1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Оқибатсиз бўлма, ўғлим...

 Таҳририятга ёши улуғ онахон кириб келдилар. Салом- аликдан кейин меҳмонимиз истиҳола билан гап бошладилар:
-    Ёшим олтмишларга бориб қолди, қизим. Шу ёшгача кўп нарсаларни кўрдим. Анчадан бери бир нарса юрагимга ханжардай ботади. Шуни сизларга айтиб берсам, ёзиб чиқарсангиз, зора одамлар ўқиб, ён-верига қараса, ўзи билан юз бераётган воқеалардан хулоса чиқарса дегандим. Аввал катта опам узатилиб, орадан ўн йил ўтгач, сингиллари, кичик опамни ўзларига овсин қилгандилар. Кичик опамнинг ҳамма болаларига катта опам онаси билан бирга оналик қилдилар, ўзлари бош-қош бўлдилар. Катта опамнинг еттита фарзандлари, кичик опамда бешта – тўрт ўғил, бир қиз бор. Кичик опам анча йил олдин раҳматли бўлиб кетдилар. Тўрт болаларини уйли-жойли қилишга улгурдилару кенжалари- Қодиржоннинг тўйини кўриш насиб қилмади.
Тақдирида бор экан, бир қалтислик билан кичик опамнинг учинчи ўғиллари Ботиржон қамалиб кетди. Ўша кезларда Қодиржон дурустгина жойда ишлар, топиш-тутиши ҳам яхши эди. Опам шўрлик “ўғлимнинг топгани” деб кичик ўғлининг пулига узоқ вилоятдаги қамоқхонада ётган ўғлини кўриб қайтар экан. Бу ноқобил бола денг, акаси қамоқдан чиққач, “Онам мени пулимга сени кўргани борарди, охири сенинг дардингда ўлиб кетди” деб акасига миннат қилган экан. Ботиржон ҳам ориятли йигит эмасми “Онам вафот этган бўлсалар, мен сени ҳеч кимдан кам қилмай уйлантириб қўяман”  дебди. Айтганидан аъло қилиб тўйлар қилиб берди ҳам. Ботиржон жияним укасини уйлантираман деб, икки хонали уйини сотиб юборди. Ҳозир бўйга етган қизлари билан ижарама ижара сарсон юрибди. Қодиржон эса уйланганидан кейин негадир босар-тусарини билмай қолди. Ҳали холаси-опам билан, ҳали амакиси- поччамлар билан хезланиб жанжал қиладими-ей. Ҳали кичик поччам- отасига гап қайтарадими-ей. Биттагина опаси бор, опа она ўрнида дейдилар. Шу муштипаргина опасини қизлик уйига келолмайдиган қилган. Поччам бояқиш бир ўзлари кичкина хонада яшайдилар. Етмишдан ошган одам овқатини ўзи қилади, чойини ўзи дамлайди, уйини ўзи супуради. Хотини ўтгандан кейин эркак ҳақиқатдан ҳам етим бўлиб қоларкан. Поччамга раҳмим келади. Қодиржоннинг кетма- кет иккита боласи туғилди, Худонинг ишини қарангки, иккови ҳам ногирон. Икки гўдак ҳам ёшига етмай нобуд бўлди. Таъна қилмоқчи эмасману лекин бошига шунча кун тушиб ҳам бундоқ ўзини тафтиш қилмайди бу бола. Биз-ку, майли, узоқроқмиз, опаси ҳам ўзига тинч, шу укасига тушиб қолган куни йўқ. Лекин отаси-поччам бечорага қараб эзилиб кетади одам. Шу умидда фарзанд қилиб, шу ниятда ўзи емай, ўзи киймай катта тўй томошалар билан келин туширганмиди? Келин бўлиб иссиқ-совуғидан хабар олмаса, бир пиёла чой тутмаса, қайнотам экан, эримнинг отаси, шу уйнинг каттаси экан деб бирор ишини маслаҳат қилмаса, борадиган жойини айтиб рухсат сўрамаса, шуми келин қилишнинг завқи, қайноталик қадри?!..
Яқинда опаларим билан катта опамнинг уйларида кўришдик. Ўтиб кетган опамнинг ёлғизгина қизи ҳам “онам ўрнидасизлар”, деб холаларини кўргани келган экан. Бир пайт қайдандир Қодиржон ҳам даврамизга пайдо бўлди. Шунчалик бағритош эканки, ўзини кўтариб катта қилган опасини кўриб қовоғи солинди. Биз билан ҳам наридан бери сўрашиб, бўйнини таранг қилиб кетаверди. Уйга бориб поччамга “дада, сизга уруғларингиз салом айтворди” дебди. Поччамнинг қаттиқ жаҳллари чиқибди. “Бир опанг, бошқаси холаларинг-ку! Ҳаммаси она ўрнида, сенга бегона эмас улар. Кўзимга кўринмагин, сендай ўғилнинг боридан йўғи яхши деб” Қодиржон жиянимизни койибдилар. Катта опамга йиғлаб бўлган воқеани айтиб бериб, поччам “синглингиз борида болаларимиз аҳил-иноқ, бир-бирига меҳрибон эди. Қариндош-уруғга оқибатли эди, онасининг қазосидан кейин ҳаммаси ўз ўрнидаю, Қодиржон буткул айниди. Биргина опасини шу уйга қадам босмайдиган қилди. Қизим мени кўргиси келса куёвни юборади, бир-икки кун уларникида туриб келаман. Шу келин билан Қодиржоннинг дастидан ҳеч бир қариндош –уруғ уйимизга келмайдиган бўлди. Бу боланинг кўнглига бунча кибру ҳаво қайдан ўрнашибди, билмайман. Ахир, ҳаммасига бирдек тарбия берганмизку” деб ўксинибдилар.
Аслини олганда, Қодиржон жияним яшаётган уй катта поччам- амакисининг номида. Амаки “кўтар бу уйдан лаш-лушингни, бу уйда невараларимдан бирини уйлантираман”, ёки “уйни сотаман, невараларим катта бўлиб қолди” деса, кўчада қолиши тайин. Лекин шунинг ҳам андишасини қилмайди. Бир-икки опам билан поччам Қодиржонни ўртага олиб койиган эканлар, улар билан салом-алик қилмай, қовоғини ўйиб юрибди. Хуллас, гапираман десам, гап кўп. Айтмоқчи бўлганим, одамлар бошига бирор мушкулот тушса, унинг ечимини ўзидан изласа, қилмишларини таҳлил қилса бўлади-ку. Маломат қилиш, юзига солиш ниятим йўқ, лекин жияним ҳеч ўйлаб кўрармикан, “қайси ишим Худога хуш келмай икки гўдагим ҳам ногирон, касалманд туғилди? Нега икки марта фарзанд доғини кўрдим?”  деган савол билан ақл тарозусида қилмишларини тортиб кўрармикан?..
Онахон билан анча суҳбатлашдик. Яқин қариндош-уруғлар, ота-ўғил, она – қиз ўртасидаги узилаётган ришталар, айрим ҳолларда заифлашиб, оҳори тўкилаётган оқибат, андиша, меҳр-мурувват туйғуларининг заволи ҳақида куюнчаклик билан муносабат билдирган кекса муштарийимизнинг мулоҳазаларидан мутаассир бўлдик. Айни ҳолатга ўхшаган воқеалар кўпдан бери кўнгилимизга оғриқ солади. Чиндан ҳам, орамизда онахоннинг жиянига ўхшаган оқибатсиз ўғиллар, қариндошлик ришталарининг узилишидан хавотирга тушмайдиган бағритошларни кўплаб учратиш мумкин. Гапириш, муносабат билдириш ўз йўлига. Бу иллатларнинг асл илдизи қайда? Нега бунча бераҳм, оқибатсиз бўлиб кетяпмиз? Бир уруғ нари амма-хола, тоға-амакиларни қўя турайлик, ўз жигарларимиз, туғишганларимиз, ҳатто ота-онамизга ҳам кўнгилдагидек муносабатда бўлмаймиз. Нима учун?..

Келининг айниса, ўғлингдан кўр
-    дейди доно ўзбегимиз. Келин хонимнинг кўз қарашлари, ўзларини тутишларию, муомалалари ўзгарса, ундан ранжиманг-да, аввал ўғлингизнинг рафторига разм солинг.  Ўғлингиз яқинларининг ҳурмат-иззатини ўрнига қўйиб, мувозанатни бузмаса, келин ҳам ўрнини билади.
-    Келиннинг эрининг яқинлари билан муносабатларининг қай даражада бўлиши кўп ҳолларда эркакка боғлиқ,- дейди фарғоналик мухлисамиз Ҳилолахон Каримова.- Эркак кишининг феъл-атворини тушуниш қийин. Кексалар “бели боғлиқнинг кўнгли боғлиқ бўлади” дейишади. Биз ёшгина бошимиз билан кексалардан ошириб бир нарса дейишимиз қийин. Лекин айрим ўғилларнинг уйланганидан сўнг, жигарларига, ҳатто ота-онасига ҳам меҳри бўлинганининг кўп гувоҳи бўлганмиз.  Бу борада бирор нима дейиш мушкул. Тўғриси қандайдир ёзилмаган қонунга айланиб кетган. Афсусларки, ҳаётнинг мана шу ўзгармас қонуниятидан ўзимиз ҳам жабр кўрганмиз. Келинойиларим остонамиздан кириб келган кунданоқ акаларимнинг бизга меҳри бўлинган. Эсимда, шундай ҳолатдан оғриниб йиғлаганимда, онам “Қўявер, қизим, мен она бўла туриб ўғлимнинг беоқибатлигидан кўраётган озоримни сиртимга чиқармаяпман-ку. Шулар хотини, оиласи билан тинч бўлса бўлди” деб ўксиниб, мени юпатган эдилар. Менимча, бундай нарсалар кишининг ўзига боғлиқ. Маънавиятли, фаҳм-фаросатли ва албатта, инсоний фазилатларга эга бўлган киши хотинини кўриб туғишганларини унутиб қўймайди...
Меҳр-мурувват, оқибат ва андишадан айро тушмаслик учун кишида аввало инсоний фазилатлардан узоқлашмаган бўлиши керак. Ўзини дунёга келтириб, боқиб, ўстириб, тарбиялаб элга қўшгунига қадар буюклари чеккан заҳматларни унутиш, уларни кексалиги, ёрдамга, меҳрга муҳтожлигида эътиборсиз қолдириш – бориб турган

Нонкўрликнинг ўзгинаси!
Нонкўрга эса жазо муқаррар! Нафақат, эл-юртнинг нафрати, яқинларининг таънали нигоҳи, балки, Худонинг қаҳри ва албатта виждон азобига гирифторлик уларни умр бўйи таъқиб этади. Айни шу мазмунда таҳририятга мактуб келган эди:
“... Болалигимдан отам укамга бошқача меҳр билан қарайди, деган фикр менга тинчлик бермасди. Улғайиб, уйланиб, бола-чақали бўлганимдан кейин бу фикримга батарроқ ишондим. Укам билан уйимиз ёнма-ён. Тўғрироғи, отам менга ҳовлимизнинг ён томонига уй қуриб, чиқариб юборганлар. Укам туғилиб-ўсган ҳовлимизда, ота-онам билан бирга туради. Отам билан укамнинг баҳонасида бир неча бор жанжаллашганмиз. Бир жанжалимиздан кейин отам билан гаплашмай қўйдим. Ҳар куни ишга чиқиб кетаётганимда, ишдан қайтаётганимда отамнинг менга мунғайиб қараб турганларини сезиб турардим. Шу бўйи икки йил ўтиб кетди. Мен нодон отам кексайиб қоляптиларку, тўрт-беш кунлик ғаниматлар-ку, деб ўйламабман. Онам “Отангга салом бер, ўғлим. Сен фарзандсан-ку, фарзанд ота-онасидан домангир бўлиб юриши маъқул эмас”, деб бир неча марта гинахонлик қилдилар. Қайсарлигим тутиб ҳеч парво қилмадим. Бу орада туппа-тузук, бийрон гапириб, чопқиллаб юрган кичик ўғлим бирданига хасталаниб, тилдан қолди. Отам ҳам қазо қилдилар. Сўнгги кунларида онамнинг илтижолари билан бироз ёнларида турдим. Менинг ўрнимга отам узр сўрадилар. Бу воқеаларга беш йил бўлди. Кўр кўзим очилиб, хато қилганимни, нафақат хато, балки адашганим, гуноҳи кабирага қўл урганимни қилмишларим жазоси мурғак ўғлимга урганини тушуняпман. Аммо, афсуслар бўлсинки, кеч бўлди. Отамнинг кўнгилларини оғритдим. Ҳаётликларида оёқларига бош уриб узр сўрамадим. Энди пушаймонлик ўртаяпти. Бир томонда ўғлимнинг рафтори...”
Инсонний ришталар ичида энг кучлиси қон ва насаб қариндошлигидир. Одам бу риштага суянади, ундан куч ва қувват олади. Ҳаёт муаммоларини ечишда унга таянади. Қариндошчилик ришталарини турли йўл ва усуллар билан мустаҳкамлашга ҳаракат қилиш инсон ризқи ва умрига таъсир этиши мумкинлиги ҳақида ҳам Пайғамбаримиз (сав) башорат бериб бундай деганлар:
“Кимни ризқи-рўзи кенг бўлиши ва умри узоқ бўлиши хурсанд этса, бас у силаи раҳм қилсин, яъни қариндошлик ришталарини мустаҳкамласин”.
Шу билан бирга қариндошлик ришталарини узиш энг катта гуноҳлардан ва ёмон ишлардан бўлиб, бемеҳрлик, тошбағирлик ва ҳиссиётсизлик деб билинади. Ундайлардан яхшилик кутилмайди. Раҳм-шафқат умид қилинмайди. Зеро, ўз яқинларига яхшилик қилмайдиган кимсадан бегоналар қандай наф кўрсин?
Қариндошларимизга меҳр-мурувват кўрсатиб, ўзаро қавм-қариндошлик ришталарини мустаҳкамлаш орқали бир-биримизга қанчалик яхшилик ва раҳм-шафқат қилсак, ота-она, оға-ини, опа-сингилларимизнинг ҳолидан хабар олиб, уларнинг кўнгилларини шод қилиш билан Яратганнинг марҳаматига эришамиз. Ота-она, ака-ука, опа-сингил каби қон-қариндошларга яхшилик қилиш силаи раҳмнинг энг аввалги поғонасида туради. Ота-она ва ака-укалар киши учун энг яқин қариндошлар ҳисобланадилар. Ота-оналарга яхшилик қилиш бир томондан силаи раҳм жиҳатидан, иккинчи томондан эса Қуръони Карим ва ҳадиси шарифларда алоҳида буюрилган бирру-л-волидайн яъни “ота-онага яхшилик қилиш” жиҳатидан матлуб амал ҳисобланади. Гоҳида киши қариндош-уруғларининг айримлари билан қайсидир тушунмовчилик туфайли уришиб қолиши, ўрталарида совуқчилик пайдо бўлиб қолиши мумкин. Лекин, бу ҳолатлар ҳам ришталар узилишига сабаб бўлмаслиги керак. Гарчи қариндошингиз сизни ноҳақ ҳафа қилган бўлса ҳам, борингки, у сиз билан алоқани узган бўлса ҳам сиз унинг хатосини такрорламанг. Ривоятларда келтирилганидай, ака синглиси ҳолидан хабар олиш учун кетаётганида қаршисидан буғдойзор дала чиқиб қолса, йўлни қисқартириш учун уни пайхонлаб ўтишига ижозат берилганининг ўзи ҳам акаларнинг ўз сингилларига қандай муносабатда бўлишлари кераклигини кўрсатиб турибди. Замонамиз оғалари эса кўпинча вақти етишмаслиги, қўли қисқалиги, синглиси унга яхши муомалада бўлмагани,  у хотинига ёқмаслиги ва бошқа сабабларни баҳона қилиб, қиз жигарлари ҳолидан хабар олиш, мушкулотида ёрдам бериш, кўнглини кўтаришдан ўзиларини олиб қочадилар. Бу ишлари билан буғдойзор дала қолиб, кўнгил далаларини пайхон қилиб юрганларини ўйлаб, ўзларини тафтиш қиладиган акалар кўпайишидан умидвормиз.
Баъзан жигарчилик ўлчовларнинг бузилиши ҳам оилаларни пароканда, қанча яхшиларни аҳилликка орзуманд қилиб қўяди. Муносабатларда адолат бузилса, ҳақлар поймол қилинса, ахлоқ чегараларидан четга чиқилса, оилалардаги осойишталик барҳам топади, аҳиллика раҳна етади, инсоний муносабатлар издан чиқади. Бу каби иллатлар жамият ривожига ҳам салбий таъсирини етказмай қўймайди. Яхши-ёмон кунимизга, оғир-енгилимизга аввало мана шу қариндошларимиз, яқинларимиз, жону жигарларимиз ярайди. Улар эса омонат дунёдаги ғаниматларимиз. Вақтида қадрлайлик, токи сўнгги пушаймонлик ханжари бағримизни тиғламасин...

Умида АЗИЗ

 

 

 

Ҳозир сайтимизда 42 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ