.) – “Раззоқберган” билан маънодош.

Раззоққул, Razzoqqul(ар.-ўз.) – “Раззоқ” сифатли Аллоҳнинг бандаси.

Райҳон, Rayhon(ар.), (а.и.) – хушбўй, муаттар.

Райҳона, Rayhona(ар.), (а.и.) – “Райҳон” исмининг бошқа шакли.

Рамазон, Ramazon(ар.) – қамарий йил ҳисоби бўйича тўққизинчи ой номи.

Рамзиддин, Ramziddin(ар.) – Ислом динининг белгиси, рамзи, тимсоли.

Рамла, Ramla (ар.) – қум зарраси (камтарлик маъносида қўйиладиган исм) * Рамла бинти Абу Суфён (Сохр) ибн Ҳарб ибн Умайя ал-Қуроший (машҳур саҳобия, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг завжалари, Умму Ҳабиба куняси билан танилган).

Расиф, Rasif(ар.) – сабр-тоқатли, чидамли; мустаҳкам; пок, озода.

Расифа, Rasifa(ар.) – “Расиф”нинг муаннас шакли.

Рафиқ, Rafiq(ар.) – дўст, ҳамдам, ўртоқ; сахий, очиққўл.

Рафиқа, Rafiqa(ар.) – “Рафиқ”нинг муаннас шакли.

Рашод, Rashod(ар.) – Ҳақ Йўлда юрувчи.

Рашшод, Rashshod(ар.) – тўғри йўлда юрувчи; тўғри йўлга тарғиб қилувчи; тўғриловчи, ислоҳ қилувчи (“Рошид” исмининг кучайтирма шакли).

Рашшода, Rashshoda(ар.) – “Рашшод”нинг муаннас шакли.

Раъно, Ra’no(ар.) – чиройли, зебо, хушрўй.

Рақима, Raqima(ар.), (а.и.) – ақлли, доно, зукко.

Раҳим, Rahim(ар.) – раҳмдил, меҳрибон, марҳаматли (Аслида “Раҳим” Аллоҳ таолонинг сифати бўлса-да, аммо бандалар орасидан баъзилари, хусусан Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам “Раҳим” сифати билан сифатланганлар. Шуни унутмаслик лозимки, Аллоҳ таолонинг “Раҳим” сифати билан банданинг “раҳим” сифати орасида жуда катта фарқ бор).

Раҳима, Rahima(ар.) – “Раҳим”нинг муаннас шакли.

Раҳимберган, Rahimbergan(ар.-ўз.) – Қиёмат кунида фақат мўминларгагина раҳмат назари билан қарайдиган Аллоҳ берган фарзанд.

Раҳимберди, Rahimberdi(ар.-ўз.) – “Раҳимберган” исми билан бир хил маъно англатади.

Раҳимқул, Rahimqul(ар.-ўз.) – Раҳим сифатли Аллоҳнинг бандаси.

Раҳмат, Rahmat(ар.) – марҳамат, мурувват, илтифот кўрувчи.

Раҳматуллоҳ, Rahmatulloh(ар.) – Аллоҳнинг раҳмати, марҳамати ва илтифотига сазовор банда.

Раҳмонберган, Rahmonbergan(ар.-ўз.) – Раҳмон сифатли Аллоҳ берган фарзанд.

Раҳмонберди, Rahmonberdi(ар.-ўз.) – “Раҳмонберган” исми билан маънодош.

Раҳмонқул, Rahmonqul(ар.-ўз.) – Раҳмон сифатли Аллоҳнинг бандаси.

Ризвон, Rizvon(ар.) – розилик, рози бўлиш; Аллоҳнинг розилигига эришувчи банда; қаноатли, шукрли банда.

Ризо, Rizo(ар.) – “Ризвон” исми билан бир хил маъно англатади.

Ризоали, Rizoali(ар.)Ризо ва Али исмлари бирикмаси.

Ризоамин, Rizoamin(ар.)Ризо ва Амин исмлари бирикмаси.

Ризоанвар,Rizoanvar(ар.) – “Ризо” ва “Анвар” исмлари бирикмаси.

Ризоафзал, Rizoafzal(ар.) – “Ризо” ва “Афзал” исмлари бирикмаси.

Ризоаҳмад, Rizoahmad(ар.) – “Ризо” ва “Аҳмад” исмлари бирикмаси.

Ризовалий,Rizovaliy(ар.) – “Ризо” ва “Вали” исмлари бирикмаси.

Ризожамил, Rizojamil(ар.) – “Ризо” ва “Жамил” исмлари бирикмаси.

Ризокамол, Rizokamol(ар.) – “Ризо” ва “Камол” исмлари бирикмаси.

Ризомақсуд, Rizomaqsud(ар.) – “Ризо” ва “Мақсуд” исмлари бирикмаси.

Ризомаҳмуд, Rizomahmud(ар.) – “Ризо” ва “Маҳмуд” исмлари бирикмаси.

Ризомурод, Rizomurod(ар.) – “Ризо” ва “Мурод” исмлари бирикмаси.

Ризомухтор, Rizomuxtor(ар.) – “Ризо” ва “Мухтор” исмлари бирикмаси.

Ризомуҳаммад, Rizomuhammad(ар.) – “Ризо” ва “Муҳаммад” исмларининг бирикмаси.

Ризоумар, Rizoumar(ар.) – “Ризо” ва “Умар” исмлари бирикмаси.

Ризоҳасан, Rizohasan(ар.) – “Ризо” ва “Ҳасан” исмлари бирикмаси.

Ризоҳусайн, Rizohusayn(ар.) – “Ризо” ва “Ҳусайн” исмлари бирикмаси.

Ризқий, Rizqiy(ар.) – ризқли, насибали, ҳаёти фаровон бўлган мўмин.

Ризқия, Rizqiya(ар.) – “Ризқий”нинг муаннас шакли.

Рифоъа, Rifo’a(ар.), (э.и.) – кўтарилувчи, юқориловчи, баланд мартабаларга эришувчи * 1) Рифоъа ибн Рофеъ ибн Молик ибн Ажлон ибн Амр ибн Омир ибн Зурайқ Абу Муоз ал-Ансорий аз-Зуроқий (саҳобий), 2) Рифоъа ибн Ароба ал-Жуҳаний ал-Маданий (саҳобий), 3) Рифоъа ибн Авф Абу Мутийъ ал-Ансорий (тобеин), 4) Рифоъа ибн Шаддод ибн Абдуллоҳ ибн Қайс ибн Жаъол ибн Баддоъ Абу Осим ал-Бажалий ал-Фитёний (тобеин), 5) Рифоъа ибн Рофеъ ибн Хадийж Абу Хадийж ал-Ансорий ал-Ҳорисий (тобеин).

Рифъат, Rif’at(ар.), (э.и.) – юксалувчи, ривожланувчи, ўсувчи.

Робийъ, Robiy(ар.) – (охирги ҳарфи “ъайн”) жаннат, боғ; ўсувчи, кўпаювчи * 1) Робийъ ибн Зайд ал-Хузоъий (саҳобий), 2) Робийъ ибн Зиёд ибн Анас ибн Даййон Абу Абдураҳмон ал-Басрий (катта тобеин).

Робийъа, Robiya (ар.), (э.а.и.) – “Робийъ”нинг муаннас шакли, аммо мазкур исм асосан эркакларга қўйилади * 1) Робийъа ибн Ҳорис ибн Абдулмуттолиб ибн Ҳошим ибн Абдуманоф ал-Қуроший ал-Ҳошимий (саҳобий,Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам амакиларининг ўғли), 2) Робийъ ибн Омир ибн Ҳод ал-Аздий (саҳобий), 3) Робийъа ибн Каъб ибн Молик ал-Асламий (саҳобий), 4) Робийъ ибн Шайбон Абу Ҳавроъ ас-Саъдий (тобеин).

Рожий, Rojiy(ар.) – Аллоҳнинг раҳматидан умид қилувчи, У Зотнинг мараҳаматидан умидсизланмайдиган йақийн иймон соҳиби бўлган банда.

Рожийя, Rojiyya(ар.) – “Рожий”нинг муаннас шакли.

Рожиҳ, Rojih(ар.) – тўғри, рост; ҳақ; афзал, устун.

Рожиҳа, Rojiha(ар.) – “Рожиҳ”нинг муаннас шакли.

Розий, Roziy(ар.) – рози, хурсанд, мамнун; қаноат ҳосил қилувчи, ризо бўлувчи.

Розийбиллоҳ, Roziybilloh(ар.) – Аллоҳ таолонинг тақдирига рози бўлувчи.

Розийя, Roziyya(ар.) – “Розий”нинг муаннас шакли.

Рошид, Roshid (ар.) – тўғри йўлга бошловчи, ҳақ йўлга тарғиб этувчи * 1) Рошид ибн Саъд ал-Мақроний (тобеин), 2) Рошид ибн Кайсон Абу Фазора ал-Абсий (кичик тобеин), 3) Рошид ибн Нажийҳ Абу Муҳаммад ал-Ҳаммоний ёки Ҳиммоний (кичик тобеин).

Рофеъ, Rofe(ар.) – кўтарувчи, олиб борувчи, ташувчи * Рофеъ ибн Хадийж ибн Рофеъ ибн Адий ал-Ансорий ал-Авсий (саҳобий).

Роғиб, Rogib (ар.) – солиҳ амалларга рағбат билдирувчи, ҳақиқатга хайрихоҳ * Роғиб Абулқосим Ҳусайн ибн Муҳаммад ибн Муфаззал ал-Асфаҳоний (йирик тилшунос олимлардан, “Муфродатил қуръан” асари муаллифи).

Рувайда, Ruvayda(ар.), (а.и.) – одоб билан оҳиста юрувчи.

Рузайқ, Ruzayq (ар.) – ризқли, насибали; Аллоҳ таоло томонидан неъматлантирилган * 1) Рузайқ Абу Абдуллоҳ ал-Ҳоний ал-Ҳимсий (кичик тобеин), 2) Рузайқ ибн Ҳаким Абу Ҳаким ал-Айлий (кичик тобеинлар билан замондош бўлган ишончли ҳадис ровийси), 3) Рузайқ ибн Ҳайён Абу Миқдом ад-Димашқий ал-Фазорий (кичик тобеинлар билан замондош бўлган ишончли ҳадис ровийси).

Рузайқа, Ruzayqa(ар.) – “Рузайқ”нинг муаннас шакли.

Рукайн, Rukayn(ар.) – куч-қувват эгаси; кучли ҳужжат эгаси.

Рукайна, Rukayna(ар.) – “Рукайн”нинг муаннас шакли.

Рукон, Rukon(ар.) – мойил бўлувчи, рағбат билдирувчи.

Рукона, Rukona (ар.), (э.а.и.) – “Рукон”нинг муаннас шакли бўлса-да, эркакларга нисбатан қўлланилади * Рукона ибн Абдуязид ибн Ҳошим ибн Муттолиб ибн Абдуманоф ибн Қусай ибн Килоб ал-Қуроший ал-Муттолибий (саҳобий).

Румайл, Rumayl(ар.) – “Рамла”га қаранг.

Румайла, Rumayla(ар.) – “Рамла”нинг кичрайтирма шакли.

Рустам, Rustam(фт.) – жасур жангчи, қўрқмас аскар.

Руқайя, Ruqayya(ар.) – сахий, карамли, мулойим (Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қизларининг исми. Тахминан 604-625 йилларда яшаган, Бадр ғазоти арафасида хасталик туфайли вафот этган).

Ҳозир сайтимизда 132 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ