1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Бой бўлиш осонми?

Ҳаммамизнинг бой-бадавлат кишиларга ҳавасимиз келади. Баъзида бу ҳавас ҳасадга айланиб кетганини ҳам сезмай қоламиз. Баъзан ўзимиз шуғулланишимиз кеарк бўлган юмушдан ҳам чалғиб, қўшнимизга келаётган даромадни ҳисоблашга қўшнимиз эса, фақат ўз иши билан банд, балки шунинг учун бойлик унинг изидан тушгандир деб ўйлаб ҳам кўрмаймиз. Хўш, бизнинг ҳузур-ҳаловатимизни ўғирлаб, дилдан тинчимизни қуритган бойлик аслида бизга зарурми? Унга эришиш учун биз нималарни беришга тайёрмиз, шу ҳақида мулоҳаза қилиб кўрдингизми? Сизга ҳеч қандай муаммоси йўқ бўлиб кўринаётган ўша бадавлат инсон қанча нарсадан, шу ўринда энг зарур ҳис-туйғулардан ҳам маҳрумлигини биласизми? Сиз ҳар куни ишдан вақтида келасиз, бемалол оилангиз даврасида тановул қиласиз, телевизор томоша қиласиз. Гоҳ-гоҳида чойхонага чиқиб улфатларингиз билан ош ейсиз. Тўғри, оилангизда онда-сонда етишмовчилик сезилади, лекин ҳали ҳеч ким оч ёки юпун ҳолда қолмади, қолмайдиям. Сиз ҳавас ёки ҳасад қилаётган ўша бой қўшнингиз эса иши кўплигидан уйга эрта қайтолмайди, болалари ҳам уни икки уч кунда бир кўришади. Оила даврасида овқатланиш эса унга бутунлай ёт.  Бордию, бир-икки ҳафтада бир энди оила даврасида ўтирибман деса ҳам, дарров телефони жиринглайди-ю, зарур иши чиқиб овқатни ҳам ташлаб чиқиб кетади. Ёки бўлмаса энди дастурхонга ўтирган эшик тақиллаб аммасининг ўлган ўғлининг қизими, тоғасининг қўшнисининг жиянимией кириб келади. Уйга келган меҳмон азиз уни ҳайдаб бўларканми? Сиз бу ҳолатда меҳмонни бир коса овқат билан сийлаб, яхши гапириб, пулингиз йўқлигини айтиб жғ\ўнатиб юборасиз. Бой қўшнингиз эса бундай қилолмайди. У аммасининг ўлган ўғлининг қизига арзимаган бир миллионнинг беш юз мингини қарзга бериб турмаса бўлмайди. Вой, фалончи бойваччанинг беш юз минг пули йўқ экан – бу одамларнинг гапи бўлса, жияним оқибат қилмади деб амма хафа бўлади, бу ҳам бойларнинг обрўсига ярашадурган гап эмас.
Сизни ўртаҳол одам бўлсангиз ҳам, ҳар қалай уч-тўртта танишингиз ва ҳарқалай ишонса бўладиган битта дўстингиз бор. Бой қўшнингизда эса таниш-билиш, қариндош-уруғ ва ўзиям танимайдиган “жиянлари” кўпу, битта дўст муаммо. Борди-ю, у бойигунча бор бўлган бўлса ҳам бойигандан кейин унинг дўстлиги душманга айланиши эҳтимоли юқори. Сиз отангиз ўлса бемалол йиғлаб кимнидир қучиб йиғлашингиз мумкин. Бой эса тўйиб йиғлайман деса, дўстдан кўп душман кузатиб турибди. Душманларнинг олдида йиғлаб буларканми? Ўзи аслида китобларда ёзилишича “кулишни биладиган миллионерлар камдан-кам топилади”. Ҳақиқатдан ҳам бой, ўзининг дастлабки миллионларини топаётгандаёқ кулгу туйғусидан деярли мехрум бўлади. Чунки у бир миллион топиш учун керак бўлса икки миллионни йўқотади. Пул олдида ўзини йўқотиб қўядиган одамсифат шайтонларнинг хиёнатига дуч келади, ўз ҳаққини олиш учун пасткаш кишилар билан ошно бўлишга мажбур бўлади. Сиз-чи, сиз буларнинг барчасига дош беролармидингиз?
Бой қўшнингиз бойиган сари унинг ҳаракати ҳам, бошига келадиган савдолар ҳам катталашиб боради. Энди у синг сўмлик нарсани икки минг сўмга олишга, машинасини йилига икки-уч марта алмаштиришга , чиранса ҳам одамларга энг охирги пулини бўлса ҳам бериб туришга мажбур. Уни ҳар қадамда чув туширадиганлар, ҳақига хиёнат қиладиганлардан тўйиб кетса ҳам гўёки ҳамма иши силлиқ кетаётгандек кулиб туришга маҳкум. Кулиб, синиқ жилмайиб, донишманд ёшига етмай юрак хуружига учраган қўшнингизнинг бир кунлик азоби-ю, савлатини сиз эплаб кўтара оласизми? Бир оқил одам айтган экан: мен сенга чексиз бойлик, мол-давлат тилайман. Токи ана шу давлатингни асраб, мол-давлатингни асраб, мол-давлатингни кўпайтириш йўлида умринг ўтиб кетсин. Мен эса сизга бойлик эмас, хотиржамлик тилайман. Пулингиз кўплигидан уларни қаёққа қўйишни билмай довдираб қолманг. Тан-сиҳатлик тилайман, икки сандиқ пулданда қиммат туради бу неъмат. Бой бўлиш бўлмаслик эса ўзингизга ҳавола.

Зуҳра РЎЗИЕВА

Ҳозир сайтимизда 73 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ