1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Исм қўйиш одоблари

Кириш сўзи

 

Жамики ҳамду санолар Оламлар Рабби Аллоҳ таолога хосдир. Аллоҳнинг Расули ва Ҳабиби Расулуллоҳга, у кишининг аҳли-оилалари, саҳобалари ва Қиёматга қадар суннатларига оғишмай амал қилиб келувчи мўминларга салавот ва саломлар бўлсин!

Аллоҳ таоло Ўзининг Каломи мажидида айтади: “Албатта Биз инсонни энг гўзал шаклу шамоилда яратдик” (Тийн, 4).

Яна бир бошқа оятда шундай дейди: “Албатта Биз Одам болаларини азиз ва мукаррам қилдик ва уларни қуруқлик ва денгизда (от-улов ва кемаларга) чиқариб қўйдик ҳамда уларга ҳалол-пок нарсалардан ризқу рўз бердик ва Ўзимиз яратган жуда кўп жонзотлардан афзал қилиб қўйдик” (Исро, 70).

Аллоҳ таоло кўплаб турдаги махлуқотларини яратиб, улар ичида фақат инсон зотинигина мукаррам – ҳурматли, эъзозли қилди. Аввало инсонга ақл юритиш, ўйлаш, фикрлаш, сўзлаш имкони берилди. Қолаверса бошқа жиҳатларга кўра Одам боласи барча яратилган жонли ва жонсиз нарсалардан афзалдир. Шунингдек, хилқат жиҳатидан ҳам инсон мавжудот ва махлуқотларнинг энг гўзали ва чиройлисидир. Шундай экан, кишининг бадани ва ташқи кўриниши гўзал бўлиши билан бирга, унинг хулқи, одоби ва исми ҳам чиройли, кўркам ва маънодор бўлиши лозим. Саҳиҳ ҳадисларнинг бирида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Албатта Аллоҳ Гўзалдир ва гўзалликни яхши кўради”, деганлар. Исломда ҳар бир нарса гўзал ва озода бўлиши, агар бирон иш бажарилса, у мукаммал тарзда амалга оширилиши тарғиб қилинади.

Фарзанд дунёга келгач, унга чиройли ва таъбир жоиз бўлса айтиш мумкинки, шаръий-исломий исм қўйиш отанинг энг муҳим вазифаларидандир. Зеро, исм киши ҳаёти давомида унга ҳар жиҳатдан таъсир қилиши бор ҳақиқат. Бу нарса тарихдан, хусусан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва саҳобалар тарихидан маълум ва машҳурдир. Масалан, Ҳудайбияда Набийсоллаллоҳу алайҳи ва саллам Саҳл ибн Амрнинг келаётганини кўриб: “Аллоҳ ишингизни енгиллаштирадиганга ўхшайди”, деганлари, Умар ибн Хаттоб розийаллоҳу анҳунинг ҳаруқалик (ёниш жойилик) Жамра ибн Шиҳоб (яъни, ёниб турган олов ўғли чўғ)га қараб: “Тез уйингга бор, улар аллақачон ёниб кул бўлишди”, деб айтгани шунга далолат қилади.

Шу маънода қуйида фарзандига чиройли исмлар қўйиш лозимлиги, ёмон ва ножоиз исмларнинг кароҳияти ва шу билан боғлиқ масалалар борасида ворид бўлган ҳадислар орқали исм қўйиш одоби ва шу каби масалаларни Ислом таълимоти асосида ўрганиб чиқамиз. Шунингдек, китобда қўйиш тавсия этиладиган исмлар рўйхати ҳам келтирилади. Бу ерда бериладиган исмларнинг аксарияти саҳобалар, тобеинлар, табаа тобеин ва олиму фуқаҳоларга тегишли бўлиб, бу нарса сизни беэътибор қолдирмайди деб ўйлаймиз.

 

 

Мусанниф: Зиёвуддин Раҳим

Тақризчи: Анвар қори Турсунов (Тошкент шаҳар бош имом-хатиби)

Муҳаррир: Раҳматуллоҳ Дониёр

Ҳозир сайтимизда 28 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ