1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Китобнинг ўрнига... «сотка»

Шу билан бирга китобни танлай билиш ҳам керак экан. Негаки, миллий ва диний қадриятларимизга зид, беҳаё, ахлоқсиз китоблар кўпайиб кетаётир. Яқинда сартарошхонага кириб беш-олти нафар ёшларга кўзим тушди. Улар уяли телефонда гаплашарди. Беўхшов, нодонларча ҳазил қилишиб кулишлари ғашимга тегди. Ноилож уларга сўз айтишга ботиндим:

- Укаларим, ўқувчи ё талаба бўлсаларинг керак. Бир нарса сўрасам майлими?
- Сўрайверинг, - дейишди улар бирваракайига.
- Охирги йилларда қандай бадиий китоб ўқидингизлар? - дедим.
Улар хохолаб кулиб юборишди. Бир-бирларига қарашди, сўнг:
- Бадиий асар ўқиганимиз йўқ! Кўпроқ телевизор ва интернетда кино кўрамиз, - деб жавоб беришди.
Башар фарзанди ким бўлишидан, қаерда яшашидан қатъи назар, дунёга тийран кўз билан қараши, ўзлигини англаши, аждодлари қандай яшаган, ким бўлганини билиши керак. Бадиий китоб ўқиган одам тақлид қилади, ўзини ҳам асар қаҳрамонларига қиёс қилади, ўзини синаб, тоблаб олмоқчи бўлади.
Китобдаги салбий образларга нафрати ортади, ижобий сиймоларга ўхшашга ҳаракат қилади. Китоб тўғри йўлга, одоб-ахлоққа бошлайди. Китоб туфайли кўрмаган жойларни кўрасан, танимаган одамлар билан сўзлашасан.
Ажойиб тақдирли одамлар ҳаёти, урф-одат ва анъаналар, тарихий қадриятлар билан танишасиз.
Ўқиш, ёзишни билганларнинг ҳаммасини ҳам саводхон деб бўлмайди. Саводхон киши китобхон ҳам бўлиши керак. Китобхон бўлган кишини ҳақиқий саводхон деса бўлади. Болалигимизда Холмамат бобо исмли устозимиз уйга вазифаларни сўрашда «Ўқиб келдингизми? Уқибми?» дердилар.
Назаримда бугунги ёшлар орасида ўқиганлар кўпу уққанлар озроқ. Масалан, илгари китобхон, журналхон ва газетхонлар кўп бўларди. Уларни хиёбонларда, бекат ва транспортларда учратардингиз. Ҳозир эса фақат бошқотирма билан банд бўлганларга дуч келасиз. Қолаверса, саҳифа-саҳифа бу катакчаларда на завқ, на гўзаллик бор. Аслида бош­қотирмалар пухта, мантиқли ва бош қотирадиган бўлиши керак.
Китоб уни қадрлаган кишига дўст, маслаҳатгўй ҳамроҳдир. Шу нуқтаи назардан қараганда уйида китоби кўп одам энг бой одамдир. Чунки ақл ва билимнинг баҳоси, бошқа ҳар қандай бойликдан устун туради. Шу боис Пайғамбаримиз (с.а.в) «Бешикдан то қабргача илм олмоқ керак», деганлар. Муқаддас «Қуръони карим»нинг ҳам 765 та оятида илм олишликка даъват қилинган.
Аллоҳ таоло ўн саккиз минг оламни яратиб, барча махлуқотлардан Одам фарзандларини азизу мукаррам қилди. Унга бошқа махлуқотларга берилмаган уч неъматни берди. Булар сўзлашиш, ақл-тафаккур ва фаҳм-фаросатдир. Ўйлаб кўрилса, ана шуларни чархлаш ва такомиллаштириш китоб билан боғлиқдир.
Яхши китоб - жон озиғи. Бундай китоб қўлга тушдими, кўз югуртирдингизми, уни ўқиб бўлмагунингизча, кўнглингиз жойига тушмайди. Китобга меҳр ана шундайларни ўқиганида уйғонади. Назаримизда «Бедилхонлик», «Ҳофизхонлик», «Навоийхонлик», «Яссавийхонлик» каби ўқишларни янада оммалаштириш керакка ўхшайди.
Бўйиндан боғланган този овга ярамайди, деган нақл бор. Зўрлаб ўқиган китоб ҳам бир марталик бўлиб қолади. Лекин, бесамар кетган вақт мосуво бўлади. Шу боис, болаларни ўқитиш эмас, ўқишга ўргатиш керак.
Китоб ўқиш вақтига келсак, албатта, вақтни олтин билан тенглаймиз. Лекин тонггача интернет кафеларидан келмайдиган ёшлар, бу вақтнинг ҳеч бўлмаганда учдан бирини китоб ўқишга сарфласалар, олам-олам нур бўларди.
Китобни азал-азалдан сеҳрли сандиққа қиёслашган. У ҳар қандай билимнинг хазинаси, ҳар қандай фаннинг ибтидосидир. Шундай экан, китоб ўқиш, китобхон бўлиш учун нима қилиш керак? Фарзандларимизнинг китобга меҳрини ошириш зарур. Бу икки ҳолатда рўёбга чиқади. Биринчидан, оилавий муҳит, айниқса, ота-оналарнинг ўзи китобхон бўлмоғи лозим. Қуш ҳам уясида кўрганини қилади. Иккинчидан, ўқув масканларида, дарс жараёнида устоз-мураббийлар маҳорати зарур.
Шу билан бирга китобни танлай билиш ҳам керак экан. Негаки, миллий ва диний қадриятларимизга зид, беҳаё, ахлоқсиз китоблар кўпайиб кетаётир.
Миллат ва юрт келажагида маърифатли, зиёли кишиларнинг ўрни беқиёсдир. Улуғ боболаримиз китобхон бўлишган. Бугун жаҳон илм-фан дарғалари буни эътироф этиб турибди. Келажакда ҳам шундай бўлиб қолиши учун болаларимизда китобга меҳр уйғотишимиз ва бунга, аввало, ўзимиз ибрат бўлишимиз керак. Мен билан суҳбатда бўлган ўнлаб кишилар ўз болаларига харид қилган туҳфалари орасида китоб йўқ эканлигини англадим. Эллик, юз минг сўмлик уяли телефонлар, бошқа қимматбаҳо совғаларни олганимизда ҳеч бўлмаганда беш, ўн минг сўмлик бадиий, илмий-маърифий китоблар ҳам харид қилсак, фарзандларимизга кўпроқ яхшилик қилган бўламиз.

Абдулҳамид ҳожи Ҳабибуллаев

 

 

 

Ҳозир сайтимизда 69 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ