1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Марҳум чолдан гина

Аммамизнинг чоли оламдан ўтганига ўн йилдан ошди. Худо раҳмат қилган бўлсин, яхши одам эди. Меҳнаткаш, бировга озор бермайдиган, бировнинг ҳақини емайдиган, ибодатли, покиза одам эди.
Чолу кампир салкам ярим аср бирга ҳаёт кечиришди. Бир ҳаёт — бир никоҳ билан ўтишди (Ўзи бу дунёдаги чин БАХТ шу эмасми?!). Ҳеч қанақа севги изҳорлари, ишқий мактубларсиз ҳақиқий севги айнан шунинг ўзидир. Буни бошқача номлаш ноинсофлик бўлади. (Барчамизга насиб этсин!)
Хуллас, аммам чолининг ташлаб кетганидан «хафа» бўлганини ҳар-ҳар замон билдириб қўяди. Бу «гина» кўпинча аммамнинг тилидан тахминан мана бу кўринишда чиқади: «Бевафо! Йўлдан қўшилганчалик ҳам бўлмади! Бир эслаб ҳам қўймади! Олдига чақирса ҳам бўларди-ку?!»
Мен эса далда бераман: «Эҳ амма, бу тақдир, сабр қилинг, мана бу ёруғ дунёда турган ҳар бир соат ғанимат. Чолингиз ҳақида дуо қилиш учун бу дунёда яшаб тургандирсиз, балки. Шундай қилиб, оим ўзингиз, фарзанду невараларингиз, чолингиз ҳақида дуо қилиб, Аллоҳга истиғфор айтиб, тавба қилиб юринг».
Аммам сал юмшайди, аммо «беоқибат» чолидан «гина қилишини ҳаргиз қўймайди. «Иним, тўғри айтасан-ку, лекин барибир одам ёлғизлангандай бўлиб қолар экан» деб қўяди…
Кўпинча ёшлар муаммолари билан шуғулланадиган газета-журналларда ҳар хил ясама «севги мактублари» эълон қилиниб қолади. Гўёки: «Мен фалончини севардим, ота-онам пистончига турмушга беришди, энди виждоним қийналяпти, ёрдам беринг, нима қилай?», «Мен фалончи билан учрашувларга чиқиб юрардим, энди бошқани сева олмаяпман, маслаҳат беринглар, нима қилишим керак?», «Мен фалончини севардим, бир куни танаффусда писмадончи бир чеккага олиб ўпиб олди, маслаҳат беринглар, қандай йўл тутай?» каби маъноларда. Худди шу атрофдаги мавзуларда деярли ҳар куни у ёки бу газетада бир неча мақола ўқиш мумкин.
Ёки «севги изҳорлари» деган мавзудаги SMSлар билан боғлиқ рекламалар, эълонлар газета-журналлар, радио, ҳатто, телевидениеда бемалол кетаверади. Бунақа SMSлардан фойдаланган неча-неча йигит-қизлар, эркак-аёллар бир-бирини лақиллатиб юришибди.
Маънавиятли халқ узра ташкил қилинаётган бу қадар маънавиятсизликлар кимга керак, нимага керак, ҳеч ким билмайди. Улар нафақат арзимас ва ортиқча нарса, балки ёшлар онгини заҳарлайдиган омиллардир. Ўйлаб кўрилса, фойдадан холи бўлмас эди.

Бахтиёр МУҲАММАДАМИН

Ҳозир сайтимизда 43 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ