1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Инсоннинг азизлиги кийим билан

Шунақа тоифадаги одамлар ҳам борки, улар учун одамларнинг кўз ўнгида намойишкорона ечиниш, ки йимсиз юриш осон бўлиб қолган. Мазкур тоифалар натуралистлар, нудистлар, стриптизчи эркак ва аёллардир. Бу тоифаларга баъзи актёр ва актрисаларни ҳам бемалол киритиш мумкин.
Натуралистлар рассомларга баданларини кўрсатиб, суратларини чиздирадилар. Нудистлар кийимни ёмон кўрадилар, инсон қандай кийимсиз туғилган бўлса, шундай кийимсиз юрсин, танаси яйрасин, деган ўз қоидаларига амал қиладилар. Стриптизчилар эса томошабинларнинг шаҳвоний ҳирсларини қўзғатиш учун ҳар турли қилиқлар қилиб, кийимларини бирма-бир ечиб томоша кўрсатадилар. Актёр ва актрисалар, ҳар хил китоблар, газеталар, журналлар ва яна нима-нималарга яланғоч расмга тушадиганлар ҳам борки, ҳаммаси арзимаган бойлик эсазига баданларини «қурбон» қиладилар. Уларнинг бу қилаётган ишлари ва одатлари энг чиркин, энг ифлос тубанлик эканлигини ўзлари тушуниб ета олмайдилар. Улар худди доим светофорнинг қизил рангли чироғида тортинмасдан ўтиб кетадиган шофёрларга ўхшайди. Доим қизил чироқда тўхтамай ўтадиган ҳайдовчилар нафақат жаримлар билан жазоланадилар, балки ҳаётларини ҳам ҳар доим хавф остига қўйиб юрадилар. Ва кунларнинг бирида…
Ўз баданларини кўрсатиб бошқаларни йўлдан урадиган беҳаёларни ҳам ҳаётда улкан бахтсизлик ва руҳий касаллик муттасил таъқиб қилади. Чунки улар одамларнинг кўзига яп-яланғоч кўринганлари, беҳаё юрганлари учун ўзларидан ўзлари ҳам тўлиқ рози эмас, балки қалбларининг туб-тубида бекор қиляпман, деган виждоний қарама-қаршилик бор. Шунинг учун улар ўз руҳларини касал қилиб қўйишлари муқаррар. Бу қилиқлари туфайли бир куни бошларига бало ҳам ёғилади. Уларни одамларнинг нафрати ва қарғиши хорлик балосига мубтало қилдаи. Сабаби, уларга айланишиб, илакишганлар фақат расволик ботқоғига ботиб қолганларини эртадир, кечдир англаб етишади ва улардан ўчини олишади, уларни шарманда қилишади, «гўрларига ғишт қалашади».
Бош тарихга қайтамиз: Одам алайҳиссалом ва Ҳавво алайҳиссалом тақиқланган мевани еб қўйганлари замон уларнинг аврати очилиб қолди ва авратларини бекитиш учун ёпинчиқ қараб қолишди. Кийим йўқлиги аниқ эди, улар анжир дарахтининг барглари билан ўзларинниг очиқ баданларини бекитишди. Савол туғилади: У кишилар ўша мевани еб қўйишларидан олдин уларнинг кийими бормиди? Йўқ, кийимлари бўлмаган. Унда уларни баданларини тўсишга нима мажбур қилди? Жавоб шуки, улар ўша тақиқ мевасини еб қўйишларидан олдин гўёки ёш гўдакларга ўхшаб беғубор, бегуноҳ, маъсум эдилар. Содир этилган гуноҳ туфайли уларнинг онгларига Аллоҳ таоло уялиш ҳиссини бериб қўйди.
Буни мукаммал тушуниб олишимиз учун оддийгина ҳаётий мисол бор. Бир ярим-икки яшар бола яланғоч юрса ҳам, ҳеч қандай уят ҳиссини сезмасдан бемалол юраверади, чунки унинг онгида бунақа тушунча йўқ. У аста-секин каттаравергандан кейин атрофдагиларнинг кўрсаткич бармоқларини юзларига қўйиб: «уят бўлади!» дейишларидан сўнг оз-оздан идрок қилиб боради. Мабодо, олти-етти яшар болани ечинтириб, яланғоч қилиб қўймоқчи бўлишса, у бунга қаршилик қилади, чунки унда уят ҳисси тўлиқ пайдо қилинган бўлади.
Агар инсон чақалоқлигидан ҳайвонлар орасида ўсса, уят деган нарсани билмай улғаяди. Баъзан-баъзан телевизордан бериб қолишади: ҳозирги кунимизда ҳам Ер шарининг тамаддун (цивилизация)дан узоқ қаерларидадир кийим деган нарсани, уялиш деган тушунчани билмай яшаётган халқлар борлигига гувоҳ бўляпмиз. Улар ёввойилигича яшаб юришибди. Улар ҳам инсоният билан мулоқотда бўлишаверса, барибир, аста-секинлик билан кийим кийишни ўрганиб олишаи, бунга шак-шубҳа йўқ. Лекин ундайларнинг сони умумий Ер юзидаги аҳолининг мингдан бир фоизини ҳам ташкил қилмайди.
Яна бир жиҳатни ҳам унутмаслик керакки, инсон кийим дейишга арзийдиган кийим кийиши лозим. Абдулла Қаҳҳорнинг ибораси билан айтганда «ҳатто ичак-чавоғигача кўрсатадиган» кийим киймаслик керак. Чунончи, бу ҳақда ҳадиси шариф ҳам ворид бўлган: «Ични кўрсатадиган кийим кийган киши кийим киймаган билан баробардир».
Демак, ер устида яшаб юрган инсониятнинг орасида ақлини танигани борки, ўзига кийимни лозим тутади. Агар кимки кўпчиликнинг кўзича яланғоч бўлишдан тортинмас экан, у ўзини хароб қилганлар қаторига кириб қолади. Ва бир куни хароб бўлади ҳам!

Бахтиёр МУҲАММАДАМИН

Ҳозир сайтимизда 36 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ