1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

«…Бола суйсанг — бешикда суй…»

Зукко халқимизнинг маънавий хазинасидан олинган мазкур мақол тўлиқ ҳолда қуйидагича ифодаланади: «Хотин суйсанг тўшакда суй, бола суйсанг бешикда». Бу ерда ахлоқий-психологик меъёр назарда тутилган. Яъни «Хотинингни суймоқчимисан, бунга ҳаққинг бор, у жуфти ҳалолинг, лекин уни ҳеч кимнинг кўзи тушмайдиган хилват жойда суйгин, токи бирор киши ҳам кўрмасин», чунки уят ва уятсизлик деган бир-бирига қарама-қарши икки тушунчанинг ўртасидаги чегара бузилмасдан қатъий сақланиши лозим. «Болангни суймоқчимисан, гўдаклик вақтида суй, каттарганда муомала бошқачароқ бўлиши керак». Хусусан, бешикдаги гўдакни ҳар қанча яхши кўриш ва эркалаш билан у талтайиб кетмайди. Сал каттаргандан кейин эса… озгина ортиқча эркаланган бола талтайиб кетади.
Ҳадиси шарифларда таълим берилишича, инсон ва фарзанди орасидаги муносабатни уч даврга бўлиш мумкин:
Биринчи даврда инсон ўз фарзандига қул бўлади, яъни бу вақтда боласи гўдак бўлади, боласининг кўнглини топиш учун унга қул каби хизматда бўлади, айтганини олиб беради, раъй-хоҳишини қайтармайди, ерга қўймай кўтариб суяди, керак бўлса от бўлиб миндириб юради.
Иккинчи даврда фарзанд ота-онасига қул бўлади, яъни ота-она нима деса, боласи уларнинг айтганини қилади, қилма деганини қилмайди, бола бирор иш қилмоқчи бўлса, албатта, отаси ёки онасидан рухсат ёхуд маслаҳат сўрайди. Бу даврда боланинг кўнглига қаралади-ю, лекин талтайиб кетишига йўл қўйиб бўомайди. Чунки биринчи даврдаги талтайишни тўғрилашнинг иложи бору, иккинчи даврдагисининг иложи бўлмайди. Шунинг учун бундан жиддий эҳтиёт бўлиш талаб қилинади.
Учинчи даврда эса инсон ўз боласи билан дўстлик мақомида бўлади. Яъни бирор иш қилмоқчи бўлса, боласи билан маслаҳат қилади, хоҳ уй-рўзғор масаласи бўлсин, хоҳ ўзи ҳақида бўлсин, хоҳ бевосита фарзанди билан боғлиқ бўлсин, фарқи йўқ.
Кўча-кўйларда, бекатларда, боғларда бир-бирини суйишиб, қучоқлашиб, ўпишиб турганлар аллақачон «ахлоқсиз» деган энг паст, тубан даража — асфалас-софилийнга тушиб олишган бўладилар: улар на эр-хотин, на севишган жуфт, на унаштирилган келин-куёв, балки шунчаки вақтларини бирга ўтказаётган жазман-ўйнаш, бир-бирини алдаб «тушириш»ни режалаштириб турган хиёнатчи ва ёлғончилардир. Чунк агар эр-хотин бўлишса, уйда бўлган вақтларида бир-бирининг висолига етишга улгуришади ва кўпчиликнинг кўзича суйишишга ҳожат қолмайди. Агар севишган жуфт бўлса, ўзаро бир-бирини ҳурмат қилишади, натижада элнинг кўзича бир-бирини, демакки ўзларини шарманда қилишмайди. Агар унаштирилган келин-куёв бўлганларида бир-биридан масофа сақлаб, зарур гапларни гаплашиб ўтиришган бўларди, лекин суйкалишиб ўпишишга ҳаё қилишган бўлишарди. Келиб чиқадики, ундайлар бир-бирини сурбетларча расво қилмоқчи бўлган масъулиятсиз, одоб-ахлоқсиз тоифани ташкил қилишади.
Маҳаллий раҳбарларимизнинг халқ билан биргаликда олиб боришган ҳаракатлари туфайли катта-кичик шаҳар-қишлоқларда истироҳат боғлари ташкил қилинган. Мақсад — юртдошларимиз вақти-вақти билан табиат қўйнида роҳатланиб, дам олиб кетишсин. Бироқ, кўпинча у жойларни уятсиз жуфтлашганлар эгаллаб олишади. Натижада одамларнинг кўнгли ғаш бўлиб, боз устига улардан нафратланиб, асабийлашиб уйларига қайтишади. Чунки халқимизга бундай салбий нарсалар хуш ёқмайди. Айниқса, бундай гўзал жойлар пойтахтда жуда кўп. Узоқ-яқиндан одамлар зиёратга келишади ва «ҳалигиндай» манзаралардан хафа бўлиб кетишади. Ким билади, улардан қайсиларидир бу беҳаёларни қарғаб кетишлари мумкин.
Мустақиллик туфайли эришилган кўп яхши ютуқлардан бири, албатта, қатағон йиллари қурбон бўлганлар хотирасига бағишлаб, улардан кўпчилиги қатл қилинган жой Бўзсув бўйида Шаҳидлар хиёбонининг бунёд қилинишидир. Соғлом мантиқ бўйича у ерга борганлар «ёмон» қилиқларини ташлаб, халқимиз мустақиллиги учун шаҳид бўлган боболаримизни хотирлаш ниятида боришлари керак. Аммо, аксар ҳолларда халқ бунинг тескарисига гувоҳ бўляпти: кундузи бўлса ҳам, кечаси бўлса ҳам у ерда, нафақат скамейкаларда, балки босиб топташ мумкин бўлмаган, қанчалар меҳнат эвазига пайдо қилинган, ҳар куни неча-неча ободонлаштирувчи ишчиларнинг иш кучи сарфланаётган ўтлоқлар устида бир-бирига ёпишиб ўтирган, ҳатто, ёнбошлаган, ётган ҳолатларда қучоқлашиб, ўпишаётган йигит-қизлар ҳадларидан ошиб кетишди. Уларнинг «шарофати» туфайли улардан ўрнак олганлар сони кундан-кун, соатма-саот ошиб кетяпти.
Улар бу «қўрқмас»ликлари учун, нафақат атрофдаги тирикларнинг қадрларини, балки ҳар қанча ҳурмат қилишга лойиқ бўлган шаҳидларимизнинг ҳам хотиралирини тепкилашаётгани учун яхшигина жазолаб қўядиган мард қани? Йўқ, уларга ҳеч ким гапира олмайди, чунки улар юрак ютиб, ўзларига қарши гапирганларни туғилганига пушаймон қилиб, шарманда қилади. Ҳақ эътирозлари учун «шалтоқ» олганлар ҳеч бўлмаганда ичларида: «Э-э, ўлиб кетмайсанми! Аҳмоқ! Сенларнинг тайинли ота-оналаринг бўлганда бундай қилмасдиларинг!» деб кетишади.
Уларга нега бунчалик қаттиқ салбий баҳо берилаётганлигининг бир нечта саббалари бор: энг биринчиси, улар халққа нисбатан беҳарматлик қилиш орқали одамларнинг қаҳр-ғазабини келтиришади, иккинчидан, атрофдагиларга ёмон ўрнак бўлишади, учинчидан, катта-кичикнинг ахлоқи бузилишига сабаб бўлишади, тўртинчидан, фаҳш ва зинонинг тезроқ ҳамда кенгроқ ёйилишига холим ва беминнат «ёрдам» беришади, бешинчидан, ўзлари мансуб бўлган оилаларининг юзига оёқ қўйишади. Бу тубанлик рўйхатини яна ҳам давом эттиравериш мумкин, лекин улардан келадиган энг катта кўргилик — бошқаларга «мана биздай бўлинглар, биздан улгу олинглар» дегандек даъват қилганларидир. Унақалар бугун мингта бўлса, ҳеч ким уларга қарши чора кўрмаса, эртага миллионта бўлишин аниқ. Индин эса… Бу дегани — миллат расво бўлди дегани.
Шунинг учун унақа ахлоқсизликларнинг олдини олиш керак, оммавий ахборот воситалари орқали тушунтириш олиб бориш, тарғибт уюштириш керак, ундайларга катта-катта жарималар тўлаттириб, жазолаш керак.

Бахтиёр МУҲАММАДАМИН

Ҳозир сайтимизда 86 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ