1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Бола нима хоҳлайди?

Ўсиш-ривожланиш палласида унга бефарқ бўлманг

Юртимизда баркамол авлодни тарбиялаш, ҳар бир бола соғлигини тўла таъминлаш масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ўсиб келаётган авлоднинг соғлигини сақлаш ва мастаҳкамлаш уларни жисмоний ва маънавий етук қилиб вояга етказишга асосий замин яратади, албатта.
Тиббиёт нуқтаи назаридан бола соғлиги фақатгина унда бирор касаллик бор ёки йўқлиги билангина эмас, балки асосан унниг ёшига нисбатан ўсиш, ривожланиши билан характерланади. Болаларнинг ўсиши 3 даврга бўлинади: мактаб ёшигача бўлган давр — 7 ёшгача, мактаб даври — 7-14 ёш, ўсмирлик балоғат даври — 15-18 ёшгача. Ўсиш ва ривожланиш бир-биридан фарқланиши билан бирга бир-бирини тақозо қиладиган ёнма-ён жараёндир. Ўсиш тана вазни ва ҳажмининг ортиб бориши билан, ривожланиш эса орган ва тўқималарнинг функционал такомиллашуви билан боғлиқ кечади. Одатда, ўисш ва ривожланиш бир хил бўлмайди. Бу жараёнларга биологик (генетик, наслий) ва ташқи ижтимоий омиллар, тўғри овқатланиш, жисмоний тарбия ва бошқалар таъсир қилишини назардан четда қолдирмаслик лозим. Оила таъминоти, яшаш шароитлари, оиладаги ўзаро тотувлик, бир-бирини тушуниш ҳолатлари бу борада таъсирчан аҳамиятга эга. Балоғат ёшигача ўғил-қизларнинг ўсиши, ривожланиши бир хил бўлади, балоғат ёшида эса анатомик-физиологик ўзгаришлар юз беради. Ўсмир ёшига қадам қўйган бола организмдаги биологик ўзгаришлар бир вақтда  боланинг руҳиятида ҳам ўзгаришлар пайдо қилади. Бу эса боланинг яқин кишиларидан унга эътиборлилик кучайишини талаб этади.
Чунки бу вақтда унинг хулқ-атворида ҳам ўзгаришлар сезилади. Оилада ҳам, жамоат орасида ҳам уни бошқалар қадрлашини, тушунишини хоҳлайди. Бундай вазиятда узига нисбатан бефарқлик, беписанд муносабат сезса, ёлғизликка мойил бўлиб қолади, одамлардан ўзини олиб қочади. Натижада ҳч кимга билдирмай бирор иш қилиш йўлини тутиши мумкин. Ўсмирларга ҳадеб ақл ўргатиш, ҳуда-беҳудага жеркиш, ортиқча гапириш ҳам салбий натижага олиб келади. Айниқса, ота-она ва ўқитувчиларнинг ўсмирларни тушуниши муҳим ўринда туради. Ўз вақтида айтилган бир оғиз қанотбахш яхши гап ёки ёмон сўз ҳам бир умрга ёдида сақланиши мумкин.
Ўсмирлик боланинг эркин ва онгли ҳаракатланишига шароит яратиш жуда зарур пайт саналади. Катталарнинг асосий визифаси уларнинг илму ҳунарга рағбатини кучайтириш, тинимсиз изланиш билан ҳаётдан ўз йўлини топиб кетишига ишончини шакллантиришдан иборат.

Назирахон ШАЙХОВА,
тиббиёт фанлари номзоди

Ҳозир сайтимизда 87 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ