1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Асл одам чиқар асл хонадан

Кўп йил мактаб соҳасида ишлаб шу нарсага амин бўлдимки, билим даргоҳларимизда илмга иштиёқманд ўқувчилар билан бирга ўта лоқайд ўқувчилар ҳам бор экан. Албатта, бу ҳолат нафақат биз ўқитувчиларни балки кенг жамоатчиликни қаттиқ ташвишга солиб қўяётир. Хўш, мактабларда билимга чанқоқ болалар нега камайиб кетди? Боз устига, улардаги одобнинг касодга юз тутишига нима сабаб бўлаётир?
Аввало, айтмоқ жоизки, оиладаги носоғлом муҳит тарбияси оғир, қайсар, дангаса, беадаб болаларнинг пайдо бўлишига замин яратади. Яъни, ота ҳалолу ҳаромнинг тафовутини англамаган ҳолда фарзандига яхши тарбия бермаса, она молпараст ва ғийбатни ёқлагувчи бўлса, аста-секин «жамият бир зиёнкор аъзога эга бўлмоғи муқаррар!» Қолаверса, мактабларимиздаги баъзи билим савияси паст ўқитувчилар ҳам ўз фанининг билимдони бўлиш ўрнига, олий ўқув юртида олган «назарий илм»лари билангина чегараланиб, ёш авлодга таълим-тарбия беришда инсон тақдирига панжа орасидан қараб келмоқда. Шу сабабли, маърифат масканларимиз истеъдодли болалар билан тўла дея олмаймиз!
Ёшлар тарбияси фақатгина мактаб ва оила вазифасига тегишли эмас, балки жамоатчилик амали ҳамдир. Зотан, тарбия улуғ ишдир, бу билан инсон тақдири ҳал бўлади.
Такрорланмас йиллар ортда қолиб, техника ва технология ривож топаётир. Алалхусус, ойнаи жаҳон одамлар ҳаётига ошна бўлди. Телевизорнинг баъзи каналларида қўйилаётган кўп қисмли сериаллар, инсонни ҳушнуд қилувчи клиплар ношарқона ҳаёт тарзини тарғиб этиб, улғаётган болалар тарбиясига салбий таъсир кўрсатаётир. Шунингдек, баъзи ота-оналарнинг маънавият-маърифатдан узоқлашиб кетишлари беадаб болаларнинг кўпайишига олиб келади. Мактабда парта, девор, доскаларни тепадиган «чаққон ўқувчилар» кўпайиб, дарсларда одоб сақлаб, фаол қатнашадиган ўқувчилар қўл етмас орзуга айланиб бораётганлиги ўта ачинарли ҳолдир. Устига-устак, ҳар томонлама етук билимга эга бўлмаган муаллимларнинг борлиги назаримизда ана шу қолоқ, одобсиз болалар тегирмонига сув қуяётгандек кўринади. Улуғлар айтмишлар: «Ўқитувчи токи тирик экан, ўқиб ўрганур. Ўшал дамки, у ўқимай қўйса, унинг ҳақиқий сиймоси барҳам топур».
Ёш авлод тарбияси йўлида турли-туман нуқсонларнинг Хитой деворидек тўсиқ бўлиши «Ҳазрат инсон»нинг ахлоқи тубанлашувига туртки берур. «Дунё ишлари — тескари» деганларидек, кўпчилик хотин-қизлар ҳою ҳавасга берилдилар. Ойликка яшайдиган эркакнинг серталаб хотини: «Топишингизни мазаси йўқ!»    деб писанд қилмай қолди. «Оғзи  қийшиқ бўлса ҳам, бадавлатнинг ўғли гапирсин!» деган гап баъзи оилалар шиорига айланди. Кўп кишилар ишбилармон, сармоядорларни ўта бахтли деб ҳисоблашга юзланишди. Ҳатто илмсизликдан эр-хотиннинг меҳр-муҳаббати елга совурилди, афсус, афсус…
Бас, шундай экан, фарзандлардан гина қилмоқ не ҳожат?! Ота кўчада иссиқ нон ва мазали кабобни ёлғиз ўзи еб, фарзанди келажаги учун қайғурмаса! Она тўй-ҳашам, зиёфат, гап-гаштакка бориш ила вақтини зое кетказиб, қизига одоб-ахлоқни, рўзғор юмушларини ўргатмай, эртага ўша ношуд қизини турмушга узатса! Айтингчи, ким ундайин нўноқ-соҳибчиройдан барака топади? «Асил одам чиқар асил хонадан, бошланади ҳурмат ота-онадан» дейишадиким, бу фикр ўта ёрқин ҳақиқатдир. Демак, ота-она, билимлар маскани, қўйингки барча-барчамиз ёш авлод тарбиясига бирдек масъулмиз!
Мураббийлар ёшларнинг маънавий раҳнамолари ҳисобланади. Улар ёш авлод тарбияси йўлида сергак ва фидоий бўлиб, жигаргўшаларимизга илм ўргатишса, ўринли одобга даъват қилишса, нур устига нур ёғилур. «Дунёда энг катта мусибат вақт ва умрни бекор ўтказмоқдир» деб айтган донишмандларимиз ҳақдир. Ёшларимиз ёмон ҳулқ ва хислатлардан узоқлашмас экан, умид манзилларига етмоқликлари амри маҳолдир. Камтарлик, меҳнатсеварлик, хушмуомалалик, китобсеварлик яхши амаллар сирасига дохилдур. Илм Ҳақдан юракка қуйилган нурдир. Бу борада буюк маърифатпавар шоир Зокиржон Холмуҳаммад ўғли Фурқат шундай демишлар:
Кўнгулларни сурури илмдандур,
Кўрар кўзларни нури илмдандур.
Боз айтмишларки, «Илм бу дунёнинг чироғи эрур. Илмсизлар мисоли шабкўр». Инсон қанча кўп илм ўрганса, шунча эзгуликка қараб интилур. Яхшилик ёруғлик бўлса, билим беназир хазиналар калитидир. Илм инсонга шод-хуррамлик ҳадя қилур. Дунёни англаш ҳам илм туфайли муяссар бўлур. Хуллас калом, «Инсоннинг комилликка етмоғи илм ила ҳосил бўлур. Одоб ва покизалик эса, илм-маърифатга ёвардурлар».
Донолар: «Замонда сараланган бўлай десанг, адаб ўрган, илм ҳосил қил, илм изла!» деб ўгит бермишларким, бу оқилона айтилган сўзларга амал қилишлик фарздир. Акс ҳолда бизни пушаймонлик кутиб туражак. Демак, инсонни улуғ мартабаларга олиб чиқувчи ишончли восита — саҳиҳ тарбия, чиройли одоб-ахлоқ ва ҳидоятга элтгувчи илм экан. Шу сабабли, «Йилнинг келиши баҳоридан маълум» деганларидек, фарзандлар тарбиясини сира бўшаштирмай, жиддий муносабат асосида иш юритиш бегумон ҳаётда қувончли натижаларга эришишимизга имконият яратади. Зеро, яхши фарзанд ота-онанинг давомчиси сифатида халқ орасида ҳурмат-эътиборга сазовор бўлур. Ота-она ва устозига раҳмат нурини тақдим қилур. Ахир дарёлар музлик ва зилол булоқлардан пайдо бўлсалар, жамиятимиз келажаги — ёш авлод етук билими, олий хулқ-атвори ва солиҳ амалларига бориб тақалади, азизлар!

РАҲИМБЕРДИ РАҲМОНБЕРДИЕВ

Ҳозир сайтимизда 57 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ